loader
Foto

Ислом ғариб бўлиб бошланди ва ғарибликка қайтади

Изоҳ: Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ бу бобда учта ҳадис келтирган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом ғариб бўлиб бошланди. Қандай бошланган бўлса яна шундай ғарибликка қайтади. Ғарибларга хушхабар бўлсин», дедилар».

Шарҳ:

«Ислом ғариб бўлиб бошланди» ҳадисидаги «ғариб» сўзи ҳеч ким танимайдиган, нотаниш мусофир, деган маъноларни англатади. Уз шаҳридан йироқда бўлиб, одамларга нотаниш бўлгани учун у «ғариб» дейилади. Исломнинг бошланиши ҳам худди шундай бўлган. Макка мушриклари орасида истиқомат қилувчи мусулмонлар жуда оз эдилар. Улар жамият орасида заиф, жамиятдан узулган, уларнинг ғам-андуҳида тасалли берадиган бирор одам йўқ, кимсасиз, жамият орасида ҳеч ким тилга олмайдиган даражада ғариб эдилар. Бу жараёнлар бизнинг юртимизга тааллуқли эмас. Зеро, бу юрт ўз уламосини доимо бошида кўтарган халқ ҳисобланади.

Мазкур ҳадиснинг иккинчи маъноси бундай: Ислом динининг равнақига ҳисса қўшадиган инсонлар ибтидода кам сонли бўлганлар ва келажакда ҳам айни шундай бўлади. Улардан ҳеч ким ҳол сўрамаган. Бироқ оралиқ даврда бундай инсонлар кўп бўлган ва улар равнақ топишган. Урта асрларда Ислом машриқу мағрибга, жануб ва шимолга кенг ёйилди. Бу даврда хулафои рошидинлар, Бану Умайя.

Аббосийлар, Усмонийлар Ислом дини байроғини бутун дунё бўйлаб юқори кўтаришга ҳисса қўшганлар.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадисни фақат Мадинаи Мунавварага тегишли сифатида шарҳлаган. Бироқ аксарият олимлар у ҳадисни бутун дунёга тааллуқли қилиб шарҳлаганлар.

«...хушхабар бўлсин», яъни «иззат», «шараф» ва «камол», деган маъноларни англатади. Баъзи уламолар уни «жаннат», деб шархлашган, яъни «ғарибларга жаннат бўлсин». «Ғариблар», деганда жамият орасида эътиборсиз бўлган кишилар тушунилади. Баъзилар бу сўз Мадинадан Маккага ҳижрат қилган «муҳожир»лар хусусида, деганлар. Чунки улар ўз юртларини ташлаб, ғурбатни ва муҳожирликни ихтиёр қилишди. Бошқа бир ҳадисда ғариб сўзи батафсил тарзда «улар қабилалардан ажралиб чиққанлар», деб айтилган. Шунда, «ғариб» сўзидан ўз қабиласини тарк қилиб, Ислом дини томон юрган муҳожирлар ирода қилинади. Улар дин йўлида ватанини ташлаб, Мадинага ҳижрат қилиб келганлар. Қизиғи, баъзи ҳадис олимлари ҳам ўзларини ғариблар, деб аташади. Бу билан улар ўзларини мазкур ҳадис маъносига киритишни мақсад қиладилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом ғариб бўлиб бошланди. Қандай бошланган бўлса яна шундай ғарибликка қайтади. У худди илон инида кулча бўлиб олганидек, икки масжид орасига жамланади», дедилар.

Шарҳ:

(яъризу) сўзи «қайтиш», «жамланиш», «кулча бўлиб ўралиб олиш» маъносини англатади. Охирги замонда Ислом Макка ва Мадинага қайтади. Бунинг мисоли худди илон ўз уйига қайтиб, кулча бўлиб ўралиб олишига ўхшайди. Мазкур ҳадисда Исломнинг аввалги ва охирги ҳолатига ишора қилинмоқда. Жумладан, дастлаб мусулмонлар Ислом дини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиёрати мақсадида Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварага келганлар. Хулафои рошидинлар замонасида эса жидду жахд, адолат ва инсофни ўз кўзлари билан кўриш илинжида Мадинага келишар эди. Толиби илмлар эса илм олиш мақсадида тинмай Мадинага келганлар ва ҳозиргача бу жараён давом этмокда. Ҳозирда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрларини зиёрат қилиш ва ҳаж ибодатини адо этиш мақсадида бутун дунёдан мусулмонлар Макка ва Мадинага ташриф буюришади. Ҳадисдаги икки масжиддан Масжидун-Набавий ва Масжидул Ҳаром назарда тутилган.

Ушбу ҳадис ҳақиқий иймон Мадинаи Мунавварада Қиёматгача қолишига далолат қилади. Бу ерда бидъат ва бидъатчилар асло ғолиб бўла олмайди. Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: «Бу ерга мўмин-мусулмон келиши билан Набий алайҳиссаломнинг муборак қабрларини зиёрат қилиб барака ҳосил қилади. Ҳамда саҳобаларнинг қабрларини зиёрат қилиб, ўзига файз ҳосил қилади», деган. Ривоятларда айтилганидек, бу ерга фақат мўминлар келадилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иймон худди илон инида кулча бўлиб олганидек, албатта, Мадинага жамланади», дедилар».

"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан