Исроилнинг Ғазодаги қатлиомига норозилик билдириб намойишга чиққан талабалар полиция билан тўқнашди. Университет кампусларига отлиқ полиция бостириб кирди. “Озодлик диёри” деб мақталадиган ўлкада ўз фикрини билдирган талабалар “террорист” деб аталди.
Ғазода 30 мингдан ортиқ тинч аҳолини қатл этган Исроилнинг ҳамтовоғи бўлган ғарб ўлкалари фаластинликлар тарафини олганларни қонун ва полиция кучи билан бостиришга уринди. Бунинг натижасида Исроил ва дастакчиларига бўлган ғазаб бирикиб катта куч билан портлади. Илмий тадқиқотлари билан тилга олинадиган университетлар босим остида қолгач талабалар норозилик билдириб чиқди.
АҚШда ўтган ҳафта Колумбия университетида бошланган намойишлар турли штатларга ёйилди. Университетда 108 нафар талабанинг ҳибсга олиниши, 80 га яқин талабанинг ўқишдан четлатилиши норозиликларни кучайтирди. Гарвард, Жанубий Калифорния, Мэриленд, Нью-Йорк, Нью Скул, Стенфорд, Йель, Массачусетс технология университети, Техас, Питсбург ва Браун каби ўлканинг машҳур университетлари намойишга қўшилди.
Баъзи университет кампусларига отлиқ полициялар бостириб кирди. Юзлаб талаба “рухсатсиз намойиш ўтказиш” айблови билан ҳибсга олинди. “Биз Фаластин билан биргамиз” деб номланган намойишларга Австралиядаги Сидней университети, Франциядаги сиёсий тадқиқотлар нститути ва Мисрдаги Қоҳира-Америка университети талабалари ҳам қўшилишди.
Кампусларига бостириб кирган отлиқ полицияларни кўрган Техас университети талабалари “Бизни қўрқита олмайсиз” деб ҳайқиришди. Полиция билан талабалар орасида тўқнашув юз берди. Ушбу университетда профессор-ўқитувчилар ҳам талабаларга дастак бўлиш учун иш ташлашди. Имтиҳонлар бошқа кунга қолдирилди. Талабалар полиция ва қотил Исроилни қоратанлиларга қарши бўлган “Ку клус клан” ташкилотига ўхшатишди.
Намойишда иштирок этганлар университет раҳбариятини “қатлиомни дасталашдан воз кечиш”га чақиришди.
Жанубий Калифорния университетида талабаларга кампус ичида чодир қуришга рухсат бермаган полиция университет эшикларини ватандошларга бекитди. Нью-Йорк университети ўқитувчилари университет эшигида полицияга қарши тирик занжир ташкил этишди.
Исроил тарафдорлари эса ҳар доимгидек “антисемитизм” ёлғонига ёпишиб олишди. АҚШ вакиллар мажлиси раиси Майк Джонсон Колумбия университетига бориб намойишларни “нафратга тўла ва антисемитик” деб кўрсатишга уринди. Джонсон намойишларга тўсиқ бўлмагани учун ректор Неъмат Минуш Шафиқни истеъфога чиқишга чақирди. Сионист Джонсонга жавоб эса яҳудий талабалардан келди. Сам исмли яҳудий талаба “Исроилнинг қатлиомига қаршилик билан яҳудий қаршилигини бир-бирига аралаштириб юборди” деди. Техас губернатори Грег Эббот “Бу намойишчиларнинг жойи қамоқхонада. Техасда антисемитизмга йўл қўйилмайди. Техасдаги ҳар қандай университетда яҳудийларга қарши норозиликларда иштирок этган талаба ўқишдан ҳайдалиши керак” деб талабаларни қўрқитишга уринди.
Қотил Исроилнинг қўли қонга булғанган бош вазири Нетаньяҳу қатлиомни тўхтатишни истаган талабаларнинг намойишларидан қўрқиб, “Буни дарҳол тўхтатинг” деб дод-вой кўтарди.
Баъзи нашрлар эса бу ҳақдаги мақолаларида куракда турмайдиган жумлалардан фойдаланди. Булардан бири бўлган “New York Post” газетаси Исроилнинг ҳужумларига қарши бўлган талабаларни “террор тарафдори” деб атади.