loader
Foto

Хулқий жиноятлар учун белгиланган жазолар

Мисол келтирадиган бўлсак, одамни ўғрилик қилишга мажбур қиладиган нарса нима? Ҳаётини яхшилашга бўлган эҳтиёжми? Бу ишни, яъни ҳаётни яхши ҳолга келтириш жамият зиммасидадир. Агар жамият бу ишга лоқайд қараса, у ҳолда одамларни ўғрилик қилишга мажбурлаган бўлади. Бундан ўғрилик қилган одамгина эмас, балки лоқайдлик билан қараган жамият ҳам гуноҳкор бўлиши тушунилади. Агар ҳожатига ярашаси мавжуд бўлиб турганда ҳам ўғриликка қўл урса, у ҳолда жамиятни айблаб бўлмайди. Лекин шунда ҳам унга жазо қўллашга шошилиш керак эмас. Шояд келажакда яхши амаллар қилиб, ўзини ўнглаб олса, деб имкон беради динимиз. Шу боис жазони кечиктириш талаб қилинади. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Қози хато қилиб гуноҳни кечириши хато қилиб, жазолаб қўйганидан яхшидир», деганлар. Масалан, ўғриликни динимиз зулм ва фасод иш деб тавсифлайди, аммо тавба қилган кишига шундай ваъда беради:

«Кимки (бу) зулмидан кейин тавба қилса ва (ўзини) тузатса, албатта, Аллоҳ унинг тавбасини қабул этади. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва марҳаматли зотдир» (Моида сураси, 39-оят).

Аслида жазолар нима учун тайин этилади? Жамият соғломлиги, адолатни асраш ва жиноятчи касридан ҳимоя этиш жазо тайинланишини тақозо этади. Яъни, Ислом белгилаган жазо ва ҳадлар фазилатли амалларни қилишга зўрлаш учун эмас, балки инсонни яхши ишларни қилишга ундаш ва Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат этишга чорлашдир. Қилган ишига пушаймон бўлиб, ундан қайтмоқчи бўлган қотил қиссасини Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай ҳикоя қиладилар: «Ер юзида олим киши борми?» деб сўрайди қотил. Одамлар уни бир олим ҳузурига йўллашади. «Мен юзта одамни ўлдириб кўйдим. Тавба қилсам бўладими ёки бўлмайдими?» деб сўрайди. Шунда олим: «Албатта тавба қил! Аллоҳ билан банда орасини ҳеч ким тўса олмайди. Сен фалон шаҳарга бориб, ўша жойда тўғри яша, чунки у шаҳарликлар Аллоҳга ибодат қилади. Ўз диёрингга қайтма, сен яшаб турган жойдагилар яхши одамлар эмас экан», деб жавоб қилади. Бошқа ривоятда бу ҳикоя сал бошқача тарзда нақл этилган: «Қотил роҳиб ҳузурига бориб: «Тавба қилсам бўладими?» деб сўраганида роҳиб: «Билмадим, жуда ошириб юборибсан, лекин сенга маслаҳатим: икки қишлоқ бор - бири «Нусра», иккинчиси «Куфра» деб номланади. Нусра аҳолиси жаннат аҳлларининг ишини қилади. У ерда улардан бошқа одам, яъни ёмонлар йўқ. Куфра аҳолиси дўзах аҳлининг ишларини қилади. У қишлоқда ҳам улардан бошқалар яшамайди. Сен Нусрага бор, ўша ерда яшаб, улар қилган амалларни қилсанг, тавбангда шубҳа қолмайди», деган.

Покиза фитратни асраш ва уни ҳар хил иллатлар-дан тозалаш зарурлиги юқорида айтиб ўтилди. Бу бир омил бўлса, шарт-шароитни, муҳитни ҳисобга олиш ва унинг ахлоққа таъсирини асосий эътиборда тутиш ҳам яна бир омилдир. Ушбу ҳолатларга эътибор берилса, улуғ сифатлар ва гўзал хулқ-атвор лари билан фахрланадиган, тенги йўқ жамият юзага келади.

Анвар қори Турсуновнинг

"Фазилатлар китоби" китобидан