loader
Foto

Ал-Қодир Биллоҳ Абулаббос

Қодир биллоҳ - Абулаббос Аҳмад ибн Исҳоқ ибн ал-Муқтадир. У 330 йили туғилган, онаси чўри, исми Таманно. Ди(у)мна эди, деганлар ҳам бор.

Тоэнинг истеъфосидан сўнг унга байъат берилди. Ўзи йўқ эди. Рамазоннинг ўнинчи кунида етиб келди. Эртасига табрикларни қабул қилди. Шоирлар унинг қаршисида шеърлар айтдилар.

Хатиб деди: “Қодир биллоҳ камтарин, диёнатли, тадбирли, тунлари ибодатли, кўп савобли ишлар ва садақалар қиладиган, (динда) тутган йўли тўғри эканлиги ҳар кимга маълум, мазҳаби, эътиқоди соғлом киши бўлган. У аллома Абу Башр Ҳиравий шофеъийдан фиқҳни ўрганди. У ўзи асҳоби ҳадис йўсинида саҳобаларнинг фазилатлари, хусусан, Умар ибн Абдулазизнинг фазилатлари ва мўътазила ҳамда Қуръонни яратилган деювчиларнинг кофир бўлиши ҳақида “Усул”га (асослар) тааллуқли бир китоб ҳам ёзган. Шу китоб Махди жомесида халқнинг олдида асҳоби ҳадис ҳалқасида ҳар жума ўқилар эди. Ибн Салоҳ “Табақот аш-шофеъия”да Қодирнинг таржимаи ҳолини келтириб ўтган”.

Заҳабий деди: “У тахтга ўтирган йилнинг аввалида жуда катта мажлис қилиниб, унда Қодир биллоҳ ва Баҳоуддавла ҳар бири бир-бирларига садоқатли бўлишга қасам ичдилар. Қодир биллоҳ ўз дарвозасидан нариги ёкдаги даъват етказиладиган жойларни унга топширади.

Ўша йили Макка ҳокими Абулфутуҳ Ҳасан ибн Жаъфар Алавий ўзи учун (байъатга) даъват қилиб чиқди. У ўзига Рошид биллоҳ деб лақаб қўйиб олди. Унга халифалик (байъати) топширилди. Миср ҳукмдори бундан қаттиқ ташвишга тушди. Кейинроқ Абулфутуҳнинг ҳокимияти бўшашиб кетди ва у яна Азиз Убайдийнинг итоатига қайтди.

382 (992-93) йили вазир Абу Наср Собур ибн Аздашир Кархда бир уй сотиб олиб унга “Дорул илм” деб ном қўйди ва уни олимларга вақф қилди. У ерга кўп китобларни ҳам вақф қилди.

384 йили Ироқ ҳожилари ярим йўлдан орқага қайтдилар. Уларга Усайфир Аъробий йўл бермади. Бож талаб қилди. Шундан кейин улар қайтдилар, ҳаж қилмадилар. Шом ва Яман аҳолиси ҳам ҳаж қилмадилар. Фақат Миср аҳли ҳаж қилди.

387 йили султон Фахруддавла қазо қилди. Унинг Рай ва атрофи султонлиги тахтига ўғли Рустам ўтқазилди. Рустамнинг ёши 4 да эди. Қодир уни Маждуддавла деб лақаблади”.

Заҳабий ёзади: “Бирин-кетин тўққизта подшоҳнинг икки йилда: 387-388 (997-998) йилларда ҳалок бўлишлари жуда ғайриодатий иш бўлди. Уларнинг орасида: Мовароуннаҳр подшоҳи Мансур ибн Нуҳ, Рай ва Жибол подшоҳи - Фахруддавла, Миср хукмдори Азиз Убайдийлар бор”.

Миср хукмдори Азиз 386 йили вафот этганини Заҳабий айтиб ўтган. У Ҳимс, Ҳамо ва Ҳалабни фатҳ этиб ота-боболаридан ўтиб кетди. Мавсил ва Яманда хутба унинг номига ўқилди. Танга ва туғларга унинг номи битилди. Ундан кейин тахтга ўғли Мансур ўтирди. Унга “ал Ҳоким би-амриллоҳ” лақаби берилди.

390-(999-1000) йили Сежистондан олтин кони топилади. Тупрокдан қизил олтин ажратиб олина бошланди.

393    йили Мағрибийни Дамашқ ноиби (ҳокими) Асвад Ҳокимий эшакка миндириб сазойи қилишга буюрди. Уни кўрсатиб: Абу Бакр ва Умарни яхши кўрганнинг жазоси шу, деб жар солдилар. Аллоҳ раҳмат этсин уни, кейин калласини олдилар. Қотили ва унинг устози Ҳокимга Аллоҳ раҳм қилмасин!

394    йили Баҳоуддавла шариф Або Аҳмад ал-Ҳусайн ибн Мусо ал-Мусавийга бош қозилик, ҳаж, шикоятлар ҳамда Толибийлар (Абу Толиб авлоди) иттифоқини бошқариш кабиларни юклади. Шероздан бу ҳакда фармон йўллади. Бироқ Қодир изн бермагани учун қозиликка у қўйилмади.

395    йили Мисрда ал-Ҳоким бир жамоа аъёнларни қатл этди. Масжид ва кўчаларга саҳобаларни ҳақоратлаб ёзишни буюрди. Жойлардаги ҳокимларига ҳам шундай фармон берди. Ўша йили итларни ўлдирмоққа, (арпа сувидан қилинади - қуффў) ва мулуҳийяни (ўсимлик)ни йўқ қилишга фармон берди. Пўсти йўқ балиқни ман этди. Ман этилгандан кейин сотганлардан бир нечаларини қатл этди.

396    йили Миср ва икки Ҳарамдаги одамларга бозорларда ва одамлар тўпланадиган ерларда Ҳокимнинг номи айтилса ўрнидан туриш ва сажда қилиш ҳақида фармон чиқарди.

398    (1008-07) йили Бағдодда шийъа ва аҳли сунна ўртасида фитна чиқади. Унда шайх Абу Ҳомид Исфарояний ўлдирилишига оз қолади. Рофизийлар Бағдодда: “Эй енгилмас Ҳоким!” (Миср-даги фотимий ҳукмдор) деб қичқирадилар. Қодир бундан дарғазаб бўлиб ўзининг отлиқ қоровулларини аҳли суннага ёрдамга юборди ва рофизийлар чекиндилар. Шу йили Ҳоким Қуддусдаги Қумома синагогасини бузиб юборди. Мисрдаги барча черковларни бузишга фармон берди. Насороларга узунлиги бир тирсак, вазни беш миср ритли келадиган хочларни осиб юришга фармон берди. Яхудларга хочнинг оғирлигидек хода осиб юришга ва қора салла кийиб юришга амр қилди. Шунда улардан бир гурухи исломга кирди. Кейинчалик синагога ва черковларни қайтаришга, исломга кирганларини мажбуран киргани учун яна ўз динига қайтишга рухсат берди.

399    йили Басра қозиси Абу Амр ишдан четлатилди, ўрнига Абулҳасан ибн Абушшавориб бўлди.



Шу йили Андалусдаги Бани Умайя ҳокимияти заифлашиб, низомлари ишдан чиқди.

400 йили Дажла дарёсининг суви шу қадар камайиб (қайтиб) кетадики, пайдо бўлган ороллар бир қанча вақт ижарага қўйилган. Бунақаси илгари ҳеч бўлмаган. 402 йили Ҳоким янги хурмо ва узум сотишни ман этди. Кўп токзорларни йўқ қилди. 404 (1013-14) йили аёлларга кечаси-ю кундузи кўчаларга чиқишни тақиқлади ва бу ҳолат у ўлгунча давом этди. 411 йили Аллоҳ лаънатлагур Ҳоким Мисрдаги Ҳулвон қишлоғида ўлдирилди. Ўғли Али унинг ўрнига ўтирди. “аз-Зоҳир лиэъзози диниллоҳ” деб лақаб қўйилди унга. Унинг даврида Убайдийлар давлати ўз кучини йўқотди. Ҳалаб ва Шомнинг кўп қисми уларнинг қўлидан кетди.

422 (1031) йили 87 ёшида 11-зулҳижжа душанба кечаси Қодир биллоҳ вафот этди. Унинг халифалик муддати қирқ бир йилу уч ой бўлди.

Унинг даврида ўлган машҳур одамлар: адиб Абу Аҳмад Аскарий, наҳвчи Руммоний, шофеъийлик шайхи Абул Ҳасан Мосаржий, Абу Убайдуллоҳ Марзабоний, соҳиб Ибн Аббод -Муаййидуддавланинг вазири, вазирлардан биринчи бўлиб “соҳиб” номини олган у бўлади, Доруқутний - машҳур ҳофиз (кўпинича ҳадис олимини ҳофиз дейиляпти), Ибн Шоҳин, шофеъийлик имоми Абу Бакр ал-Авданий, Юсуф ибн Сайрофий, Ибн Завлоқ Мисрий, моликийлик шайхи Ибн Аби Зайд моликий, “Қувтул қулуб” соҳиби Абу Толиб Маккий, Ибн Батта ал-ҳанбалий, воиз Ибн Самъун, ал-Хатобий, тилшунос ал-Ҳотамий, Адфавий Абу Бакр, шофеъийлик шайхи Зоҳир Сарахсий, қори Ибн Ғалбун, саҳиҳлар ривоятчиси Кашмиҳаний, Муофий ибн Закариё Наҳравоний, Ибн Ҳувайз Миндод, Ибн Жано, “Сиҳоҳ” соҳиби Жавҳарий, “Мужмал” соҳиби Ибн Форис, ҳофиз Ибн Мунда, шофеъийлик шайхи Исмоилий, моликийлик шайхи Асбиғ ибн Фараж, илк бор ‘мақомат”лар ишлаган - Бадиуззамон, Ибн Лол, Ибн Абу Заманин, тавхдад олими Абу Ҳайён, шоир Ваъво, “ал-Ғарибин” соҳиби ал-Ҳиравий, шоир Абулфатҳ Бустий, шофеъийлик шайхи Ҳалиймий, Ибн Фориз, Абул Ҳасан Қобусий, қози Абу Бакр Баққалоний, Абуттойиб Саълукий, Ибн Акфоний, “Хутбалар” соҳиби Ибн Набота, шофеъийлик шайхи Саймарий, “Мустадрак” соҳиби Ҳоким, Ибн Кажж, шайх Абу Ҳомид Исфараяний, Ибн Фаврак, Шариф Разий, “ал-Алқоб” (лақаблар) соҳиби Абу Бакр Рози, ҳофиз Абдулғани ибн Саид, Ибн Мардавайҳ, муфассир Ҳибатуллоҳ ибн Салома аз-зарир, сўфийлик шайхи Абу Абдурраҳмон Саламий, “ал-Хат” соҳиби Ибн ал-Баввоб, мўтазилий Абдулжаббор, шофеъийлик имоми ал-Муҳомилий, шофеийлик шайхи Абу Бакр Қаффол, устоз Абу Исҳоқ Исфараяний, Лолкоий, Андалус олими Ибн Фаххор, наҳвчи Али ибн Ийсо Рибъий ва бошқалар.

Заҳабий деди: “Бу асрнинг ашъарийлари пешвоси Абу Исҳоқ Исфараяний, мўътазилалик пешвоси қози Абдулжаббор, рофизийлик пешвоси шайх Муқтадир, карромийлик пешвоси Муҳаммад ибн Ҳайсам, қорилар пешвоси Абулҳасан Ҳамомий, муҳаддислари пешвоси ҳофиз Абдулғани ибн Саид, сўфийлик пешвоси Абу Абдурраҳмон Саламий, шоирлари пешвоси Абу Умар ибн Даррож, мужаввидлар (Қуръонни чиройли ўқувчилар) пешвоси Ибн ал-Баввоб, подшоҳлар пешвоси (каттаси) Маҳмуд Сабуктакин бўлдилар”.

Мен дедим: буларга зиндиқларнинг раиси Ҳоким би-амриллоҳ, тилшунослар пешвоси Жавҳарий, наҳвчилар пешвоси Ибн Жано, балоғатчилар пешвоси Бадеъ, хутбачилар пешвоси Ибн Набота, муфассирлар пешвоси Абулқосим Ибн Ҳабиб Нишопурий, халифалар пешвоси Қодир биллоҳ, чунки уларнинг билимдони эди, фиқҳни ўрганди ва китоб ёзди. Шайх Тақиюддин ибн Салоҳ тарафидан Қодирни шофеъийлик фақиҳларидан ҳисобланиб, уни ўша фақиҳларнинг табақотларига (сафида) киритгани етарли бўлса керак. Халифалик муддати ҳам энг узуни у бўлди”.

Жалолиддин Суютийнинг

"Тарих ал-хулафо" китобидан