loader
Foto

Ал-Мустаршид Биллоҳ Абу Мансур

Мустаршид биллоҳ - Абу Мансур ал-Фазл ибн Мустазҳир биллоҳ. 485 йили рабиул аввалда туғилган. Онаси канизак. Халифаликка отасинингўлими арафасида 512 йили рабиул охарда байъат олди.  У довюрак, абжир, қўрқмас, фикрли, салобатли киши эди. У халифалик ишларини тартибга солди, унинг анъаналарини тиклади, нуфузини оширди. Шариат арконларини тиклади. Урушларга ўзи чикди. Бир неча бор Ҳилла, Мавсил, Хуросон йўлларидаги жангларга ўзи борди. Охирги марта унинг лашкарлари Ҳамадон ёнида енгилди ва уни Озарбайжонга асир қилиб олиб кетдилар.

Уламолардан: Абулқосим ибн Баён ва Абдулваҳҳоб ибн Ҳибатуллоҳ Сабтий кабилардан ҳадис ҳам эшитган.

Унинг ўзидан Муҳаммад ибн Умар ибн Маккий ал-Аҳвозий, вазири Али ибн Таррод, Исмоил ибн Тоҳир Мавсилий (ҳадис) олганлар. Самъоний шундай деган эди. “Табоқот Шофеъия”да Ибн Салоҳунинг номини келтириб ўтган. (Бу дегани: у шофеъий мазҳабидаги уламолар даражасига етган. ) Шунинг ўзи сенга кифоя. Абу Бакр Шоший фиқҳ ҳақидаги “ал-Умда” китобини унга атаб таълиф этган ва бу китоб унинг лақаби билан танилган. Чунки Фазлнинг ўша вақтдаги лақаби “Умдатуддунё вад дин” эди. Ибн Субкий ҳам уни “Табоқот Шофеъия”да келтириб ўтиб шундай деган: у аввалига динни маҳкам тутиб, “суф” (юнгли кийим) кийиб юрди. Ёлғиз ўзи бир уйда ибодат билан машғул бўлди. Унинг туғилган санаси 486 йил 18-шаъбон, чоршанбадур.

Отаси уни валиавд деб эълон қилди. 488 йили рабиул аввал ойида унинг исми тангага ёзилди. У жуда ҳуснихат эди. Ундан аввалги ҳеч бир халифа унингдек ёза олмаган. У котиблар йўл қўйган хато ва камчиликларини тузатар эди. Шижоати, абжирлиги, жасурлиги ва қўрқмаслиги эса қуёшдек таниқли эди.

Беқарорлик ва мухолифларнинг кўпайиши унинг даврида ҳам тўхтамади. Уларни даф қилмоқ учун шахсан ўзи жангга чиқар эди. Охирги марта чиқишида Ирокдаги жангда енгилиб асир олинди ва шаҳодат топиб кетди.

Заҳабий деди: “525 (1131-30) йили Султон Маҳмуд ибн Му-ҳаммад Маликшоҳ вафот этди ва унинг ўрнига ўғли Довуд қўйилди. Шунда амакиси Масъуд ибн Муҳаммад унга қарши чикди. Иккови жанг қилдилар. Сўнг сулҳ қилишиб ҳар бири биттадан мамлакат оладиган бўлдилар. Бағдодда Масъуд ва кейин Довуд учун хутба ўқилди. Икковига сарпо кийдирилди. Кейинчалик халифа билан Мусъуднинг ўртаси бузилди. Халифа у билан жанг қилишга чикди. Икки тараф тўқнашди. Аскарларнинг кўпчилиги халифага хиёнат қилдилар. Шунинг учун, Масъуд уни енгди. Халифа ҳамда унинг хос одамлари асир олинди. Ҳамадон ёнидаги қалъага қамаб қўйди. Бу хабар Бағдод аҳлига етгач, улар бозорларда бошларидан тупроқ сочдилар, фарёд солиб йиғладилар. Аёлларни очиқ ҳолда халифага мотам сифатида кўчаларга чиқаришди, намоз ва хутбаларни тўхтатдилар”.

Ибн Жавзий ёзади: “Бағдодда кўп марта зилзила бўлди. Ҳар куни 5-6 марта бўлиб ўтарди. Одамлар ёлвориб дуо қилишар эди. Шунда султон Санжар жияни Масъудга шундай деб хабар жўнатади: фарзанд Ғиёсуддунё вад-динга ушбу мактуб етган заҳоти амиралмўминнинг ҳузурига киради. Унинг қаршисида ерни ўпади. Ундан афв ва узр сўрайди. Ялиниб-ёлворади. Зеро, бизнинг кўз ўнгимизда осмоний ва заминий ишоралар намоён бўлиб ўтди. Бўрон, яшин, йигирма кунлаб давом этган зилзилалар, аскарларнинг тўс-тўполони, шаҳарлардаги алғов-далғовлар, буларни кўз билан кўрмоқ у ёқда турсин, эшитишга ҳам бизда тоқат йўқ. Мени Аллоҳ тарафидан, ишоралар аён этилмоғи қўрқитиб қўйди, халқнинг жомеларда намоз ўқишдан бош тортиши ва хатибларни қўймаётгани тоқатни тоқ қилди. Албатта ишларни жой-жойига қўясан, амиралмўмининни ўз азиз мақомига (саройига) қайтаргайсан. Ота-боболаримиз одати бўйича унинг қаршисига парда тортасан”.

Масъуд ўзига буюрилганларни қилди: ерни ўпти, ундан афв сўради. Кейинроқ халифани қўйиб юборишга даъват этиш учун Санжар Масъуднинг ҳузурига қайтадан элчи билан аскарлар жўнатади. Аскарларнинг ичида 17 та ботинийлар ҳам бор бўлади. Айтишларича, Масъуд буни билмаган. Баъзиларнинг айтишича, у буни билган. Бошқаларнинг айтишича, уларни ишга солган унинг ўзи бўлган ва улар (ботинийлар) чодирда ўтирган халифага ҳужум қилиб, уни ва бир гуруҳ дўстлариниўлдирганлар. Аскарлар эса бундан кеч хабар топишган. Сўнг уларни ўлдириб Аллоҳнинг лаънатига жўнатишган.

Азада султон ҳам ўтирди ва бу билан қайғуда эканлигини изҳор этди. Охд-зори, дод-фарёдлар солинди. Бу хабар Бағдод аҳлига қаттиқ таъсир қилди. Одамлар кийимларини пора-пора қилиб, аёллар сочларини ёйиб, юзларига уриб, марсиялар айтиб ялангоёқ кўчаларга чиқишди. Чунки Мустаршиднинг шижоати, адолати ва мулойимлиги учун жуда яхши кўрардилар. Аллоҳ раҳматига олгур Мустаршид 529 (1135-34) йили 16-зулқаъда пайшанба куни ўлдирилди.

Асир олинганда айтган шеъри:



Шерни енгса араб, ажам итлари

ҳеч ажаблаланарли жойи йўк, буни.

Ваҳшийнинг найзасидан ҳалок бўлди-ку Ҳамза

Алини ўлдирди-ку Ибн Мулжам ханжари.



Жангда енгилиб қолгач, қочишга маслаҳат берилганда у матонат кўрсатиб, охири асир тушади.

524 йили Мавсил шаҳрида булутдан олов ёғилиб, шаҳарнинг бир неча жойларини ва кўп уйларни ёндириб юборди.

Шу йили Миср ҳукмдори Омир би-аҳкомиллоҳ қатл қилинди, зурриёти йўқ эди, ўрнига амакиваччаси Ҳофиз Абдулмажид ибн Муҳаммад ибн Мунтасир бўлди. Бағдодда ўша йили икки нишли учар чаёнлар пайдо бўлди. Одамлар қўрқиб турдилар. Бир қанча ёш болалар ўлиб кетди.

Унинг даврида вафот этган машҳур шахслар: Ҳанафия мазҳаби имоми шамсул аимма Абул Фазл, Абулвафо ибн Ақил ҳанбалий, қозиюлкузот (бош қози) Абулҳасан Домиғоний, қори Ибн Булайма, "Ломиятул ажам” соҳиби Туғроий, ҳофиз Абу Али Садафий, Абу Наср Қаширий, тилшунос Ибн Қаттў, муҳъйиссунна Бағавий, қори Ибн Фаҳҳом, «Мақомот» муаллифи Ҳаририй, “ал-Амсол” соҳиби Майдоний, Абул Валид ибн Рушд моликий, имом Абу Бакр Тартуший, Абулҳажжож Сарақситий, Ибн Саид Батлюсий, шофеъийлардан Абу Али Фориқий, наҳвчи Ибн ат-Тарова, Ибн Бозаш, шоир Зофир Ҳаддод, Абдулғаффор Форисий ва бошқалар.

Жалолиддин Суютийнинг

"Тарих ал-хулафо" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР