loader
Foto

Ўсимликлар «гапира» оладими?

«Биз уларга ҳам уфқлардаги, ҳам ўз нафсларидаги оят-белгиларимизни кўрсатамиз. Токи уларга Унинг ҳақлиги равшан бўлсин. Сенинг Роббинг ҳар бир нарсага шоҳид эканлиги кифоя қилмасмиди?!» (Қуръон, 41:53)   Табиий муҳитида ўсимликлар кўплаб организмлар билан ўзаро алоқада бўлади. Улар бошқа ўсимликлар, ўтхўр ҳайвонлар, дарранда ёки ҳатто ўзлари билан қандай алоқа ўрнатишади? Ўсимликлар кимёвий ёки визуал сигналлар орқали мулоқот қиладилар. Узоқ вақт давомида ўсимликлар ва бошқа организмлар ўртасидаги «кимёвий» мулоқот ғояси ортиқча деб ҳисобланган, аммо яқинда бу экологик ҳодиса сифатида эътироф этилди.

Ўсимликларнинг ҳашаротлар билан мулоқот қилишига кўплаб қизиқарли мисоллар бор. Масалан, унинг баргларини ейдиган ҳашаротлардан ҳимояланиш учун ўсимлик ўзидан учувчи кимёвий моддалар ажратиб, зараркунандаларни ейиш билан шуғулланадиган бошқа ҳашаротларга сигнал юборади. Бу каби алоқалар бошқа яқинда жойлашган ўсимликларга ҳам хавф сигнали юбориш имкониятини яратади. Энтомология профессори Ричард Карбан (Richard Karban) ва Калифорния университетининг бошқа тадқиқотчилари кесилган ёввойи шўра (полынь) ёнида ўсаётган тамаки ўсимлигига ўз зарари ҳақида «айтиб берганини», ва тамаки ўз навбатида аниқ ҳимоя реакциясини кўрсатганини исботлади.

Бир тадқиқотда акация дарахти барглари ейилганда ёки уни калтаклашганда баргларида танин миқдорини бир неча дақиқа ичида оширган. Ажабланарлиси шундаки, бу жараёнда қўшни дарахтларда ҳам танин миқдори ошган ва улар ҳайвонларни талашдан олдин узоқлаштирган.

Ўсимликлар ҳатто сут эмизувчилар билан ҳам «гаплаша» олади. Жанубий Африкадаги Квазулу-Натал университети тадқиқотчиси профессор Стивен Жонсон (Steven Johnson) ва гуруҳи томонидан ўтказилган тадқиқот нодир паразит ўсимликларнинг ўзига хос атирлари ерда яшаётган сут эмизувчи тўполоқчиларни ўзига жалб қилишини кўрсатди. Бу ўсимликнинг атирлари 30 дан ортиқ компонентдан иборат бўлиб, улардан учтаси, 1-гексен-3-он, 3-гексанон ва этилбутерат энг кўп тарқалган. Тадқиқот натижаларига кўра, чўчқалар, шунингдек, одамлар 3-гексанонни ёқимли ҳид сифатида қабул қиладилар.

Шу билан бирга, ўсимликлар турли микроорганизмлар, бактериялар, замбуруғлар ва вируслар билан ўзаро таъсирда бўлади. Патогенларга қарши ҳимоя реакциясини ўз вақтида ишга тушириш учун зарарланган ва зарарланмаган ўсимлик тўқималари ўртасидаги мувофиқлаштирилган мулоқот муҳимдир. Салицил кислотаси каби муҳим мобил сигнал ёрдамида бутун ўсимликда ҳимоя реакцияси ишга тушади.

Баъзи микроорганизмлар билан ўсимликлар ўзаро фойдали муносабатларда ҳам бўлишади. Бундай симбиоз, хусусан, қўндирма бактериялар билан боғланган буғдой ва дуккакли ўсимликлар учун аҳамиятга эга. Ушбу бактериялар атмосфера азотини ўзлаштириб, буғдой ва дуккакли экинларнинг ўсишига ҳисса қўшади. Қўндирма бактериялар тупроқда яшаб, ҳаводан азотни фиксация қилишади ва ўсимликларнинг илдизларидаги қўндирмаларда янгича органик азот бирикмаларини синтез қиладилар. Улар тупроқ азотига бўлган боғлиқликни камайтириб, ўсимликлар учун асосий озуқа манбаи ҳисобланади.

Микориза замбуруғлари билан ҳам ўсимликлар ўзларига кўмакчи сифатида мулоқот қилади. Улар ўсимликларни озуқа моддалари билан таъминлайди, касалликлардан ҳимоя қилади ва 40% га ўсишга ёрдам беради. Ушбу алоқалар муҳитида ўсимликларнинг озуқа талабини қондиришда муҳим бўлиб, Ердаги ўсимликларнинг 80-90% миқдорда микориза замбуруғи билан боғланган.

Шундай қилиб, ўсимликлар турли хил организмлар билан «суҳбат» қила олади. Улар инсоният билан ҳам мулоқот қила оладими? Улар ақлли мавжудотларми? Немис профессори д-р Густав Теодор Фехнер 1848 йилда ўсимликлар ҳиссиётга эга бўлиб, улар билан суҳбатлашиш ва меҳр кўрсатиш уларнинг соғлом ўсишига ёрдам беради, деб тахмин қилган эди. Ҳиндистон олимлари, Жагдиш Чандра Бос (Jagdish Chandra Bose), ўсимликлар ёқимли мусиқа остида тезроқ ўсишини, баланд ва кескин овозлар остида эса секинроқ ўсишини аниқлаган.

Абу Муслим тайёрлади

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Ўсимликлар «гапириши» мумкинми?