loader
Foto

Уммати исломияга теккан касалликлар

 

 Мен алоҳида тилга олиб ўтмоқчи бўлган касаллик –бу, ўзаро буғзу адоватга олиб борадиган,  бу умматни бир бирлари билан уришадиган даражада бир бирига  душман қилиб қўядиган фирқаланиш ва ихтилофдир.

Бу хатарли касаллик бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни умматларнинг касаллиги деб атаганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда у киши: “Ичингизга сизлардан олдинги умматларнинг касаллиги кириб келди: ҳасад ва нафрат. Нафрат бу, устарадир, у сочни тарош қилади демайман, лекин у динни тарошлайди”[1], - дедилар.

Бошқа бир ҳадисда эса: “Сизларга рўза, намоз ва садақанинг даражасидан кўра афзалроқ нарсанинг хабарини берайми?”. Дедилар: “Ҳа, эй Аллоҳнинг расули”. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Орани ислоҳ қилишдир. Оранинг бузилиши бу, устарадир”[2].

Фирқаланиш умматнинг кучсизланишига, душманларнинг (бу уммат устидан) ҳукмронлик қилишларига сабабдир:  

Бу умматни кучсизлантириб қўйган, аввал ҳам ҳозир ҳам ўз душманларига уларнинг устиларидан ҳукмронлик қилиш имконини яратиб берган нарса мусулмонларнинг ўртасида нафрат ва адоват тушишига сабаб бўлган ана шу фирқаланишликдир. Ушбу умматнинг душманлари бу умматнинг вакиллари орасига, хусусан бир бирларини душман тутиб, Аллоҳнинг душманлари билан дўстлашган, айримлари ўзларининг мусулмон биродарларига қарши кофирлардан ёрдам сўраган амирлар ва ҳокимларнинг орасига тафриқа солиш билангина уларнинг устиларидан ҳукмронлик қилишга эришганлар. Ғарбдан келган салибчилар мана шу йўл билан Ислом ўлкаларига кириб келдилар. Шарқдан келган татарлар мана шу йўл билан Ислом диёрларига кириб келдилар.

 Ҳозирги мустамлакачилар Ислом диёрига эгалик қилиб олдилар ва саккиз аср ўтиб мусулмонлар Андалусдан, Испания ва Португалиядан чиқиб кетдилар. Улар бу ерларда юксак даражадаги маданиятни барпо қилганларидан сўнг фирқаланиб кетдилар ва бу билан ўз душманларига ғалаба қилиш имкониятини яратиб бердилар.

Мусулмонларнинг бугунги кундаги фирқаланиши:

Бу нарса бугун ҳам бўлиб турибди. Мусулмонларнинг бир бирларидан бегоналашганларини, ҳатто бир бирлари билан адоватлашаётганларини ва ҳатто бир бирлари билан уруш қилаётганларини кўраяпмиз. Афғонистонда шуни кўрмадикми? Кечагина (советларга қарши) жиҳоддаги биродарлар бугун бир бирлари билан душман! Аввалроқ Аллоҳнинг душманлари бўлган советларга қарши олиб борганларидек бугун ўз биродарларининг қонини ҳалол санаб, бир бирларини ракеталар билан урмоқдалар. Бу нарсани Афғонистонда кўриб турибмиз. Биз буни Сомалида кўриб турибмиз. Биз буни Карачида кўриб турибмиз. Биз буни мусулмон ўлкалардаги ўзаро чегаравий низоларда кўриб турибмиз. Бирор бир мамлакат йўқки, бошқа бир араб ёки мусулмон ўлкаси билан чегаравий низоси йўқ бўлса!

Чегаралар билан боғлиқ низолар мустамлакачиларнинг қилмишларидир:

Тўғри, бу низолар мустамлакачиларнинг ишларидан. Мустамлакачилар араб ва мусулмон ўлкаларни тарк қилар эканлар ҳар бир ўлкада ўз қўшниси ва биродари билан бирор бир муаммони ҳам қолдириб кетдилар. Бироқ, қачонгача ана шу ҳийлаларнинг кетидан эргашамиз? Қачонгача ўз биримизнинг қадримизни билмай яшаймиз?

 Мусулмонлар ягона умматдирлар:

Биз ягона умматмиз, бу умматни Аллоҳ таборака ва таоло битта қилиб қўйган, бу уммат сўзни битта қилиш ва битта сўз – Аллоҳдан Ўзга маъбуд йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир устида жамъул жам бўлган вақтида унинг ақидасини бирлаштирар экан унинг ғоясини ҳам битта қилиб қўйгандир. Унинг  ақидасини бирлаштирар экан унинг ғоясини ҳам битта қилиб қўйгандир. Унинг шариатини битта қилиб қўяр экан унинг манҳажини ҳам битта қилиб қўйгандир. Зотан, ақийда пойдевор бўлса, шариат  бинодир. Битта ғояси ва битта манҳажи бор бўлган уммат ана шунинг устида бирлашиши ва ҳар хил йўлларга кетиб қолмаслиги лозим бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай деган:

“Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрки, шояд тақво қилсангиз”. (Анъом сураси: 153). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтганларидек сироти мустақим ана шудир:  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бизларга бир чизиқ чиздилар сўнг дедилар: “Бу Аллоҳнинг йўлидир”. Кейин у (чизиқ)нинг ўнг ва сўл тарафидан бир қанча чизиқлар чиздилар. Сўнгра: “Булар (Язид деди: турли туман) йўллардир, улардан ҳар бирининг бошида унга чорлаб турадиган шайтон бордир”, дедилар. Сўнгра дедилар: “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрки, шояд тақво қилсангиз”.[3]

Бу умматнинг битта йўлни тарк қилиши мумкин эмас:

Шундай экан, бу уммат “Бизни тўғри йўлга бошлагин. Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига (бошлагин), ғазабга дучор бўлганларнинг йўлига эмас, адашганларникига ҳам эмас”, дея ҳар куни камида ўн етти марта ўз Роббига дуо қилиб сўрайдиган битта йўл – сироти мустақимни тарк қилиб, шайтонларнинг чақириқларига жавоб бериши мумкин эмас. Ислом бу умматнинг ғоясини бирлаштирди, унинг манҳажини бирлаштирди, шиорларини бирлаштирди, унинг қибласи бир, азони бир, намози бир, ҳажи бир,  рўзаси бир. Бу шиорларнинг иши ана шу умматни шиорлари бир бўлган, шунингдек, ҳис – туйғулари ва кечинмалари бир бўлган бир уммат қилиб қўйишдир.

Бу умматнинг бирлиги у мурожаат қиладиган манбасидадир:

Мурожаат  қиладиган манбасида бир бўлган умматнинг мурожаат қиладиган ва суянадиган бошқа бир манбаси йўқдир. Адашмайдиган ва унутиб қолдирмайдиган бир манба. Бу умматнинг Аллоҳнинг Китоби ва Унинг расулининг суннатидан бошқа манбаси йўқдир. Ўзаро тортишиб қолсалар, Аллоҳ таоло: “Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар  Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир” (Нисо сураси: 59) дея марҳамат қилганидек, ўртадаги ихтилофни кўтарадиган ва низони тўхтадиган маъсум манбаси бор бу умматнинг.

Бу умматни бошқарув борасида бир қилиб қўйган:

Ислом ушбу умматнинг манбасини битта қилиб қўйган, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг унинг бошқарувини ҳам битта қилиб қўйган: “Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!”. (Нисо сураси: 65). Бу – ана шу уммат иймон келтирган нарсадир ҳамда Аллоҳ ва Унинг расули амр қилган нарсадир бу.

Яҳудийлар бу умматни парчалаш устида ишламоқдалар:

Қуръони карим:  “Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг”, (Оли Имрон сураси: 103) дейди. Бу сўз авс ва хазражликларни урушлар давом этиб, қонлар оқиб келган бир неча асрлик адоватдан сўнг Ислом келиб уларнинг дилларини бирлаштиргани ва натижада Аллоҳнинг неъмати ила оға инига айланиб, иноқлик ва дўстлик ҳолатига ўтиб қолганларини кўриб, айрим яҳудийлар мусулмонларга нисбатан ҳийла қилганларида фирқаланишдан, нафрат ва адоватга олиб борадиган ихтилофдан қайтариш ўрнида келган. Бу аҳилликни кўрган яҳудий Шос ибн Қайс  уларнинг ўрталарида жоҳилият даврини уларга эслатиб қўядиган бир фитна қўзғамоқчи бўлди. У сал қолса ўз мақсадига эришай деб қолганди. Ўтган  кунларни уларга эслатиб қўйди, ҳатто айримлар эй авсликлар, эй хазражликлар қуролларни олинглар деб жар солишгача бордилар. Бу гаплар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганида у киши келиб дедилар: “Мен ораларингизда бор бўла туриб жоҳилият чақириғини қиляпсизларми? Уни тарк қилинг. Зеро, у жирканч (сўз)дир![4]. Тарафкашликлар замони ўтди. Энди Ислом ҳаммани бирлаштирди. Бу борада Оли Имрон сураси (100 -оят)да  Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи нозил бўлди:

“Эй иймон келтирганлар! Агар китоб берилганлар тоифасига итоат қилсангиз, иймонингиздан кейин сизни кофирликка қайтаради”. “иймонингиздан кейин сизни кофирликка қайтаради”.

Бирлик иймоннинг, фирқаланишлик эса куфрнинг шеригидир:

Оятнинг  мазмуни далолат қилишича, дўсту биродар бўлганингиздан кейин улар сизларни бир бирларингиз билан душман бўлган ҳолингизга қайтарадилар, бирлашиб, аҳил бўлганингиздан сўнг парчаланиб кетган ҳолингизга қайтарадилар ва бир бирларингизга ёрдамчи бўлганларингиздан сўнг бир бирларингизни ташлаб қўйган ҳолингизга қайтарадилар.  “иймонингиздан кейин сизни кофирликка қайтаради”. Бирликни иймон деб, фирқаланишни эса куфр деб таъбир бермоқда. “Аллоҳнинг оятлари сизга тиловат қилиниб турган бўлса-ю, Унинг Расули ичингизда бўлса-ю, қандай қилиб куфр келтирасиз?! Ким Аллоҳни маҳкам тутса, шубҳасиз, тўғри йўлга ҳидоят топган бўлади”. (Оли Имрон сураси: 101).

Ислом уммати даъват умматидир:

Сўнгра уларни Аллоҳдан тақво қилишга, ҳаммалари У берган арқонни маҳкам ушлашларига ва фирқаланиб кетмасликларига амр қилди. Уларга биродарлик неъматини эслатиб қўйди, ҳамманинг машғулоти бўлиши лозим бўлган даъват вазифасини эслатиб қўйди:

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг. Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки ҳидоят топсангиз. Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф-наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир. (Оли Имрон сураси: 102 -104)

Демак, бу уммат даъват уммати, вазифа уммати экан. Бу уммат даъват қилиш билан банд бўлиб, уни ўзининг энг катта мақсади қилиб олар экан ҳаргиз фирқаланиб кетмайди.

Фирқаланиш ва ихтилофлар ўтган умматларни ҳалок қилгандир:

Сўнг Аллоҳ таборака ва таоло ихтилофга бориш ва парчаланишдан қайтариб шундай дейди:

Ўзларига очиқ баёнотлар келганидан кейин бўлиниб ихтилофга тушганларга ўхшаш бўлмаганлар, ана ўшаларга улуғ азоб бордир.(Оли Имрон сураси: 105).

Сизлар ўзларингиздан олдинги уларга илм ва очиқ – ойдин баёнотлар келганидан сўнг ўзаро адоват ва ҳасад юзасидан бир бирлари билан ихтилофга борган ва фирқаланиб кетган аҳли китобларга ўхшаманг. Сизлар уларга ўхшашингиз мумкинмас. Бу ҳақида бир ҳадис келган: “Ихтилофга тушманг. Чунки, сизлардан олдингилар ихтилоф қилдилар ва оқибатда ҳалок бўлдилар”. Ояти карима келиб шундай дейди: “Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади.”. (Анфол сураси: 46). Ана шу ибораларнинг барчаси фирқаланишдан – мусулмонларнинг жоҳилият аҳли фирқалангани каби фирқаланиб кетишларидан қайтарган ҳолда келган.

Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Видолашув ҳажида шундай деганлар: “Мендан кейин бир бирларингизнинг бўйнига қилич урадиган кофир бўлиб кетмангиз[5]”. Мендан кейин кофирлар қиладиган ишларни қилиб, жоҳилият аҳлининг амалларини қилиб, бир бирингизнинг бўйнига қилич урадиган кофир бўлиб кетмангиз. “Мусулмонни ҳақорат қилиш фосиқлик ва уни ўлдириш куфрдир[6]. Бу муттафақун алайҳ бўлган ҳадисдир. Бу ва булардан бошқа ҳадислар муттафақун алайҳ даражасидадир.

“Агар икки мусулмон ўз қиличлари билан бир бирига рўбарў бўлса, ўлдиргувчи ҳам ўлдирилган ҳам дўзахдадир”. Бас мен дедим: “Эй Аллоҳнинг расули, бунисику қотил аммо ўлдирилгани нима учун?”. У зот дедилар: “Албатта, униси ўз биродарини ўлдиришга ҳарис эди”[7]. Ҳар иккаласи ҳам агар дунё учун, тарафкашлик учун уруш қиладиган бўлса, дўзахдадир.

Мусулмоннинг қони ҳаромдир:

Шунга қарамасдан бугун биз турли томонлардаги мусулмонларни уруш қилиб, исломий қўллар ва исломий қуроллар билан исломий қонларни тўкаётганларини кўриб турибмиз! Ана шу қуроллар Исломнинг душманлари кўксига қаратилган бўлса қандай ҳам муносиб бўларди! Мусулмоннинг у қуролларни ўз биродари кўксига қаратиши эмас. Мусулмон одам дунё учун, чегара талашиш учун, булардан бошқа ишлар учун ўзининг мусулмон биродари билан уруш қилиши мумкин эмас. Аслида мусулмоннинг қони ҳимоялангандир.

“Мусулмоннинг ҳамма нарсаси – қони, моли ва шарафи ҳаромдир”[8].

Ислом бу умматни бирлаштириш учун, ундаги инсонларнинг орасида биродарликдан иборат мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиш учун келгандир: “Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг...”. (Хужурот сураси: 10). Бу –Аллоҳнинг Китобидаги ибора эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса шундай дейдилар: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир: унга зулм қилмайди ва уни ташлаб ҳам қўймайди”[9]. Унга зулм қилмайди: унга тажовуз қилмайди, уни ташлаб қўймайди: уни бошқаларнинг зулмига ўлжа қилиб ташлаб қўймайди.

Доктор Ю. Қаразовий

Давоми бор, инша Аллоҳ...



 

[1]Ҳадисни Аҳмад (1412) ривоят қилган. Уни тахриж қилганлар: “Узилиш жойи борлиги учун ҳам исноди заифдир”, -деганлар. Термизий “Қиёматнинг сифати” (2510)да, Ибн Абдулбарр “Жомеу баёнил илм” (2122)да, Албоний “Саҳиҳут Тарғиб ват Тарҳиб” (3\61) да ҳасан лиғойриҳи деган.

[2] Ҳадисни Аҳмад (27508)ривоят қилган. Уни тахриж қилганлар: “Исноди саҳиҳ, рижоли сиқотдурлар”, -деганлар. Термизий “Сифатул Қиёмат” (2509) да ривоят қилиб: “Ҳасан Саҳиҳ”, -деган. Абу Довуд “ал Адаб” (4919) да ривоят қилган ва Ибн Ҳиббон уни (5092) Абу Дардодан ривоят қилиб, саҳиҳ ҳадис деган.

[3]Ҳадисни Аҳмад ривоят (4142) қилган. Уни тахриж қилганлар: “Исноди ҳасандир”, деганлар. Насоий “Кубро”(11109)да, Ҳоким (2\239) ҳар иккиси тафсир бобида ривоят қилган ва уни саҳиҳ деган. Заҳабий унинг фикрига қўшилган. Албоний “Мишкот” (166) да уни ҳасан деган.

[4]Муттафақун алайҳ. Бухорий “Тафсир” (4905)да, Муслим “ал Бирру вас Сила” (2584) да Жобир ибн Абдуллоҳдан риқоят қилган.

[5]Бухорий “Хусуматлар” (2410)да  Ибн Масъуддан ривоят қилган.

[6]Муттафақун алайҳ: уни Бухорий “Илм” (121)да, Муслим “Иймон”(65) да Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилган.

[7]Муттафақун алайҳ: уни Бухорий “Иймон” (31)да, Муслим “Фитналар”(2888) да Абу Бакрадан ривоят қилган.

[8] Ҳадисни Муслим “ал Бирру вас Сила” (2564)да Абу Ҳурайрадан ривоят қилган.

[9] Юқоридаги манба.