loader
Foto

Фотима бинт Муҳаммад Расулуллоҳ

Фотима бинт Муҳаммад Расулуллоҳ (р.а.). Фотима (р.а.) бошқа қизларидан кўра оталарига яқинроқ ва ўхшашроқ бўлганлар. Ўрталарида ўзига хос яқинлик бўлгани сабабли «отасининг қизи» деб атаганлар.

Шунингдек, Заҳро, Сиддиқа, Муборака, Тоҳира, Саййидатун-нисо, Закийя, Розия, Марзия, Муҳаддиса деб ҳам улуғлашган.

Фотима (р.а.) Расулуллоҳга пайғамбарлик келишидан тахминан беш йил аввал, милодий 605 йилда, жумодул-охир ойининг 20 санаси, жума куни, Қурайш Байтуллоҳни қайта қураётган вақтда дунёга келганлар.

Оналари Хадича бинт Хувайлид ибн Асад ибн Қусай ибн Абдулуззо.

Фотима (р.а.) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га жуда ўхшаганлар. Бу ҳақда кўплаб ҳадислар мавжуд. Хусусан, Абу Довуд, Термизий ва бошқалар Оиша (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Кўриниш, ҳайбат, ўзини тутиш, ўтириш ва туришда Расулуллоҳга Фогимадек ўхшашини кўрмадим. Агар у Расулуллоҳнинг ҳузурларига кирса, У зот ўринларидан туриб, ўпиб кутиб олар ва ўз ўринларигаўтирғизар эдилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олдиларига кириб қолсалар, у туриб, У зотни ўпиб кутиб олар ва ўз ўрнига ўтирғизар эди».

Имом Термизийдан ривоят қилинган бошқа ҳадисда шундай дейилади: «Оиша (р.а.)дан одамлар ичида Расулуллоҳга энг маҳбуби ким эди, деб сўралганида, «Фотима эди», деб жавоб берди. «Эркакларданчи?», деб сўралганда, «Фотиманинг эри», деб жавоб берди».

Ҳижрий иккинчи йилда, Бадр жангидан сўнг, Фотима (р.а.) Али ибн Абу Толибга турмушга узатилди. Ўшанда Али 25, Фотима 18 ёш бўлганлар.

Фотима (р.а.) оталари хизматида бўлганлари учун саҳобийлар унга совчи жўнатишга журъат қила олишмас эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Оиша (р.а.) га уйланганларидан сўнг саҳобийлардан Фотима (р.а.)га совчилар кела бошлади. Дастлаб, Абу Бакр (р.а.) ва кейинроқ Умар (р.а.) совчи жўнатдилар. Лекин Пайғамбар (алайҳис-салом) узр баён қилдилар. Умар (р.а.) бу шарафни 'Али (р.а.)га лойиқ кўриб, бу таклифини унга айтганларида, Али: «Абу Бакр ва Умардек зотларга рад жавобини берган Расулуллоҳ менинг таклифимни қабул қилишлари мумкинми?», деган андишага бордилар. Ҳазрати Умар (р.а.) Алини Пайғамбарнинг куёви бўлишга энг муносиб зот эканлигига ишонтирдилар. Шундан сўнг, Али (р.а.) Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳузурларига бориб, розилик оладилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Али (р.а.) ва Фотима (р.а.)ларнинг ҳақига: «Аллоҳ оилангизга барака ва хурсандчилик берсин. Сизларга солиҳ фарзандлар ато этсин», деб дуо қилдилар.

Мазкур никоҳдан Ҳасан ва Ҳусайн (р.а.)лар, шунингдек, Умму Кулсум, Зайнаб ва Муҳассин исмли фарзандлари дунёга келган.

Фотима (р.а.) Мадина ҳижратида, тўйларидан бир йил ўтмай Уҳуд жангида, шунингдек, Макка фатҳида ҳам иштирок этганлар.

Тарих китобларида Расулуллоҳнинг вафотларидан сўнг Фотима (р.а.) билан Абу Бакр (р.а.) ўрталарида бир келишмовчилик бўлиб ўтгани баён этилади. Бунга Фотима (р.а.) нинг оталаридан қолган ерни мерос сифатида сўраганлари сабаб бўлган.

Расулуллоҳнинг ҳадисларига оғишмай амал қилган Абу Бакр (р.а.) «Биздан мерос олинмайди, биз тарк этган нарса садаҳадир», деган ҳадисни келтирган ҳолда «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳнинг садақалари тасарруфини У зотнинг даврларидагидан ўзгартирмайман, У зот қилган нарсадан бошқа нарсани қилмайман», деб жавоб бердилар. Натижада, хафа бўлган Фотима (р.а.) аразлаб юрадилар.

Фотима (р.а.) ўлим тўшагида ётганларида Абу Бакр (р.а.) келиб, киришга изн сўрайдилар, Фотима (р.а.) рухсат берадилар. Шунда Абу Бакр (р.а.) кириб ундан розиризолик сўрадилар, Фотима (р.а.) ҳам у зотдан рози бўлдилар.

У киши Пайғамбар (алайҳис-салом)нинг ўзларидан эшитган 18 та ҳадисни ривоят қилганлар.

Фотима (р.а.) вафот этган сана хусусида манбаларда ҳар хил қараш мавжуд. Айримларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафотларидан 6 ой ўтгач, ҳижрий ўн биринчи йил шаъбон ойининг 3 санаси, сешанба куни (мил. 632 йил, 23 октябрь) 29 ёшларида вафот этганлар дейилади. Бошқа манбаларда эса, оталари вафотидан 95 кун ўтгач, жумодул-охир ойининг учинчи куни (мил. 632 йил, 25 август), деб кўрсатилади.

Фотима (р.а.)нинг жанозаларини Ҳазрати Али ўқиганлар. Қабрлари Мадинадаги Бақиъ қабристонида.

"101 улуғ саҳобий" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР