loader
Foto

Асосий мақсад — фазилат

Қуръоннинг буйруқ ва таъқиқлари ҳуқуқ ва фазилат жиҳатидан икки қисмдан иборат. Олий Китобимиз бир томондан бизга тинчлик ва фаровонлик билан ҳаёт кечиришимиз учун қоидалар белгилайди ва бу қоидалар орқали ўзаро муносабатларимизни тартибга солади, иккинчи томондан эса, ушбу қоидалардан ҳам юқори мақсадларни кўрсатиб, бизларни шу мақсадларга интилишга рағбатлантиради.

Ҳуқуқ нуқтаи назаридан қаралганда, Қуръон адолатни буюриб, энг майда ва аҳамиятсиз деб кўриниш мумкин бўлган ҳуқуқларни ҳам эътиборсиз қолдирмаслиги ва жамиятдаги барча муносабатларни адолат тамойилига асослашини кўриш мумкин. Қуръони карим оятларида бунинг жуда кўп мисоллари мавжуд. Шундай мисоллардан бири сифатида меҳр масаласини қандай батафсил баён қилишини ва ҳатто Аллоҳнинг душмани бўлган мушрикларнинг ҳам энг майда ҳақларини ҳимоя қилиб, ҳуқуқни қандай белгилашини қуйидаги оятда кўриш мумкин:

"Эй, иймон келтирганлар! Агар сизларга мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, уларни имтиҳон қилиб кўринглар. Аллоҳ уларнинг иймонини билгувчидир. Бас, мўминаликларини билсангиз, уларни кофирларга қайтариб юборманг. Бу (аёл)лар уларга ҳалол эмас ва улар ҳам буларга ҳалол бўлмаслар. Ва у(кофир)ларга нафақа қилган нарсаларини (қайтариб) беринглар. Ва у(аёл)ларни никоҳлаб олсангиз, агар маҳрларини берсангиз, сизларга гуноҳ бўлмас. Кофир хотинларингизни никоҳларингизда ушлаб турманглар. Нафақа қилган нарсаларингизни сўранглар, улар ҳам нафақа қилган нарсаларини сўрасинлар. Бу сизларга Аллоҳнинг ҳукмидир. Орангизда ҳукм қиладир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматлидир. (Мумтаҳина: 10)

Шундай мукаммал тартибга солинган муносабатлар жамиятда ҳар бир инсон ўз ҳаққини ҳимояланган ҳолда олиши ва зулмдан ҳимоя қилиниши учун улкан аҳамиятга эга. Аммо ҳуқуқларни кафолатлаш ва адолатни таъминлаш Қуръоннинг мақсад қилган жамият ҳаётининг натижаси эмас, балки фақатгина бошланишидир.

Чунки Қуръон инсон фитратига юксак фазилат ва сифатлар уруғини жойлаган ва уни гуллаб-яшнашини, ривожланиб, мева беришини хоҳлайди. Ҳуқуқий қоидалар бу мақсад йўлидаги тўсиқларни бартараф қилади, лекин ушбу юксак мақсадга фақатгина ҳуқуққа амал қилиш билан эмас, балки ундан ҳам юқори даражага чиқиш орқали етишилади.

Айнан мана шу нуқтада "фазилат" тушунчаси пайдо бўлади. Юқорида келтирилган оят ажралиш билан боғлиқ қоидаларни белгилаб, аввал ўзаро ҳуқуқларни аниқлаб беради, сўнгра эса инсонларга бу қоидалардан юқори мақсадни — фазилатни кўрсатади.

Энди оятнинг тўлиқ мазмунига эътибор қаратайлик...

"Агар уларга қўл тегизмай талоқ қилсангиз ва маҳрни аниқлаб қўйган бўлсангиз, аниқланганнинг ярмини берасиз, магар аёл ёки никоҳ тугуни қўлида бўлган киши афв қилса, бермайсиз. Ва афв қилишингиз тақвога яқиндир. Орангиздаги фазилатни унутманг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчи зотдир." (Бақара: 237)

Ҳозир эса, ушбу оятнинг бизга ўргатаётган ҳуқуқ ва фазилат дарсларини босқичма-босқич таҳлил қилайлик:

1.    Биринчи босқич – Ҳар икки тарафнинг ҳуқуқ ва бурчлари аниқ баён қилинган.

-    Бу ерда "белгиланган маҳрнинг ярмини бериш" ҳуқуқий талаб сифатида кўрсатилган.

2.    Иккинчи босқич – Ҳар икки тарафга ўз ҳуқуқлари устидан тасарруф қилиш имконияти берилган ва бу ҳуқуқлардан воз кечиш мумкинлиги билдирилган.

-   Аёл: Агар хоҳласа, ўз маҳридан воз кечиб, эркакка совға қилиши мумкин.

-    Эркак: Агар хоҳласа, маҳрнинг фақат ярмини бериш ўрнига, ихтиёрий равишда унинг тўлиқ миқдорини тўлаши мумкин.

3.    Учинчи босқич – Ихтиёрий эҳсон қилиш, яъни маҳрни тўлиқ бериш, қабул қилмаслик ёки тўлиқ кечиб юбориш вариантлари мавжуд.

-   Қуръон: "Аллоҳнинг розилигига энг яқин бўлган амал қайси?" деган саволга ҳам жавоб беради.

-    Фақат ярмини бериш?

-    Ҳеч нарса олмаслик?

-   Ёки маҳрни тўлиқ бериш?

Қуръон учинчи йўналишни тавсия қилади – яъни, маҳрни тўлиқ бериш фазилат ва тақводорликка энг яқин йўл эканини кўрсатади.

Бу ерда Қуръон оддий ҳуқуқий қоидалар билан чекланмай, инсониятни юксак фазилат ва эҳсон йўлига чорлаётганини кўриш мумкин.

4.    Шундай қилиб, Қуръон фазилатнинг кучли тарафга ярашиши кераклигини таъкидлаб, ўз цивилизациясининг энг муҳим асосини белгилаб берди: "Ўзаро фазилатни унутманг."

Бу, ҳақни кучда эмас, кучни ҳақда деб билган илоҳий тамойил бўлиб, моддий дунёқарашга қарши адолат ва инсоний фазилатга асосланган улуғ бир тамаддун тушунчасини шакллантиради.

 Бақара сурасининг ушбу оятдан кейинги оятлари, айниқса рибо (фоиз) ва закот ҳақидаги буйруқ ва таъқиқлар, ушбу фазилат тамойилини янада мустаҳкамлайди. Ушбу буйруқлар, ман қилишлар ва тавсиялар мусулмонларни тўла маънода фазилат тимсолига айлантирувчи тарбия жараёнини ифодалайди.

5.    Оятнинг энг охирги жумласи эса, барча нарсани баён қиладиган ва инсон қалбини яхшилик сари сафарбар қилувчи жумладир:

 "Албатта, Аллоҳ сизларнинг қилган амалларингизни кўриб туради."

 Бу огоҳлантириш инсон қалбини юксак маромга етаклайди. Ҳеч бир ҳақ зое кетмайди, ҳеч бир яхшилик мукофотсиз қолмайди!

Катта ҳисоб кунига ишонган киши учун бунинг устига бошқа қандай насиҳат керак?!

Абу Муслим таржимаси