АҚШнинг “New York Times” газетаси Исроилнинг аввал пейджерларни, унинг ортидан рацияларни портлатиб, уюштирган терактининг парда ортидаги воқеаларни ёзди.
“New York Times” газетаси Исроилнинг ҳалокатли терактни “замонавий ҳаётимизнинг троян оти” деб баҳолади ва операция қандай уюштирилганлигини ёзди. Газетанинг айтишича, Исроилнинг мобил телефон станциялардан фойдаланадиган Хизбуллоҳ аъзоларининг координатлари аниқланишидан безовта бўлган Насраллоҳ пейджерлардан фойдаланишга кўрсатма беради. Бу жиҳозлар хизмат доираси чекланганига қарамай фойдаланувчининг координатасини ёки бошқа хатарли бўлган маълумотларни бошқалар учун ёпиқ ҳолда тутиб хабарлашишни таъминларди.
Хизбуллоҳнинг пейджерларни қўлланиши ортидан Исроил бир неча йил аввал бу жиҳозларни ишлаб чиқарувчи ширкат қуради. Исроил ўзи учун ишлаётган жосусларнинг шахсларини яшириш учун камида иккита сохта ширкат ташкил этади. Бу ширкатлардан бири бўлган ва Венгрияда фаолият кўрсатадиган “BAC” ҳам оддий харидорлар, ҳам Хизбуллоҳ учун маҳсулот етказиб берарди. Лекин аслида асосий харидори Хизбуллоҳ эди. Исроил миллионлаб доллар инвестиция киритиб технологияларни ривожлантирди ва пейджерлар ичига пентрит портловчи моддаси жойлаштирилган батареяларни қўяди. Пейджерларни 2022 йил ёз ойидан бошлаб, оз сонда Ливанга юборишни бошлайди.
Газетага интервью берган манбаларга кўра, Исроил Хизбуллоҳ ва иттифоқдошлари орасида мобил телефон алоқасининг хавфсиз эмаслиги ҳақида миш-мишларни тарқатади. Хизбуллоҳ бошчиси Насраллоҳ бу мишмишлар сабабли мобил телефонларни тақиқлаш билан чекланмай, Хизбуллоҳ аъзоларининг ҳар доим пейджер олиб юришга кўрсатма берди. Жорий йилнинг ёзида Ливанга киритилган пейджерлар сони ортди. Минглаб пейджерлар ўлкага кириб, Хизбуллоҳ аъзолари ва иттифоқдошлари орасида тарқалди. Мана шу жиҳозлар Исроил разведкаси Моссад учун вақти келганида босиладиган “тугма”га айланди. Сешанба куни эса Исроил мана шу “тугма”га босиб, теракт уюштирди. Пейджерларга Хизбуллоҳнинг юқори лавозимли аъзоларидан келаётгандек арабча хабар юборилди ва ўн сониядан кейин Ливандаги пейджерлар портлашни бошлади.
Орадан бир кун ўтиб, Исроил энди рацияларни портлатиб теракт уюштирди. Расмий исроил терактнинг иккинчи тўлқинини ҳам бўйнига олмади. Лекин “NYT” газетасига интервью берган 12 нафар ҳозирда ишлаётган ва собиқ мудофаа ҳамда разведка ходимлари терактнинг ортида Исроил турганлигини тасдиқлади. Хизбуллоҳ тарафидан берилган хабарда рациялар портлатилиши оқибатида 25 нафар аъзолари ҳаётдан кўз юмганлиги айтилди.
Исроилнинг терактларидан кейин жонли эфирда муожаат билан чиққан Насраллоҳ Исроилнинг қўйилган бутун қизил чизиқларни кесиб ўтганлигини сўзлади. Баъзи жиҳозларнинг касалхоналарда ва жамоат жойларида портлаганини билдирган Насраллоҳ “Кейинги куни рациялар портлатилди. Исроил бир онда беш минг кишини ўлдиришни истади. Бу бир ҳарбий жиноятдир, уруш эълон қилишга сабабдир” деди. Исроилнинг терактлари Ливанга қарши уруш эълони эканлигини таъкидлаган Насраллоҳ “Исроилнинг мақсади мана шу. Сўнгги маълумотларни ўрганиб чиқиб яна қўшимча баҳолашни ўтказамиз. Хавфсизлик, ишлаб чиқариш, транспортировка, божхона, омборда сақлаш пайтидан бошлаб портлашгача бўлган вақтгача батафсил ўрганилади. Ҳамма нарса тўлиқ таҳлил этилади, шошилиб ҳаракат қилмаймиз” деди.