loader
Foto

Қуръон тиловатидан сўнг "Содақоллоҳул Азим"ни айтиш жоизлиги

Диёримизда Қуръон қироатидан кейин "Содақоллоҳул азим" калимасини айтиш бизга асрлар оша етиб келган ва халқимиз ичида урф бўлган. Яқин йиллардан бошлаб эса бу одатга эътироз билдирадиганлар, уни бидъат деб атайдиганлар пайдо бўлди. Қуйида бу амалнинг шариатимизда асоси бор-йўқлигини холис ўрганиб чиқайлик.

Қуръони каримда айнан юқоридаги калима бир нечта ўринда зикр қилинган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

Яъни: "Аллоҳ рост сўзлар. Бас, ҳақ йўлда собит бўлмиш Иброҳимнинг динига эргашингиз! ..." (Оли Имрон сураси, 95-оят).

Яъни: "Мўминлар фирқаларни (ёвни) кўрган вақтларида: “Бу Аллоҳ ва пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир (имтиҳондир). Аллоҳ ва пайғамбарининг сўзи ростдир", - дедилар..." (Аҳзоб сураси, 22-оят).

Яъни: "...Аллоҳдан кўра ким ростгўйроқдир?!" (Нисо сураси, 122-оят).

Қуртубий раҳимаҳуллоҳнинг "Алжомиъ ли-аҳкомил Қуръон” номли китобининг "Қуръон ўқувчи ва уни ёдолган кишига Қуръонни эҳтиром ва эъзозлаши лозим бўлиши" бобида қуйидагилар айтилган: "Абу Абдуллоҳ Ҳаким ат-Термизий "Наводирул усул"да айтади: "Қуръони каримни эҳтиром қилиш тартибларидан бири уни фақатгина таҳоратли кишиларгина ушлашидир. Яна ҳурматлардан бири қиръоатни тугатганда Аллоҳ таолони тасдиқлашдир. (яъни, "содақолллоҳул азим”ни айтишдир) Ҳамда Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини умматга етказганларига гувоҳлик беришдир.

Яна Қуртубий раҳимаҳуллоҳнинг "Алжомиъ ли-аҳкомил Қуръон” номли китобларида "Аҳқоф" сураси ўттиз бешинчи оят баёнида:

Яъни: "Бас, (эй, Муҳаммад!) Сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг ва уларга (тушадиган азобни) қистаманг! Улар ўзларига ваъда қилинаётган азобни кўрадиган кунда гўё (бу дунёда) фақат кундуздан бир соатгина тургандек бўлиб қолурлар. (Бу Аллоҳ томонидан) бир баёнотдир. Бас, фақат фосиқ (кофир) кишиларгина ҳалок қилинур"

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: "Агар ҳомиладор аёл боласини туғишда қийинчиликка дуч келса ушбу икки оят ва икки калима бир саҳифага ёзилади ва уни ювиб сувини ўша аёлга ичирилади”, деганлар. Сўнг ўша икки калима ва оятларни келтириб, оятларнинг охирида "Содақоллоҳул азим" сўзини ҳам келтирганлар.

Улар қуйидагилардир:

Исмоил Ҳаққий Бурсавийнинг "Руҳул баён" номли тафсирларида қуйидагича келади: Абу Толиб Маккийнинг "Қутул қулуб" номли китобида айтилишича: "Банда доим дарсини бошлашда Ауъзу биллаҳис-самиъил-алим, минаш шайтонир рожим, Робби аъувзу бика мин ҳамазотиш-шайтон ва аъузу бика робби ан яхзурун" калималарини айтиши лозим. Шунингдек, "Ан-Нас" ва "Фотиҳа" сураларини ўқиши лозим. Ҳар бир сурадан фориғ бўлганда "Содақоллоҳу таъала, ва баллағо росулуҳу, Аллоҳумманфаъна ва барик лана фийҳи" ни айтсин, деган.

Абдуллоҳ ибн Саломнинг Пайғамбар алайҳисса-ломга берган саволлари қаторида: "Эй, Муҳаммад! Қуръоннинг бошланиши нима? Ва унинг якунланиши қандай?” - деб сўралади. Шунда У Зот: Унинг бошланиши "Бисмиллаҳир роҳманир роҳим, тугаши эса Содаҳоллоҳул азим” деб жавоб берадилар.

Иҳёу улумиддин китобида Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ Қуръон тиловати одоблари ҳақида сўз юритиб жумладан қуйидагиларни айтганлар: "Қуръон ўқишни бошлашда Аъувзу биллаҳис самиъил алим минаш шайтонир рожим Робби аъузу бика мин ҳамазатиш шаятин ва аъузу бика робби ан яхзурун" калималарини айтиши лозим. Шунингдек, "Ан-Нас" ва "Фотиҳа" сураларини ўқиши лозим. Ҳар бир сурадан фориғ бўлганда "Содақоллоҳу таъала, ва баллағо росулуҳу Аллоҳумман-фаъна ва барик лана фийҳи, алҳамду лиллаҳи роббил аламийн ва астағфируллоҳ-ал-ҳаййал қоййум" ни айтсин деган.

Имом, Ҳофиз Шамсиддин ал Жазарий ўзларининг машҳур "Ан-нашр фи-қироот ал ашр” номли китобларида айтадилар: "Баъзи шайхларнинг Қуръон тугагандан кейиноқ, дуодан олдин:

"Содақоллоҳул азим, ва баллағо росулуҳул карим ва ҳаза танзилун мин роббил аламийн. Роббана аманна бима анзалта ваттабаънар-росула фактубна маъ-аш-шаҳидийн"ни ўқишдан бошлашларини кўрдик".

Ҳанафий фиқҳидаги машҳур китоблардан бири "Канзуд дақоиқ" китобида айтиладики:

"Агар имом раҳмат ёки азоб оятини ўқиса ва муқтадий “Содақоллоху"деса, намози бузилмайди лекин ёмон иш қилган бўлади".

Намоз ичида айтгани учун ёмон иш дейилди, лекин бу сўз Қуръони каримда мавжуд бўлгани учун намозни бузувчи дунё сўзларидан эмас.

Шунингдек, бу борада "Алфиқҳу алал мазаҳибил арбаъа” китобида қуйидагилар ёзилган: "Ҳанафийлар айтадилар: "Агар намоз ўқувчи тасбеҳ ёки таҳлил айтса ёки Аллоҳнинг номи зикр қилинганда Аллоҳга сано айтса, масалан, жалла жалалуҳу каби, ёки Пайғамбар алайҳиссалом зикр қилинганда у зотга саловат айтса ёки қорий қироатни тугатганда муқтадий содақоллоҳул азимни айтса ёки муъаззин айтган калималарни такрорласа ва мазкурларни айтишдан бирор ишга жавоб қайтариш мақсади бўлса, намози ботил бўлади. Аммо уларни айтишдан фақат Аллоҳга сано айтиш, ёки зикр ёки тиловатни ният қилган бўлса, намози ботил бўлмайди.

Худди шу мазмундаги маълумотлар Дуррул мухтор, Ҳошияту Таҳтовий, Ал-Баҳрур роиқ, Мабсут каби бир қатор ҳанафий фиқҳига оид китобларда келтирилган.

Кўриб турганингиздек, бирор фиқҳий китобларимизда мазкур калиманинг бидъат экани айтилмади. Балки, намозда айтиш дуруст эмаслиги айтиб ўтилди. Аммо намоздан ташқари ҳолатларда айтиш жоиз экани маълум бўлди.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мазкур калимани зикр, тасдиқ ва сано сифатида турли воқеа-ҳодисаларда ишлатганлари унинг жоиз эканига далил бўлади.

Бурайда розияллоху анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: "Пайғамбар алайҳиссалом бизларга хутба қилаётган эдилар. Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумолар устларида қизил кўйлаклари билан юриб, ўйнаб келиб қолдилар. Шунда Пайғамбар алайҳисса-лом минбардан тушдилар ва уларни кўтариб, олдиларига қўйдилар. Сўнг Содакрллоҳу ва росулуҳу "Иннама амвалукум ва авладукум фитнаҳ", мана бу икки гўдакка қарасам югуриб, ўйнаб келдилар. Уларни кўриб мен сабр қилолмадим. Сўзимни тўхтатиб уларни кўтариб олдим" дедилар. (Сунан соҳиблари ва Ибн Ҳиббон, ривояти. Имом Термизий ҳадисни ҳасан деган)

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: "Ким ойнинг уч кунида рўза тутса, даҳрнинг барчасида тутгандек бўлади - деб, ортидан "Содақоллоҳу ва расулуҳу" дедилар. (Имом Насоий ривояти)

Имом Аҳмад ўз муснадларида Абу Ақрабдан ривоят қилади: Рамазон кундузларидан бирида тонгда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг олдига бордим. Борганимда уйнинг тепасида ўтирган эди. Ўшанда унинг Содақоллоҳу ва баллағо росулуҳу” деганини эшитдик. Кейин унга Содақоллоҳу ва баллағо росулуҳу деганингизни эшитдик, деганимизда у: "Албатта Пайғамбар алайҳис-салом: "Қадр кечаси Рамазоннинг ярмида, охирги етти кунликда бўлади. Ўша кечанинг тонгида қуёш соф ҳолатда шуъласиз чарақлаб чиқади", деган эдилар. Қуёшга қарадим ва уни ҳудди Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтгандек топдим”, деди (Имом Аҳмад ва Имом Баззор ривоятлари).

Мазкур калимани яна бошқа кўплаб саҳобалар ҳам турли муносабатларда ишлатганлари ишончли ривоятларда келтирилган.

Шу каби оят ва ҳадислар умумий мазмунидан келиб чиқиб, баъзи уламолар тиловатдан кейин «Содақал-лоҳул азийм», дейишни тиловат одоблари қаторида зикр қилишган. Бу бизни асримизга келиб пайдо бўлмаган. Балки, аввалдан мусумонлар ўртасида маълум ва машҳур бўлган. Машҳур саҳоба Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Мўминлар яхши, деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузурида ҳам яхшидир», - деганлар (Имом Молик ривояти). Шундан келиб чиқиб, тиловатдан кейинги «Содақаллоҳул азийм»ни бидъат дейиш ва уни айтишдан ман қилиш илмий жиҳатдан мутлақо нотўғридир.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,

Фатво маркази директорининг

"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан