Асад режими қулаганидан кейин Исроил ҳарбийлари Сурияга юзлаб ҳужумлар уюштирди ва «буфер ҳудуд яратиш» баҳонасида унинг бир қисмини босиб олди.
2024 йил декабр ойида жаҳон замонавий тарихдаги энг қонли диктатуралардан бирининг қулашига гувоҳ бўлди. Асадлар режими, 54 йил давомида Сурияни темир панжа остида ушлаб турган режим, суриялик қўзғолончилар босими остида қулади. Саккиз кунлик шиддатли операциядан сўнг Башар Асад Россияга қочиб кетди ва ярим асрлик оилавий тирания тугади. Аммо сурияликлар бу ўзгаришларни қадрлашга улгурмай, уларнинг мамлакати янги можарога тортилиб қолди.
Исроил Асад режими қулашига кутилмаган тажовузкорлик билан жавоб берди. Сурия диктаторининг қочиб кетишидан сўнгги 48 соат ичида Исроилнинг ҳарбий ҳаво кучлари мамлакатга 480 ҳаво ҳужуми амалга оширди. Операция ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бошланди, гўёки йиллар давомида тайёрланган механизм ишга тушгандек. Исроил армияси нафақат ҳужум қилди, балки Суриянинг ҳарбий инфратузилмасини методик тарзда йўқ қилди.
Ҳарбий ҳаракатлар
Мисрлик порт Латакиядан репортаж қилган журналистлар қўрқинчли кадрларни тақдим этишди: Сурия флоти ғурури ҳисобланган ҳарбий кемаларнинг куйган излари металомга айланган. Ижтимоий тармоқларда радар тизимлари, ракеталар омборлари ва ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларининг ёниб кетган видеолари тарқалди. Исроил армияси ўз мақсадларини яширмади — улар Суриянинг стратегик қурол захираларининг кўпини йўқ қилиш ниятида эканлигини очиқ эълон қилишди.
Исроилнинг қуруқликдаги қўшинлари эса Сурия ҳудудига кириб бориб, «қурол ва терроризм таҳдидидан холи мудофаа ҳудуди» яратишни мақсад қилганини маълум қилишди. Исроил ҳимоя вазири Исраэль Кац, Хайфа шаҳридаги ҳарбий базага ташрифи чоғида, Сурия флоти йўқ қилиниши операциясининг муваффақиятли ўтганини таъкидлаб, Сурия ҳудудида хавфсизлик зоналари яратиш зарурлигини қайд этди.
Премьер-министр Биньямин Нетаньяҳу Исроил қўшинларининг 400 квадрат километр майдонни назорат қилиш режаларини очиқлантирди. Улар стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳермон тоғида назорат ўрнатдилар ва Қунийтра шаҳрида Исроил танклари пайдо бўлди.
Халқаро жамоатчиликнинг реакцияси
Исроилнинг ҳаракатлари минтақада ва халқаро миқёсда кескин танқидларга сабаб бўлди. Миср, Қатар ва Саудия Арабистони Исроилни хаосдан фойдаланиб халқаро ҳуқуқни бузганликда айблади. Туркия эса Исроилнинг ҳаракатларини «босқинчи онгнинг ифодаси» деб атади.
БМТнинг махсус вакили Гейр Педерсен Исроилнинг ҳужумларини зудлик билан тўхтатишни талаб қилди ва бу ҳаракатларни 1974 йилдаги келишувни бузиш деб баҳолади. БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш қўшни давлатларни ҳудудий тажовуздан воз кечишга чақирди.
Исроилнинг мақсадлари
Исроил Асад режими қулаши ортидан Эроннинг минтақадаги таъсирини тиклашга йўл қўймаслик ва Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига қурол етказиб бериш каналларини тўхтатишни мақсад қилган. Асаднинг мағлубияти «шиа ёрим ойи» деб аталган Эрон таъсирини қаттиқ заифлаштирди.
Туркиянинг муносабати
Туркия Исроилнинг Суриядаги ҳаракатларини кескин қоралаб, Суриянинг ҳудудий яхлитлигига ўз қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Туркиянинг Миллий мудофаа вазирлиги баёнотида, Исроилнинг ҳаракатлари минтақада беқарорликни кучайтириши ва фуқароларга хавотир туғдириши таъкидланган.
Анқара шунингдек Суриянинг Манбиж ҳудудини террорчилардан тозалаш жараёнлари ҳақида хабар берди ва бу Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий бирлигини сақлаб қолишда муҳим қадам деб баҳолади.
Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, Туркия минтақада барқарорликни тиклаш учун зарур чораларни кўришга тайёр эканлигини билдирди.
Абу Муслим