loader
Foto

Маъруф Кархий

Тариқат пешвоси, ҳақиқат раҳнамоси, илоҳий сирлар билимдони, «орифлар гултожи» Маъруф Кархий тахминан 114/732 йилда Хуросонда таваллуд топган. Унинг отаси насроний бўлган. Маъруфни рохиблар мактабига беришган. Маъруф мактабдан қочиб кетган... Ота-онаси Маъруфнинг даъвати билан мусулмон бўлишган. Сўнг оиласи билан Бағдодга кўчишган.

Маъруф Кархий Сарий Сақатийга устозлик қилган. Довуд Тойи билан суҳбат қурган. Унинг кароматлари ошкора, риёзат ва тақвоси кучли, сидқ ичида ҳамма ишора қиладиган даражага эришган. Тариқат ишида баланд мартаба ва улуғ сўзлари бор эди.

Маъруф Кархийнинг лутфи, шафқати, халққа муомаласи гўзал бўлгани учун халқ ундан рози ва хушнуд бўлган.

Маъруф Кархий 200/815 йилда вафот этган. Нақл қилишларича, Маъруф дунёдан ўтган куни мусулмонларга қўшилиб, бошқа дин вакиллари ҳам фарёд чекиб йиғлашган экан. Маъруфнинг қабри Бағдоднинг Карх мавзесида.



Маъруф таҳорат олиш учун дарёга борди. Мусҳафи ва жойнамозни бир четга қўйди. Бир кекса аёл қўйган нарсаларини олиб кетаётганини кўрди.

Маъруф аёлнинг ортидан югуриб борди:

- Эй пиразол, фарзандларинг борми?

Аёл деди:

- Йўқ, ёлғизман.

Маъруф деди:

- Қуръонни менга бер, жойнамоз сенга ҳалол бўлсин.

Аёл бу ҳукмдан таажжубга тушиб, ҳар икки буюмни ҳам ташлаб кетди.



Аллоҳ бандасига яхшилик истаса, солиҳ амаллар эшигини очиб, ялқовлик эшигини беркитиб қўяди.



Маъруфнинг хонақоҳига мусофирлар келишди. Қиблани билмай, бошқа тарафга боқиб намоз ўқишди. Бир соатдан кейин намоз вақти бўлди. Жамоа билан намоз ўқишга чоғландилар. Энди қибла тарафга боқиб намоз ўқидилар. Кўнгиллари хижил бўлиб, сўрадилар:

- Жуда хижолатдамиз, нима учун бизларга қибла ҳақида аввалроқ хабар бермадилар?

Маъруф деди:

- Бизлар дарвешлармиз. Дарвешлар ўзгалар ишини тасарруф қилмайди, эътироз ҳам этмайди. Сизлар узрликсиз.



Сўрадилар:

- Муҳаббат ҳақида нима дейсиз?

Маъруф деди:

- Муҳаббат халқ ўргатадиган нарса эмас, у Ҳақнинг инъоми ва фазлидир. Муҳаббатнинг ҳақиқати шундаки, лутф била ортмайди, жафо била камаймайди.



Маъруфнинг холаси бор эди. Шаҳар улуғларидан эди. У Маъруфнинг бир вайронада бир кучук билан ўтирганини кўрди. Маъруф бир луқма нонни оғзига солса, иккинчи луқмани кучукнинг олдига ташлар эди.

Холаси бу ҳолдан уялиб деди:

- Эй Маъруф, уятдан ўлдирдингку. Нима учун уйингда, аёлинг ва фарзандларинг билан эмас, ташландиқ харобада ва яна ит билан овқатланиб ўтирибсан?

Маъруф деди:

- Уялганимдан итга нон беряпман. Ким Худодан ҳаё қилса, ҳамма нарса ундан уялади.



Сўрадилар:

- Сўфий кимдир?

Маъруф деди:

- Сўфий бу дунёда меҳмон кабидир. Меҳмон тақозоси мезбонга жафодир. Адабли меқмонга мезбон мунтазир бўлади, акс ҳолда мутақозий, яъни қаттиқ туриб талаб қилгувчи бўлади.



Маъруф дарё бўйида кетаётган эди. Азон овози эшитилди. Маъруф дарҳол таяммум қилди. Ёронлари сўрадилар:

- Олдингизда сув туриб, нега таяммум қиласиз?

Маъруф деди:

- Дарёга бориб таҳорат олгунимча ўлмаслигимга кафолат бера оласанми?



Сўрадилар:

- Жавонмардликнинг нишонаси нима?

Маъруф деди:

- Уч нарсадир: биринчиси, вафосига содиқ бўлиш, иккинчиси, ҳеч бир тамасиз одамларга ҳурматини жойига қўйиб, яхшилик қилиш, учинчиси, бирор нарса сўрамасларидан аввал қўлларига тутқазишдир.



Маъруф деди:

- Банданинг ҳаққи ва Худойи таоло ғазабининг нишонаси шуки, банда нафсининг роҳати учун керак бўлмаган нарсалар учун жонини куйдиради.



Аллоҳ авлиёларининг уч нишонаси бор. Биринчиси, тафаккури Худо учун бўлиши, иккинчиси, ором ва қарори Худо билан бўлиши, учинчиси, машғуллиги Худо учун бўлишидир.



Банда халққа сарвар (раҳбар) бўлишга ошиқади. Ваҳоланки, топгани ранж ва аламдирки, унга ҳеч бир нажот келтирмайди.



Худога элтадиган йўл шуки, «берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқдир» ҳадисига амал қил. Ҳеч кимсанинг қўлидан ҳеч нарса емагин ва берсанг, ҳаммага тенг бер, ҳеч нарсанг бўлмаса чучук сўзингни аяма.



Бировни яхши дейишдан тилингизни тийинг. Бировни ёмон дейишдан парҳез қилинг. Яхши-ёмон ғийбатдан тийилинг.



Ҳар нима тиласанг, У (Аллоҳ)нинг даргоҳидан тилагинки, ҳамма дардларнинг давоси Ундадир.



Кишига етган ҳар қандай бало, ранж, мусибатнинг хушвақтлиги (манфаати) ўша ҳолни пинҳон тутганда пинҳон ҳосил бўлади.



Бир киши Маъруфга бойлиги билан фахрланди. Маъруф деди:

- Худойи таоло сени кўриб турибди. Ўзингни гадолар қаторида тутиб, улуғвор қўрсатишдан ҳазар қил.



Маъруф рўзадор эди. Пешин намози учун муридлари билан масжидга кетаётганида бир мешкобчининг қичқириғини эшитди.

Мешкобчи деди:

- Менинг сувимдан ичган бандани Аллоҳ ярлақасин.

Маъруф дарҳол унинг сувидан сотиб олиб ичди.

Муридлар сўрадилар:

- Нима учун рўзангизни очдингиз?

Маъруф деди:

- Мешкобчининг дуосига умидвор бўлдим.

Маъруфнинг вафотидан сўнг улуғлардан бири уни тушида кўриб сўради:

- Аллоҳ сенга нима қилди?

Маъруф деди:

- Ўша мешкобчининг дуоси билан Аллоҳ мени мағфират қилди.



Солиҳ амалсиз жаннат талаб қилиш гуноҳлардан биридир, асоссиз шафоат кутиш ғурур ифодасидир.



Аллоҳга итоат қилмасдан Ундан раҳмат сўраш жаҳолат ва аҳмоқликдир.



Аллоҳ сени мискин суратидан бошқа суратда кўришидан эҳтиёт бўл.

Ҳамиджон Ҳомидийнинг

"Тасаввуф аломатлари" китобидан