loader
Foto

Европаликлар ва Юнон фалсафаси

...Аммо Европада иш ундай бўлмади. Уларда қадимги юнон ва рим мафкурасини қайта тиклаш, динни бутунлай инкор қилиш йўлидан кетилди.

Юнонлар истеъдодли уммат бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Улар ниҳоятда зеҳнли, ақлли ва илмли бўлганлар. Дунё халқлари ичида илм, маърифат ва адабиётда пешқадам бўлганлар. Айниқса фалсафада ҳаммадан олдинда бўлганлар. Уларнинг мафкураси қуйидаги йўналишларда бўлганини барча олимлар яхши биладилар:

- ҳис қилинадиган нарсаларгагина ишониш, ҳис қилинмайдиган нарсаларга эътибор бермаслик. Бир сўз билан айтганда, моддапарастлик.

- диндорлик ва тоатнинг озлиги.

- бу дунё ҳаёти ва унинг зебу зийнатига қаттиқ берилиш.

- маҳаллийчилик.

Ушбу хусусиятларни жамлаб, бир сўз билан моддапарастлик дейишимиз мумкин. Мазкур моддапарастлик хусусияти юнонларнинг маданияти, илми, фалсафаси, адабиёти ва динида барқ уриб туради. Юнонлар Аллоҳ таолонинг сифатларини ўзларининг моддапарастлик хусусияти асосида тасаввур қила олмай, ҳайкаллар ва ибодатхоналардаги суратлар орқали ифода қилишга ўтганлар - уруш «худо»си, раҳмат «худо»си, ризқ «худо»си ва бошқа «худо»лар...

Римликлар мазкур соҳаларнинг баъзиларида юнонларнинг шогирдлари ҳисобланади. Улар куч-қувватда, ҳарбий соҳада, давлат ишларини юритишда моҳир бўлганлар ва ҳаммадан ўзиб кетганлар. Аммо илм-маърифат, фалсафа ва адабиётга ўхшаш соҳаларда оқсоқ бўлганлар. Айниқса, диний соҳада римликлар жуда ҳам заиф бўлганлар. Улар дунё ишларига дин мутлақо аралашмаслиги керак, деган хаёлда бўлганлар. Бу борада Цицерон қуйидагиларни айтади: «Артистлар театрларда илоҳларнинг дунё ишларига дахли йўқлиги ҳақидаги байтларни қўшиқ қилиб айтишганда одамлар ҳузур қилиб эшитар эдилар».

Роҳиб Августин айтади: «Бутпараст римликлар ибодатхонада илоҳларига топинар, театрларда эса уларни масхара қилар эдилар» (Абулҳасан Надавийнинг «Дунё мусулмонларнинг таназзули туфайли нималардан маҳрум бўлди?» асаридан олинди).

Европанинг уйғониш даврида айнан ўша юнон фалсафасидаги ақлни ҳаддан ташқари улуғлаш, Аллоҳ таолони унутиб, инсонни борликдаги марказий ҳақиқат деб билиш йўлидан кетилди. Ана шу йўл ва унинг давоми билан европаликларнинг ўзларидан олинган иқтибослар орқали танишайлик:

«Уйғониш даври Италияда бошланиб, унинг илк аломатлари ХIII ва XIV асрларда (Пизано, Жотто, Орканья ва бошқа оилалар фаолиятида) бўй кўрсата бошлаган бўлса-да, у XV асрнинг 20-йилларига келиб тўлиқ намоён бўлди. Франция, Германия ва бошқа мамлакатларда бу ҳаракат анча кеч бошланди. XV аср якунига келиб у ўзининг энг гуллаган даврига кирди. XVI асрда, Уйғониш ғоялари инқирозга юз тутган пайтда санъатдаги маньеризм ва барокко оқимлари юзага келди.

Шаҳарларда фаолияти черковларнинг назоратидан холи бўлган фан ва санъатга бағишланган дунёвий марказлар вужудга кела бошлади. Янги дунёқараш антик (қадимги римликлар ва юнонлар) дунёга мурожаат этиб, унда гуманистик, нозоҳидлик муносабатлари намуналарини топгандек бўлиб, у томон юз бурди.

XV аср ўрталарида китоб чоп этишнинг ихтиро қили-ниши бутун Европа бўйлаб антик мерос ва янги қарашларнинг оммалашишида муҳим роль ўйнади.

Европанинг Ренессанс, яъни Уйғониш даври ўз тараққиётида бир қатор тарихий босқичлардан ўтди:

1) Проторенессанс - XIII аср, XIV аср бошлари;

2) Илк Ренессанс (треченто ва кватроченто) XIV аср ўртасидан XV асргача;

3) Юқори Ренессанс (чинквиченто) - XVI асрнинг иккинчи чорагигача;

4) Сўнги Ренессанс - XVI асрнинг иккинчи чорагидан XVII асрнинг биринчи ярмигача. [8, с.319]

«Уйғониш» истилоҳи илк бор XVI асрда меъмор, мусаввир ва санъат тарихчиси Жорж Вазари (Giorgio Vasari; 1511 - 1574) томонидан Ғарбий Европада буржуа муносабатлари ривожланишининг дастлабки босқичи билан шартланган тарихий даврни тавсифлаш учун қўлланилган. Ушбу истилоҳнинг ҳозир биз биладиган маъноси фаранг тарихчиси Жюль Мишле (Jules Michelet; 1798 - 1874) томонидан XIX асрда жорий қилинди.

Ренессанс ва Реформация янги шаклдаги тамаддуннинг ривожланиши ва оёққа туришида муҳим роль ўйнади. «Уйғониш» истилоҳи XV-XVI асрлар мобайнида Европанинг барча мамлакатларини қамраб олган муайян маданий-идеологик ҳаракатни ифодалаш мақсадида қўлланилади. Арбобларнинг мақсади - қадимги римликлар ва юнонлар дунёсидаги қадрият ва идеалларни тиклашдан иборат бўлган. Қадриятларнинг таъкидланаётган тизимида энг юқори ўринга гуманизм ғоялари чиқади. Шунинг учун ҳам Уйғониш даврининг арбобларини кўпинча гуманистлар деб аташади. Гуманизм (инсонийлик) йирик ғоявий ҳаракат сифатида ривожланади: у маданият ва санъат арбобларини қамраб олади, савдогарлар, мансабдорлар ва ҳатто олий диний табақа - папа котибиятини ўз қаторига қўшиб олади. Ана шу ғоявий асос замирида янги дунёвий зиёлилар шаклланади.

Уйғониш давридаги дунёқарашни антропоцентрик сифатида таснифлаш мумкин. Яъни коинотнинг марказий сиймоси Худо эмас, инсон. Худо барча борлиқнинг бошланиши, инсон эса - бутун дунё маркази. Жамият Худо ихтиёрининг маҳсулоти эмас, балки инсон фаолиятининг натижаси. Мазкур давр санъатида инсон олий тимсол сифатида намоён этилади, гўзаллик эса уйғунлик ва меъёр асносида тушунилади. Урта аср санъатининг ясси ва танасиз тасвирлари ўз ўрнини уч ўлчовли, рельефли, бўртган сарҳадларга бўшатиб берди. Шунингдек, Уйғониш даври намояндаларининг бадиий, фалсафий ва публицистик ижодларида черковга қарши йўналишлар ҳам эътиборга молик.



Янги цивилизация йўналишларининг шаклланиши.

Реформация - XVI асрда Ғарбий ва Марказий Европа мамлакатларининг аксариятини қамраб олган католик черковига ва папа ҳокимиятига қарши олиб борилган кенг ижтимоий-сиёсий ва идеологик ҳаракат. XVI аср бошига келиб, католик черкови ўзини мавжуд тизимнинг таянчи ҳисоблаб, халқаро таъсир кўрсатувчи кучга айланди. Бу эса ўз навбатида дунёвий ҳокимиятни бўйсундириш йўлида ўз сиёсий ҳукмронлигини ўрнатишни истаган папа бошчилигидаги католик черковининг кучли эътирозларини келтириб чиқарди.

Бу вақтга келиб, аёл гўзаллиги масаласига алоҳида эъ-тибор қаратила бошлади. Аксарият мусаввирлар аёл гўзаллиги сирларини англаб етишга ҳаракат қилардилар. Буни аёлнинг ҳаётда эгаллаган мавқеи қайта кўриб чиқилгани билан изоҳлаш мумкин. Агар Урта асрларда уларнинг тақдири уй хўжалигини юритиш, болаларни тарбиялаш, турли кўнгилхушликлардан четлатилишлар билан боғланган бўлса, Уйғониш даврига келиб, аёлларнинг ҳаёт сарҳадлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Хотиржам, маърифатли, ҳур фикрли, жамиятда жилва қилиб турган, санъатга шайдо, ҳар қандай мавзуда қизиқарли суҳбатдош бўла оладиган аёлнинг юксак тимсоли шакллантирилди. У сочлари, елка-бўйини, билакларини очиб, ҳашамдор либослар ичра, ўзига оро берган ҳолда ўзининг гўзаллигини намойиш этишга ҳаракат қила бошлади. Либосларга тилла, кумуш иплар билан кашта тикиш, қимматбаҳо тошлар ва нафис тўрлар воситасида безак бериш урфга кирди. Гўзал, ясанган, маърифатли аёл ўз жозибаси, латофати билан дунёни мафтун қилишга, унга таъсир ўтказишга ҳаракат қила бошлади.

Идеал сифатида хипчабел, хафақон чеҳра, сўниқ нигоҳ, итоаткор, ибодат таъсирида тарбия топган аёлларни маъқул кўрган Ўрта асрдан фарқли ўлароқ, Уйғониш даврида жисмонан бақувват нозанинлар тимсолига урғу берилди.

Бу вақтга келиб, дуркун аёл қомати қадрлана бошлади. Асл аёл зотини гавдалантирувчи, насл давомчиси тимсоли сифатида ҳомиладор аёллар гўзаллик намунаси ва эстетик жиҳатдан мафтункор ҳисобланди. Жисмоний куч, ички ирода, мақсад сари интилиш, эътироф ва шуҳратга эришиш эркак кўркамлигининг аломатлари саналди. Ренессанс даври инсоннинг ўзига хослигига асосланган гўзалликни талқин этишнинг турли шаклларини яратди.

Буларнинг барчаси Уйғониш даврида руҳий фаолиятнинг асосий кўриниши бўлган санъатнинг жамият ҳаётида роли ошишига олиб келди. Бу ўша давр инсонлари учун худди Урта асрларда дин, янги замон учун фан ва техника бўлгани каби муҳимлик касб этди».

- Авваллари черков ҳамма нарсага эга чиқиб, аввалги ширк динларга оид ва жамиятдаги мавжуд кўп нарсалар - меъморчилик, ҳайкалтарошлик, рассомчилик, мусиқа, қўшиқ, саводхонлик кабилар черковга киритилган эди. Мазкур соҳалардаги кишилар фақат черков учун хизмат қилар эдилар.

Уйғониш даврига келиб, ўша санъат соҳаларининг барчаси черковдан чиқарилди. Уларнинг эгалари черковдан озод бўлган ҳолда фаолият олиб боришни бошладилар. Бошқача қилиб айтганда, қадимда динийлаштирилган нарсаларни қайтадан дунёвийлаштириш бошланди.

Европада аввал черковнинг хад-ҳисобсиз мулклари, хусусан ерлари дунёвийлаштирилди. Кейин меъморчилик, ҳайкалтарошлик, рассомчилик, мусиқа, қўшиқ, саводхонлик кабиларни дунёвийлаштиришга ўтилди. Рассомчиликнинг қай тарзда дунёвийлаштирилганини аввалги иқтибосда қисман кўрдик.

Қолган соҳалар ҳам худди шунга ўхшаб дунёвийлаштирилди. Аввал антик - қадимий маданиятга қайтиш даъвоси билан улар черковдаги ҳолатидан бир оз ўзгартирилди. Кейин эса мазкур соҳалар аста-секин гуманизм, эркинлик, реализм ва бошқа «изм»лар асосида борган сари черковдан узоқлаштирилиб, кўнгилхушлик, ўйин-кулги, шаҳвоний истак, эротика ва порнографияга айлантирилди. Санъат ва адабиётнинг тури ва номи кўпайди. Уларнинг ҳаммасида диндан қочиш, одамнинг нафсини қондириш шиори устун бўлди.

Ушбу йўналиш ҳамма жабҳаларга тарқалди. Фалсафа натурфалсафага айлантирилди. Бу бирикма лотинча «natura» - «табиат» сўзидан олинган бўлиб, табиатни онг билан тафсир қилишни англатади. Албатта, табиатни ўрганиш яхши. Аммо уни Аллоҳ таолони инкор қилган ҳолда ўрганиш ҳалокатли экани айни Европа уйғониш даври натурфалсафасида ўз самарасини берди. Уйғониш даврининг файласуфлари антик даврдаги ўз устозлари изидан бориб, табиатни Аллоҳ таолонинг ўрнига қўядиган бўлишди.

Бунинг натижасида уларнинг илмий изланишлари ҳам Аллоҳ таолога куфр келтириш билан «тож» кийди.

Бу жараён қай тарзда кечганини яхшироқ билиш учун ушбу китобдаги одатимиз бўйича европаликларнинг ўзларига мурожаат қиламиз. Дин Халверзоннинг (Dean С. Halverson) бу борадаги мақоласидан иқтибослар келтирамиз:

«XV асрнинг бошида Гутенберг ҳаракатчан литерали босма дастгоҳини ихтиро қилди. Натижада ўтган даврларда ёзилган асарларнинг одамларга етиб бориши анча осонлашди. Адабий (ёзма) мероснинг кенг оммага осон етиб бориш имконияти икки тенденцияни юзага келтирди. Биринчидан, одамлар Худонинг Каломини яхшироқ тушуна бошладилар, унинг таъсири ошди, натижада Реформация юз берди. Иккинчидан, кўп нарсани юнон ва рим мутафаккирларининг асарларидан олган гуманистик фалсафанинг ривожланиши Уйғониш даврининг бошланишига асос солди. Инсонда ўз индивидуаллик ва мустақиллик ҳисси мустаҳкамланиб борди.

Уйғониш даврининг охирига келиб, воқеликни эмпи-рик (содда) англашнинг замонавий усули ривожлана бошлади. Николай Коперник (1473 - 1543 й.), Иоганн Кеплер (1571 - 1630 й.) ва Галилео Галилей (1564 - 1642 й.) ушбу жараёнда ҳал қилувчи роль ўйнадилар. Бу нарса бугун бемаъниликдек туюлиши мумкин, бироқ уларнинг барчаси насроний Худога ишонар эдилар. Улар фанга қодир Худонинг қудрат қўли билан яратилган нарсаларни ҳамда Унинг махлуқотининг ҳаётини бошқариб турган қонуниятларни ўрганиш воситаси дебгина қарар эдилар. Галилей: «Худо икки Китобни - Инжилни ва табиатни ёзган», дер эди.

Кенг тарқалган хато фикрга зид равишда, насронийлик ва илм-фан муносабатларидаги зиддиятга Черков эмас, балки Галилейнинг инқилобий ғояларидан қўрқиб кетган университет профессорлари сабаб бўлишган. Бу олимлар юнон файласуфларидан мерос қолган илмий услубда қотиб қолган бўлиб, бу услуб кузатувга кам аҳамият берар, табиат ҳодисаларини асосан дедуктив йўл билан, дастлабки тамойил ёки фаразлар асосидагина изохдар эди.

Уша даврнинг коинот ҳақидаги тасаввурлари ана шундай фаразларга кўра, реал кузатувлардан олинган маълумотларга мутлақо боғлиқ бўлмаган ҳолда шаклланган эди. Бунинг оқибатида олимлар Қуёшда ҳеч қандай «нуқсонлар» бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги хато тасаввурларга ишонар, Ойни ўз нури билан ёруғлик сочувчи мутлақо силлиқ шар деб ҳисоблашар ва фақат Ергина ўз йўлдошига эга деб билишарди (чунки Ер коинотнинг маркази ҳисобла-нар эди). Галилей ихтиро этган телескоп бу фаразларнинг нотўғрилигини тезда исботлади.

«Галилей обрўйимизни бир тийин қилади» деб қўрққан профессорлар илмий мунозарани академик оқимдан диний жабҳага буриб юборишга қарор қилишди. Улар коинотнинг тузилиши борасидаги гелиоцентрик қарашлар муқаддас китобларга зид келади, деб таъкидлай бошлашди. Масалан, Псаломда (103:22) «Қуёш чиқади...» дейилган. Демак, Қуёш қўзғалмас Ер атрофида айланиши керак. Ўша йилларда гелиоцентрик назария муқаддас китобларга зид келади, деган фикрга дуч келган католик руҳонийлар Галилейнинг фикрларини қоралашга мажбур бўлдилар, чунки юзага келган низо черковнинг обрўсига путур етказар эди. Черков ва Галилей ўртасидаги баҳс оқибатида иймон ва ақл ўртасида ихтилоф вужудга келди. Ҳақиқатнинг мутлақо муросасиз икки манбаи: черков ва илм-фан пайдо бўлди».

Шу ерга келганда европаликларнинг ўзларидан, аниқроғи, Дин Халверзондан олинган иқтибосни узиб, бир оз таҳлил қилишимизга тўғри келади. Маълумки, Европанинг, унинг аҳлининг иймон-эътиқоддан, дину диёнатдан воз кечиши, куфрга юз тутиши Коперникнинг «Дунёнинг маркази - қуёш» деган кашфиётидан бошланади. Бу ҳақдаги маълумотлар яхшилаб ўрганилса, Коперникнинг ўзи куфрга кетмагани, у фақатгина илмий текширишларининг натижасини китоб қилиб ёзгани ва уни чоп қилмасдан ўлиб кетгани маълум бўлади. Коперникнинг ўлимидан тахминан юз йил ўтгандан кейин Галилей унинг ишини яна ҳам чуқурроқ ўрганган ва одамларга билдирган.

Дин Халверзоннинг, университет олимлари ва бошқа-ларнинг тахминларига кўра, баъзи кимсалар Коперникнинг гапидан динга қарши фойдаланишни ирода қилганлар. Улар: «Муқаддас китобда «Қуёш чиқади, ботади» дейилган, бу эса қуёш ернинг атрофида айланади, деганидир. Коперник эса бу гап нотўғри эканини, ер қуёшнинг атрофида айланишини исбот қилди. Демак, муқаддас китоб уйдирма экан, илм эса ҳақиқат», дея жар солдилар. Черков эса бундай эътиқод қилиш нобакорлик эканини эълон этди ва бу гапни айтганларни тафтиш маҳкамасига торта бошлади. Жумладан, Галилео Галилейни қариб қолган бўлишига қарамай, занбилга солиб олиб келиб, тафтиш маҳкамасига тортдилар. Шундай қилиб, европаликлар назарида дин билан илм бир-бирига ашаддий душман бўлиб қолди.

Европадаги ушбу ҳодисага ўхшаш ҳолат мусулмон оламида ҳам бир неча аср олдин бўлиб ўтган эди. Қуръони Каримда ҳам «Қуёш чиқади, ботади», деган гаплар бор. Шундан келиб чиқиб, жуда кўп мусулмон одамлар дунёнинг маркази - ер, деган тушунчада бўлганлар. Ҳаттоки баъзи тафсир китобларида «Ер ҳўкизнинг шохида туради, ҳўкиз балиқнинг устида, балиқ сувнинг устида туради. Мазкур ҳўкиз шохини қимирлатганда ер қимирлайди», деган гаплар ёзилган.

Аммо дунёдаги энг аввалги ҳақиқий расадхонани барпо этиб, оламшумул кашфиётлар қилган олим Носириддин Тусий раҳматуллоҳи алайҳи (1201 - 1274 й.) Николай Коперник, Иоганн Кеплер ва Галилео Галилейлар қилган илмий ишни улардан тахминан икки юз етмиш йил олдин, дунёда биринчи бўлиб қилганида, қуёшнинг марказ эканини, бошқа сайёралар, жумладан, ер унинг атрофида айланишини исбот қилиб китоб ёзганида, бутун мусулмон олами уни олқишлаб, улкан олим сифатида улуғладилар, ҳозиргача ҳам улуғлаб келмоқдалар. Чунки Ислом дини Аллоҳ таолонинг мукаммал дини ўлароқ, мусулмонларни барча соҳаларда тўғри йўлга бошлайди. Ислом дини мусулмонларни барча табиий илмларни қунт билан ўрганишга, ўрганган илми билан инсониятга манфаат етказишга чақиради. Диний илмлар уларни табиий ва тажрибавий илмларга чақириш билан бирга, мазкур илмларга аралашмайди. Тажрибавий илмларнинг олимлари динини маҳкам ушлаган ҳолида ўз мутахассислиги бўйича бемалол иш олиб бораверади. Диний олимлар дин таълимотлари асосида беморга табибга боришни, ҳандасага иши тушган мусулмонга муҳандисга боришни, астрономияга иши тушган мусулмонга астрономга боришни тавсия қилади. Диний олим ўзи билмаган нарсага, илмларга аралашса, унинг бу борадаги гаплари қабул қилинмайди. Шунинг учун ҳам аллома Носириддин Тусий раҳматуллоҳи алайҳи ўз расадхонасида илмий ишлар олиб бориб, дунёда биринчи бўлиб маълум сайёралар мажмуаси қуёш атрофида айланишини кашф қилиб китоб ёзганида, мусулмон олами бу кашфиётни илмий ҳақиқат сифатида қабул қилди ва олимни олқишлади. Бирор киши Носириддин Тусий раҳматуллоҳи алайҳнинг зиддига бирор оғиз ёмон сўз айтмади. Аммо Европада черков ҳукм сургани учун Носириддин Тусий раҳматуллоҳи алайҳидан деярли уч юз етмиш беш йил кейин Галилео Галилей Коперникнинг илмий тажрибаси асосида мусулмон олимнинг ишидан кўчириб олиб ёки унинг тажрибасини такрорлаб, «Сайёралар қуёш атрофида айланар экан» деса, у бечорани тафтиш маҳкамасига тортишди. Шу тариқа дин билан илм-фан бир-бирига қарши ашаддий душманга айланди. Охир-оқибат бу тортишув бутун бошли Европанинг ва кейинроқ оламнинг кўп қисмининг куфр келтиришига сабаб бўлди.

Ундан кейин нима бўлганини яна Дин Халверзондан олган иқтибосимизнинг давомидан билиб оламиз:

«Файласуф Рене Декарт (1596 - 1650 й.) «пирронизм» деб аталган ҳаракатни танқид остига олиб, черковни ҳақиқат манбаидан яна ҳам узоқлаштириб юборди. Пирронизм (милоддан аввалги 365 - 275 йилларда яшаган юнон скептик файласуфи Пирроннинг номи билан аталган) мутлақо ҳамма нарсани шубҳа остига олувчи назария бўлиб, ишончсизликнинг ўтакетган ашаддий кўриниши эди. Унга кўра ҳеч нарсага ишонч билан қараш мумкин эмас эди. Декартнинг «Cogito ergo sum» («Фикрлаяпман - демак мавжудман») деган машҳур иборасининг маъноси шундай эдики, у Пирроннинг усулини - ҳамма нарсани шубҳа остига олиш усулини унинг ўзига қарши қўйган эди. Яъни инкор қилиб бўлмас бир фактни: шубҳаланаётган одам ўзининг мавжудлигига ишончи комил бўлиши мумкинлигини исботлаган эди. Декартнинг мақсади «динни ислоҳ қилувчи» деган ном олиб, шухрат таратиш бўлмаган, бироқ ҳақиқатни топишнинг у таклиф этган янги усули насронийликни туб-тубигача ларзага солди».

Дин Халверзоннинг ушбу сатрларини ўқиб, кулгим келяпти. Дунёнинг қизик ишлари мени ҳайрон колдирмокда. Файласуф Рене Декартни дунёга машҳур қилган назариянинг ҳақиқий тарихини билганим учун кулгим келяпти, дунёнинг ажиб ишлари мени хайрону лол қолдирмокди. Келинг, сиз муҳтарам ўқувчини қийнаб, гапни чўзиб ўтирмасдан, бундан бир неча йиллар олдин чоп этилган китобимдаги ушбу назария ҳақидаги қиссанинг хулосасини келтириб қўяқолай.

«Ақийда илми ва унга боғлиқ масалалар» номли Китобимда бу борада қуйидагилар ёзилган:

«Имом Ғаззолийнинг жаҳон фалсафасида тутган ўрнини тушуниб олиш учун у кишини дунёда донғи кетган бирорта ғайримусулмон файласуф билан солиштириб кўриш лозим бўлади. Келинг, ўша файласуф уларнинг энг каттаси, «янги фалсафа отаси» унвонини олган франциялик машхур файласуф Рене Декарт бўлсин.

Декартни машҳур қилган асосий нарса унинг шак наза-риясидир. У ҳақиқий маърифатга эришишдан олдин шак зарурлигини таъкидлайди. Унинг бу назарияси имом Ғаззолийнинг шакларига жуда хам ўхшайди. Ғарбда имом Ғаззолийни билмаганлари учун, шак назарияси фақат Декартга тегишли, деган эътиқод ила уни кўкларга кўтариб мақтайдилар.

Шаркда имом Ғаззолийни билганлари учун, буюк файласуф Декартнинг назариясига ўхшаш гапни айтган шахс ҳам борлигини эслаб қўядилар. Баъзи бирлари журъат қилиб, Декарт ва имом Ғаззолийнинг шакларини солиштириб ҳам қўядилар.

Аммо бу борадаги ҳақиқатни ҳеч ким билмайди. Ушбу ҳақиқатни бу сатрларнинг котиби устоз Муҳаммад Саъид Рамазон Бутийнинг «Шахсиётун иставқофатни» номли китобларидан англади. У киши мазкур китобнинг 99-100-бетларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Сўнгра бу масалада барча иккиланиш ва ноаниқликка чек қўядиган васийқа - ҳужжат юзага чикди. Уни устоз Маҳмуд Бийжу доктор Зақзукдан нақл қилди. Унда айтилишича, тунислик тадқиқотчи Усмон ал-Каок раҳматуллоҳи алайҳи Декартнинг кутубхонасида имом Ғаззолийнинг «Мунқиз миназ-золал» китобининг таржимасини топган. Унда имом Ғаззолийнинг «Шак - яқийннинг, яъни ишончли илмнинг биринчи поғонасидир» деган машҳур ибораси Декартнинг эътиборини жалб қилганига ишора бор эди. Декарт мазкур иборанинг тагига қизил қалам билан чизиб қўйган ва унинг тўғрисига - ҳошияга «Бу бизнинг назариямизга кўчирилади», деб ёзиб қўйган экан.

Энциклопедиячи ва тарихий тадқиқотчи устоз Усмон ал-Каок раҳматуллоҳи алайҳи милодий 1975 санада Жазоирнинг Аннаба шаҳрида бўлиб ўтган Ислом фикрининг ўнинчи учрашувида маъруза қилди. Унда қандай қилиб Декарт имом Ғаззолийнинг назариясини ўзиники қилиб олгани ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Декартнинг ўз қўли билан ҳошияга ёзган нарсасини ўқиганини ҳам гапириб ўтди. Мен ўша учрашувда иштирок қилган ва унинг мазкур маърузасини эшитган юзлаб одамлардан бири эдим».

Ана холос! Милодий 1058 - 1111 йилларда Ислом оламида яшаган имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Мунқиз миназ-золал» - «Залолатдан қутқарувчи» номли китобининг бир четида айтиб ўтган қисқагина фикри ва бошқа оламшумул фикрлари учун «Ҳужжатул Ислом» номини олиб, дин ва диёнат, иймон ва эътиқод ҳимоячиси дея тан олинса-ю, имом Ғаззолийдан қарийб беш юз эллик йил кейин, милодий 1596 - 1650 саналарда яшаган ва у кишининг фикрини ўзлаштириб олиб, «янги фалсафа отаси» ун-вонини олган франциялик машҳур файласуф Рене Декарт насронийликни туб-тубигача ларзага солса! Яна бирон нарсага комил ишонч билан ишонишнинг асоси Худо эмас, инсон бўлиб қолишига сабаб бўлса!

Бундай ажабтовур ҳолатнинг асосий боиси - имом Ғаззолий эътиқод қилган ҳақ дин Ислом ва Рене Декартнинг нафратига сазовор бўлган черковдир. Мусулмон олами имом Ғаззолийнинг фикрларини ҳақ дин бўлмиш Ислом ақийдасига мос равишда қабул қилдилар ва динга бўлган эътиқодларида яна ҳам мустаҳкам бўлдилар. Европа олами эса Рене Декартнинг имом Ғаззолийдан ўзлаштириб олган гапларидан черковга бўлган нафратлари яна ҳам зиёда бўлиши йўлида фойдаландилар.

Ундан кейин нима бўлганини яна Дин Халверзондан олган иқтибосимизнинг давомидан билиб оламиз:

«Уйғониш даври (милодий 1600 - 1800 йиллар). Илм-фан эришган ютуқлар Маърифат даври келганини англатди. Одамлар илм-фанни ҳақиқатнинг пировард мезони даражасига кўтариб олдилар.

Фрэнсис Бэкон (1561 - 1626 й.), Роберт Бойль (1627 -1692 й.) ва Исаак Ньютон (1642 - 1727 й.) томонидан табиатдаги янги қонунларнинг кашф этилиши оқибатида инсон коинотни механизмга қиёслай бошлади. Бундай таққослаш эса коинотнинг асоси бўлмиш Худога бўлган эҳ-тиёжни бекор қилди.

Томас Гоббс (1588- 1679 й.), Дэвид Юм (1711 - 1776 й.) ва Иммануил Кант (1724 - 1804 й.) каби файласуфлар насроний дунёқарашларга яна бир кучли зарба бердилар. Гоббс материализм (моддиятчилик) фалсафасига асос солди. Бу фалсафа материяни (яъни моддани) коинот-нинг олий субстанцияси (асоси, унсури) деб ҳисобларди. Юм ўзининг «Инсон табиати ҳақидаги рисола»сида Инжилда баён этилган мўъжизаларнинг ҳақиқийлигига эътирозлар билдирди. Кант эса одамларни ўз ақлига, онгига таянишга, черков ҳукмининг кишанларидан халос бўлишга чақирди.

Бироқ маърифат эришган барча ютуқларга қарамай, XIX асрда ҳали кўпчилик одамлар, шу жумладан, олимлар ҳам ақлли Яратувчи Зотнинг борлигига ишонишар эди. Бунинг сабаби - ҳаёт ва борлиқнинг пайдо бўлиши масаласида креационизмга муқобил бўлган ва атрофимиздаги оламни очиқ-ойдин ва оқилона изоҳлай оладиган ҳеч қандай назария йўқ эди. Бироқ Чарльз Дарвин назарияси пайдо бўлгач, ҳамма нарса ўзгариб кетди».

Аммо европаликлардан қарийб минг йил олдин ҳақиқий илм ва фан ривожига эришган, бу борада барчага ўрнак ва устоз бўлган мусулмонларда ундай бўлмаган эди. Мусулмонларнинг илм-фан борасида эришган ютуқларининг ҳар бири уларни илм-фанга чорлаган ва ўз динларига бўлган иймон-эътиқодларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилган эди. Черков эса европаликларни илм-фандан тўсган ҳамда илмий кашфиёт ва ихтиролари учун уларни тафтиш маҳкамаларига тортган эди. Шунинг учун европаликлар илм-фанни динга - черковга қарши қўйдилар.

Ундан кейин нима бўлганини яна Дин Халверзондан олган иқтибосимизнинг давомидан билиб оламиз:



«Ҳозирги давр (1800 йилдан ҳозирги кунимизгача).

1859 йилда Чарльз Дарвин (1809 - 1882 й.) ўзининг «Турларнинг табиий танланиш йўли билан пайдо бўлиши» деган китобини чоп этди. Дарвин бу китобда «Ҳаёт шакллари онгли Худонинг ижодий фаолият маҳсули эмас, балки ўзгарувчанлик, наслийлик ва табиий танланиш натижасидир», деган фикрни илгари сурди. Эволюция назарияси пайдо бўлгач, илгари Яратганга иймон билан тўлиб турган бўшлиқни илмий изоҳлар билан тўлдириш имконияти туғилди. Эволюция назарияси кўплаб олимларнинг фикру хаёлини эгаллаб олди. Энди улар бу назарияни илм-фаннинг барча соҳаларига, ҳатто тарих (Маркс) ва психологияга (Фрейд) ҳам татбиқ эта бошлашди.

Дарвинизм оқибатида кўплаб одамлар Худога бўлган иймонидан ажради, энди уларга иймоннинг кераги бўлмай қолди. Агар инсоният ўз муаммоларини ҳал қилиб, порлоқ келажакка умид боғлаш йўлини қидираётган бўлса, одамлар ҳеч қандай Худога эмас, балки фақат ўз онги, ақли ва кучигагина суяниши керак, деган тушунча ҳосил бўлди».

Изоҳ: Европада бўлиб ўтган бу жараёнларнинг барчаси инсоф билан назар солган, ақли-ҳуши жойида бўлган ҳар бир инсонни ҳайратга солмай иложи йўқ. Уша пайтда Дарвиннинг фикрига ўхшаш фикрни айтаётган ва ёзаётганлар оз эмас эди, лекин нима учун айнан Дарвиннинг гапи мўъжизакор бўлиб, уни чуну чаросиз қабул қилиш керак бўлиб қолди? Нима учун Дарвиннинг «Турларнинг табиий танланиш йўли билан пайдо бўлиши» номли китоби чоп этилган куниёқ сотиб тугатилди? Ёки сотувга чиқмасидан олдин реклама шунчалик зўр бўлганмиди? Нима учун Европада кўплаб даҳолар, файласуфлар бор бўлиб туриб, ҳеч кимга танилмаган бир саёҳатчи биологнинг гапи борлиқнинг ва ундаги барча ҳакиқатларнинг мустаҳкам ва собит қонунига айланиб қолди?

Бунга ўхшаш саволларни инсофи бор европаликларнинг ўзлари ҳам ҳозиргача ўртага қўйиб, жавоб топа олмай келмоқдалар. Баъзи таҳлилчилар: «Дарвин ўз фикрларининг давомида турларнинг пайдо бўлиши ҳақида сўз юритиб, «Аллоҳ таоло» деган сўз ўрнига «табиат» сўзини ишлатиб қўйган. Ана шу «табиат» сўзининг ўрнига «Аллоҳ таоло» деса, олам гулистон эди. Ундан кейинги дарвинчилар ҳам ҳозиргача «табиатнинг моҳирлиги, усталиги» ва унинг бошқа «қобилият»лари ҳақида оғиз кўпиртириб гапирадилар, аммо ўша табиат нима эканини, унинг ўзини ким яратганини ўйлаб ҳам кўрмайдилар», дейишади.

Нима бўлганда ҳам, Дарвин кимлар учундир ўша гапни айтиши керак экан, у айтди. Одамлар ўша гапга эргашиши керак экан, улар эргашдилар. Эргашганда ҳам, кўр-кўрона эргашдилар ва ҳозиргача эргашмокдалар. Ёки ҳозиргача кўр-кўрона эргашишга мажбур қилинмокдалар. Энг ачинарлиси, «Дарвин ким ўзи? Нима учун унинг хаёлига келган ўйларини собит эътиқод қилиб олишимиз керак? У ҳам бизга ўхшаган одам-ку», деган саволлар ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмади. Мабодо мазкур гаплар кимнингдир хаёлига келган бўлса ҳам, унинг бошига тўқмоқ тушди. «Ҳали сен Дарвиндек зотнинг гапига шубҳа қиляпсанми?!» дейилди. Бу даҳшатли ҳақиқатга ҳозиргача чек қўйилгани йўқ. Мисол учун, милодий 2013 сананинг баҳорида Англиядаги таълим ишларини бошқарувчи тараф: «Ким Дарвиннинг назариясига қарши бўлса, биз унга таълим учун маблағ бермаймиз», дея жар солди. Агар шунга ўхшаш гапни бошқа бир тараф айтганида, демократияни поймол қилиш, инсон ҳуқуқларини топташ каби бир нечта моддалар асосида маҳкамага тортилиши турган гап эди. Aммo гап Дарвин ҳақида бораётгани учун мазкур тахдидга қарши ҳеч ким лом-мим дея олмади.

Маълумки, Дарвин уйида ўтириб олиб, хаёлига келган нарсаларни ёзиб, ушбу назарияни тақдим қилган. У айтган эволюцияни ва бошқа сафсаталарни ўзи ҳам, бошқа бирорта инсон ҳам кўрмаган, кўриши мумкин ҳам эмас. Агар Дарвиндан бошқа одам бундан кўра кучлироқ гапни айтса, европаликлар уни жиннига чиқаришлари турган гап. Чунки улар кўз билан кўриб, қулоқ билан эшитиб ва қўл билан ушлаб кўрмагунча, бирор нарсага ишонмайдиган моддапарастлар экани ҳаммага маълум. Аммо Дарвиннинг оғзидан чиққан ҳар қандай гапни муқаддас матн сифатида ушлаб олишлари ҳам фарз, ҳам вожиб!

Энг қизиғи, ўша вақтда Дарвиннинг шахсияти ҳақида, унинг келиб чиқиши, оиласи, ота-бобоси ҳақида ўйлаб кўрадиган одам бўлмаган. Баъзи бу мавзуда иш олиб борганлар, жумладан, Пётр Павелюк қуйидагиларни ёзади:

«Чарльз Дарвиннинг бобоси Эразм Дарвин (1731- 1802 й.) ўз вақтида «Зоономия ёки органик ҳаёт қонунлари» номли китоб ёзган эди. Уша китобда бир турдаги жонзотлардан бошқа турлар пайдо бўлиши баён қилинган эди. Бу китобни Рим Папаси ман қилинган китоблар рўйхатига киритган ва муаллифни черковдан чиқарган эди...

Чарльз Дарвиннинг отаси Роберт Дарвин ҳам шунга ўхшаш ишларни қиларди. Жазога тортилган жиноятчиларнинг танасини тилиб, ўрганар эди. Шунинг учун уни баъзилар олим дейишса, бошқалар жодугар дейишарди. У ҳам динга шак келтиргани билан машхур эди...

Чарльз Дарвин ҳеч қачон, ҳеч бир иқтидори билан ажралиб турмаган, унинг бундай нарсани ёза олиши ҳам мутлақо мумкин эмас. У етти йил ўқиб ҳам, мактабни тугата олмаган.

Сўнгра шифокор отасининг изидан борсин деб, уни Эдинбург университетига юборишади. У ерда икки йил ўқигач, Чарльз ўқишни ўзлаштира олмагани сабабли отаси уни тиббиёт университетидан олиб кетиб, Кембриж университети қошидаги «Масиҳ коллежи» деб номланган нуфузли диний билим юртига беради. Дарвин кейинчалик ўзининг ўқиш даври ҳақида қуйидаги самимий сатрларни битади: «Эдинбургда ва мактабда ўтган йилларим қанчалик беҳуда кетган бўлса, Кембрижда ўтказган уч йилим ҳам академик машғулотлар нуқтаи назаридан шундай беҳуда кетди», яъни «олим»нинг ўзи «фундаментал» тадқиқотлар соҳаси у ёкда турсин, ҳеч қандай мунтазам таълим ҳам олмаганини эътироф этган!

Жамият онгига аста-секин сингиб бориши учун китоб икки қисмга - «Турларнинг келиб чиқиши» ва «Инсоннинг келиб чиқиши» деган қисмларга ажратилган бўлиб, уларнинг бири иккинчисидан ўн йил кейин чоп этилган.

Шуниси қизиқки, замондошларининг гувоҳлик беришича, Дарвин омма олдидаги чиқишларида баъзан ўз асарининг айрим жойларини эслай олмас эди!

У хотираси заифлигини айтар ва иқтибос келтириш учун китобни очиб оларди. Афтидан, муаллиф фан технологлари томонидан тўқиб-чатилган ушбу даҳрий асарларни нафақат ўзи ёзмаган, балки тузукроқ ўқиб ҳам кўрмаган. Аммо иллюминатлар жамиятининг фаол ёрдами Дарвиннинг ожизона ақлий қобилиятларини хаспўшлаб турарди.

У билан учрашган ҳар бир одам унинг интеллектуал савияси пастлигини айтар эди. Унга бировлар ёзган асарни тутқазишган, у эса буни бир амаллаб ўзиники қилиб кўрсатишга уринарди. Бинобарин, реал Дарвин фақат аутентик (ҳақиқий) таржимаи ҳолдагина бор, холос».

Камина ходимингиз англиялик бир дарвинпараст билан суҳбатлашиб кўрдим. «Нима учун эволюция назариясига маҳкам ёпишиб олгансан?» десам, «Чунки уни Дарвин айтган» деб жавоб берди. «Дарвин ким?» сўрадим ундан. «Дарвин олим одам», деди. «Дарвиндан бошқа олим одам бўлиши мумкин эмасми?» дедим. У ўйланиб қолди. «Мисол учун, мен ёки сен бирор гапни айтсак, ҳамма Дарвиннинг гапини қабул қилганидек, қабул қилиши мумкинми?» дедим. Бир оз ўйланиб турдида, кейин бирибир Дарвин айтган гапга келтирган иймонидан қайтмаслигини таъкидлади.

Дарвиндан кейин у айтган гапларнинг пуч ва дунё тарихидаги энг катта алдов эканини фош қилувчи кўплаб илмий тадқиқотлар эълон қилинди. Аммо Дарвиннинг гапи ўрнида турибди.

Дарвин назариясини инкор қилувчи, унинг ҳеч қандай асосга эга эмас, ёлғондан иборат эканини минг марта тасдиқловчи илмий кашфиётлар қилинди. Мисол учун, яқинда АҚШдаги Массачусетс технология институтидан Хайман Хартман (Hayman Hartman), Калифорниядаги Сан-Хосе университетидан Лейла М.Койн (Leila М. Coyne), Бель-гиядаги Льеж университетидан Пьер Лацло (Pierre Laszlo), Глазго университетидан Грехэм К.Смит (Graham Cairns-Smith, 1931 - 2016) каби олимлар узоқ вақт олиб борган илмий тажрибаларнинг натижаси эълон қилинди. Унга биноан, балчиқда ҳаётга энг яқин ҳолат борлиги аниқланиб, ҳаётни Аллоҳ таолодан бошқа зот бера олмаслиги тасдиқланди. Аммо бу илмий ҳақиқат Дарвин назариясига тўғри келмагани учун шов-шув қилинмаяпти...

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг

"Олам ва одам, дин ва илм" китобидан