loader
Foto

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётлари, ижодлари ва уламолар наздидаги мартабалари

Ҳанафий мазҳаби асосчиси, илм-у тақвода уммат пешвоси, ислом дунёсида Имоми Аъзам номи ила машҳур бўлган Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ал-Куфий раҳматуллоҳи алайҳ 80/699-йил Куфа шаҳрида (ҳозирги Ироқ давлати ҳудудида жойлашган) таваллуд топиб, 150/767-йил вафот этганлар ("Тарихи Бағдод” китоби). Олимнинг ўша вақтлар илм-у маърифат гуллаб яшнаган ушбу шаҳарларда дунёга келиши ҳам унинг Имоми Аъзам бўлиб етишишига катта таъсир ўтказди. Абу Ҳанифа обрўли, бой, солиҳ парҳезкор оилада ўсди. У ота-онасининг ёлғиз фарзанди эди. Отаси газламачи бўлиб, Куфадаги дўконида кийим сотарди. Абу Ҳанифа ҳам ота касбини давом эттирди. У зот Қуръони Каримни ёшл игида ёд ол ган солиҳ ва зиёли зот эди. Абу Ҳанифа ўша даврнинг алломаси Шаъбийга йўлиққунга қадар дўконда отаси билан бирга савдо қилди. Шаъбий билан кўришиш имом Абу Ҳанифанинг ҳаётида жуда катта яхшилик дебочаси бўлди.

Воқеани Абу Ҳанифанинг ўзи ҳикоя қилиб шундай дейди: “Бир куни Шаъбийнинг олдидан ўтиб қолдим. Шунда у менга: “Кимлар билан юрасан?" деди. Мен: “Бозорда ишлайман" дедим. У: “Бозорни айтмаяпман, балки, уламоларнинг суҳбатини назарда тутаяпман" деди. Мен: “Уларнинг ҳалқаларига кам аралашаман", деб жавоб берганимда: “Ундоқ қилма! Илмга назар сол! Уламолар мажлисига бор! Мен сенда сергаклик ва ҳаракатни кўряпман", деди. Шаъбийнинг айтганлари менга таъсир қилди. Шундан сўнг бозорга боришни тарк килиб, илм олишни бошладим. Унинг сўзи ила Аллоҳ таоло мени манфаатлантирди" ("Ал-аиммату-л-арбаъа” китоби).

Шу тариқа, буюк имом дастлаб калом илми таҳсили билан машғул бўлиб, уни яхши ўзлаштирди, ҳатто, бармоқ билан кўрсатиладиган даражага етдилар. Ҳижрий 102-йилдан яъни йигирма икки ёшидан эътиборини тўлалигича фиқҳни ўрганишга қаратди. Ўша кезлар Куфа фақиҳи саналган Ҳаммод ибн Абу Сулаймонга шогирд тушди. Унинг дарс ҳалқасини то устози вафот этгунга қадар тарк этмади. Шунингдек, Абу Ҳанифа замонасининг жуда кўплаб уламоларидан илм олган бўлиб, уларнинг адади тўрт минг бўлган, дейилади. Устозларидан энг машҳурлари: Ҳаммод ибн Абу Сулаймон, Ато ибн Абу Рабоҳ, Нофеъ ва Икрима раҳматуллоҳи алай-ҳимлар.

Ҳижрий 120-йилда Ҳаммод ибн Абу Сулаймон вафот этгач, унинг дарс ҳалқасини Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ олиб бордилар. Бу вақтда имомнинг ёши қирқда эди. Ақл-у заковати шу қадар юқори, чуқур илм соҳиби бўлишига қарамасдан Имом Абу Ҳанифа ўз устозини то вафот этгунига қадар лозим тутди. Ўзи алоҳида дарс ҳалқаси ташкил қилмади, фатво беришни бошлаб юбормади. Бизнинг ҳозирги алғов-далғов замонамиз-да, ҳар бир соҳа вакили, хусусан, толиби илмлар буюк имомнинг мана шу хислати ила сифатланишга жуда муҳтождир.

Устозлари:

Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳ бир қанча саҳобалар билан учрашгани ривоят қилинган. Шунинг учун ҳам ул зотларни устозлар қаторида келтириш ўринли ҳисобла-нади.

Ибн Ҳажар Маккий "Фатҳул илоҳ шарҳил Мишкот" асарида қуйидагиларни айтади:

"Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳ саккизта саҳобани кўрган. Улар жумласидан Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу (ваф. 86ҳ], Саҳл ибн Саъийд розияллоҳу анҳу (ваф. 91ҳ), Абу Туфайл Омир ибн Восила розияллоҳу анҳу (ваф. ИОҳ)"

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу (ваф. 93ҳ.) билан кўришиб, ундан "Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарздир", ҳадисини ривоят қилган.

Олим қуйидаги тобеъинлардан таҳсил олган:

1. Шаъбий. Асарга кўп этибор берган зот эди.

2. Икрима розияллоҳу анҳу у киши ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг шогирди эди.

3. Нофеъ розияллоҳу анҳу У киши Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг шогирди эди.

4. Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу Ибн Аббоснинг илми ўша кишида эди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ у киши билан Маккада учрашган ва илм олиб, муноқашалар қилган.

Кейинчалик Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳга ружуъ кўйдилар. Ўша вақтнинг катта машойихларидан дарс олдилар. Бу хақда ўзлари қуйидагиларни айтадилар:

"Мен илм ва фиқҳнинг конида эдим. Унинг аҳли ила мажлис қурдим. Уларнинг фуқаҳоларидан бир фақиҳни лозим тутдим".

5. Ўша фақиҳ, аввал айтиб ўтилганидек Ҳаммод ибн Абу Сулаймон эди. Имом Аъзам у кишидан фиқҳни тўла эгалладилар. Устозлари вафот этгунча бирга бўлдилар. Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўн саккиз йил давомида Ҳаммод ибн Абу Сулаймондан фиқҳ илмини ўргандилар.

6. Зайд ибн Али ибн Ҳусайн Зайнулобидийн розияллоҳу анҳу (112 -ҳ.й.да вафот этган). У киши қироатлар ва улумул Қуръон илмлари, фиқҳ ва ақоид илмларида кўзга кўринган аллома эди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳу кишидан икки йил дарс олганлар.

7. Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳу Бу зот Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан тенгдош бўлганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: "Аллоҳга қасамки, Жаъ-фар ибн Муҳаммад Содиқдек фақиҳни кўрмаганман", деганлар.

8. Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳасан Нафсуззакия розияллоҳу анҳу. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бу зотга шогирд тушганларини Маккий, Ибн Баззозий ва бошқалар таъкидлаганлар. Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳасан Нафсуззакия розияллоҳу анҳу ҳадис ва бошқа илмларда пешқадам эдилар.

9. Муҳаммад Боқир ибн Зайнулобидийн (114 ҳ. йил-да вафот этган). Бу зот чуқур илмга эга бўлганлари учун Боқир лақабини олганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ у зот билан Мадинаи Мунавварада учрашганлар. Устозлари Ҳаммод ибн Абу Сулаймон вафот этганида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қирқ ёшда эдилар. Устознингҳалқадаги ўрнини эгалладилар. У кишининг дарслари, илмий баҳслари бора-бора фиқҳий мазҳабга айланди.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг юқорида исми келганлардан ташқари минглаб устозлари бўлган. Айрим уламолар у кишини тўрт мингдан зиёд устоздан дарс олганини зикр қилишган.

Имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари:

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари жуда ҳам кўп бўлганидан уларни номма-ном зикр қилиб ўтишнинг ўзи мушкул иш. Шунинг учун Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг энг машҳур шогирдларидан баъзиларини эсга оламиз, холос.

1. Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб ал-Ансорий бўлиб Абу Юсуф куняси билан машҳурдирлар. У киши Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан кейин ўттиз икки йил ўтиб 182/798-йили вафот этганлар.

2. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳ. У киши 132 ҳижрий санада туғилиб, 189 ҳижрий санада вафот этганлар. У кишига Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан узоқ вақт дарс олиш насиб қилмаган. Аммо у киши таҳсили илмни Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурларида давом эттирган. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳ ҳанафий фиқҳнинг ҳофизидир. У киши биринчи бўлиб муайян фиқҳ-ни йиғиб китоб шаклига келтирган олимдир. Мазкур улкан ишда Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳга иккинчи устозлари Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ катта ёрдам берганлар.

3. Абул Ҳузайл Зуфар ибн Хузайл ибн Қайс Куфий раҳматуллоҳи алайҳ (204 ҳ. йилда вафот этган). Бу зот Исфаҳонда туғилиб, Басрада вафот этган. Аввал муҳаддислардан бўлиб, кейин фиқҳга ўтган. Қиёсда жуда ҳам моҳир бўлиб бу борада Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари ичида энг пешқадами бўлганлар.

4. Ҳасан ибн Зиёд Луълуъий (204 ҳ. йилда вафот этган). Аввал Абу Ҳанифага ва у кишидан кейин Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимоларга шогирд бўлган. Ҳадислар ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қавлларини ривоят қилиш билан машҳур бўлган.

Асарлари:

Буюк имом даврида китоб ёзиш, рисолалар битиш ҳали кенг тус олмаган эди. Шундай бўлсада, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бир қанча асарлар таълиф қилган:

"ал-Фиқҳул акбар”.

"ал-Фиқҳул Авсат”.

"Олим вал мутааллим”.

"Абу Ҳанифанинг Усмон Баттийга рисоласи".

"Васият".

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳақларида уламолар сўзлари

Зар қадрини заргар билади деганларидек, у кишининг қадрларини уламолар ҳам, имомлар ҳам билади-лар.

Имом Аъзам ҳақида бошқа мазҳаб соҳиби Имом Шофеий: «Одамлар фиқҳда Абу Ҳанифанинг боқи-мандаларидир», деганлар. Бошқа бир мазҳаб соҳиблари Имом Моликдан одамлар: "Абу Ҳанифани кўрганмисиз?" деб сўрашганда, "Ҳа, агар ушбу устунни тилло демоқчи бўлса, ҳужжат топа оладиган одамлигини кўрдим”, деб жавоб берган эканлар. Машҳур Имом Абдуллоҳ ибн Муборак: "Фиқҳда энг кучли одам Абу Ҳанифадир. Унга ўхшашини кўрмадим", деганлар. Улкан илм соҳиби бўлмиш Имом Абу Ҳанифа ўз мазҳабларини бино қилишда Қуръони Карим, суннати набавия, ижмо, қиёс ва саҳобаларнинг қавлларига суянадилар. Ҳукмларни чиқаришда қиёс ва истеҳсонга бошқалардан кўра кўпроқ мурожаат қилдилар. Уламолар бу ҳақда у кишининг ўз сўзларини иқтибос қилиб келтирадилар "Мен аввало ҳукмни Аллоҳнинг китобидан оламан, ундан топмасам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан оламан. Агар ҳам Аллоҳнинг китобида, ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида топа олмасам, саҳобаларнинг гапидан бошқаникини олмайман. Гап Иброҳим, Шаъбий, Ибн Сирийн ва Ибн Мусаййибларга етганда, ўзим уларга ўхшаб ижтиҳод қиламан", деганлар.

Ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ баъзи зоҳидларнинг сўзларини келтириб бундай дейди: "Ҳамма мусулмонларга намоздан кейин Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳақларига дуои хайр қилишлари вожиб-дир! Кимки залолат ва жаҳолат қаъридан чиқишни хоҳласа, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ китобларини ўқисин!" ("Хайрот ал-ҳисон" китоби).

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ: "Абу Ҳанифа илм, тақво, зуҳд ва охиратни барча нарсадан устун қўйиш борасида ҳеч ким ета олмайдиган мартабада эди", деган. ("Абу Ҳанифа Нўъмон" китоби)

Мисъар ибн Кидом раҳимаҳуллоҳ: "Кимки Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни Жаноби Рабб ал-оламин жалла шаънуҳуга васила қиладиган бўлса, умид қиламанки, унга бирорта хавф етишмайди!” деган ("Хайрот ал-ҳисон" китоби).

Язид ибн Ҳорун айтади: "Минг кишини кўрдим ва уларнинг кўпчилигидан ҳадис ёздим. Лекин уларнинг ичида бешта олимдан кўра фақиҳроқ, тақводорроқ ва билимдонроқ кишини кўрмадим. Уларнинг биринчиси Абу Ҳанифадир”. "Жарҳ ва таъдил"нинг имоми Яҳё ибн Саъид Қаттон: "Аллоҳга қасамки, Абу Ҳанифа Аллоҳ таоло ва Унинг Расулидан келган нарсани билишда бу умматнинг энг билимдонидир", деди. Имом Заҳабий "Тазкиратул ҳуффоз” китобида бундай деган: "Аллоҳга қасамки, саҳобалар, тобеинлар, Авзоъий, Саврий, Молик ва Абу Ҳанифанинг шуғулланган илмлари Қуръон ва ҳадис эди. Мантиқ, жадал ва аввалгиларнинг ҳикмати каби илмлар улар учун бегона эди".

Аллоҳ таоло буюк имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни Ўз раҳматига олсин!

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,

Фатво маркази директорининг

"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан