loader
Foto

Коррупцияни мағлуб этиш. Исломий андозалар

Агар дунё мамлакатларидаги коррупция даражаси харитасига назар ташласак, энг ачинарли ҳолат мусулмон мамлакатларида, энг ижобий кўриниш – АҚШ, Канада ва Европа мамлакатларида кузатилади.

Бу ҳолат қандай юз бериши мумкин, ахир мусулмонлар Аллоҳ бу гуноҳга ботганларни қаттиқ жазолашини яхши билишади. Наҳотки Худога ишонмайдиган аҳолиси кўпчиликни ташкил қиладиган давлатлар бу иллатни енгишга қодирлар? Ва ниҳоят, Ислом коррупция каби ижтимоий разолатга қандай муносабатда?

Берувчилар ва олувчилар

Коррупция деярли бутун давлат муассасалари тизимида учрайди. Пора олувчилар мактабларда, боғчаларда, ОТМларда, тиббиёт муассасаларида, милицияда, ҳокимиятда – ҳамма жойда бор. Одамлар орасида: "Пора бериш зарурати касалхонадан тортиб қабристонгача бўлган бутун ҳаётимизга ҳамроҳ бўлади" деган гаплар тарқалгани ҳам бежизга эмас.

Телевизор экранларидан ақлли амакилар нутқ сўзлаб, ушбу "нозик" масалани муҳокама қилиш учун йиғилишади ва унга қарши курашиш усулларини таклиф қилишади. Ҳамма бу фалокат жамиятда тартиб ва фаровонликни таъминлаш учун қилинадиган барча саъй-ҳаракатларни бекор қилишга олиб келади деган фикрга қўшилади, лекин шу билан бирга улар порахўрликдан воз кечишни истамайдилар.

Коррупциянинг пайдо бўлиши ва гуллаб-яшнашига сабабчи бўлган одамларни шартли равишда икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчиси - пора берадиганлар, иккинчиси - оладиганлар. Биринчи гуруҳга инсоний муносабатга, касалхоналарда муносиб тиббий ёрдам кўрсатиш ёки болани болалар боғчасига жойлаштириш учун пора беришга мажбур бўлган одамлар киради. Иккинчи гуруҳ – кўнгилли равишда пора берувчи, баъзан эса улардан пора олишни талаб қилувчилар киради, қоидага кўра, улар ўзлари учун бир қатор имтиёзларга эришишга ҳаракат қилади.

Россия Жамоатчилик палатаси «Коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлиги ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши сиёсатни амалга оширишдаги иштироки ҳақида» маъруза лойиҳасини эълон қилди. Вазият жуда хунук - сўнгги йилларда қабул қилинган қонун ва норматив ҳужжатларга қарамай, коррупция кучайиб бормоқда.

Жамоатчилик палатаси маълумотларига мувофиқ, унинг порталига ташриф буюрувчиларнинг 60%и, шунингдек, минтақаий жамоатчилик паллатаси аъзолари ва социологик тадқиқотлар қатнашчиларининг 43 фоизи мамлакатда коррупция барча ҳукумат даражаларида – федерал, минтақавий ва муниципал ҳокимиятда ўсишда давом этмоқда деб ҳисоблайди.

Мамлакат президентининг саъй-ҳаракатлари ва коррупцияга қарши барча чора-тадбирларга қарамай, афсуски, кутилган натижага ҳамон эришилмади.

Исломнинг муносабати

Ислом пора олишни ҳам, пора беришни ҳам қатъий тақиқлайди. Пора берувчи ҳам, олувчи ҳам Аллоҳнинг лаънатига учрайди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Аллоҳ пора берувчини, пора берувчини ва икковлари ўртасида юрувчи порасини лаънатласин», дейилган.

Бироқ пора таклиф қилувчи шахс пора бермаган тақдирда маълум бир мулк ёки бошқа нарсага эриша олмаса, бу ҳолатда у гуноҳкор бўлмайди ва унга Аллоҳнинг лаънати ёғилмайди, лекин пора берувчи Қиёмат куни жазодан қочиб қутулмайди.

Аллоҳ, шунингдек, тўғридан-тўғри пора олишдан ташқари, адолатсиз фойда олиш мақсадида ўз мавқеини суиистеъмол қилишни тақиқлайди, алдашни, тарозидан уриб қолишни тақиқлайди.

Савдода ёки уларнинг ҳуқуқларини амалга оширишда пул ишлаб олишга ҳаракат қиладиганлар Қиёмат куни Аллоҳ томонидан жуда қаттиқ жазоланади. Бу одамларнинг барчаси Қуръонда «ал-мутаффифун» - «ўлчовдан уриб қолувчилар» деб аталади. Уларга худди шу ном остида бутун бошли сура ҳам аталган бўлиб, унда Аллоҳ айтадики: «Вайл (вой) бўлсин, ўлчовдан уриб қолувчиларга. Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар. Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар. Ана шулар, албатта, қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми? Улуғ бир кунда» (Қуръон, 83:1-6)

Ислом мусулмонларни савдо, харид ва одамларнинг бошқа ҳуқуқларини амалга оширишда адолатга риоя қилишга чақиради: «Адолат ила ўлчанг ва тарозудан уриб қолманг» (Қуръон, 55:9). Одамларни алдаш натижасида қўлга киритилган мулк – мусулмон кишига тақиқланади ва у эгасига қайтариб берилиши лозим ҳисобланади.

Хўш, коррупцияни қандай йўқ қилиш мумкин? Унга бундан буён тоқат қилиб бўлмаслигини, албатта, биз ҳаммамиз тушунамиз, аммо бу касалликни қандай даволаш кераклиги биз учун унчалик аҳамиятга эга эмас. Агар биз инсоният тарихига мурожаат қилсак, уларнинг муваффақиятли ечимига оид кўплаб мисолларни топамиз. Айниқса солиҳ мусулмон ҳукмдорлари ҳаётидан.

Биргина мисол келтириб ўтамиз. Кўплаб олимлар томонидан бешинчи рошид халифа деб аталадиган Умар ибн Абдулазиз (розиаллоҳу анху) олмани жуда яхши кўрган ва бир куни, мусулмонлар билан уйда ўтирганида, олма ейишни истаётганини айтган. Шу пайт тасодифан бир қўшниси унга бир сават олмани совға қилиб жўнатади. Шунда халифа миннатдорчилик хати ёзади, лекин совғани қайтариб юборади. Одамлар ундан нима учун ўзи яхши кўрган олмани қайтариб юборганини сўрашади? Шунда Умар ибн Абдулазиз (розиаллоҳу анху) жавоб беради: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совғаларни қабул қилганлар, лекин мен бу ҳадянинг порага ўхшаб қолишидан қўрқаман».

Қадимги донишмандлар шундай дейишган: «Одамларнинг одатлари ҳукмдорларнинг урф-одатларидир. Ҳоким нима қилса, халқ ҳам шундай қилади».

Бинобарин, қуйидаги хулоса келиб чиқади: ҳокимият вакиллари жамият ботиб қолган иллатларга айнан улар жавобгар эканликларини англаб етмас ва яхшиланишни истамас экан, бирон нарса ўзгариши даргумон.

Абу Муслим таржимаси