loader
Foto

Таҳоратда бўйинга масҳ тортиш

Ҳозирги кунда салафийлар томонидан бидъатга чиқарилаётган амаллардан бири таҳоратда бўйинга масҳ тортишдир. Уларнинг даъволарича бўйинга масҳ тортиш оят ва ҳадисларда келмаган экан, шунинг учун бидъат бўлар экан. Шунча йиллардан бери мазҳабга эргашиб юрганлар далилсиз амал қилмоқда экан. Қуйида бу мавзудаги ҳанафийларнинг жавоблари ва далилларини келтириб ўтамиз.

Масалага киришишдан аввал шуни таъкидлаш керакки, одатда мустаҳаб даражасидаги ишларнинг далиллари оят ва мутавотир ҳадисларда бўлмайди (Бундай далиллар одатда фарз, вожиб ва суннати муак-кадага далолат қилади). Лекин бу масалани пухта ўрганган киши мазҳаб уламолари бўйинга масҳ тортиш мустаҳаб, дейишга асос бўладиган далилларни топишганига гувоҳ бўлади.

"Масҳ" арабча сўз бўлиб, ўзбек тилида "силаш" деган маънони билдиради. Таҳоратда икки қўлни сув билан намлаб бошни, бўйинни ва маҳсини силашга айтилади. Баъзан, жароҳат ва унга ўралган мато устидан ҳам масҳ тортилади.

Ҳанафий мазҳабимизда бўйинга масҳ тортиш - мустаҳаб амаллардандир. Барча мўътабар фиқҳ китобларимизда бу масала баён қилинган. Чунки таҳорат олиш асносида бўйинга масҳ тортиш бевосита ҳадиси шарифларда келган. Жумладан, таҳоратда бўйинга масҳ тортиш мустаҳаблигига ҳадис ва асарларда бир нечта далиллар бор:

Яъни: Имом Лайсдан ривоят қилинади, у Талҳадан, у отаси (Мусарриф)дан, у бобосидан ривоят қилинади: “У кшии Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир марта бошларига масҳ тортганларини, бўйинларининг орҳа томонларидан олд томонларигача етказганларини кўрганлар" (Имом Аҳмад ривоят қилганлар).

Абулҳасан ибн Форис Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган бошқа бир саҳиҳҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи асаллам шундай деганлар:

Яъни: “Ким таҳорат қилиб, икки қўли билан бўйнига масҳ тортса, қиёмат куни ғулл (кишан)дан сақланади", - дедилар.

Имом Воил ибн Хужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда жумладан, шундай дейилган:

Яъни: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келганимда у зотга бир идишда сув келтирилди, сўнгра бошларига уч марта, қулоқларининг сирт тарафига, бўйинларининг сирт тарафига ва соқолларининг ичига бошларидан ортган сув билан масҳ тортдилар".

Демак, юқоридаги ҳадислар ва худди шу маънони тўлдирувчи бошқа ривоятлар ҳам бор бўлиб, Ҳанафий мазҳабимиз имомлари наздида бу ҳадиси шарифлар бўйинга масҳ тортишнинг жоизлигини билдириб, бир-бирларини қувватлаб келишини таъкидлаб айтганлар.

Ҳанафий мазҳабимизнинг барча мўътабар фиқҳий китобларида бўйинга масҳ тортишнинг мустаҳаб эканини қайд қил ганлар. Жумладан, "Фатовои Оламгирия"да: "Бўйинга масҳ тортиш - мустаҳаб амалдир. Лекин (ҳадисларда келмагани сабаб) томоққа масҳ тортиш - бидъатдир”, - дейилган.

Худди шу мазмунни таъкидлаган "Мажмаъул анҳур" китобида қуйидагича баён қилинган:

Яъни: "Таҳоратнинг мустаҳаби - бўйинга масҳ тортишдир. Ҳалқумга масҳ тортилмайди, чунки ҳалқумга масҳ тортиш бидъатдир".

"Ал-Баҳрур роиқ" китобида ҳам шундай дейилади:

Яъни: "Фатҳул қодир" китобида Пайғамбаримиз алайҳиссалом бошларига масҳ тортиш билан бирга бўйинларига ҳам масҳ тортганларини далил қилиб олиб, бўйинга масҳ тортиш - мустаҳаб (амал) эканига далил қилиб келтирилган”.

Бўйинга масҳ тортишнинг тартиби қуйидагича: бошга масҳ тортиши учун сув билан ҳўлланган икки қўл бармоқларининг орқа томонлари билан масҳ тортилади. Бунда қўл қайтадан ҳўлланмайди, балки бошга масҳ тортиш учун ҳўлланган қўл кифоядир.

Аллома Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ бу масала бўйича алоҳида китоб ёзиб, уни "Туҳфатут толабати фий таҳқиқи масҳир роқобати” ("Бўйинга масҳ тортишни аниқлашда толибларга туҳфа”) деб номла-дилар. У зотнинг ҳам хулосаси, бўйинга масҳ тортиш мустаҳаб амал бўлиб, мўмин-мусулмонлар таҳорат олишда ушбу амални бажарсалар савоб олишга сабаб бўлувчи ишлардан эканига тарғиб қилганлар.

Таҳорат асносида бўйинга масҳ тортаётиб қуйидаги дуони ўқиш афзал ҳисобланади:

(“Аллоҳумма аътиқ рақобатий минан нар ва нажжини минас салосили вал ағлал").

Яъни: "Эй Роббим, бўйиним (жисмим)ни жаҳаннам оташидан муҳофаза қил, ҳамда қиёматдаги кишан ва занжирлардан мени омонда қилгин!"

Демак, таҳоратда бўйинга масҳ тортишнинг шариатимизда далиллари бор, шу сабабли уламолар уни мустаҳаб дейишган. Уни бидъат дейиш эса, ана шу да-лилларни билмасликдан, жоҳилликдандир. Валлоҳу аълам!

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,

Фатво маркази директорининг

"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан