loader
Foto

Абу Наср Саррож Тусий

Шарқда «товус ул-фуқаро» лақаби билан шуҳрат қозонган Абу Наср Саррож ўз даврининг буюк машойихларидан биридир.

Абу Наср Саррож 303/915 йилда Тусда таваллуд топган. Тус ва Нишопур мадрасаларида таълим олиб, калом ва ҳадис илмида беназир бўлиб етишган. Абу Муҳаммад Муртаъишга шогирд тушиб, тасаввуф илмини ўрганган. Сарий Сақатий ва Сахд Тустарий суҳбатида бўлиб, уларнинг дуосини олган. Абу Наср Саррож Қуръон оятларни шархдашда беназир бўлган.

Нафсининг залолатидан қутулган ва руҳи жисмидан устун бўлган Абу Наср Саррож ибодатларни қалб ҳузури билан адо этган. Унинг риёзату муомалатда улуғлигини ушбу мисол тасдиқлайди. Абу Наср рамазон ойида Бағдодга келган. Шунизия масжидидан унга ҳужра ажратишган. Саррож ҳайитга қадар Жомеъ масжидида имомлик қилган. Таровеҳ намозида Қуръонни беш марта хатм қилган. Масжид ходимларидан бири ҳар куни унинг ҳужрасига иккитадан нон олиб борган. Ҳайит ўтгандан кейин Абу Наср Тусга қайтиб кетган. Ходимлар унинг ҳужрасида бир ой давомида олиб келган нонларининг қандай бўлса шундайлигича турганини кўриб ажабланишган. Абу Наср рамазон ойида рўза тутган ва ноннинг ушоғига ҳам қўлини теккизмаган эди. Зеро, рўзада сўфийлар руҳан ва жисмонан покланиб, ҳидоят ва саодатга эришганки, Жунайд Бағдодий, Имом Аъзам Аллоҳ ризоси учун муттасил рўза тутишган(Фаридуддин Аттор. Тазкират ул-авлиё. 13-бет.).

Абу Наср Саррож «Китоб ал-лумаъ фит-тасаввуф» рисоласи муаллифидир.

Абу Наср Саррож 378/988 йилда вафот этган. Қабри Тус шаҳрида. «Насойим»да зикр этилишича, Абу Наср Саррож айтар эканки, «тобутни менинг қабрим теграсидан олиб ўтсалар, Аллоҳ мағфиратига олар»(Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 199-бет.). Бу башорат ҳукми би-лан тобутларни унинг қабри олдидан олиб ўтиб, дафн этишар экан.



Ялдо кечалардан бирида машойихлар маърифат хусусида суҳбат қилишар, ўчокда ловуллаб олов ёнар эди. Абу Наср Саррож беҳудлик ҳолатига тушиб, бошини олов устига қўйиб, Аллоҳга сажда қилди. Лекин олов унга таъсир этмади. Бу ҳолни кўрган муридлар қўрққанларидан қочдилар. Мажлисда хос кишилардан бир нечтаси қолди. Муридлар эртасига Абу Насрнинг ҳолини билиш учун уйига келдилар. Шайх соғ-саломат ибодат қилиб ўтирган эди. Муридлардан бири сўради:

- Эй устоз, олов нега сизга таъсир этмади?

Абу Наср Саррож деди:

- Ким бу даргоҳга ўзини тикса (бағишласа), оташ ҳам куйдира олмайди. Ишқ ошиқлар қалби ва кўксидаги оташдир. Ишқ Аллоҳ изнидан ташқари нарсаларнинг барини куйдиради.



Рамз - сўз зоҳирининг замирида яширинган ва ахди дилдан ўзга киши англай олмайдиган яширин маънодир.



Одоб борасида халойиқ уч тоифа бўлади: биринчиси, дунёвий кишилар, иккинчиси дарвешлар, учинчиси орифлар (валийлар) одобидир. Дунёвий кишилар одоб подшоҳларга иззат, катталарга ҳурмат, кичикларга шафқатда намоён бўлади. Дарвешлар одоби кўнгилни кичик тутиш, асрорни махфий сақлаш, ваъдага вафо қилиш ва ҳар ишни ўз вақтида адо этиш, нафсни ислоҳ қилишда намоён бўлади. Орифлар одоби илм (маърифат), ҳилм (юмшоқлик, тавозуъ), тақво (ҳар жиҳатдан парҳезкорлик), саҳв (хатоларни англаш), шукр (Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш), сидқ (ростгўйлик), вафо (аҳдга содиқлик), ризо (Аллоҳ тақдирига рози бўлиш), сафо (кўнгилни соф этиш), ишқ (муҳаббат)да намоён бўлади.



Тилнинг важд, завқу ҳол, ҳаяжон ҳолида айтганлари иддаога (муддао, орзу, даъво) яқин бир манбадан чиққан калимадир.

Ҳамиджон Ҳомидийнинг

"Тасаввуф аломатлари" китобидан