loader
Foto

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий

Ҳақиқат дарёси дурларининг ғаввоси ва тариқат султони Абу Муҳаммад Саҳл Тустарий 203/818 йилда Аҳвоз шаҳрида туғилган. Ёшлигидан амакиси Муҳаммад ибн Савор қўлида тарбияланган. Сўнг Аҳвоздаги мактаблардан бирида таълим олган. Улғайгач, илм излаб Басрага борган.

Мисрга бориб, кўнглидаги саволларга жавоб топа олмагач, Ободонга келиб, Абу Ҳабиб Ҳамза ибн Абдуллоҳ Ободоний қўлида таҳсил кўрган. Тустарга қайтгач, ҳаж сафарига жўнайди. Зуннун Мисрий билан учрашади. Унинг фазлу камолидан руҳланиб, унинг хизматига киради. Зуннун Мисрий унга пири муршиди бўлади. Тустарий шариату тариқатда, риёзату муомалада юксак мақомларга сазовор бўлган.

Абдуллоҳ Тустарий замонасининг «мустажоб уд-дуо»си эди, яъни дуолари билан кишиларни дарддан фориғ этган, ўзининг дардига эса сабр қилиб, «неки Тангридан келган хушдир»(Алигиер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 21-бет.) деган ҳикматга амал қилган.

Тустарий ўз даврининг фозиллари бўлган Ҳусайн ибн Мансур Ҳаллож ҳамда Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Аҳмад Ҳаририй билан суҳбатлашган. Умрининг охирги йилларида ҳам унинг атрофида 400 дан ортиқ мурид жамланган эди.

Абдуллоҳ Тустарий 283/895 йилда оламдан ўтган. Қабри Басрада.



Сахд ибн Абдуллоҳ масжидда ўтирган эди. Бир кабутар ўкдек учиб келиб, ўзини Сахднинг оёғи остига ташлаб, жон берди. Сахд деди:

- Бу соат Шоҳ Шужоъ Кирмоний вафот этди.



Одамлар Саҳлнинг сўзларини эслаб қолдилар. Бир неча кундан кейин чиндан ҳам ўша соатда Шоҳ Шужоъ Кирмоний вафот этгани ҳақида хабар тарқалди.



Гунохдардан нари юриш сиддиқ бандаларнинг қўлидангина келади.



Илмнинг шукри амалдир, амалнинг шукри илмнинг зиёда бўлишлигидир.



Сахд ибн Абдуллоҳни сув устида юриб кетаётганини кўришди.

Сўрадилар:

- Сув устида юрасан, қадаминг ҳам ҳўл бўлмайди. Шу ростми?

Саҳл деди:

- Муаззин ростгўйроқ, яхшиси ундан сўранглар.

Муаззиндан сўрашди. У шундай деди:

- Сахднинг сув устида юрганидан хабарим йўқ, лекин тунов куни кўлда ғусл қилаётганида сувга чўкишига бир баҳя қолди. Агар мен бўлмасам, ҳалок бўлар эди.

Шайх Абу Али Даққоқ деди:

- Унинг каромати ҳақ, элдан яшириш учун ўзини сувга чўккандек кўрсатди.



Бузрук зотлардан бири Саҳлни зиёрат қилиш учун уйига борди. Даҳлизда катта илон ётганини кўриб, ортига тисарилди. Бузрукворнинг қўрқиб, остонада туриб қолганини кўрган Саҳлдеди:

- Киравер, илон сенга тегмайди. Иймони ҳақиқатга етган киши Худодан бошқасидан қўрқмайди.

Тақводан ўзга озиқа йўқ, сабрдан ўзга амал йўқ.



Ҳар киши бир кеча-кундузда бир марта таомланса, сиддиқлар ғизоси бўлади.



Сахд Тустарийнинг амакиси Муҳаммад ибн Савор унга ўгит берди:

- Эй Саҳл, доим Аллоҳ билан бўлгин, кечалари уйғонганда айтгинки, «Аллоҳ мен билан бирга. Аллоҳ мени кўриб турибди. Аллоҳ менга гувоҳ бўлиб турибди».

Саҳл ибн Абдуллоҳ деди:

- Амаким ибн Саворнинг ўгитига амал қилиб, жуда кўп фазилатлар топдим.



Сўрадилар:

- Аллоҳ розилигига эришиш учун нима қилиш лозим?

Саҳл ибн Абдуллоҳ деди:

- Қуръон ҳукмига амал қилиш, Пайғамбар (с.а.в.) суннатига эргашиш, ҳалол ризқ топиш, ҳаромни тарк этиш, кимнинг ҳаққи бўлса, уни адо этиш, ёмон ишлардан йироқ бўлиш билан.



Аллоҳдан ўзга Қодир йўқ, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ўзга далил йўқ, тақводан ўзга озиқа йўқ, сабрдан ўзга амал йўқ.

Зарурати Худога бўлмаган одам ўз нафсининг гадосидир.

Аллоҳ билан ўзининг орасидаги муносабатга бошкаларнинг эътиборини тортмоқчи бўлган одам ғофилдир.



Ҳаёт тўрт алфозда ўтади. Фаришталар ҳаёти тоатда, анбиёларники илмда ва ваҳий интизорида. Солиҳ бандалар ҳаёти иқтидода, қолган барча одамларнинг, хоҳ олим бўлсин, хоҳ жоҳил, хоҳ дарвеш бўлсин, хоҳ зоҳид, хоҳ обид - ейишда ва ичишдадир.



Амаллар тавфиқ биландир. Тавфиқ Аллохдандир. Тавфиқнинг калити дуо ва тазаррудадир.



Бу иш (ҳақиқат)нинг боши шундай илмдирки, уни идрок қилиб бўлмайди, охири ҳам илмдирки, тамом бўлмайди, фақат ўз тажрибаси ва ўз феълидан сўзловчи кишигина бу илм ҳақида гапириши жоиздир



Банданинг Аллоҳ билан ўртасидаги энг катта тўсиқ даъво, иддаодир.

Ҳамиджон Ҳомидийнинг

"Тасаввуф аломатлари" китобидан