loader
Foto

Мўғул-Татарлар босқини

Исломнинг ҳужайраси таназзул даврларида ҳам ўз фаолиятини тўхтатмади. Подшоҳлар ва фотиҳлар ичидан ўзларининг сийратлари ва ахлоқлари билан, динлари ва тақволари билан саҳобалар ва салафи солиҳларга ўхшаб кетадиган шахслар пайдо бўлиб турди. Ислом дунёсида ўз исмлари билан тарихга зийнат бўладиган кишилар чиқиб турди.

Мусулмонлар ўзларининг илк сийратлари ва намунали йўлларидан оққан бўлишларига қарамай, ўзлари билан замондош бўлган жоҳил умматлардан тубдан фарқ қилар, улар анбиёларнинг йўлига энг яқин ва Аллоҳга энг итоаткор кишилар эдилар. Уларнинг борликлари ва давлатлари жоҳилиятнинг кенг тарқалиши ва гуллаб-яшнаши йўлидаги энг катта тўсиқ эди. Баъзи нуқсонларига қарамай, мусулмонлар дунёдаги энг катта куч бўлиб, бошқа давлатлар улардан ҳайиқиб турар, у билан ҳисоблашишга мажбур эдилар.

Исломнинг ўз куч-қудратини йўқотиши

Исломнинг куч-қудрати атрофдагиларга сезилмаган ҳолда заифлашиб бораверди. Ҳатто ҳижрий VII асрда мўғул-татарлар энг сўнгги исломий мамлакат бўлган хоразмшоҳлар ҳукуматини парчалаб ташлашди, мусулмонларнинг куч-қудрати синиб, Бағдод уларнинг қўлларига тушганда хавфли шарпа йўқолди. Худди экинзор даладаги қўриқчи қулаб тушганида қушлар ва ҳайвонлар экинзор далага ўзларини урганидек, душманлар мусулмонларга ва уларнинг юртларига қарши ўзларида журъат топишди.

Мўғуллар мусулмонларнинг меросларига эга чиқиб, ҳукумат ишини улардан олиб қўйишди. Шунинг ўзи инсониятнинг бахтсизлиги ва умидсизлиги учун етарли эди. Оламнинг бошқаруви дини, илми, маданияти ва маънавияти йўқ бўлган жоҳилу ваҳший уммат қўлига ўтиши дунёнинг хароб бўлиши учун кифоя эди.

Мўғуллар ваҳший босқинчилар ичида энг ёвузи эди. Улар ўзлари туғилиб-ўсган чўллардан мўрмалахдек ёпирилиб келиб, бутун Ислом олами бўйлаб тарқалиб кетишди. Бу даҳшатли офат мусулмонларни қўрқув ва чорасизликдан бўғилишга мажбур қилди.

Ибн Касир айтади: «Бу фалокат шу қадар даҳшатли эдики, мен у ҳакда ёзишга узоқ вақт ботинолмай юрдим. Ҳозир ҳам бу ҳакда ёзишни мутлақо истамайман. Дарҳақиқат, Ислом ва мусулмонларнинг ҳалокат фожиасини, унинг хорланган ва шармандали тарихини тасвирлашга кимнинг ҳам қўли борарди? Қанийди бу фалокатлар юз бермасидан олдин туғилмаган ёки ўлиб, унутилиб кетган бўлсам... Би-роқ дўстларим мени бу ҳақда ёзишга кўндиришди. Ўзим ҳам бу фожиа ҳақида индамай туришдан ҳеч қандай фойда йўқлиги ҳақида ўйлар эдим.

Бу тарихда мисли кўрилмаган офат бўлди. У бу гун инсониятга, шу жумладан, мусулмонларга ҳам кагга талафо! етказди. Одам Атодан бугунги кунимизгача бундан бошқа яна шундай воқеа содир бўлган деган одам хаго қилади. Тарихдаги ҳеч бир ҳодисани унга қиёслаб бўлмайди. Го қиёматга қадар ҳам бундай даҳшатли қирғин бўлмаса ксрак (яъжуж-маъжужнинг зоҳир бўлишидан ташқари). Бу ёввойилар ҳеч кимни аяшмади. Улар ҳомиладор аёлларнинг қорнини ёриб, ичидаги боласини ўлдиришарди (Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз. Аллоҳдан бошқада ҳол ва қувват йўқ). Бу оламшумул мусибат, дунё миқёсидаги фожиа эди. У бўрондек пайдо бўлиб, бутун дунё бўйлаб шиддат билан учиб ўтди».(«Ал-Комил», Т. XIII, 202-203-бетлар.)

Мўғул-татарлар 650 йилда Бағдодга бостириб кириб, уни тошлар уюмига айлантириб ташлашди. Ибн Касир Бағдоднинг талон-тарож қилинишини қуйидагича тасвирлайди:

«Бағдодда ўлим ва вайронгарчилик қирқ кун ҳукм сурди. Шундан сўнг дунёнинг энг гўзал маскани бўлган бу шаҳар шу қадар вайрон бўлиб, ер билан яксон қилиндики, унда бир ҳовуч одамгина тирик қолди. Кўчалардаги ўликлар уюми уйларнинг томигача кўтарилди. Емғир ёғар, мурдалар ириб-чириб ётар, уларнинг бадбўй ҳиди теварак-атрофни тутиб кетган эди. Шом ўлкасигача етиб борган даҳшатли эпидемия йўлида учраган одамларни қириб ташлади. Мамлакатни қаҳатчилик, вабо ва ўлим қамраб олди».

Имодуддин ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳнинг ёзган-лари мўғул-татарларнинг фақат Ислом давлатининг пойтахти Бағдодда қилган ваҳшийликлари ва бузғунчиликлари, холос. Мўғул-татар босқинчилари у ерга етиб боргунча мусулмон оламининг бошқа ерларини ундан ҳам баттар вайрон этиб, талон-тарож қилишган. Хоразм, Бухоро ва Самарқанд каби ўлкаларнинг одамларини устара билан сочни қиргандек қириб, шаҳар-қишлоқларни ер билан яксон қилишган. Мўғул-татарларнинг оёғи етган жойлар батамом вайронага айланган. Мусулмонлар олти асрдан кўпроқ вақтда барпо қилган илм-фан, маданият, санъат дурдоналари чилпарчин қилинган. Мусулмон умматининг илм-маърифатли, куч-қувватли, ақл-заковатли фарзандлари мўғулларнинг қурбонига айланган.

Мўғул-татарларни ва уларнинг ваҳшийликларини кўрганларнинг кўпчилиги қиёмат яқин қолганда чиқадиган яъжуж-маъжужлар шулар бўлса керак, деган хулосага келишган. Тарихчиларнинг ёзишича, ҳолат шу даражага етганки, агар бир мўғул эркак ёки аёл гузарда тўпланиб турган мусулмонларни кўриб, «Шу ерда қимирламай туринглар, мен қиличимни олиб келиб, ҳаммангни ўлдираман» деса, мусулмонлар унинг айтганини қилиб. кутиб тураверишган.

Мусулмонларнинг таназзулини яхшилаб ўрганган баъзи олимлар бу улкан мусибатнинг иккита асосий сабаби бор-лигини, бири - Қуръони Карим ва Суннатдан узоқлашиш, иккинчиси - мўғуллар босқини эканини алоҳида таъкидлайдилар. Ҳақиқатан ҳам таълим-тарбия нима эканини билмаган мўғуллар мусулмон оламининг кулини кўкка совуриб ташлаган эдилар. Уларнинг қадами етган ҳар бир жой бор-будидан бутунлай мосуво бўлган эди. Мусулмон оламининг энг яхши фарзандлари қириб ташланган, илм, маърифат, фан ва санъат, меъморчилик ва тамаддуннинг бошқа барча соҳалари маҳв этилган эди.

Аммо шу билан бирга, мусулмонлар уруш майдонида енгилган бўлсалар ҳам, руҳий-маънавий майдонда енгилмадилар. Улар босқинчи мўғулларга паст назар билан қарар, «Бу мушрик чигирткалар ким бўлибди, шулар ҳам одамми, Аллоҳ таоло бизни ўзимиздан ўтган хатолар туфайли улар билан синамоқда, холос. Агар биз ўзимизни ислоҳ қилсак, динимизни маҳкам тутсак, буларни албатта йўқ қиламиз», деган фикрда эдилар.

Шундай бўлди ҳам. Мусулмонлардан динини маҳкам ушлаганлари бошқаларга ўрнак бўлдилар, уларга танбеҳ бердилар. Аста-секин ўзларини ислоҳ қилдилар ва мўғулларнинг кунини кўрсатиб қўйдилар.

Мусулмонлар султон Сайфуддин Қутуз ва унинг аскар-бошиси Зоҳир Бейбарс бошчилигида ҳижрий 658, милодий 1259 сана, Рамазон ойининг 15 куни Фаластиннинг Ноблус шаҳри яқинидаги Айну Жолут деган жойда Хулагунинг ноиби Қутбуға раҳбарлигидаги мўғуллар лашкарига қарши ҳаёт-мамот жангига кирдилар. Мусулмонлар бу жангда мисли кўрилмаган улкан зафар қучиб, мўғулларни Шомдан ҳайдаб чиқардилар.

Ушбу жанг Ислом тарихидаги энг буюк зафарлардан бири ҳисобланади. Бу мўғуллар устидан ғалаба қозонилган биринчи жанг эди. Мусулмонлардан олдин мўғулларни ҳеч ким енга олмаган эди. Мусулмонлар мўғуллар ҳақидаги тилларда достон бўлган афсоналарни чиппакка чиқардилар.

Мўғуллар Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал динини тан олиб, мусулмон бўлишди ва бора-бора ерлик мусулмонларга аралашиб кетдилар. Бу ҳам инсоният тарихида мисли кўрилмагаи иш бўлиб, Исломнинг буюк ғалабаси эди. Тарихда ҳеч бир ғолиб халқ ўзи мағлуб қилган халқнинг динига бу шаклда кирмаган эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг

"Олам ва одам, дин ва илм" китобидан