Маълумки, кейинги пайтларда ўзларини гоҳ салафий, гоҳ аҳли ҳадис эканини даъво қилувчи айрим тоифалар мазҳаб ва мазҳабга эргашувчиларга турли маломатлар ёғдириб, уларни бидъатчи деб айблаб, буюк имомларга тош отишни ўзларига касб қилиб олганлар. Уларнинг фикрига кўра: "Мазҳаб бошқа, шариат бошқа. Мужтаҳид имомлар томонидан баён қилинган аҳкомлар, масалалар, гўё имомларнинг шахсий фикр ва тушунчалари бўлиб, уларга эргашишни Аллоҳ ва унинг росули бирор кишига вожиб қилмаган, деб қаралади. Шунингучун тўрт мазҳабдан бирига эргашиш вожиб ёки мустаҳаб эмас. Мусулмон киши ўша мазҳаблардан муайян бирига эргашишга мажбур эмас. Балки, ким уларнинг бирига муттасил равишда эргашадиган бўлса, у мутаассиб ва кўр-кўрона эргашувчи, адашган ҳисобланади".
Уларга кўра: “Шаръий аҳкомлар фақат Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан олинади. Зеро, у иккисигина хатодан холидир. Мазҳаб имомларига эргашиш эса, китобу суннатни тарк қилиб, бошқага эргашиш ҳисобланади. Бу дегани маъсумни тарк қилиб, маъсум бўлмаганга эргашишдир. Мазҳаблар уч асрдан кейин пайдо бўлган бидъат ишлардир. Демак у очиқ ойдин залолатдир. Мазҳаб ва мазҳаб имомлари пайдо бўлишидан олдин одамлар қандай ҳолатда бўлган. Яъни, мазҳаблар пайдо бўлишидан олдин одамлар ҳидоятда эдими ёки залолатда эдими? Албатта ҳидоятда бўлганлари аниқ. Шундай экан, кейин пайдо бўлган мазҳаблар хато ва бидъатдир".
Афсуски, мана шундай тушунчадаги мусулмонлар кундан-кунга кўпайиб бораётгани кишини ташвишга солади. Кўплаб инсонлар савол бераётиб, "Илтимос оят ва ҳадис билан жавоб беринг", дейишади. Ёки "Мана шу масалага нисбатан оят ва ҳадисда нима дейилган?" деган саволларга жуда кўп бор дучор бўлганмиз. Уларнинг тушунчасига кўра ҳар бир жузъий масалаларнинг ҳукми, албатта Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифда сўзма-сўз айтилгандек гўё.
Аслида-чи?! Аслида ҳам шундайми?
Йўқ, албатта!
Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўта жиддий ва ўта муҳим масалаларнинг энг зарурий қисмларини очиқ ва равшан баён қилган. Намоз, рўза, закот, ҳаж, ҳалол-ҳаром, ароқ, зино, ўғрилик, қотиллик кабилар шулар жумласидандир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса бутун ҳаётлари даврида сўзлари, амаллари ва тақрир(Бирор нарсага иқрор бўлиш, унинг тўғрилигини тасдиқлаш, маъкуллаш «тақрир» дейилади. Ҳадис илмида тақрир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни маъқуллашларига нисбатан қўлланадй) лари билан жуда кўплаб масалаларнинг ҳукмларини изоҳлаб, ёритиб, шарҳлаб берганлар. Аммо бирор олим инсон амали ва ақидасига тегишли барча ҳукмлар Қуръон ва суннатда очиқ ва равшан баён қилинганини айтмаган. Шунинг учун мужтаҳид уламолар ҳар қандай масаланинг ҳукмини биринчи навбатда Қуръондан, агар ундан топилмаса Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларидан ва саҳобаларнинг сўзларидан излаганлар. Агар улардан ҳам мазкур масаланинг ҳукми топилмаса, Қуръон ва суннатга қиёслаш маъносида ижтиҳод қилишга мажбур бўлганлар. Энг аҳамиятли жиҳати шундаки, мужтаҳидлар қиёс ва ижтиҳод қилишни ўз-ларича тўқиб чиқармаганлар, балки бу усулни ҳам айнан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларидан, тақрирларидан олганлар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга, уларга дин ишларини ўргатиш учун юбораётган вақтда ўргатган усуллари сўзимизнинг яққол исботи ҳисобланади.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, ҳозирда кўп такрорланаётган "Динда мазҳабларга эргашиш йўқ!", "Саҳобалар даврида мазҳаблар бўлмаган" каби пуч даъволарга мутлақо илмий асос мавжуд эмас. Саҳобалар даврида ҳам мужтаҳид саҳобалар мазҳаби бор эди. Саҳобалар мазҳаби асосида ҳозирга қадар етиб келган тўртта фиқҳий мазҳаблар сақланиб қолди.
Мазҳабга эргашиш - Қуръон ва суннатни қўйиб шахсга эргашиш эмас, балки айнан Қуръон ва суннатга эргашиш саналади. Чунки, Аллоҳ таоло Ўзининг Ка-ломида шундай марҳамат қилган:
"Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг" ("Наҳл" сураси, 43-оят).
Бошқа бир ояти каримада эса:
Агар уни Пайғамбарга ёки ўзларидан бўлган иш эгаларига етказсалар, уни билиб олишни истовчилар ўшалардан (сўраб) билаверар эдилар. (Нисо сураси, 83-оят).
Имом Табарий ва яна бир қанча муфассирлар мазкур оятдаги "Амр эгалари” оятини "аҳли илмлар" деб тафсир қилганлар.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларига ўзлари билмаган масалаларнинг жавобини зикр аҳли ҳисобланган уламолардан сўрашга буюрмоқда. Мусулмонлар ушбу илоҳий фармонга бўйсуниб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидан бери муайян бир мазҳабга тақлид қилиб келишмоқда. Аслида бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам башоратларининг воқеъликдаги кўриниши эди. Чунки ҳадиси шарифда У Зот:
“Бу илмни ҳар бир авлодлардан ишончли кишилар ташийдилар. Улар илмни жоҳилларнинг ботил талқинлари, йўлдан озганларнинг даъволари ва ғулувга кетганларнинг хатоларидан сақлайдилар", - деганлар (Имом Байхақий «Мадхал»да ривоят қилган).
Сийрат ва фиқҳ фани уламолари таъкидлашича, ижтиҳод ва қиёс йўли билан ҳукм олиш Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларидаёқ шаклланган эди. Буюк тарихчи Ибн Халдун айтади: “Саҳобаларнинг ҳаммалари ҳам фатво аҳли бўлмаганлар. Уларнинг ҳаммалари ҳам динни ўргатмаганлар. Фатво ва ҳукм айтиш Қуръонни ёд олган,унинг носих ва мансухларидан, муташобиҳ ва муҳкамларидан хабардорларгина бу иш билан шуғулланганлар".
Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг "Мазҳабсизлик - ислом шариатига таҳдид соладиган энг хатарли бидъатдир” номли китобларида Ибн Халдуннинг мазкур иборасига изоҳ сифатида қуйидагиларни айтган:
"Модомики, Саҳобалар ичида фатво аҳллари чекланган, маълум миқдорда бўлиб, қолганлар бу мартабада бўлмагандан кейин улар динларини қаердан олганлар. Шубҳасиз, ана шу чекланган ададдаги ижтиҳод ва ҳукм олишга қодир бўлган саҳобалардан олганлар. Мана шуни тақлид демаса, бошқа нимани тақлид дейиш мумкин. Бизнинг давр билан уларнинг даври орасида ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Саҳобалар даврида ҳам авом кишилар ўша даврда ижтиҳод ва фатво беришда машҳур бўлганларга тақлид қилар эдилар. Тобеинлар даврида ҳам худди шундай бўлди. Улардан кейинги асрдагилар ҳам худди шу ишни қилдилар. Имом Шофеий, Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик ва Имом Аҳмадлар айнанўз даврида ижтиҳод ва фатвода машҳур бўлган мужтаҳидлар холос. Саҳобалар даврида авом кишилар фатво аҳлига эргашишлари жоиз бўлганидек, бу имомларга ҳам ўз даврининг авомлари, ижтиҳодга қодир бўлмаган кишилари эргашганлар.
Салафийларнинг мазҳаблар бидъат, улар кейинчалик пайдо бўлган, деган даъвоси қанчалар пуч эканини ҳис қиляпсизми?
Демак, тўрт мазҳаб зоҳир бўлганда саҳобалар даврига нисбатан нима янгилик бўлди ёки нима ўзгарди?
Ҳеч қандай янгилик содир бўлгани йўқ!!! Бўлган иш шуки, тўртала имомлар Китоб ва суннат далиллари остида истинбот (ҳукм олиш) манҳажини ўзаро ишлаб чиқдилар ва шу орқали раъй ва саҳиҳ қиёсни очиқлаб, аниқ бир қолип билан мустаҳкамлаб қўйдилар. Натижада қиёс ва раъйнинг ботил турлари ажраб қолди. Шу билан бирга Раъй аҳли билан Ҳадис аҳллари ўзаро бир-бирига киришиб, у ёки бу томонга ҳаддан ортиқ оғишларўз-ўзидан йўқолди". (Рамазон Бутийдан иқтибос тугади).
Демак мазҳаблар ва мазҳаб имомлари томонидан ишлаб чиқилган масалалар Қуръон ва суннатдан айро, алоҳида нарса эмас. Ким агар шундай деб ўйласа ёхуд мазҳаб имомларига ва мазҳабга эргашганларга шундай таъна тошини отса, жуда катта туҳмат ва бўҳтон қилган бўлади. Чунки ҳукм фақат Аллоҳдан содир бўлади.
Аллоҳтаоло Анъом сурасида шундай марҳамат қилган:
"Ҳукм Аллоҳдан ўзганики эмас. (У) ҳақ (нарса)ни баён қилур. У ажрим этувчиларнинг энг яхшисидир" (Анъом сураси, 57-оят).
Бирор бир шаръий ҳукмнинг содир-машруъ бўлишида бирор кимсанинг, ҳатто Пайғамбарнинг ҳам шахсий қараши иштирок этмайди. Уламолар кимда-ким на Қуръонга ва на суннатга суянмасдан, бевосита ўзининг раъйи билан диний ҳукм айтса, диндан чиқишини айтганлар. Энди салафийларнинг мазҳабга эргашганлар ва мазҳаб имомларини Қуръон суннатдан айро деб тушунишларини қандай изоҳлаш мумкин?!
Ўн биринчи асрда яшаб, сермаҳсул ижод қилган, ҳанафий мазҳабининг ёрқин намоёндаларидан бири Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад Маккий Ал-Ҳамавий “Мазҳаб” сўзига қуйидагича таъриф берганлар: "У - зонний далиллардан истифода қилинган, муайян мужтаҳидга хос, ижтиҳодий фаръий ҳукмлардир("Зонний далил” қатъий далилнинг муқобили бўлиб, у билан собит бўлган ҳукм қалб хотиржамлигига олиб келсада, илми яқин яъни унга иймон келтиришни вожиблигини собит қилмайди.)("Фаръий хукм” мужтаҳидлар томонидан фиқҳ асосларига таянган ҳолда чиқарилган жузъий масалалар.).
Худди шу каби таърифни Ибн Обидин роҳимаҳуллоҳнинг устози Ҳибатуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Яҳё ад-Димашқий ҳам айтган. Бошқа уламолар ҳам шу маънога яқин таърифларни берганлар.
Кўриб турганингиздек, бирор олим мазҳаб бу бир имомнинг шахсий фикри дегани йўқ. Балки, мужтаҳид зонний далилларга суянган ҳолда Аллоҳнинг ҳукмини илғаши, излаб топиши унинг мазҳаби ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда мужтаҳидлар ўта омонатдорлик ва эҳтиёткорлик билан ўрганилаётган масалага ўзларининг шахсий истаклари қўшилиб қолишидан қўрқиб, Аллохдан паноҳ сўраб холислик билан ёнда-шиб, сўнг қарор қабул қилганлар. Буни уларнинг таржимаи ҳолларидан, ўз замонаси олимларининг улар ҳақида ёзган таъриф ва маълумотлардан билиш мумкин. Шунинг учун ҳам Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ: "Агар ҳадис саҳиҳ бўлса ўша менинг мазҳабимдир. Агар менинг сўзим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларига қарши келса, менинг сўзимни деворга улоқтиринглар”, деган. Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ эса: "Биз ҳукмни қаердан олганимизни билмай туриб, бизни сўзимизни олишлари ҳалол эмас”, деган. Молик ибн Анас роҳимаҳуллоҳ: "Албатта мен бир башарман. Хато қилишим ёки тўғри топишим мумкин. Шунинг учун раъй билан айтган сўзимга қаранглар. Китоб ва суннатга мувофиқ келганларини олинглар. Китоб ва суннатга мувофиқ келмаганларини тарк қилинглар" деган.
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ: "Эргашиш дегани Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалардан келган хабарларга эргашишдир. Сўнг тобеинларга эргашишдир. Ундан сўнг киши ихтиёрлидир” деган.
Юқорида биз мазҳаб имомларининг сўзларидан бир шингилдан келтирдик. Аслида улар бу мазмунда жуда кўп сўзлар айтганларки, уларнинг хулосасидан буюк имомларнинг ҳукм чиқаришда, шаръий ҳукм айтишда қанчалар парҳезкор, омонатдор эканларини англаш ақли расо киши учун мушкул эмас.
Барча фақиҳ уламолар, хусусан, усулул фиқҳ олимларининг китобларини ўқир экансиз, ҳаммалари шариат аҳкомларининг манбаси, масдари тўртта экани, улар Қуръон, суннат, ижмо ва қиёс эканини айтадилар. Шаръий аҳкомларнинг жуда кўп қисми айнан ижтиҳод ва қиёс йўли билан олинган. Қиёс деганда Қуръон ва суннатда ёки ижмоъда ҳукми очиқ-равшан айтилма-ган масалаларнинг ҳукмини Қуръон ва суннатда ёки ижмоъда ҳукми келган масалаларга қиёслаб ҳукм олишга айтилади. Албатта, шаръий аҳкомлар манбасининг тўртинчиси бўлган қиёснинг ҳам ўзига яраша шартлари бор. Ана шу шартлар ҳам аслида Қуръон ва суннатдан олинган. Бироқ уларнинг барчасини ушбу рисолада бирма-бир келтириб ўтишнинг иложи йўқ.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан