loader
Foto

Абу Абдуллоҳ Мағрибий

Риёзат, зухд ва парҳезкорликда барчага намуна бўлган Муҳаммад ибн Исмоил Абу Абдуллоҳ Мағрибий миллат шайхи ва авлиёларнинг устози деб улуғланган.

Абдуллоҳ Мағрибий 174/790 йилда таваллуд топган. Ҳиротлик Абулҳусайн Али Розийдан тасаввуф сирларини ўрганган. Иброҳим Хаввос ва Иброҳим Шайбон Кирмоншоҳий, Абу Бакр Бойкандийнинг устозидир.

Абдуллоҳ Мағрибий мева, сабзавот ва гиёҳ илдизлари билан чекланиб, бировнинг қўли теккан нарсани тановул қилмаган. Зеро, ҳалол луқмадан пайдо бўлган маърифат ва илоҳий файз туфайли инсон Аллоҳга яқинлашади ва илоҳий сирлар соҳибига айланади. Бир луқма ҳаром эса эришилган барча файз ва шукуҳни емириб, йўқ қилиб юборади.

Абдуллоҳ Мағрибий ҳамиша эҳром кийиб юрган.

Ҳамиша рўзадорлик билан кун кечириб, 125 йил умр кўрган.

Абдуллоҳ Мағрибий 299/911 йилда вафот этган. Қабри Тури Сино тоғида.



Абдуллоҳ Ансорий дейди:

- Абдуллоҳ Мағрибий ҳеч қачон қоронғуликни кўрмаган. Халққа зулмат бўлиб кўринган нарса Абдуллоҳ Мағрибий учун рўшнолик эди.



Шайх Мағрибий демишдир бўйлаким,

Кечди олтмиш, тунда тунни кўрмадим.

Етдим олтмиш ёшгаким, ҳайрат менга,

Бир замон юз очмади зулмат менга.

Сўфийлар сўйлаб бу сидқи қолини,

Тунда кўрдик, дедилар, аҳволини.

Дашт аро не тиканлар ғов эди,

Ой каби олдинда ул пешров эди.

Мағрибийни машриқий этмиш Худой,

Бахш этиб мағрибга машриқдек чирой.

Нури ул шамсу шамус андоқ эрур,

Хосу омлар бошида порлоқ эрур(Жалолиддин Румий. Маснавийи маънавий / Форсийдан Жамол Камол таржимаси. - Т.: «Мериус», 2010. 405-бет.).



Абдуллоҳ Мағрибий дейди:

- Отамдан бир уй мерос қолган эди. Уйни сотиб, пулини Каъба муҳожирларига тарқатишни ният қилдим. Шу мақсад билан Каъбага йўл олдим. Иўлда қароқчига дуч келдим.

Қароқчи сўради:

- Нима нарсанг бор?

Абдуллоҳ Мағрибий деди:

- Эллик олтиним бор.

Қароқчи деди:

— Пулларингни менга бер.

Абдуллоҳ пулларни қароқчига берди. У пулларни санаб, эллик олтин эканига ишонч ҳосил қилди. Сўнг олтинларни Абдуллоҳга қайтарди. Сўнг туясига миндириб, Каъбага олиб борди. Қароқчилигини ташлаб, тоат-ибодатга машғул бўлди. Бир муддат Абдуллоҳ Мағрибийнинг суҳбатида бўлиб, кўп риёзат чекиб, Ҳақ таоло дўстлари қаторидан жой олди.



Энг фазилатли иш вақтни мақсадга мувофиқ сарфлашдир.



Абдуллоҳ Мағрибий ҳажга кетаётган йигитга кўзи тушиб, ундан сўради:

- Нега баррия (дунёнинг қурукдик қисми)да озиқа ва уловсиз кетаяпсан?

Йигит деди:

- Ўнг ва чап тарафингга қара ва бошингни кўтар.

Юқорига ва қуйига қара, Аллохдан ўзгасини кўряпсанми?

Абдуллоҳ Мағрибий деди:

- Ҳар тарафга қарасам ҳам Аллоҳ ҳозирдир.

Йигит деди:

- Ҳамма ерда Раззоқ ҳозир бўлса, менинг ризқимни етказмасми?

Энг пасткаш одам бойга сохта таъзим этган кишидир. Энг иззатли одам эса фақирга бош эгиб, унга ҳурмат кўрсатган кишидир.



Абдуллоҳ Мағрибийнинг тўрт ўғли бўлиб, уларни турли касб-ҳунарга ўргатди. Ёронлари Абдуллохдан сўрашди:

- Нега ўғилларингизга ўзингизнинг касбингизни ўргатмайсиз?

Абдуллоҳ жавоб берди:

- Мендан кейин ўғилларим ўз меҳнатларининг ҳосилларидан ейдилар. Ҳар ерга борганларида «фалончининг ўғлиман» деб сиддиқлар жигарини қон этмайдилар. Пайғамбар (с.а.в.) ҳадисидирки, «Ўз меҳнатинг ва пешона теринг билан ризқтопиб егин, динингдан емагин». Зеро, дарвешларнинг энг яхшиси Аллоҳ берган ризққа рози бўлган ва ҳеч кимсадан бирон нарса тама қилмаган дарвешдир.



Дунёдан адолатлироқ нарсани кўрмадим. Унга хизмат қилсанг, сенга хизмат қилади. Дунёни тарк этсанг, у ҳам сени тарк этади.



Аллохдан рози бандалар Ер юзидаги амин бандалардир, улар бошқалар учун ҳужжатдирлар, ўшалар туфайли Аллоҳ халқни балолардан асрайди.

Ҳамиджон Ҳомидийнинг

"Тасаввуф аломатлари" китобидан