loader
Foto

Қайта тирилтирилган исроиллик

Бу – ўлимни таътиб кўрган ва унинг талвасасини ҳис қилганларнинг оғзидан ўлим ва унинг даҳшати ҳақида нималарнидир билишни истаган Исроил ўғилларидан бўлган инсонлар ҳақидаги ҳикоя. Улар Аллоҳ таолога дуо қилдилар ва қабристонга кўмилган ўликлардан бирини улар учун тирилтиришни сўрадилар. Аллоҳ уларни дуоларини эшитди ва марҳумлардан бирини тирилтирди, у эса ўлим ҳарорати унинг вафотидан бери 100 йил муддат ўтган бўлсада, пасаймаганлигини маълум қилди.

Ҳадис матни

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: "Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Бани Исроил ҳақида ҳадис айтаверинглар. Чунки уларнинг ичида ажойиб ишлар бўлган эди", дедилар-да, кейин ҳадис айта бошладилар: "Улардан бир жамоа йўлга чиқиб, қабиристонларидан бирига боришди. Кейин: "Икки ракъат намоз ўқиб, Аллоҳ азза ва жаллага дуо қилсак, у бирон ўликни (тирилтириб) чиқариб берса, бизга ўлим ҳақида хабар берарди", дейишди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Улар шундай қилишди (намоз ўқиб, дуо қилиб сўрашди). Бир вақт (ранги қора) бир одам қабрдан бошини кўтарди – икки кўзининг ўртасида (пешонасида) сажда изи бор эди. У: "Эй одамлар! Мендан нима истайсизлар? Аллоҳга қасамки, юз йил олдин ўлганман. Ҳалигача ўлим ҳарорати (иссиқлиги) мени тарк этгани йўқ. Аллоҳга дуо қилинглар, мени ўз ҳолатимга қайтарсин (ўлдирсин)", деди".

Ҳадис манбаси

Шайх Носириддин Албаний ушбу ҳадисни ўзининг “Силсилат ал-ҳадис ас-саҳиҳ” (6/1028) асарида келтирган, ҳадис рақами 1209, у шундай дейди: Ҳадисни Аҳмад “Зуҳд” китобида (16-17), Ибн Абу Шайба “Мусаннаф” тўпламида (9/62), Баззар “Муснад” тўпламида (1/108/192), Абду ибн Хумайд “Ал-мунтахаб минал-Муснад” китобида (152/1), Вакиъ “Зуҳд” китобида (1/280/56), Ибн Абу Довуд “Ал - Баас” китобида (30/5) келтирганлар.

Шунингдек, шунга ўхшаш ҳадис Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади. Ундан ушбу ҳадисни Абу Довуд (2/126), Таҳовий “Мушкулал асар” китобида (1/40-41) ва Ибн Хиббонлар келтиришган.

Ҳадиснинг шарҳи

Бир куни исроил ўғилларининг ҳаётида содир бўлган воқеа ҳақида бизга ҳикоя қилинмоқда, Аллоҳнинг Росули соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деди: «Уларнинг ичида ажойиб ишлар бўлган».

Мана Исроилликлар ўз қабристонига боргани ҳақидаги ана шундай ажойиб ҳикоялардан бири. Улардан баъзилари намоз ўқишни ва кейин Аллоҳ қабрдагилардан бирини тирилтиришини сўрашни таклиф қилишди. Ундан ўлим ҳақида сўрамоқчи эдилар. Улар ўлим ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишмоқчи ва ўз Тангриларининг ваъдаси ҳақиқат эканлигига амин бўлишмоқчи эди.

Мусулмон қабристонга кирар экан, ўликлар билан ҳозирда нима содир бўлаётгани ҳақида фикр юритади ва ўйга чўмиб қолади, чунки эртами ёки кеч ўзини ҳам мана шундай қабрда ётган инсонларнинг қисмати кутиб турибди. Уларнинг вақти келгунига қадар - қачонлардир улар ҳам тирик бўлишган.

Қуръон оятлари ва Ҳадиси шарифларда руҳ танани тарк этаётган пайтда ўлаётган инсонни қамраб оладиган жон талвасаси ва ўлим ҳақида кўплаб маълумотлар мавжуд. Қуръон ва Суннатда, шунингдек, инсон қабрларида нима юз бериши ҳақидаги маълумотлар ҳам борки, уларнинг барида тафаккур қилувчилар ва Аллоҳ таоло фикрлаш ва тушуниш қобилиятини берганлар учун насиҳат ва сабоқлар бор.

Агар инсон ўлганларнинг қандай тирилишини кўрса, улар билан гаплаша олса ва саволларига жавоб ола билса, бу шак шубҳасиз, унинг Иймонини кучайтириши лозим, агар Аллоҳ унга яхшилик тилаб, итоаткор ибодатдаги қалб берган бўлса албатта.

Асрлар мобайнида кўплаб инсонлар ўликларнинг тирилишига гувоҳ бўлган, ана шулардан бири ўлдирилган исроиллик ўғлон эди. Уни Аллоҳ таоло махсус шунинг учун сўйишни буюрган сигирнинг бир қисми билан уриш амр қилинганди, - ва ана шундан кейин ўлик тирилади ва ўзининг қотили ким эканлигини айтади.

Шунингдек, Қуръонда вайрон қилинган қишлоқ олдидан ўтаётиб, Аллоҳ таоло ундаги ўлган инсонларни қандай қайта тирилтириши мумкинлигига ажабланганлиги ҳақидаги ҳикоя ҳам баён қилинган. Ва Аллоҳ уни ва унинг эшагини юз йилга ўлдириб қўяди, кейин эса қайта тирилтиради, шунда у Аллоҳ таоло қандай қилиб суякларни йиғиши, кейин уларни эт билан қоплаши, тана мукаммал ҳолга келгач эса, У унга жон ато этишининг гувоҳи бўлади.

Иброхим алайҳисаллом Аллоҳ таолодан қандай қилиб ўликларни қайта тирилтиришини кўрсатишини сўрайди, Аллоҳ таоло унга тўртта қушни сўйиб, гўштини нимталашни ва шу нимталарни турли хил тоғларнинг чўққисига қўйиб, ўзига томон чақиришни амр этади. Инсонни буни бажаргач, бўлинган қуш қисмлари бирлашиб, Иброҳимнинг олдига тирик ҳолда учиб келишади ва Яратганларига яна ҳамд айтишади.

Исо алайҳиссалом пайғамбар даврида кўплаб инсонлар, унинг Аллоҳнинг изни ила ўликларни тирилтирганига гувоҳ бўлишган. Шунингдек, Қуръонда Аллоҳ таолога итоат этмасдан, ўз уйларини тарк этган ва охиргисигача ҳалок бўлган, кейин эса Яратган томонидан ҳаётга қайтарилган минглаб халқ ҳақида ҳикоя бор.

Қайта тирилтиришга биз ҳадисда келтирган воқеа ҳам бир мисол бўла олади. Унда исроилликлар Аллоҳ таолодан қабр эгаларидан бирини тирилтиришини сўрашган, улар ундан ўлим ҳақида сўрашни хоҳлашганди.

Аллоҳ таоло уларга жавоб берди ва шу он қабрлардан бири кенг очилди ва у ердан бош кўринди. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ушбу воқеани ҳудди ўзлари ўша ерда бўлгандай, қуйидагича таърифлаб берганлар: инсоннинг юзи қорачадан келган эди, пешонасида икки кўзлари орасида кўп сонли саждаларининг изи кўриниб турарди. У исроилликларга уни безовта қилганликларидан бир оз ранжигандай қаради ва юз йил муқаддам ўлганини, ўлим ҳарорати фақат Аллоҳ таоло уни қайта тирилтирган вақтидагина босилганини маълум қилди. Кейин эса улардан уни илгариги манзилига қайтаришини сўраб Аллоҳ таолога дуо қилишларини буюрди.

Ўлим ҳароратининг шунчалар узоқ давом этганига қарайдиган бўлсак, ҳаттоки тақводор инсонлар учун ҳам, ўлим талвасаси қанчалар оғир эканлиги тушунишимиз мумкин. Чунки қайта тирилтирилган инсон солиҳ бандалардан бўлган, у кўп ибодат қилган, шу сабабли ҳам унинг пешонасида из қолган.

Сабоқ ва панд насиҳатлар

Исроилликларнинг воқеасини ҳикоя қилишга изн берилади. Агарда бу ҳикоялар Қуръон ва Суннатда келтирилган бўлса, уларни айтиб бериш мумкин ва зарур. Агарда бу ҳикояларнинг манбаси уларнинг диний китоблари бўлса, у ҳолда иккита вариант бор. Биринчиси: агарда яҳудий ва насронийлар ривоятлари Аллоҳ таоло бизларга Қуръон ва Суннат орқали етказган ҳақиқатга зид бўлса, уларнинг ёлғонлигига ишора қилинмайди, айтиб бериш умуман тақиқланади. Иккинчи вариант – бу ривоятлар ислом манбаларига зид бўлмаса, у ҳолда уларни айтиб бериш ман этилмайди.

Аллоҳ таоло исроилликларнинг илтимосига кўра ўша тақводор инсонни тирилтирганидай, ўликларни жонлантира олади.

Агар инсон Аллоҳ таолодан муҳим бир нарсани сўрамоқчи бўлса, буни икки ракат намоз билан бошласин, ҳудди исроилликлар ўлганларни қайта тирилтиришини Аллоҳ таолодан сўраганда қилганлари сингари.

Аллоҳ таолонинг тақводор қуллари мўъжизаси (каромати) – ҳақиқатдир ва буни юқоридаги ҳадис тасдиқлайди. Яратган ўлик тақводорни, у тирикларга ўлим ҳақида маълумот бериши учун, ҳаётга қайтарди.

Аллоҳ таоло инсонларнинг дуоларига жавоб қайтаради ва айниқса – тақводор ва яхши фазилатлиларнинг дуоларига, ҳаттоки улар бу дунёнинг одатий жараёнлари ва ўрнатилган қонунларига зид бўлса ҳам жавоб беради.

Интернетдан

Абу Муслим таржимаси