loader
Foto

Бухоронинг етти буюк қозиси

Бухорода қозикалонлик қилиб донг таратган, ўзларининг илму маърифати, тақвоси, парҳезкорлиги ва адолати билан бошқа қозилардан ажралиб турган етти нафар қози ўтгани маълум. Улар қозилик ишларида ноҳақликка йўл кўймагани, халқ орасида ўзларининг обрўси ила танилганлар. Мазкур етти нафар қози турли даврларда ўтган бўлса-да, бироқ қабрлари бир жойда - Бухородаги “Чор Бакр” мажмуасининг шарқий тарафида унга яқин масофада бўлган. Ушбу қабристон халқ орасида “Мазороти қузоти сабъа” етти қози мозори номи билан шуҳрат топган, одамлар у ерда дуолар мустажоб бўлишига ишонганлар. Бухоронинг ушбу етти нафар қозиси қуйидагилардир(Аҳмад ибн Маҳмуд Бухорий Муин ал-фуқаро. Тарихи Муллозода / Сўз боши, форс тилидан таржима, изоҳлар муаллифлари Ш.Воҳидов, Б.Аминов. - Тошкент: "Янги аср авлоди”, 2009,- Б. 64-66; Носириддин Ҳанафий Бухорий.Туҳфатуз зоирин.- Бухоро, 1910. - Б. 18; Ўша муаллиф. Ҳодий аз-зоирин. ЎзР ФАШИ қўлёзмалар фонди, № 2195/11. - В. 22а.):

Абу Зайд Убайдуллоҳ (Абдуллоҳ) ибн Умар ибн Исо Дабусий Бухорий (978-1039). У хилоф илмининг асосчиси, ўзининг “Таъсисун назар” ва “Тақвимул адилла” каби асарлари билан шуҳрат қозонган.

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Амр (Умар) ибн Сулаймон Шуъабий (Шаъбий) Уструшаний (ваф. 400/1010 ёки 404/1013). У Абу Зайд Дабусий (978-1039) ва Шамсул аимма Ҳаловонийнинг (ваф. 456/1063) устози сифатида зикр этилади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мўйи мубораклари унинг мақбарасида узоқ вақт сақланиб келган экан. Абу Жаъфар Шуъабий Уструшанийнинг “Жомиул кабир” ва “Аз-3иёдот”га ёзган шарҳлари ҳамда мустақил фиқҳий асари “Кифоятуш Шуъабий” номли китоби мавжуд.

Абу Иброҳим Исмоил ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Мустамлий Бухорий (ваф. 434/1043). У Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Яъқуб Калободийнинг (ваф. 384/994) шогирди бўлиб, устозининг тасаввуфга оид машҳур асари “Ат-Таарруф ли мазҳабит тасаввуф”ни шарҳлаган.

Заҳириддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Умар Бухорий (ваф. 619/1222). У Бухорода қози ва муҳтасиб сифатида танилган. Яна “Фатовойи Заҳирия” ва “Ал-Фавоидуз заҳи-рийя”нинг муаллифи ҳисобланади.

“Туҳфатуз зоирин”да Заҳириддин Бухорийнинг отаси сифатида Аҳмад ибн Умар Шерозий номи билан келтирилади. Бизнингча, бу Аҳмад ибн Амр ибн Мусо ибн Абдуллоҳ Бухорийдир (тахминан ваф. 396/1006). У Абу Наср Ироқий нисбаси билан шуҳрат қозонган, Самарқанд ва Бухорода қозилик қилган.

Бадиъуддин Бухорий. Уни “Тарихи Муллозода”да Заҳириддин Бухорийнинг отаси сифатида келтирилади. У “Фатовойи Бадиъуддин” ёки “Фатовойи Бухоро” деб номланган асарнинг муаллифи.

“Туҳфатуз зоирин” ва “Тарихи Муллозода”да Қози Имом Завзан, деб келтирилган. Бизнингча, бу XIV асрда яшаган, Имодул Ислом лақаби билан танилган ҳанафий фақиҳи, Бухорода қозилик қилган Абдурраҳим ибн Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Садидий Завзанийдир. У Абу Жаъфар Таҳовий (853-933)нинг “Шарҳу маониил осор” асарини ривоят қилиб, ўқитгани билан танилган. Шунингдек, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Сулаймон Завзаний (ваф. 370/980) ҳам бор. У Хуросон ва Мовароуннаҳрда адолатли қози бўлгани билан шуҳрат қозонган. Уни шофиъийлик мазҳаби вакили сифатида шофиъийлар табақот китобларида зикр этилади.

Ҳамидулла Аминов ва Соатмурод Примовнинг

"Ҳанафий фиқҳи тарихи, мансаблари ва истилоҳлари" китобидан