loader
Foto

Ал-Мустазҳир Биллоҳ Абул Аббос

Мустазҳир биллоҳ - Абул Аббос Аҳмад ибн Муқтади биллоҳ. 470 йили шаввол ойида туғилган. Унга отасининг ўлими олдидан байъат берилди, шунда ёши ўн олтидан озроқ ўтган эди.

Ибн Асир деди: у мўмин-қобил, кенг феълли, савобли ишларга тезкор, ҳуснихат, яхши муҳр (ёки имзо) қўя оладиган, бу ишда унга ҳеч ким тенг келолмасди, жуда қобилиятли, илмли, бағри кенг, сахий, уламо ва фузалоларга мухлис одам бўлган. Унинг халифалиги осуда ўтгани йўқ, уруш- жанжаллар кўп бўлди.

Ўша йили Миср ҳукмдори Мустансир Убайдий ўлди ва ўғли Мустаъли Аҳмад тахтга ўтирди.

Румлар ўша йили Балансияни (Валенсия) олдилар.

488    йили Самарқанд ҳукмдори Аҳмадхон қатл этилди, чунки ундан зиндиқлик зоҳир бўлди. Шунда амирлар уни тутиб фақиҳларни олиб келдилар. Улар уни қатл этмоққа фатво бердилар. Аллоҳ раҳм қилмасин унга, амакиваччасини подшоҳ қилдилар.

489    йили Зуҳалдан ташқари етти сайёра ҳут буржига жамландилар. Шунда мунажжимлар Нуҳ тўфонидек тўфон бўлади, деб ҳукм қилдилар. Шунда Дорул Маноқибда турган ҳожилар устига сел келиб кўпларини ғарқ қилди.

490    (1097-96) йили Хуросон хукмдори Султон Арслон Арғун ибн Алп Арслон Салжуқий қатл қилинди ва Хуросонни Султон Бўркёруқ қўлга олди. Элу юрт унга итоатда бўлдилар. Шу йили Антокия (Туркияда), Ҳалаб, Маарра ва Шайзарда (Суриядаги ерлар) бир ой хутба Убайдий номига ўқилди. Сўнг яна Аббосийга ўтди. Фаранглар Ниқияни (ҳозирги Изник, Туркияда) шу йили келиб олдилар. Бу улар олган биринчи шаҳар бўлиб, Кафартоб (Сурияда)гача етиб келдилар ва ўша атрофларни оёқости қилдилар. Бу фарангларнинг Шомда биринчи пайдо бўлишлари.

Улар Қастантиния денгизи орқали келдилар. Улар жуда кўп эдилар. Подшоҳлар ва раият кўп ташвишга қолдилар. Аҳвол жуда оғирлашди. Айтишларича, Миср ҳукмдори салжуқийларнинг қудратини ваулар Шомни босиб олганларини кўргач, фарангларга хат ёзиб, уларни Шомни эгаллашга даъват қилган. Фарангларга қарши жойларда сафарбарликлар кўпайди.

492 йили Исфаҳонда “ботиния” даъвати (оқими) тарқалди.

Шу йили фаранглар бир ярим ой қамалдан сўнг Байтул Мақдисни олдилар. У ерда етмиш минг одамни қатл қилдилар. Уларнинг орасида бир жамоа уламолар, обидлар, зоҳидлар ҳам бор эди. Муқаддас қадамжоларни буздилар. Яҳудларни черковга тўплаб устиларидан ўт қўйиб юбордилар. Бағдодга келган қочоқлар кишини йиғлатадиган сўзларни айтиб бердилар. Султонларда бирлик йўқ эди. Шунинг учун фаранглфэ Шомни босиб ола билдилар.

Бу ҳакда Абивардий деди:

Тўкилган қонларга кўз ёшларни ҳатиштирдик, марҳумлар учун жой қолмади бизда. Кишининг уруш ўз оловин ёқҳандаги энг ёмон куроли кўзларидан куйилиб оққан ёшларидур.

Эй ислом фарзандлари, ахир сизнинг ортингизда миноралар туя туёқлари остида қолган, жанглар бўлаяпти ва ўтлоқдаги гуллар каби тинчлик соясида хотиржам роҳатланиб ухлаш мумкинми? Қандай қилиб қотиб ухлаш мумкин? Ҳар қандай уйкудаги одамни уйғотувчи осмондаги чанг-у тўзон остида шомдаги биродарларингизнинг боғу роғлари даҳшатли жанг майдонларининг марказига айланиб қолди. Румликлар уларни хор ҳилиб турган бир вақтда сизлар эса бемалол муросасозлик қилиб юрибсиз...

Бас, қанчалар кўп тўкилди ўз ҳуснини ҳаё ҳилиб кўллари билан ёпган қанча қизалоқлар оёқ-ости қилинди.

Бундан, оппок, қиличларнинг тиғлари лола рангга бўялди қорамтир тепаликлар қон окувчи найзаларга айланди мушку анбарга бурканган зот уларга баланд товуш билан бақириб юборай дейди: эй Бани Ҳошим, дин оёқ-ости бўлишига қарамай умматим душманга найза отмаётганларини кўряпман ҳалок бўлишдан кўрҳиб оловдан қочяптилар шармандалик бўлишини ўйламаяптилар аъробий баҳодирлар бундай хорликка рози бўладиларми?

Ажнабий аскарларнинг зўравонлигига кўз юмадиларми? Қани эди дин ҳимоясига ҳамиятлари етмаса ҳам аёлларини рашк этиб ҳимоя эта олсалар!

Шу йили Муҳаммад ибн Маликшоҳ ўз акаси Бўркёруққа қарши исён қилиб уни енгди. Халифа уни тасдиқлади ва “Ғиёсуддунё ваддин” деб лақаб берди. Бағдодда унга хутба ўқилди. Сўнг у иккиси (ака-укалар) орасида яна бир неча жанглар бўлиб ўтди. Шу йили Мусҳафи Усмоний эҳтиёт юзасидан, Табариядан Дамашққа олиб келинди. Халқ уни кутиб олишга чиқди. Уни жоменинг мақсура (подшоҳ намоз ўқийдиган жой)сидаги ғаладонга жойлаб қўйдилар.

494    йилда Ироқда ботинийларнинг кирдикорлари кўпайди. Одамлар уларни ўлдирдилар. Уларнинг хуружлари жуда кучайди, ҳатто амирлар кийимлари ичидан қалқон (совут) тақиб юрдилар. Ботинийлар бир қанча кишиларни ўлдирдилар. Ўлдирилганларнинг орасида “ал-Баҳр” муаллифи Рўёний ҳам бор эди. Шу йили Суруж (Туркияда), Ҳайфа, Арсуф, Қайсария шаҳарлари фаранглар қўлига ўтди.

495    йили Миср ҳукмдори Мустаъли ўлди. Тахтга унинг беш яшар ўғли Омир би аҳкомиллоҳ Мансур ўтказилди.

496    йили султонга қарши фитналар бўлиб ўтди. Хатиблар султонга дуо қилишни тўхтатиб, фақат халифага дуо қилдилар.

497    йилда икки султон: Муҳаммад ва Бўркёруқўртасида сулҳга келишилди. Сабаби, узун давом этган уруш оқибатида ҳамма ёқ бузилиб, мол-дунё талон-торож этилиб, қонлар тўкилиб, юрт вайрон бўлиб, салтанатнинг мадори қуригач, енгилмас подшохдар енгилгач оқил кишилар орага тушиб, икки тарафни сулҳга келтирдилар. Аҳдномалар, тилхат ва васиқа-ҳужжатлар битилди. Халифа султонлик сарпосини Бўркёруққа юборди. Бағдодда хутба унинг номига ўқилди.

498    йили Султон Бўркёруқ ўлди. Амирлар ўғли Жалолуддавла Маликшоҳни унинг ўрнига қўйдилар. Халифа буни тасдиқлади. Бағдодда хутба у учун ўқилди.

Жалолуддавланинг ёши бешга ҳам тўлмаган эди. Шунинг учун амакиси Муҳаммад исён кўтарди. Ҳамма унга рози бўлди. Халифа уни тасдиқлади. У Исфаҳонга аскарлари кўп қудратли султон бўлиб қайтди.

Шу йили Бағдодда чечак кўпайиб кетди. Бунинг оқибатида ҳисобсиз ёш болалар қирилиб кетди. Кетидан катта вабо келди.

499    йили Наҳованд атрофидан бир киши чиқиб пайғамбарликни даъво қилди. Уни тутиб ўлдирдилар.

500(1107-06) йилда ботинийлар эгаллаб олган Исфаҳон қалъаси олиниб бузиб ташланди, ўзларини қатл этилди. Бошлиғининг териси шилиниб, ичига сомон тиқилди. Қаттиқ қамалдан сўнг Султон Муҳаммад шундай иш қилди. Аллоҳга ҳамд бўлсин.

501    санада султон Бағдоддан солиқ ва тўловларни бекор қилди. Унинг ҳақига кўплаб дуолар қилинди. Унинг адолати зиёда бўлди, сийрати яхшиланди.

502    йили ботинийлар Шерозга қайтиб уни ва қалъани эгаллаб олдилар. Шероз аҳли ғафлатда қолган, ҳокими эса сайр учун шаҳардан ташқарига чиққан эди. Кейин қайтиб келиб уларни йўқ қилди. Ботинийлар тарафидан шофеъийлик шайхи, “ал-Баҳр” муаллифи Рўёний Бағдодда ўлдирилди.

503    санада фаранглар бир неча йиллик қамалдан сўнг Тороблусни (Ливанда) олдилар.

504    йилда фаранглар томонидан етказилаётган азоб-уқубатлар зўрайди. Мусулмонлар Шомнинг аксар қисми фаранглар истилосига ўтганига ишонч ҳосил қилдилар ва сулҳ сўрадилар. Фаранглар унамадилар. Мингларча динор бериб зўрға кўндирдилар. Шундан кейин тинчликка битим тузиб ортларига қайтдилар. Аллоҳ лаънатлагурлар!

Шу йили Мисрда зулматдек қаро шамол эсди. Киши ўз қўлини кўролмай қолди ҳатто. Қум ёғилди. Кейинроқ бир оз ёришди ва яна сарғайди. Асрда бошланганча шомдан ҳам ўтиб, анчагача шундай бўлди. Шу йили фаранглар ва Андалус ҳукмдори Тошфин ўртасида қонли қирғинбарот жанг бўлиб ўтди. Унда мусулмонлар нусрат қозондилар, асир олдилар ва ҳисобсиз ўлжа олдилар. Фарангларнинг шижоатига дарс кетди.

507- санада Мавсил ҳокими Мавдуд Қуддусдаги фаранглар подшоҳи билан жанг қилмоқучун борди. Ўртада жуда катта жанг бўлди. Сўнгра Мавдуд Дамашққа қайтиб келиб Жомеда жума намозини ўқиётганида бир ботиний етказган жароҳатдан ўша куни ўлди. Шунда фаранг подшоҳи Дамашқ ҳокимига хат ёзди, унда шундай гаплар бор эди: “Байрам куниўз маъбудинингуйида ўз бошлиғини ўлдирган жамоа Аллоҳ тарафидан йўқ қилинишига лойиқдур”.

511    (1117-18) йилда кучли сел келди. Синжор ва унинг деворларини ғарқ қилди. Кўп одам ҳалок бўлди. Сел ҳатто шаҳар дарвозасини бир неча фарсахга оқизиб кетди. Дарвоза сел олиб келган тупроқнинг тагида қолиб кетиб, бир неча йиллардан кейин юзага чиқди. Бир бола бешиги билан оқиб кетиб, бешик бориб зайтун дарахтига илиниб қолди. Бола омон қолиб яшаб катта бўлди.

Шу йили Султон Муҳаммад қазо қилди. Ўрнига ўн тўрт ёшли ўғли Маҳмуд қўйилди.

512    йили 23-рабиул аввал чоршанба куни Мустазҳир биллоҳ қазо қилди. У йигирма беш йил турди. Уни ҳанбалийлар шайхи Ибн Ақил ювди. Жанозасини ўғли Мустаршид ўқиди. Бир оз вақт ўтиб унинг бувиси Муқтадининг онаси Аржувон ҳам оламдан ўтди.

Заҳабий деди: У бувиси ўзидан кейин қолиб яшаган бирдан-бир халифадур. У аёл ўз ўғлини, навараси ҳамда эварасининг халифа бўлганини кўрган. (Бу ерда бир мадҳия ва бир марсия бор, қолдирилди.)

Силафий деди: “Менга Абулхаттоб ибн Жарроҳ деди: “Рамазонда Мустазҳирга намозда имом бўлдим ва Касоий ривояти бўйича “иннабнака сурриқа” (Юсуф, 81-оят. Ўғлинг ўғирликда айбланди) деб қироат қилдим. Саломдан сўнг у деди: “Бундай қироат яхши экан, унда пайғамбарларнинг болаларини ёлғончиликдан ҳимоя маъноси бор экан!”

Унинг даврида ўлган машҳур шахслар: Абулмузаффар Самъоний, Наср Мақдисий, Абулфараж, Шайзала, Рўёний, Хатиб Таб-ризий, ал-Киё ал-Ҳиросий, Ғаззолий, Мустазҳирга атаб “ал-Мустазҳирий” номли китобни ёзган Шоший, тилшунос Абу-вардий.

Жалолиддин Суютийнинг

"Тарих ал-хулафо" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР