Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) “Жамал жангчилари” ҳамда Шом аҳли бўлган “Сиффин жангчилари” билан вазиятни тинчлантириш учун урушишга мажбур бўлдилар. Ҳар бир фасл ҳақида у воқеаларнинг тўғри ёки нотўғри томонларини айтиб ўтамиз.
Жамал жангидан гапни бошлайдиган бўлсак, айтамизки, албатта, Али (розияллоҳу анҳу) бу ишда тўғри эди. Чунки унинг раҳбарлиги, биз баён қилганимиздек, тасдиқланган эди. Бошқаларга эса унга бўйинсуниш ва итоат қилиш шарт бўлган. Ким бош тортса, мухолифларга қарши қаттиқ туришга тўғри келади. Шунингдек, уни итоатга чақириши ва унинг фикри хато эканини тушунтириб қўйиш раҳбарнинг зиммасидадир. Бунинг ортидан гап-сўз тарқалиб кетиши сабабли зарарларнинг келиб чиқишини ҳамда мусулмонларнинг саботига дарз кетиши мумкинлигини (тушунтириб қўйиш керак). Итоатсизликдан қайтмасалар, Аллоҳ таолонинг амрига бўйинсуниб жанг қилмоғи керак. Али (розияллоҳу анҳу) ҳам уларга қарши тўғри маънода жанг қилди. Аллоҳ таолонинг ҳақини адо этиш учун (жанг қилди). Юқорида келтирилган далилларга асосан, унинг раҳбарлиги тасдиқлангани учун бу ҳақда бирон одам низолашмади.
Аҳли Сиффин билан жанг қилгани ҳам шундай. Гапимизни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан келган бир ривоят тасдиқлайди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Албатта, биз Танзил (Куръони карим) учун урушганимиздек, сен таъвил(Таъвил - луғавий маъноси: қайтиш. Истилоҳда эса бир сўзнинг маъносини буриш ва уни хаёлга илк келадиган маънодан бошка маънога ёки кучли маънодан кучсиз маънога қайтаришдир. Яна қаранг: Муҳаммад Анвар Бадахшоний. Ақидат ат-таҳовия шарҳининг талхиси. Таржимон шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тошкент, 2015. Бу ердаги маъноси: хаворижлар билан бўладиган жанглар.) учун жанг қиласан”. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг жанглари Танзил (Куръони карим) учун бўлди. У зот бу борада ҳақли эдилар. Али (розияллоҳу анҳу)нинг жанглари “таъвил” учун бўлди ва у бу борада жанг қилишга ҳақли эди.
Энди Талҳа ва Зубайр мажбурликдан байъат беришган, деган фикрига келадиган бўлсак, бу гап - нотўғри. Чунки уларнинг байъатлари бўйинсунишдан бўлганига нақллар борлиги аниқ. Шу билан бирга, Али (розияллоҳу анҳу)нинг халифалиги улар байъат беришларидан олдин аниқ бўлган.
Талҳани Али (розияллоҳу анҳу)га биринчи бўлиб (байъатга) қўл берган деб ривоят қилинган хабарлар ҳам бор. Бундан масжид аҳлидан бўлган инсонларнинг биринчиси бўлиб қўл бергани назарда тутилган. Ёхуд ровий у биринчи эди деб гумон қилган. Чунки у қечқурун байъатга келганлар орасида бўлмаган. Талҳанинг байъати эса байъатнинг эртаси куни эрталаб бўлган.
Яна улар айтадилар: “Биз сенга Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг қотилини қатл қилишингга байъат берамиз”, дейилган ривоятни келтирадилар. Бу ҳам нотўғри. Чунки Усмоннинг қотиллари бузғунчилар (исёнчилар) эди. Шунга кўра, бузғунчилар қарши ва қайсар бўлсалар, қайсарлигига қарши уруш қилинади. Уларнинг қарши бўлгани маълум ва уни қатл қилишганда эса қайсар ҳолатда эдилар. Шу боис бир неча ишлар орқали ундан ўч олишлари сабаб бўлиб, уни қатл қилишни ўзларига эп кўрдилар.
Бузғунчига ҳукм чиқариш қуйидагича бўлади. Агар у адолатли раҳбарга бўйинсунмаса, унинг ўтган безориликлари, яъни адолатли раҳбарларнинг молини талафотга учратгани, қон тўккани ва жароҳат етказгани учун жазога тортилмайди(Бу масалада аввал тартибга чақириш ва жамоат фикрига қўшилиш тавсиялари қилинади.). Агар шундай бўлса, қандай қилиб унга бундай шарт қўйишлари тўғри бўлади? Баъзи фақиҳлар наздида бундай ҳолатда у жазога тортилади, ҳам дейилади. Лекин раҳбарга икки ҳукмдан бирини бажаришни шарт қилиш умуман нотўғри. Шундай экан, бирон киши Али (розияллоҳу анҳу)дан буни талаб қила олмайди ҳамда талабга биноан, уларни қатл қилиши ёки йўқ қилиши шарт эмас. Шунингдек, ким бузғунчилар бу ишлари учун жазоланиши керак, деса, албатта, бу иш раҳбарга тегишлидир. Уларнинг қайсарликларини йўқ қилиш раҳбарнинг зиммасида. Шунингдек, фитналардан омонда бўлиш, одамларни ваҳимага солмаслик ва ишлар жиддий тус олиб кетмаслиги учун буни бажариш керак. Бу айтилган маънолардан бирон нарса ҳосил бўлмайди. Балки уларнинг обрўсига путур етмайди. Куч-қувватлари равшан бўлаверади.
Қайсарликлари ўзларининг ҳолатича тураверади. Қавмнинг азму қарори доим қон истаган кишига қарши чиқишдир. Бу сабаблар ўз тасдиғини топгандан кейин Ислом оммаси учун улуғ сиёсат, тўғри тадбир, ўзларига шарт қилиб олган талабларидан юз ўгириш тақозо этилади. Шундай экан, уларда бир эргашти-рувчи ва раҳбар бўлмаса, қандай қилиб талаб қилган йўлларининг кучлироғи ва айтган гапларининг тўғрироғига кела олардилар?
Бу гапларга тўхталиб ўтишнинг сабаби, Али (розияллоҳу анҳу) халифалигининг очиқ-ойдин тўғрилигидир ва унинг Усмон (розияллоҳу анҳу) қотили ишларига аралашмасдан ўз ҳолига қўйиши халқни (келишмовчиликлардан) сақлаш учун эди.
Аммо Талҳа ва Зубайрга келадиган бўлсак, бизнинг наздимизда улар хато қилишди. Лекин улар нима иш қилган бўлишса, ижтиҳоддан(Ижтиҳод - ўзларининг илмий хулосаларидан келиб чиққан ҳолда иш тутишган.) келиб чиқишди. Зеро, улар ҳам ижтиҳод аҳлидан эдилар(Уз илмий хулосаларига суянган ҳолда иш тутишга ҳуқуқи бор инсонлар.). Чунки зоҳири англашилиб турган масалага кўра, қасддан ўлдиргани учун қасос олиш шарт. Аллоҳ таолонинг подшоҳлигини кучсизлантиришга ва мусулмонлар раҳбарининг қонини тўкишга уринган одамни таг-томири билан йўқотиш керак. Иш мана шундай бўлиши очиқ-ойдин маълум. Аммо таъвилни (исёнчиларни) бостиришдан ўзларини тийиб туриши - гарчи нотўғри деб ҳисобланса-да - тўғрироғи, бошқарилаётган иш билан жазолашни бекор қилиш ҳақида эди. У энди махфий илм бўлиб, Али (розияллоҳу анҳу) бу ҳақда муваффақиятга эришди, у иккаласи (Талҳа ва Зубайр) бундан маҳрум бўлдилар. Лекин уларнинг бу воқеадаги ҳаракатлари ижтиҳод чегарасидан чиқиб кетмаган. Иккаласи ҳам ижтиҳодида хато қилган муҳтажидлардан ҳисобланади. Уларга воқеанинг ҳолати равшанлашди ва воқеа марказидан узоқлашдилар ҳамда Зубайр билан Талҳа пушаймон бўлди. Шунингдек, Ойша (розияллоҳу анҳо) ҳам надомат қилиб, кўп йиғладилар ҳатто рўмоллари ивиб кетди ва шундай дер эдилар: “Агар мени Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан йигирма нафар фарзанд кўриб, ҳаммалари Абдураҳмон ибн Итоб ибн Усайдга ўхшаган бўлганларида, ҳаммасини йўқотсам-да, Жамал куни менинг бошимдан ўтган воқеанинг бўлмаслигини хоҳлардим”. Бир ривоят борки, Талҳа ҳазрат Алининг аскарларидан бир йигитга айтган: “У жон чиқар ҳолатида эди. Кўлингни узат, амиралмуъминин учун сенга байъат бериб қолай”. У йигит жон бериш арафасида эди - яна Худо билади - ҳамда одил раҳбар Али (розияллоҳу анҳу)нинг байъатида эди(Бу ривоятни кўпчилик уламолар Талҳа бўлган воқеадан пушаймон ва тавба қиланига далил сифатига келтирадилар.).
Баъзи аҳли ҳадис уламолари қуйидаги фикрни айтадилар: Уларнинг ҳар бири ижтиҳодга суяниб иш тутишган. Ҳаммаси тўғри. Мана шу фикрга кўра, ҳаммаси тўғри йўлда бўлишган. Шундай экан, ҳар бирининг тутган йўли бор. Ҳар бир мужтаҳиднинг дин ишларининг қайсидир жиҳатларида тўғри томони бор. Бизнинг наздимизда эса, бундай эмас, Али бошқаларга нисбатан тўғри эди. Тўғри бўлишганда эди, уларнинг хатолари орқали исён кўтарилмасди. Шу боис шайхимиз Абу Мансур Мотуридий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: “Аслида “таъвил”уларнинг ўзига тегишлидир. Буюрилган одамга ўхшаб ўзининг наздида нимани ҳақ деб билса, шуни “таъвил” қилади. Мана шу узрларнинг энг каттаси (ҳисобланади)” Энди у нодонлик маъносида ҳам бўлади, бу эса асли табиатда бўлиб, нодонлик орқали қийинчилик (кулфат) келиб чиқади ёки хатога йўл қўйиш ва унутиш орқали ҳам бўлади. Чунки мана шунга ўхшаш (мана шу турдаги) нодонликлар бўла туриб, Али (розияллоҳу анҳу) ўзидан (масалани) ойдинлаштиришни талаб қилиши, ишонган одамини ёрдамга чақириши ҳушёрлик ва вазминлик билан ҳаракат қилиши лозим эди. Унинг илми ва фикри эса “таъвил” билан эмас, балки ҳақ у тарафда бўлиб, уни бажара олмади ёки кўзланган нарсага эришишда монеликлар бўлди. Шу боис бу энг узрли иш содир бўлди.
Ривоят қилинадики, Ойша (розияллоҳу анҳо) Али билан уруш қилмаган ва Али ҳам у билан уруш қилмаган. Ойша (розияллоҳу анҳо) икки тоифа орасини ислоҳ қилиш мақсадида эди. Лекин бу жангга айланиб кетди. Уруш сўнгандан кейин эса Али Ойшага ҳурмат кўрсатди ва Мадинага иззат-ҳурматда соқчилар билан қайтариб юбордилар.
Абу Бакр Боқилоний ривоят қилади: Илмда жуда улуғ инсонлардан бўлган аҳли ҳадис мутакаллимларидан бири, уларнинг орасидаги воқеа уруш мақсадида бўлмаган, дейди. Балки тўсатдан юз бериб, икки тоифанинг ҳар бири ўзларидан кўра нариги гуруҳ хиёнат қилди, деган гумонни кетказиш туфайли келиб чикди. Чунки уларнинг орасида бўлаётган воқеа тартибли эди. Яхшилик билан тугаб, ҳамма рози бўлган ҳолда тарқалган эди. Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг қотиллари эса имконият топиб, уларни ушлаб олишла-ридан қўрқдилар. Улар ўзлари тўпланишиб, ўзаро маслаҳатлашишди ва фикр алмашдилар. Натижада икки фирқа бўлиб олишга келишишди. Сўнгра икки тоифа орасида уруш бошланиб, тарафдорлар бир-бирлари билан аралашиб кетишди. Алининг аскарлари сафида бўлган фирқалар: «Талҳа ва Зубайр хиёнат қилди», деб жар солдилар ва иккинчи фирқадагилар эса: «Али хиёнат қилди», деб шовқин кўтардилар. Шундай қилиб улар урушга илиниб қолдилар. Ҳар бир тоифаўзини мудофаа қилган эди. Ҳар икки томон учун бу тўғри. Абу Бакр Боқилоний айтади: «Энг тўғриси мана шу. Мана шу фикрга биноан халқ бу икки фирқадан(Бу икки фирқанинг муҳокамасидан.) қутулади».
Бу қисса ҳалқ орасида қанчалик айланиб юрсада, биз Али, Талҳа, Зубайр (розияллоҳу анҳум) жаннат башорати берилган инсонлар эканини биламиз. Шунингдек, Ойша (розияллоҳу анҳо) ҳам юқори даражадаги инсонлардан эканини (тан оламиз). Энди улар ҳақида ким таъна қилишга интилса, унинг ўзи динда таънага учрагандир. Адашган ва бидъатчи деган номни ўзига олгандир. Аллоҳ бизни бундан сақласин!
Бу гапларнинг кенг тарқалишига сабаб, Амр ибн Убайд, Восил ибн Ато бу ҳакда бирон фикр билдирмаганидир. Улар айтади: “Биз улардан қайси бири тўғрию қайси бири хато қилганини билмаймиз”. Бу борада Зирор, Муъаммар, Абу Ҳузайл ҳам хато фикр билдиришган. Улар айтадилар: “Улардан бири тўғри, иккинчиси эса нотўғри йўл тутган. Икки тоифанинг ҳар бирида алоҳида адолат собит бўлгани учун бу борада масъулиятни уларга топширамиз. Шу боис доимий қарама-қаршиликлар бўлиб туради”.
Бир ишда хато бўла туриб, тўғрилигига далиллар келтирилса-да, воқеага фикр билдирмаслик жуда нотўғри. Шундай экан, икки одам билан алоҳида дўст бўлиш, улардан бири бунга лойиқ эмаслигини била туриб, у билан дўстлашиш ноҳақликдир. Дўстларнинг орасидан қайси бири унинг наздида Аллоҳнинг душмани эканини аниқ билиш керак. Яна биз айтамизки, сизларнинг айтган сўзларингизни мана бу гапга қиёслаб, ўзингизга билдириш керак: Икки аёлдан бири синглингиз бўлса ва унинг сингил эканини билмасангиз, уларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида уйланишингиз жоиз бўлаверадими!? Шунингдек, Пайғамбарнинг қабри билан кофирнинг қабри ёнма-ён бўлса, уларнинг ҳар бирини аниқ билмасангиз, алоҳида-алоҳида ҳолда улардан қай бири Пайғамбарнинг қабри, қай бири кофирники эканини аниқ билиб олишингиз зарур. Шу ўринда бакрийлар гуруҳининг раиси Абу Бакр ибн Абду Рабиҳанинг илмсизлиги очиқ-ойдин кўриниб қолди. У Али, Зубайр ва Талҳа ҳақларида бундай фикрларни айтган: «Улар мунофиқлар, мушриклардир. Лекин барибир жаннат аҳлидандир. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Бадр аҳлига айтган: “Аллоҳ таоло улар ҳақида хабардордир” айтди: “Билганингларни қилинглар, сизларни кечирдим». Ким буюк саҳобаларни нифоқ ва ширкда айблаб, кейин эса гуноҳи кечирилган мушрикка чиқарса, у ҳолда мусулмонларнинг кофир эканида шубҳа қолмайди. Аллоҳ сақласин!
Абу Муин Насафийнинг
"Табсиратул адила фи усулид дин" китобидан
Убайдулла Уватов таржимаси