loader
Foto

Ал-Муттақи Лиллоҳ Абу Исҳоқ

Ал-Муттақи лиллоҳ - Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муқтадир ибн Мўътазид ибн Муваффақ Толҳа ибн Мутаваккил.

Унга укаси Рози ўлгандан кейин байъат берилди. Шунда унинг ёши 34 да эди. Онаси чўри бўлиб, исми Халуб эди. Зуҳра эди, деганлар ҳам бор. У мутлақо ҳеч нарсани ўзгартирмади. Жорияларга хуши йўқ эди. Серрўза, серибодат эди. Ҳеч вақт набиз (хурмо шароби) ичмаган ва: “Менга Қуръон (Мусҳаф)дан ўзга улфат керак эмас”, дер эди. Ўзи унинг ёлғиз номи қолган эди, холос. Ҳокимият эса Бажкамнинг котиби Абу Абдуллоҳ Аҳмад ал-Куфийнинг қўлида эди. Тахтга ўтирган йили Мансур шаҳридаги мовий қубба қулаб тушди. У Бағдоднинг тожи ва Бани Аббоснинг энг мақтовга лойиқ ишларидан бири эди. Уни Мансур қурдирган бўлиб, баландлиги 80 газ, остида 20 га 20 газлик айвони бор эди. Миноранинг учида қўлига найза тутган чавандоз бўлиб, у юзи билан бирорта тарафга юзланса ўша тарафдан бир исёнчининг чиқиши билинар эди. Мана шу қуббанинг боши ёмғирли ва дўлли кечаларнинг бирида қулаб тушди.

Шу йили турк Бажкам қатл этилди. Амирлар амирлигини Куртакин Дайламий эгаллади. Муттақи Бажкамнинг Бағдоддаги мол-мулкларини олди. Улар 1000000 динордан кўп эди. Сўнг шу йили Ибн Роиқ пайдо бўлиб, Бағдодда Куртакин билан жанг қилди ва уни енгди. Куртакин қочди. Шундай қилиб, унинг ўрнига Ибн Роиқ амирлар амири бўлди.

330 (942-41) йили Бағдодда нархлар жуда қимматлашди, бир кур буғдой 316 динорга чиқди ва қаҳатчилик қаттиқлигидан ўлимтиклар ейилди. Бундай қаҳатчиликни Бағдод ҳеч қачон кўрмаган эди. Шу йили Абул Ҳусайн Али ибн Муҳаммад Язидий исён қилди. У билан жанг қилишга халифа ва Ибн Роиқ ўзлари чиқдилар. Аммо улар енгилиб, Мавсилга қочдилар. Бағдод ва халифалик саройи таланди. Халифа Тикритга етганда у ерда Сайфуддавла Абулҳасан Али ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамдон ва унинг укаси Ҳасанни топди ва Ибн Роиққа суиқасд қилиб, ўрнига Ҳасан ибн Ҳамдонни қўйди. Унга “Носируддавла” лақабини берди, акаси (Абдуллоҳ)га, сарпо кийдириб, “Сайфуддавла” деб лақаб қўйди. Кейин халифа улар билан бирга Бағдодга қайтиб келди. Язидий бўлса Воситга қочди. Зулқаъда ойида Бағдодга Язидий қайтиб келар экан деган хабар келди. Одамлар ваҳимага тушдилар. Бағдоднинг катталари қочиб қолдилар. Халифа Носируддавлага қўшилиб олиш учун отланди. Сайфуддавла Язидийга қарши жангга чикди. Икки ўртада Мадоин яқинида даҳшатли жанг бўлди. Язидий енгилди ва алам билан Воситга қайтди. Сайфуддавла Воситга қараб юрди. Язидий Басрага қочди.

331 йили румликлар Арзун, Майёфориқин ва Насибингача етиб келдилар. Ва жамики асирларни озод қилиш эвазига ўзларининг даъволарича Масиҳ юзини артганда унда суврати қолган Раҳо канизасидаги рўмолчани берилишини талаб қилдилар. Рўмолча бериб юборилгач, асирларни қўйиб юбордилар.

Ўша йили амирлар Сайфуддавлага қарши ғалаён қилдилар. У барид (чопар) орқали Бағдодга қочди. Сўнг укаси Носируддавла акаси қочиб кетгани учун яширинча Мавсилга қараб юрди. Воситдан эса Бағдодга қараб Турун йўлга чиқди. Сайфуддавла ундан қочиб Мавсилга кетган эди. Рамазонда Турун Бағдодга киради. Муттақи унга сарпо кийгизади ва унга амирлар амири унвонини беради. Кейинчалик Муттақи ва Турун орасига совуқчилик тушади. Натижада Турун Абу Жаъфар ибн Шерзодни Бағдодга ҳокимлик қилиш ва амру наҳий ишларини юргазиш учун жўнатади. Муттақи эса Ибн Ҳамдонни ёрдамга чақириб хат ёзишади. Шундан кейин у катта кўшинни бошлаб келади. Ибн Шерзод яшириниб олади. Муттақиўз аҳли билан (оиласи) Тикритга келади. Носируддавла аъробийлар ва курдлардан иборат катта қўшин билан Турунга қарши жангга чиқади. Акбарада икки тараф учрашади. Ибн Ҳамдон ва Муттақи енгилиб Мавсилга қочадилар. Кейин яна бир марта тўқнашишади. (Бу гал) Ибн Ҳамдон ва халифа Насибинга қочадилар. Шундан сўнг халифа Миср соҳиби (ҳукмдори) Ихшидни ёрдамга чақиради. Кейинроқ халифа Бани Ҳамдонда малоллик ва чарчоқ пайдо бўлганини сезади. Шунда Халифа сулҳ ҳақида Турун билан хатлар ёзишади. У сулҳга рози бўлади ва қаттиқ қасам ичади. Ихшид етиб келганда Муттақи Раққада бўлади. Халифа билан Турун сулҳ тузганликларидан хабар топгач, шундай дейди. Эй амиралмўминин, мен сени қулингман ва қулингнинг ўғлиман. Ахир турклар, уларнинг белафзлиги ва маккорлиги сенга маълум-ку, ҳаётингга эҳтиёт бўл, мен билан Мисрга кет, у ер сеники ва сен учун бехавотир. Унинг таклифини қабул қилмайди. Ихшид ўз юртига қайтади. Муттақи эса Раққадан Бағдодга 333 йили муҳаррамнинг тўртида йўлга чиқади. Уни кутиб олишга Туруннинг ўзи чиқади. Улар Анбор ва Ҳайт ўртасида учрашадилар. Турун отдан тушиб пиёда юриб келиб ерни ўпади. Муттақи унга отга минишни буюрса ҳам у кўнмади ва халифа учун тикилган чодиргача олдига тушиб юриб борди. Чодирга киргач уни, Ибн Муқлани ва йўлдошларини қўлга олади. Сўнг халифанинг кўзларига мил тортиб Бағдодга шундай ҳолда олиб киради. Муҳр, бурда (чопон) ва таёқ (асо)ни олиб бўлган эди. Турун Абдуллоҳ ибн Муктафини олиб келиб, унга халифалик байъатини беради ва “ал-Мустакфи биллоҳ” деб лақаб кўяди. Кўзлари милланган Муттақи ҳам унга байъат беради ва бу билан ўзининг истеъфосини тан олади. Шунда муҳаррамдан ўн кун қолган эди. Баъзилар сафар ойидан ўн кун қолган эди дейдилар, унга мил тортилганда Қоҳир дебдики:

мен ва Иброҳим кўзлари кўр чоллардан бўлдик бу икки чолга энди етакчи керак токи Турун ҳукмрон экан чўғдонда мил ҳозир турур.

Бир йил ўтмай Турун ўлади. Муттақини эса Санадия яқинидаги бир оролга обориб қамайдилар. У қамоқда 25 йил яшаб 357 (968-67) йили қазо қилади.

Муттақининг даврида (Ибн) Ҳамдий ўғрига Бағдодни босиб олган Ибн Шерзод ойига 25000 динор эвазига Бағдодда ўғирлик қилиш кафолатини берган эди. Шунинг учун у тунда машъала ва шам ёқиб одамларнинг уйларига бостириб кириб бойликларини талаб кетаверар эди. Бағдод миршаблигига (кейин) тайинланган Ускурж Дайламий уни тутди ва танасини иккига бўлиб ўлдирди. Шунда 332 йил эди.

Муттақий даврида вафот этган машҳур одамлар: Жунайд (сўфи)нинг шогирдларидан Абу Яъқуб Наҳрижуври, қози Абу Абдуллоҳ ал-Муҳомилий, сўфи Абу Бакр Фарғоний, муҳаддис Абулаббос ибн Уқда, наҳвчи Ибн Валлод ва бошқалар. Қоҳир Муттақининг кўр қилинганини эшитиб шундай дебди: “Иккита бўлибмиз, учта бўлишимиз керак эди”. Шундай ҳам бўлди. Мустакфи ҳам кўр қилинади.