loader
Foto

Россияда ноқонуний миграцияни жиддий жиноятларга айлантирадиган қонун қабул қилинди

Энди ноқонуний миграция, яъни мамлакатга рухсатсиз кириш ва меҳнат фаолиятини олиб бориш учун керакли ҳужжатларни олишдан бош тортиш, 15 йилгача озодликдан маҳрум этишга сабаб бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни сохта рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш билан боғлиқ жиноятлар учун янада кучайтирилган жавобгарлик белгиланган. Ушбу қонун, шунингдек, ушбу соҳада воситачилик хизматларини таклиф этувчи веб-сайтларни суддан олдин блокировка қилишни ҳам назарда тутади.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, ўтган шанба куни Россия президенти Владимир Путин чет эл фуқаролари билан сохта никоҳларни олдини олишга доир қонунни имзолади. Бунга кўра, чет элликлар мамлакат фуқароси билан муносабатларни рўйхатдан ўтказгандан кейин уч йил ўтгачгина вақтинча яшаш рухсатини олишлари мумкин.

Бундан ташқари, Давлат Думасида ноқонуний мигрантлар мақоми жиноятларни содир этишда оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланадиган қонун лойиҳаси қабул қилинди. Ушбу ташаббус муаллифлари айтишича, янги қоидалар "қарорлар чиқаришда юқори жавобгарликни ўрнатиш" имконини беради. Депутатларнинг фикрича, Россияда ноқонуний бўлиш - бу маълум бир шахснинг ножўя ва қонунга хилоф хулқ-атворини англатади ва бундай шахснинг жавобгарлигини оширади.