Айрим хабарларга кўра, Россия Ғарб санкциялари сабаб Арктикада олаётган суюлтирилган табиий газга харидор топа олмаяпти. Натижада ёқилғини Арктика денгизидаги контенерларда тўплашга мажбур бўляпти.
«Арктик SPG-2» лойиҳаси январ ойида тўлиқ ишга тушиши керак эди. Унга эгалик қилувчи «Новатек» компанияси йилига салкам 20 миллион тонна суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқариши кутилган эди.
“Сибирда «Арктик SPG-2» заводида учта танкерга газ ортилганидан хабардормиз, аммо улар ҳеч қаёққа кетмади. Сўнг иккитасидан газни Мурманск яқинидаги сувда сузувчи омборхонага кўчиришди. Газга харидор топиша олмаяпти. Шу сабаб юкни денгиздаги контейнерда тўплашга мажбур бўлишяпти”, - дейди заводдаги танкерлар ҳаракатини сунъий йўлдош орқали кузатаётган таҳлилчи Том Марсек-Манзер.
Унга кўра, агар газга харидор чиқмаса, контейнер тез тўлиб қолади.
Президент Владимир Путин бир йил олдин лойиҳа ҳақида эълон қилган эди.
«Россиянинг Арктика зонасида суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқаришни 2030-йилга қадар уч карра ошириб, йилига 64 миллион тоннагача етказмоқчимиз», - деган эди Путин.
Бироқ Ғарб Қўшма Штатлар етакчилигида «Арктик SPG-2» лойиҳасига алоқадор компанияларни қора рўйхатга қўшганидан бери Путиннинг орзуси амалга ошмаслиги мумкин. Ғарб чекловлари газни ташувчи транспорт компанияларига ҳам тааллуқли.
“Осиё кемасозлик заводларида Арктика денгизида юришга мослашган кўплаб юк кемалари турибди. Улар муз тоифаси кемалари деб аталади. Санкциялар сабаб «Новатек» уларни сотиб ололмаяпти”, - дейди Марсек-Манзер.
Россия санкцияларни айланиб ўтиш йўлларини изламоқда. Таҳлилчига кўра, Кремл радар илғаши қийин бўлган кемалардан иборат «қоронғу флот» ташкил қилмоқда.
«Мушук-сичқон ўйини бу. Яқин Шарқдаги номаълум компанияларга тегишли кемаларнинг Россия сувларига кираётганини кўряпмиз. Баъзиларининг суюлтирилган табиий газ ташиш учун ишлатилишини фаҳмласа бўлади», - дейди Марсек-Манзер.
Шу билан бирга, савдо маълумотлари таҳлилидан маълум бўлишича, Франция йилнинг биринчи ярмида Россиядан суюлтирилган табиий газ импортини икки баравар оширган.
Европа Россиядан нефт харид қилишни чеклаган, бироқ табиий газга чеклов йўқ.
Қитъа ҳукуматлари газ импортига чеклов ёқилғи нархини кескин кўтаришидан ва саноатга зарар етказишидан хавотирда.
«Assoshieytid Press» ахборот агентлигининг хабар беришича, Франциядан сўнг Россия газини Испания ва Белгия катта миқдорда харид қилмоқда.