loader
Foto

Уламоларнинг жин чалишини исботловчи фикрлари

1. Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал:

"Отамга: "Баъзи бир кишилар инсон баданига жин кирмайди деб ўйлашяпти” дедим. Отам: "Эй ўғилчам, улар ёлғон айтишяпти. Шу гапни айтаётган кишининг тилидаги ўзи жиндир”.

2. Шайхулислом ибн Таймия:

"Жиннинг борлиги Аллоҳнинг китобида ҳам, Расулининг суннатида ҳам, умматнинг салаф уламолари иттифоқида ҳам собитдир. Шунингдек, жиннинг инсон баданига кириши ҳам аҳли сунна вал жамоа имомлари иттифоқ қилган масаладир".

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Рибони ейдиганлар фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек турарлар", (Бақара сураси, 275-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳиҳ ҳадисга кўра, шундай деганлар: "Шайтон одам фарзандининг қон томирида юради".

Мусулмонлар уламолари орасида жин чалганнинг баданига жиннинг киришини инкор қилганлари йўқ. Ким бу масалани инкор қилса, шариат ёлғон гапиради деб даъво қилса, шариатга нисбатан ёлғон гапирибди, ваҳоланки, шаръий далиллар орасида буни инкор қиладиган далил йўқ".

3. Амр ибн Абид шундай деган:

"Инсон баданига жиннинг киришини инкор қилган даҳрий (худосиз)дир".

4. Қози Бадриддин Шиблий:

"Жиннинг инсон баданига киришига далиллар келган", деган.

Ибн Ҳазм шундай дейди: "Қуръонда келганидек, Шайтон Аллоҳ изн берган кишини тутади. Натижада, инсон ичидан димоғига кўтарилган иссиқлик сабабли савдойига айланади".

Шайхулислом ибн Таймиянинг қарашлари қуйидагича: "Инсон баданига жин киришини мутазила тоифасидан Жубоий, абу Бакр ар-Розий каби бир тоифа уламолар инкор қилишди, лекин жиннинг борлигини инкор қилишмади".



Инсонни жин чалишининг сабаблари

Сабабларни қуйида қисқача келтирамиз:

1. Баъзида эркак жин аёл кишига, ёки аёл жин эркак кишига ошиқ бўлиши. Бу шаҳват ва ҳавои нафс сабабидан бўлади, ваҳоланки, бу ҳаром иш.

2. Баъзида инсон билмасдан иссиқ сувни жиннинг устидан қуйиб ёки баландроқ жойдан уни босиб ё уни ўлдириб ёки устига пешоб қилиб, унга зарар етказиши.

3. Жиннинг инсонга зулм қилиши. Бу ҳеч бир сабабсиз ҳам бўлиши мумкин. Бунда қуйидаги ҳолатларнинг бирига тушган вақтда жин таъсир қилади:

1. Қаттиқ ғазабланганда;

2. Қаттиқ қўрққанда;

3. Шаҳватларга муккасидан кетганда;

4. Аллоҳ таолони бутунлай унутганда.

Жин чалишининг турлари

1. Умумий тегиш.

Жин инсоннинг бутун баданига тегади. Бунда тиришиб-тортишишлар содир бўлади.

2. Қисман тегиш.

Бу инсоннинг тирсаги ёки оёғи, ё тилини ушлаб олишга ўхшаган ҳолатлар.

3. Доимий чалиш.

Бу ҳолатда жиннинг юриши инсон жасадида узун муддат давом етади.

4. Бирров тегиш.

У ёмон тушга ўхшаб бир неча дақиқа давом етади.



Ибни Қайюм раҳимаҳуллоҳ айтади: "Тутқаноқ икки турли бўлади.

1) ерлик ёмон руҳлар (жинлар) сабабидан бўладиган тутқаноқ.

2) инсон жисмидаги ноаниқ таркибий ўзгаришлар сабаб.

Табиблар биринчи тутқаноқ касаллигини эътироф этишади. Бунинг давоси шу ёмон руҳ (жин)ларни муқобилидаги яхши руҳ (жин)лар билан бўлади.

Жоҳил, илмсиз, зиндиқликни фазилат деб билган табиблар эса жинларнинг инсон баданига тутқаноқни келтириб чиқаришини инкор этишади, ваҳоланки, бу масалада уларнинг далиллари фақат жоҳилликларидир.

Бундай ёмон руҳ (жин)ларнинг инсонларга зарар етказиши, кўпинча, у инсоннинг динини тўлиқ билмаслиги, зикрдан тилларию қалблари ғафлатда, набавий таълимотлардан узоқдалиги сабаб бўлади.

Иккинчи нав тутқаноқ, яъни инсон жисмидаги ноаниқ таркибий ўзгаришлар эса бу бир касаллик бўлиб, кишининг аъзоларини бирор иш, ҳаракат қисман тўсади. Бунинг сабаблари:

а) одамнинг мия қон томирларини тўлиқ бўлмаган суратда тўсиб қўядиган танадаги ноаниқ аралашмалар; б) одамнинг миясида сиқилиб қоладиган ёмон газлар; в) одамнинг баъзи бир аъзоларидан кўтриладиган ёмон газ-буғлар.

Мужтаҳид олимлар инсоннинг шифо топишида нафсоний қувват таъсирланиши ёки таъсир этишини эътироф этишади. Тиббиёт соҳасида табибларнинг жоҳиллиги илмсизлиги энг катта зарардир.



Жин чалишининг аломатлари

Одамни касал бўлганми ё жин чалганми, ажрата олишимиз учун жин чалишининг аломатини билиб олишимиз керак.

Бу аломатлар иккига бўлинади:

1) уйқудаги аломатлар;

2) уйғоқликдаги аломатлар.

Уйқудаги аломатлар қуйидагилар:

1. Уйқусизлик. Бир муддат ланж бўлгандан кейингина ухлай олади.

2. Безовталик. Тунда кўп уйғонади.

3. Қўрқинчли тушлар. Тушида уни сиқадиган, ёрдам сўрай деса сўраёлмайдиган ҳолатларни тушлар кўради.

4. Тушида Мушук, ит, туя, илон, сичқон ва бошқа ҳайвонларни кўриши.

5. Уйқуда тишларини ғижирлатиш.

6. Уйқуда кулиши, йиғлаши ё бақириши.

7. Уйқуда оҳ тортиши.

8. Ухлаган ҳолатида ўзи сезмай туриб юриши.

9. Уйқуда ўзини баланд тепаликдан йиқилиб кетганини кўриши.

10. Уйқуда ўзини қабристон, ўра ёки қўрқинчли жой ёки йўлда кўрса.

11. Уйқуда ғаройиб сифатли одамларни кўриши, масалан, жуда узун ёки қисқа ёки қора рангли одамларни кўриши.

Уйғоқликдаги аломатлар:

1. Доимий бош оғриқ. Бундай бош оғриқнинг сабаби кўз, қулоқ, тиш ва бошқалар бўлмаслиги керак.

2. Аллоҳнинг зикри, намоз ва барча ибодатлардан тўсилиши.

3. Фикрий тарқоқ, паришонхотир бўлиш.

4. Ланжлик, дангасалик.

5. Асабий танг бўлиш.

6. Бирор аъзода тиббиёт муолажа қилолмайдиган алам-оғриқ билан касалланиш.

7. Бутунлай эсанкираб қолиш, масалан, юришда тебраниб-чайқалиб юриб, ўзини бошқара олмаслик. Шунингдек, гапираётган гапини англамаслиги, айтаётган гапларини боғлаёлмаслиги.



Жину шайтонлар азиятидан сақланиш учун насиҳатлар

1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларда, хусусан, тонгги ва тунги зикрларда бардавом бўлиш.

2. Баланд жойдан сакраганда "бисмиллаҳ"ни айтиш.

3. Иссиқ сувни ерга тўкканда "бисмиллаҳ"ни айтиш.

4. Қоронғу хонага кирганда Аллоҳни эслаш.

5. Ит ёки мушукка азият етказмаслик.

6. Ёлғиз ухламаслик, агар шунга мажбур бўлса, таҳорат ва зикрларни қилиб ётиш.

7. Ёлғиз сафар қилмаслик.

8. Бирор ҳайвоннинг инига бавл қилмаслик ёки катта ҳожат чиқармаслик.

9. Уйдаги бирор илонни ўлдирмаслик.

10. Чўл-саҳрода тунда ёлғиз сайр қилмаслик.

11. Оғир нарсани ерга отганда Аллоҳни эслаш.

12. Ҳожатга кираётганда Аллоҳни эслаш.

13. Ёш болаларга кўз тегиши ва сеҳрга қарши ўқиладиган Қуръон оятларини ўқиб, дам солишда бардавом бўлиш.

14. Тунги зикрларни, хусусан, "Оятал курсий"ни ўқишда бардавом бўлиш.

15. Аҳли билан жинсий алоқа қилганда: "Бисмиллаҳ, Аллоҳумма жаннибнаш шайтона ва жаннибиш шайтона мимма розақтана", (Маъноси: Аллоҳ номи билан бошлайман, Аллоҳим, биздан ва бизга ризқ қилиб берадига-нингдан шайтонни четлаштир) дуосини ўқиш.

16. Уйқуга ётишда Аллоҳни зикр қилиш.

17. Таҳоратхона, ҳаммомда ортиқча сўз ва гапларни тарк қилиш.



Сеҳр ва жин чалишнинг муолажаси ҳақида

Сеҳр уч йўл билан муолажа қилинади.

1) сеҳрланишдан олдин ундан сақланиш (сақланиш муолажадан кўра яхшироқдир).

2) сеҳр ўрнини билиб, уни чиқариб ташлаш;

3) сеҳрланган кейин уни муолажа қилиш;

Сеҳрланишдан олдин ундан сақланиш.

Ибн Қайюм айтади: "Қалб Аллоҳнинг зикри билан обод бўлса, ҳар кунлик вирд-зикрларида бардавом бўлса, бу ишлар кишини сеҳрдан тўсувчи энг катта сабаб бўлади. Шунинг учун сеҳрланишдан олдин сақланиш шарт бўлади, қуйида уларнинг баъзиларини зикр қиламиз:

1. Набавий саҳиҳ, шаръий зикрлар билан ҳимояланиш;

2. Тонгги ва тунги зикрларда бардавом бўлиш;

3. Ихлос, Фалақ, Нос сураларини барча фарз намозларидан кейин ўқиш;

4. Барча фарз намозларидан кейин "Оятал курсий”ни ўқиш;

5. Ухлаш олдидан "Оятал курсий"ни ўқиш;

6. Тун аввалида Бақара сурасининг охирги икки оятини ўқиш;

7. "Аъузу бикалиматиллаҳит таммати мин шарри ма холақ". (Маъноси: "Аллоҳ таолонинг мукаммал калималари билан барча яратган нарсаларининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”), деган зикрни кундузи ва кечқурун ҳар қайси манзилга борганда ҳам кўп ўқиш;

8. "Бисмиллаҳиллазий ла язурру маасмиҳи шайъун фил арзи ва ла фиссамаи ва ҳувас самийъ ул алийм" дуосини эрталаб ва кечқурун 3 мартадан ўқиш;

9. Оч қоринга тонгда 7 дона ажва хурмосидан ейиш.

Сеҳр жойини билиб, уни чиқариб, йўқ қилиш

Ибн Қайюм айтади: "Сеҳрни муолажа қилишдаги энг кучли услуб, уни чиқариб йўқ қилишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сеҳр қилинганларида Аллоҳдан дуо қилиб сўрадилар, сўнг бу сеҳрнинг жойи кўрсатилди, уни қудуқнинг ичидан чиқарганларида бир тароққа сеҳр қилинган эди. Сеҳр ўрнидан чиқарилганда Расулуллоҳдаги азиятлар кетди, ўринларидан гўёки кишандан ечилгандек ғайрат билан турдилар. Бу сеҳрланган кишини муолажа қилишдаги энг таъсирли йўл ҳисобланади. Бу - ёмон бир нарсани инсон жасадидан суғуриб ташлагандек муҳим иш.

Муолажа қуйидаги усуллар билан бўлади:

1) сеҳрни йўқ қилиш учун Қуръон ва суннатдаги дуоларни ўқиш.

Ибн Абий Ҳотим ибн Абий Сулаймдан ривоят қилинади: "У киши: менга етиб келган ривоятга кўра, мана бу оятлар Аллоҳнинг изни билан сеҳрдан шифо бўлади. Бу оятларни сувли идишга ўқиб, шу сув билан сеҳрланган инсон ғусл қилади”.

"Улар ташлаганларида, Мусо: "Сиз келтирган нарса сеҳрдир. Албатта, Аллоҳ уни ботил қилур. Зеро, Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини ўнгламас".

"Ва Аллоҳ Ўз калимаси ила, гарчи жиноятчилар ёқтирмасалар ҳам, ҳақни рўёбга чиқарур", - деди" (Юнус сураси, 81-82 оятлар).

"Бас, ҳақ қарор топди ва уларнинг қила ётганлари ботил бўлди".

"Уша ерда енгилдилар ва беобрў бўлдилар".

"Ва сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида йиқилдилар".

"Дедиларки: "Оламларнинг Роббига...".

"(яъни) Мусо ва Ҳоруннинг Роббига", (Аъроф сураси, 118-122 оятлар).

Ибни Касир айтади: "Сеҳрни кетказишдаги энг манфаатли оятлар Аллоҳ Расулига сеҳрни кетказиш учун туширган оятлардир. Бу Фалақ ва Нос сурасидир. Ҳадисда паноҳ сўралувчи булардек бошқа бирор нарса билан паноҳ сўраёлмайди, дейилган. Шунингдек, "Оятал курсий” ҳам шайтонларни қувувчи ояти каримадир".

Сўнг яна сеҳрни йўқ қилиш учун қуйидаги ояти карималар ўқилади:

"Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди" (Юнус сураси 57-оят).

Дарҳақиқат, Қуръон оятларида келтирилган ваъз-насиҳат, эслатма, амр ва наҳйлар унга амал қилувчиларга моддий ва маънавий жиҳатдан фойдалидир. Айниқса, дилларидаги бузуқ ақидалар, салбий иллатлар тузатилар экан, инсоннинг диний ва дунёвий ишлари ўз-ўзидан изга тушиб, икки дунё саодатига эришиш имконияти туғилади. Бунинг учун фақат чин имон ва тўғри эътиқод бўлиши зарур.

"Улар айтишди: "Уни ва биродари (Ҳорун) ни қўйиб тургинда, ҳамма шаҳарларга (сеҳргарларни йиғиб келадиган кишиларни) жўнатгин!"

Улар сенга барча ўткир сеҳргарларни келтирсинлар!"

"Бас, сеҳргарлар маълум кунда белгиланган жойга тўпландилар".

Фиръавн таклиф этган сеҳргарларнинг сони бир неча минг экани олдинги суралар тафсирида айтибўтилди. Уларнинг энг машҳурлари - Собур, Озур, Ҳатҳат ва Мусаффий эди. Бошқалари шу тўртта бош сеҳргарга тобе эди.

"Одамларга айтилди: "Сизлар тўпланиб бўлдингизми?

Балки, биз, сеҳгарлар ғолиб чиқса, уларга эргашурмиз".

"Қачонки, сеҳргарлар келишгач, Фиръавнга: "Агар биз ютиб чиқсак, албатта, биз учун (катта) мукофот бўлурми?" дейишди"

(У:) "Ҳа, у ҳолда, албатта, сизлар менинг яқинларимдан бўлурсиз", деди.

Мусо уларга: "Ташлайдиган нарсаларингизни ташлангиз!" деди.

Бас, улар арқон ва асоларни (ерга) ташладилар ва: "Фиръавннинг қудратига қасамки, албатта, биз ғолиб чиқувчидирмиз", дедилар.

Сўнгра Мусо асосини ташлаган эди, бирдан у (асо) уларнинг "ясама" (илон)ларини юта бошлади.

Бас, у сеҳргарлар (енгилдилар ва) сажда қилган ҳолларида ерга йиқилдилар.

"Барча оламларнинг Парвардигорига, Яъни, Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига имон келтирдик", дедилар" (Шуаро сураси, 36-47 оятлар).

"Қиёматнинг маълумоти Унинг ўзигагина қайтарилур. Барча меваларнинг ўз шона-ларидан чиқиши ҳам, бир аёлнинг ҳомила олиб, кўз ёриши ҳам, албатта, Унинг илми билан бўлур. У зот (мушрикларга): "Менинг "шерикларим" қани?!" деб нидо қиладиган кунда, улар (қиёматда): "Биз Сенга билдирурмизки, орамизда ("шерикларинг" борлигига) бирорта ҳам гувоҳ йўқдир", дейдилар", (Фуссилат сураси, 47-оят).

Ушбу оятдан Аллоҳ таолонинг чексиз илм соҳиби экани, ҳар бир кичик ва катта мавжудотнинг моҳияти, сир-асрори, пайдо бўлиши ва ривожланиши, ҳатто она қорнидаги ҳомиланинг ранги-рўйидан тортиб, шаклу шамоили, чиройли ёки хунуклиги, умри, ризҳи ва бошқа сифатларини мукаммал билиб туриши маълум бўлади.

Бас, шундай экан, мўмин киши билан яқинлари ўртасида бирор муаммо туғилиб қолса, ортиқча ташвиш чекиб, ўзини ўққа-чўққа урмасдан, Аллоҳнинг ўзига таваккал қилиб, Ўзидангина мадад сўраб туриши айни муддаодир.

Бу оятлар ўзидан олдинги оятлар ва унга кўшимча шифо оятлари билан бирга сеҳрланган кишига ўқилади.

Абу Убайда Моҳир июн Солиҳ Оли Муборакнинг

"Сеҳр, хасад ва иблис таъсирларидан сақланиш йўллари" китобидан (Фатҳул мўғийс)

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Шаръий руқия ва муолажа қилиш ҳақида