loader
Foto

“Овертон ойнаси” ёҳуд “йўқ қилиш технологияси”

XX асрнинг саксонинчи йилларида АҚШдаги “Маккинак” сиёсий тадқиқотлар марказида социолог-олим Жозеф Овертон томонидан ҳозирда “Овертон ойнаси” ёҳуд “йўқ қилиш технологияси” деб номланувчи сиёсий технология ишлаб чиқилди. Аввал сир сақланган мазкур технология, Овертоннинг ўзи томонидан кейинчалик омма эътиборига ҳавола этилди. Қизиғи шуки, орадан кўп ўтмай Жозеф Овертоннинг ўзи ҳам кичик самолёт ҳалокати сабабли, шубҳали тарзда ҳалок бўлди. Бироқ, “йўқ қилиш технологияси” аллақачон ишга тушириб юборилган эди...

Хўш, “Овертон ойнаси” ёҳуд “йўқ қилиш технологияси”нинг ўзи нима? Унинг бизга нима қизиғи бор?

Қуйида мазкур сиёсий технология билан танишиб чиққач, жаҳонда ва ён-атрофингизда содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларга бошқача назар билан қарай бошласангиз, ажабмас.



Шундай қилиб, “Овертон ойнаси”га кўра, исталган нарсани, ҳаттоки илгари ақл бовар қилмаган нарса ва ҳодисаларни қонунийлаштириш ва, ҳаттоки, бутун бошли миллатлар учун “қадрият” даражасига олиб чиқиш мумкин. Бунинг учун ҳар қандай жамиятда “имкониятлар ойнаси” мавжуд. Бу “мияни тозалаш” эмас, бу жуда юқори самара билан ишловчи ва амалда ўз исботини топган аниқ сиёсий технология бўлиб, минглаб ядровий қуроллардан ҳам даҳшатли оқибатларга олиб келади.

Мутахассислар “Овертон ойнаси”ни қуйидаги босқичларга бўлишган:

биринчи босқич (бошланғич нуқта) – ақл бовар қилмайдиган масала;

иккинчи босқич – ўта кескин (радикал) ҳолат;

учинчи босқич – ўйлаб кўрса бўладиган ҳолат;

тўртинчи босқич – нозик масала;

бешинчи босқич – машҳурлик;

олтинчи босқич – давлат сиёсати даражасидаги масала.

Биз эса, юқоридагиларга қўшимча тарзда, еттинчи босқич – “халқларнинг йўқ бўлиб кетиш босқичи”ни қўшиб қўямиз.

Келинг, буни муайян мисолда кўриб чиқайлик.

Бунинг учун бизга ҳозирда ақл бовар қилмайдиган, яъни биз учун ҳозирги пайтда фараз қилишнинг ўзи қийин бўлган нарса зарур бўлади. Айтайлик, каннибализм – одамхўрлик, яъни одамнинг одам томонидан ейилиши.

Хўш, фуқароларнинг бир-бирларини ейиш ҳуқуқини қонунийлаштиришга нима дейсиз?

Жуда ҳам жирканч ва ўта қўпол мисол. Тўғрими?

Демак, одамхўрлик биз учун ҳозирда, яъни 2014 йилда, биринчи босқич – “ақл бовар қилмайдиган масала” босқичида турибди. Агар ҳозирда каннибализмни жамиятда илгари сурадиганлар бўлса, жамиятнинг тепа сочи тикка бўлиши аниқ. Ундайларни “ақли заиф” ва “руҳий касал”га чиқаришади. “Имкониятлар ойнаси” учун бундай ҳолат ҳозирда нольга тенг, яъни бунинг имконияти умуман йўқ.

Ҳозирча одамхўрлик жамият учун ўта жирканч ва умуман қабул қилиб бўлмайдиган масала сифатида қолмоқда. У ҳақида на оммавий ахборот воситалари орқали ва на бир фаросатли давраларда гапириб бўлади. У ҳар томонлама таъқиқланган ва одамхўрликнинг ҳар қандай қўриниши учун кескин жазо чоралари назарда тутилган ҳолат бўлиб турибди.

Шундай қилиб, “Овертон ойнаси” воситасида каннибализм масаласини “ақл бовар қилмайдиган масала” босқичидан иккинчи босқичга – “ўта кескин (радикал) ҳолат” босқичига ўтказамиз.

Хўш, бунинг учун бизда нима бор? Бизда сўз ва фикр эркинлиги бор! Қандай ҳам яхши!

Нимага энди одамхўрлик ҳақида гаплашмас эканмиз?! Ҳеч бўлмаганда, олимларимиз бу ҳақида фикр юритишсин. Улар ахир олим-ку! Улар учун таъқиқланган мавзунинг ўзи йўқ. Улар ҳар қандай нарса ҳақида гапиришлари, фикр юритишлари, тадқиқотлар олиб боришлари лозим. Шундай экан, келинг, этнологик симпозиум ташкил этамиз ва унда “Полинезия қабилаларининг экзотик одатлари” мавзусида суҳбат қурамиз. Тадбир доирасида бира тўла каннибализм ҳақида ҳам фикр алмашиб, унинг келиб чиқиш тарихини ва “ватани”ни ҳам белгилаб оламиз. Шу йўсин, каннибализм мавзусини илмий доирага киритиб, “нуфузли” олимларнинг у ҳақидаги фикрларини оламиз. Қаранг-а, одамхўрлик ҳақида гапирса ва айни пайтда ўз илмий нуфузини сақлаб қолса бўларкан. Во, ажабо! “Овертон ойнаси” ўз ҳолатидан силжиди, кенгайди, яъни одамзот дунёқарашини ўзгартириш учун асос яратилди. “Ақл бовар қилмайдиган ҳолатдан” асталик билан “ўта кескин (радикал) ҳолат”га ўтдик.

Эндиликда, илмий мунозаралар кетаётган бир пайтда, бизга зудлик билан биронта “Радикал одамхўрлар жамияти” керак бўлади. Майли, у ҳозирча фақат интернет тармоғида бўла қолсин. Ҳечкиси йўқ, керакли ахборот воситалари бундай жамиятни тезда “илғаб оладилар” ва у ҳақида маълум қиладилар.

Биринчидан, бу ҳам фикр билдиришнинг воситаларидан бири. Иккинчидан эса, бундай радикаллар одамларни қўрқитиш учун керак. Улар “ёмон канибаллар” ролини ўйнайди, бошқа тарафда эса “ўзгаларни оловда ёқишга чақираётган фашистлар” ҳам бўлади. Одамларни қўрқитиш ҳақида қуйироқда яна тўхталамиз.

Бошланиши учун, масалан, “илғор” британиялик олимларнинг “одам гўштини ёйиш” ҳақидаги фикрларини керакли ОАВларда эълон қиламиз. Бунинг учун жаҳондаги барча етакчи ОАВлар бизнинг ихтиёримизда. “Овертон ойнаси” натижа бера бошлади – каннибализм илмий доирага киритилди. Бу борадаги таъқиқларга чек қўйилди. Табулардан воз кечилди. Муаммонинг бирламчилиги парчаланди.

Ойна эндиликда кейинги босқичда янада кенгайтирилади. Одамхўрлик масаласини энди “ўйлаб кўрса бўладиган ҳолат” босқичига ўтказамиз.

Бу босқичда “илғор” олимларнинг фикр-мулоҳазаларидан иқтибослар келтиришда давом этамиз. “Илм-фан”дан юз ўгириб бўлмайдику, ахир. Каннибализм ҳақида фикр юритишдан юз ўгираётганлар эса “қолоқлар” ва “эскилик сарқитлари” сифатида кўрилиши керак. “Қолоқлар”ни танқид қилиш баробарида, одамхўрликка энди янгича, жозибадор ном топиш зарур.

Диққат қилинг! Бу босқичда айни жозибали номни шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ақл бовар қилмайдиган ғояни қонунийлаштириш учун унинг асл номини алмаштириб қўйиш керак. “Каннибализм” ёки “одамхўрлик” йўқ, у энди, масалан “антропофагия” деб номланади. Лекин бу номни ҳам кейинроқ алмаштиришади. Қарангки, бундай атама ҳақоратомуз маънога эга экан.

Янги-янги номларни ўйлаб топишдан мақсад – масала моҳиятини унинг номидан айириш, сўз шаклини унинг мазмунидан узиб олиш, тилни ғоявий қарама-қаршиликлардан тозалаш.

Шундай қилиб, каннибализм антропофагияга, кейинроқ эса антропофилияга айланади. Ҳуддики жиноятчи ўз исми-шарифини ўзгартирганидек, биз ҳам номларни ўзгартириш ўйинида давом этамиз. Шунинг баробарида, асос бўлиб хизмат қилувчи прецедент (аввал бўлиб ўтган воқеа)ни яратиш устида иш олиб борамиз. Бундай прецедент хоҳ тарихий бўлсин, хоҳ – афсонавий, хоҳ – тўқиб чиқарилган, хоҳ – замонавий бўлсин, бунинг аҳамияти йўқ. Асосийси унинг легитим бўлишида, яъни муайян одамлар доирасида қабул қилинган урф-одатлар, қоида ва қонунлар асосида бўлган бўлиши керак. Бу биз учун антропофилияни, “умуман олганда, қонунийлаштириш мумкин” бўлиши учун зарур.

“Ташналик ва очликдан ўлаётган болаларини ўз қонидан ичириб сақлаб қолган жасур она ҳақидаги афсонани эслайсизми?”, “Антик даврдаги худоларничи? Улар умуман ҳамма нарсани истеъмол қилишган. Римликларда бу норма эди!”, “Қадимий шаманлар одамларни ўз илоҳлари йўлида қурбонликка сўйишган”, “Насронийларчи? Уларда антропофилия билан ҳаммаси доимо жойида бўлган. Улар ҳанузгача ўз худоларининг қонини ичишади. Сиз насроний черковни айбламассиз, ахир? Умуман олганда, бошқаларни айблашга нима ҳаққингиз бор? Сиз кимсиз ўзи?”.

Мазкур босқичнинг асосий мақсади – одам ейишни, ҳеч бўлмаганда, қисман бўлса-да, жиноий жазоланадиган ижтимоий хавфли қилмиш рўйхатидан чиқаришдан иборат. Ҳеч бўлмаганда, қайсидир жойда ва қайсидир вақтда шундай қилиш зарур. Бундай натижа қўлга киритилгач, “қовун қовундан ранг олиши” бошланади, “Овертон ойнаси”ни янада кенгайтириш имконияти туғилади.

Одамхўрлик энди “нозик масала” босқичини ҳам тугатиб, “машҳурлик” томон йўл олади.

“Одамларни ейиш истаги генетик илдизларга эга, бу одам табиатига хос нарса”, “Баъзида одамни еб қўйиш керак бўлади, бунинг учун муайян ҳолатлар мавжуд”, “Ўзларини еб қўйишларини хоҳловчи одамлар бор”, “Одам гўшти инсон соғлиғи учун фойдали”, “Антропофилларнинг жаҳлини чиқаришган!”, “Таъқиқланган мева доимо ширин бўлади”, “Эркин одам нимани истеъмол қилишини ўзи белгилаши керак!”, “Одам гўштини ея олмаётган бечора аёллар! Одам гўштини ейишни сизга атайлаб таъқиқлаганлар. Воҳ, бечора, эзилган аёллар!”, “Одамлардан маълумотларни яширманг. Ҳар ким ўзи учун ҳал килсин – у антропофилми ёки антропофобми”, “Антропофилиянинг зарари борми ўзи? Буни ҳеч ким исботлаб бермаган”.

Ижтимоий онгда муаммо учун сунъий равишда “кураш майдони” яратилди. Энг чеккада одамларни қўрқитувчи радикал шахслар, жамиятлар, турли ҳаракатлар ва бошқа тузилмалар махсус равишда яратилади ва молиялаштирилади. Одамхўрликка нисбатан ҳанузгача қарши бўлганларни ўша радикаллар қаторига қўшиб қўйилади. Бундай қўрқитувчилар “ақлдан озган психопатлар”нинг ролини ўйнайдилар. Улар бу ҳақида билишлари шарт эмас. Бунинг учун уларнинг онгига эга чиқиш ва уларни ўзлари билмаган тарзда бошқариб туриш керак. Ҳайриятки, бунинг учун замонамизнинг имкониятлари жуда ҳам кенг. Радикаллар антропофилларга нисбатан тажовузкор ва вахший бўлишлари ҳамда, умуман олганда, одамхўрларни, жуҳудларни, коммунистларни ва негрларни ўтга ташлашга чақиришлари керак.

Бу босқичда ОАВнинг асосий имкониятлари антропофилия тарафдорларига берилади. Уни қонунийлаштиришга қарши бўлганларнинг овозлари ОАВ орқали деярли янграмайди. Ҳа, майли, “адолат” ва “плюрализм” учун антропофилияга қарши бўлганларга ҳам ўз фикрларини айтиш учун имконият берайлик. Бизда, ахир, газета ва журналларнинг камдан-кам одам ўқийдиган варақлари ва жойлари ҳам бор-ку! Телевизор ва радиони ҳам кун бўйи эшитавермаймиз, ахир. Улар ҳам чиқиш қилишсин, майли энди. Бунинг учун ҳамма ухлайдиган тун соатлари, “иш қизиб турганда телевизор кўришга бало борми?!” деб номланувчи соатлар ҳам бор. Жуда бўлмаса, зерикарли сарлавҳа остида бериш ҳам мумкин, ёки ўша мақола ёнига жуда ҳам қизиқарли маълумотларни ёки “текин совғалар мавсуми” ҳақидаги хабарни жойлаштириш мумкин. Боринг, ана, хажм борасида устунлик барибир антропофилия томонида бўлади. Бунинг учун бизда “юқори малакали” ва “ростгўй” журналистларимиз ва “ҳақиқатпарвар” теле ва радиоканалларимиз етарли. Уларни ўз вақтида етарли даражада “мойлаб турсак” бас. Ҳар қандай одамда эса “тўда инстинкти” бор. Тўда қайси томонга юрса, қўй ҳам ўша томонга кетади. Бу исботланган.

“Олимлар” ва “журналистлар” антропофилия фойдасига сўз юритиб, “инсоният тарихида бир-бирини еб туриш ҳолатлари жуда ҳам кўп бўлган ва бу нормал ҳолат” кабилидаги фикрларни илгари суришади. Фаол “олимлар”, “муҳбирлар”, “антропофилларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар” нуфузли халқаро ташкилотларнинг махсус мукофотлари билан тақдирланадилар, эл оғзига тушадилар.

Антропофилия мавзуси энди “машҳурлик” даражасига эришди. “Овертон ойнаси” ўз ҳаракатида давом этади.

Бу босқичда антропофилияни поп-контент билан қўллаб-қувватлаш керак. Унда тарихий ва афсонавий шахсларнинг образлари, замонавий поп-юлдузлар, шоуменлар, кино юлдузлари, махсус ўйлаб топилган замонавий “қаҳрамонлар” иштирок этадилар. Антропофилия оммавий тарзда янгиликлар ва ток-шоуларга кириб боради. Одамларни кенг прокатга чиқариладиган фильмларда, қўшиқ ва видеоклипларда, катта концерт дастурларида, мусиқа танловларида, спорт ареналарида ейишади. Айтганча, болалар учун махсус кўрсатувлар, мультфильмлар ва кино асарларини яратишга, улар онгига одамни одам томонидан ейиш ғоясини усталик билан сингдиришга эътибор қилишимиз зарур. Ахир, болалар – эртанги кунимиз. Бугунги ишларимизни эртага давом эттира оладиган мустаҳкам издошларимизни тарбия қилишимиз керак.

“Сиз фалончи қўшиқчи ёки кино юлдузи антропофил эканини эшитдингизми?”, “Жаҳонга машҳур фалончи рассом ёки бастакор аслида антропофил бўлган экан. Бунинг учун у бечорани қамашган ҳам экан”, “Уларнинг қанча-қанчаларини жиннихоналарга тиқиб юборишган экан-а!”, “Фалон ерда илгари бундайларни мамлакатдан ҳайдаб чиқаришган экан”, “Айтганча, Леди Гаганинг янги “Eat me, baby!” қўшиғини эшитдингизми?”, “Бу йилги “Евровидение” танловида антропофил ғолиб бўлибди. Унга миллионлаб одамлар овоз беришибди!”, “Бизникига янги йил кечаси Қор Бобо кийимида бир антропофил келди. Биз уни атайлаб чақиртирдик. Кўз ўнгимизда Қор Қизнинг бармоғини еб берди”, “Анави антропофил сузиш бўйича жаҳон чемпиони бўлибди”.

Бу босқичда антропофилия мавзуси автоном тарзда ишлай бошлайди. ОАВ, шоубизнес, спорт ва сиёсатда ўз ўрнига ва тарафдорларига эга бўлиб улгуради. Ўз байроғи, қоида ва урф-одатлари, нишонланадиган саналари ўйлаб топилади. Кийим-кечакларда антропофилия аломатлари ва белги-нишонлари акс эттирилади. Махсус “мода”лар жорий этилади. Бунинг учун одамлар психологияси, аудио ва визуал қабул қилиш хусусиятлари эътиборга олинади, шунингдек сезги органларига самарали таъсир этиш усулларидан фойдаланилади.

Қонунийлаштириш тарафдорларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, бошқа бировни еб қўйган жиноятчини “инсонийлаштириш” ва унинг учун ижобий образ яратишга урғу берилади. “Улар ижод аҳли, ахир. Хотинини еб қўйибди. Хўш, бунинг нимаси ёмон?”, “Улар ўз қурбонларини чин муҳаббат ила севишади. Еб қўйибдими, демак, севади”, “Билсангиз, антропофилларда IQ даражаси анча баланд бўлади”, “Антропофилларнинг ўзлари жабрланган шахслардир. Уларни бу ишга ҳаёт мажбур қилган”, “Уларнинг айби йўқ, улар шундай тарбия кўрганлар”. Бундай гап-сўзлар кенг омма онгига телевидение, радио, интернет, газета ва журналлар орқали доимий ва тизимли равишда сингдириб борилади.

“Биз сизга антропофилиянинг таъсирли бир ҳикоясини сўзлаб берамиз. Йигит қизни еб қўймоқчи эди. Қиз эса йигит уни еб қўйишини жуда истарди. Биз ким бўлдик-ки, уларни айбласак?! Бу соф муҳаббатдир, балки? Севги йўлига тўғаноқ бўлишга нима ҳаққингиз бор?”, “Қоида ва стандартларни биз белгилаймиз!”

Мавзу етарли даражада қизиди. Энди “Овертон ойнаси”ни навбатдаги – “давлат сиёсати даражасидаги масала” босқичига силжитса ҳам бўлаверади. Панада юрган лоббист гуруҳлар очиқ майдонга чиқадилар ва бирлашадилар. Юқори давлат лавозимларига бирин-кетин антропофил шахсларни тайинлаш бошланади. Ижтимоий сўровларнинг натижалари эълон қилинади. Сўровларга кўра, “антропофилияни қонунийлаштириш тарафдорлари кўпчиликни ташкил этиши” аниқ бўлади.

Сиёсатчилар антропофилияни қонунийлаштириш ҳақида ўзларининг дастлабки чиқишларини қила бошлайдилар. Махсус белгиланган ташкилотлар “Антропофолияни қонунийлаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини таклиф эта бошлайдилар. Турли даражадаги “олимлар”, “экспертлар”, ҳар-хил ташкилотларнинг вакиллари иштирокида илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказилади. Уларнинг иши ОАВда атрофлича ёритиб борилади. Кенг омма онгига “Одам ейишни таъқиқлаш таъқиқланади” тушунчаси сингдирилади. Азалий урф-одатлар, қадриятлар ва дунёқарашни ўзгартириш мақсадида, уларнинг мазмуни антропофилия фойдаси томон буриб юборилади.

Антропофилия ғояларини илгари суриш учун мавжуд халқаро ташкилотларнинг ҳам имкониятларидан нима учун фойдаланмаслигимиз керак?! Улар ҳаражатларининг асосий қисмини ким тўлайди, ахир? Биз у ерга “юқори малакали” ва “айтганимизни сўзсиз” бажарадиган ходимларни тўплашимиз, уларга катта маош тўлашими зарур. Бошқалар кўриб, ҳавас қилсин. Айтганча, эсимдан чиқай дебди, бирон нуфузли халқаро ташкилот доирасида “Антропофилия ва одам гўштини истеъмол қилиш ҳақида умумжаҳон декларацияси”ни қабул қилиш керак. Бундай ҳужжат ҳамма учун дастурул амал бўлиб хизмат қилсин. Керак бўлса, у билан гапимизга кирмайдиганларнинг бошига урамиз.

“Либерализм”, “демократия”, “сўз ва фикр эркинлиги” яратиб бераётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланишда давом этамиз. “Илғор” фикрлар ва “замонавий мода”га ҳали ҳам қарши бўлганларни аёвсиз калтаклашда давом этамиз, “қолоқлик”да айблашни кучайтирамиз, керак бўлса, жазолаймиз ҳам.

“Овертон ойнаси”нинг ушбу босқичида жамият синдириб бўлинди, “ўлдирилди”. Ҳали ҳам тириклик аломатларини кўрсатаётган саноқли кишилар ва гуруҳлар одамхўрликни қонунийлаштиришга қарши бир амаллаб курашишда давом этар, балки. Лекин жамиятнинг асосий қисмига, ўзагига болта урилди. У қулади, забт этилди.

Одамхўрлик қонунийлаштирилди, инсоний муносабатлар издан чиқди, мавжуд бўлишнинг асосий шартлари бузиб ташланди. Ҳеч қандай муқаддас тушунчалар ва туйғулар қолмади.

“Халқларнинг йўқ бўлиб кетиш босқичи”да бутун бошли миллатлар ва халқлар бирин-кетин ўзларини жарга отдилар. Инсоният таназзулга учради.

Лекин... лекин... олис тропик оролларнинг бирида... мусаффо ҳаво, илиқ қуёш нурида, шаффоф уммон сувларининг оқ қумли соҳилларида “сараланган кишилар” гуруҳи ўз “ғалаба”сини нишонламоқда... қўй гўшти, мол гўшти, балиқ гўштидан сара таомларни истеъмол қилмоқдалар. Одам гўштини ейиш уларнинг тушига ҳам кирмаган. Улар одамхўр ҳам, антропофил ҳам яна бошқача “...фил” ҳам эмас... улар – шайтон малайлари. Бундайлар ва уларга эргашганларнинг тақдири эса азалдан аён.



Азиз дийндошим, миллатдошим,

Қадрли ака-укаларим, суюкли опа-сингилларим!



Огоҳ бўлинг! Атрофга теран назар ила боқинг! Чуқур мулоҳаза юритинг!

Билим олинг, ҳақ илмга интилинг. Ҳалолни ҳаромдан ажратинг. Тақво қилинг. Дуони кўпайтиринг. Ҳақ йўлда собитқадам бўлинг. Таълим-тарбияда ҳушёр бўлинг, зеро: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё халокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”.

“Овертон ойнаси” кенгайишига йўл қўйманг!

Интернет материаллари асосида

Абу Муслим тайёрлади

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

«Янги дунё» тартиботи