loader
Foto

Ал-Мунтасир Биллоҳ Муҳаммад Абу Жаъфар

Мунтасир биллоҳ - Муҳаммад Абу Жаъфар ёки Абу Абдуллоҳ ибн Мутаваккил ибн Мўътасим ибн Рашид, онаси румлик жория, исми Ҳабашия.

Чиройли юзли, буғдойранг, кўзлари катта-катта, қирғий бурун, михта бўйли, гавдали, қориндор, ҳайбатли, жуда ақлли, савобсевар, зулми оз инсон эди. Шунингдек, алавийларга (бу ерда - ализодалар) эҳсон қилар, уларнинг ҳолидан хабар олиб турар эди. Абу Толиб авлодига Имом Ҳусайн қабрини бемалол қўрқмасдан зиёрат қилишга рухсат берди. Ҳусайн авлодига Фадакни (ернинг номи) қайтариб берди.

Язид Муҳаллабий бу ҳакда айтади: “Узоқ замонлар хўрликдан сўнг Абу Толиб авлоди яна окданди. Ҳошимийлар ахдликка қайтарилди, адоватлари тўхтаб, оға-инидек бўлиб қолганлари кўринди”.

247 (861-62)- йили шавволда отаси ўлдирилгандан кейин унга байъат берилди. Укалари Мўтаз ва Муайядни валиахдлиқцан маҳрум этди. Раиятга адолат ва инсоф кўргузди. Шунинг учун, қаттиқ қўрқиши билан бирга халқ уни ҳурмат ҳам қилар эди. Олийжаноб ва мулойим киши эди. Унинг деганларидан: “Ўч олиб эмас, афв этиб лаззатланаман. Қўлингдан келса ҳам ўч олма”.

Тахтга ўтиргач, туркларни сўка бошлади, улар халифаларнинг қотиллари, дер эди. Шундан кейин турклар унга қарши иш олиб бориб, уни бир ёқли қилишга уриндилар. Аммо унинг ҳайбати, шижоати, зийраклиги ва эҳтиёткорлиги олдида ожизлик қилдилар. Шундан кейин ҳийла билан унинг табиби Ибн Тайфурни ўттиз минг динорга сотиб олишга муваффақ бўлдилар, у эса касал ётган Мунтасирга қон олдиришни маслаҳат беради ва заҳарланган пат билан қон олади. Натижада, у ўлади. Ва яна айтишларича, Ибн Тайфур эсида йўқ, ўзи ҳам касал бўлиб қолганида ғуломига ҳалиги пат билан қон олишни буюради. Шунда ўзи ҳам ўлиб қолади. Йўқ, у нок еб заҳарланган, дейишади баъзилар. Ич буруғи билан ўлган деганлар ҳам бор. Ўлими арафасида у шундай дебди: “Эй онажон, дунё ва охиратимдан ажрадим, отамни кетишини тезлатгандим, ўзим ҳам тезлатилдим”.

248 йили 26 да ёки ундан ҳам ёш дунёдан ўтди. Демак, халифалиги олти ойга ҳам етмади. Айтишларича, ўйин-кулгу мажлисини тузмоқчи бўлади ва отасининг хазинасидаги гиламларни олиб чиқиб тўшашни буюради. Шунда уларнинг биридаги доира расмига ва ундаги тож кийган чавандознинг суратига кўзи тушади. Тожининг кунгарасида форсий ёзувлар бор эди. Уни ўқишга одам топтиради. Келган одам ёзувни кўриб, қовоғи солинади. Мунтасир: “Нима экан?”, дейди. “Маъносиз нарсалар экан” дейдиу. Кейин қистайвергач, ёзувниўқийди: “Мен Шеравайҳ ибн Кисро ибн Хурмуз отамни ўлдириб, подшоҳликда олти ойдан ортиқ турмадим”. Мунтасирнинг авзойи ўзгаради ва гиламни ёқиб юборишни буюрди. Гилам эса олтиндан тўқилган эди.

Саолабийнинг “Латоифул маориф”ида дебди: “Халифаларнинг энг аслзодаси Мунтасир бўлиб, унинг беш отасигача бари халифа ўтган, укалари Мўтаз ва Мўътамид ҳам шундай”.

Татарлар (араблар мўғул қабилаларининг барчасини “татар” сўзи билан аташган) ўлдирган Мўътасим, менимча ундан аслзодароқ, чунки унинг саккиз отаси халифа ўтган.

Саолабий дебди: “Ажойиботларданким, кисроларнинг энг аслзодаси Шеравайҳ отасини ўлдиргандан кейин олти ой яшаган. Шунга ўхшаб, халифаларнинг энг аслзодаси бўлган Мунтасир ҳам отасини ўлдиргач, олти ойгина яшаган”.

Жалолиддин Суютийнинг

"Тарих ал-хулафо" китобидан