loader
Foto

Йўлдан озор берувчи нарсаларни олиб ташлаш

Йўлдаги ўтувчиларга азият етказиши мумкин бўлган тикон, ахлат ёки одамларни тойилтириб юбориши мумкин бўлган бошқа нарсаларни олиб ташлаш хайрли амалдир.

Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васаллам: “Имон — етмиш ёки олтмиш нечта ҳам шохчадан иборатдир. Унинг энг афзали “Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқ”, деб, гувоҳлик бериш бўлса, энг паст даражаси эса йўлдан азият берувчи нарсани четлатишдир. Шунингдек, ҳаё ҳам имондандир...”, дедилар”. (Имом Муслим ривояти)

Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўлдан озорни кетказиш ҳам садақадир”, дедилар”. (Имом Бухорий ривояти)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам болаларидан ҳар бири 360 бўғин ила яратилгандир. Бас, кимки Аллоҳ таолога такбир, ҳамд, таҳлил, тасбеҳ, истиғфор айтса ва одамлар йўлидан тош ёки тикон ёки суякни олиб ташласа ёки амр-маъруф ва наҳий мункар қилса, (юқорида келган яхшиликларни) 360 тага етказса, бас у ўша куни ўзини дўзахдан узоқлаштирган ҳолда юради”, дедилар”. (Имом Муслим ривояти)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир киши йўл юзидаги дарахт шохчаси олдидан ўтаётиб: “Аллоҳга қасамки! Уни мусулмонлардан йироқ-лаштираман, (шунда) уларга озор етказмайди”, деди. Бас, у жаннатга киритилди”, дедилар”. (Имом Муслим ривояти)

Бошқа ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир воқеани баён қилиб, дедилар: “Бир киши йўлда кетаётиб, ерда бир тиконли шохчани кўрса ва одамларни зарардан сақлаш ниятида уни олиб ташласа, Аллоҳ таоло унинг бу амалини қабул қилиб, мағфират қилади”. Яна бир ривоятда, “Шу кишининг жаннатда айланиб юрганини кўрдим”, деганлар”. (Имом Муслим ривояти)

Юқоридаги ҳадисларда ўтиш жойларини тоза тутиб, одамларни озордан сақлаш исломда қанчалар эътиборли иш экани баён қилинмокда. Бир тиконли шохни йўлдан олиб ташлаш кичик амал бўлиб кўрингани билан, унга улкан ажру савоб ваъдаси берилган. Озор берувчи нарсаларни йўлдан четлатишга тарғиб қилинган экап, бас, ахлат ташлаб йўлни ифлос қилиш, йўловчиларнинг кўнгилларини бузиш катта гуноҳ хисобланади. Транспорт воситасини қатнов жойига қўйиб, ўзга автомобиллар йўлини тирбанд қилиш ҳам йўловчиларга озор етказиш сирасига киради. Шунингдек, қоидага амал қилмаган ҳолда машина ҳайдаб, ўзгаларга озор етказиш ҳам гуноҳ бўлиб, мазкур қоида доирасига киради.

Транспортлар ҳаракатини тартибга солиш мақсадида йўл ҳаракати қоидалари ишлаб чиқилган. Уларга риоя қилиш, фақатгина, қонуний талаб эмас, балки диний фарз ҳамдир. Шундай экан, ушбу қоидаларга жамиятда тартиб-интизомни сақлаш, одамларга қулайлик яратиш ва имкон қадар уларни азиятдан сақлаш ниятида амал қилинса, ин ша Аллоҳ, бу иш учун савобга эга бўлинади. Мазкур тартибларга амал қилмаслик эса икки баробар гуноҳ бўлади. Биринчидан, одамларга озор етказгани сабабли бўлса, иккинчидан, белгиланган тартибга риоя қилмай, масъул шахсларга бўйсунмагани туфайлидир.

Афсус билан қайд этиш лозимки, кўп инсонлар, ҳатто зиёли кишилар ҳам мазкур ишларни гуноҳ ҳисобламасдан, уларга бефарқ қарайдилар.

Аллоҳ таоло бизларга динни тўғри тушуниш ва унга амал қилиш тавфиқини берсин.

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг

"Енгил амаллар"китобидан