Исломий молия нима дегани?
Ислом молия саноати охирги ўн йилликда жадал ривожланиб, йилига 10-12% ўсмоқда. Бугунги кунда шариатга мос келадиган молиявий активлар тахинан 2 триллион доллар атрофида баҳоланади ҳамда банклар ва нобанк молия муассасалари, капитал бозори, пул бозорлари ва ҳатто суғурта бозорини қамраб олади.
Кўплаб мусулмон мамлакатларда исломий банк активлари оддий банк активларидан кўра тезроқ ўсади. Шунингдек, Буюк Британия, Люксембург, Жанубий Африка ва Гонконг каби мусулмон бўлмаган мамлакатлар томонидан ҳам исломий молияга қизиқишнинг кескин ўсишини кузатиш мумкин.
Сўнгги ўн йил ичида исломий молиялаштириш бутун дунёда, шу жумладан мусулмон бўлмаган мамлакатларда ҳам ривожланишни молиялаштириш учун самарали воситага айланди. Йирик молия бозорлари исломий молиялаштириш аллақачон глобал молия тизимига қўшилганлигидан далолат беради. Бундан ташқари, у ўта қашшоқликни тугатиш ва дунё ҳамжамиятининг фаровонлигини ошириш муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беради.
Исломий молиялаштириш адолатли, кафолатли, ахлоқий, барқарор, экологик ва ижтимоий масъулиятли молиялашдир. Пул билан ишлашнинг бундай шакли асосан рискларни тақсимлашга ёрдам беради, молия секторини реал иқтисодиёт билан боғлайди ва молиявий интеграция ва ижтимоий таъминот муҳимлигини таъкидлайди.
Ислом молияси қуйидаги асосий тамойилларга риоя қилади:
1) битимлар бўйича фоизлар тақиқланиши;
2) молиялаштириш реал активлар билан боғлиқ бўлиши лозим;
3) ғайриахлоқий ёки ахлоқ борасида муаммоли корхоналарда иштирок этишга йўл қўйилмайди (масалан, қурол-яроғ ишлаб чиқариш ёки спиртли ичимликлар сотиш);
4) даромадлилик рисклар билан боғлиқ бўлиши лозим.
Стратегия
Жаҳон банки гуруҳининг исломий молиялаштиришда иштирок этиши тўғридан-тўғри банкнинг қашшоқлик кўламини қисқартириш, молиялаштириш очиқлигини кенгайтириш, молия секторини ривожлантириш, мижоз мамлакатларда молия сектори барқарорлигини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширадиган ишлари билан боғлиқ.
Исломий молиялаштириш молия секторининг ривожланишига ва молиявий интеграцияни кенгайтиришга хизмат қилади. Ассортиментни кенгайтириб, молиявий маҳсулотлар қамровини оширган ҳолда, исломий молиялаштириш молиявий хизматлардан маҳрум бўлган шахслар қамровини кенгайтириш ва молиявий хизматлар очиқлигини яхшилашга хизмат қилиши мумкин.
Исломий молияда камбағал ва кичик корхоналарни молиялаштириш имкониятларини яхшилашда фойдали бўлиши мумкин бўлган ҳамкорликни молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бу, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилашга ҳисса қўшадиган қишлоқ хўжалигини молиялаштиришни яхшилашга ёрдам бериши мумкин.
Шу муносабат билан, исломий молия ҳозирги пайтда диний сабабларга кўра одатий молиядан фойдаланмайдиган шахсларнинг эҳтиёжларини қондиришга ёрдам беради. Дунёдаги 1,6 миллиард мусулмонларнинг атиги 14 фоизи банклардан фойдаланади. Бу молия олишдаги умумий тафовутни камайтиришга ёрдам беради, чунки мусулмон бўлмаганларга Исломий молиявий хизматлардан фойдаланиш тақиқланмайди.
Бу молиявий барқарорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради. 2008 йилдаги глобал молиявий инқироз бутун дунё бўйлаб молиявий тизимларни вайрон қилганлиги сабабли, Исломий молия муассасалари нисбатан дахлсиз қолди, рискларни тақсимлаш ва спекулятив молиявий маҳсулотларни бекор қилишнинг асосий операцион тамойиллари билан ҳимоя қилинди.
Сўнгги йилларда жадал ўсишга қарамай, Исломий молиялаштириш ҳали ҳам ривожланишнинг дастлабки босқичида. Масалан, исломий молиялаштиришни амалга ошириш учун институционал тизим билан боғлиқ долзарб муаммолар мавжуд.
Исломий молиялаштириш тамойиллари
«Исломий молия» атамаси ислом ҳуқуқига (шариатга) жавоб берадиган молиявий фаолиятни таърифлаш учун фойдаланилади. Исломий молия тизимининг асосий тамойилларидан бири молиявий битим бўйича рибо (фоиз) олиш ва тўлашнинг тақиқланиши ҳисобланади.
Рибо атамаси ҳар қандай қизиқиш шаклларини қамраб олади ва фақат судхўрлик ёки ҳаддан ташқари қизиқиш билан чекланмайди. Шуни ёдда тутиш керакки, исломий ҳуқуқ пулни ва пул воситаларини товар эмас, фақат айирбошлаш воситаси деб қабул қилади.
Демак, ҳар қандай фойда активга ёки иштирокка ва қўшма корхонада рискни қабул қилишга боғлаб қўйилган бўлиши лозим. Соф қарз қимматли қоғози «активлар билан боғлиқ» қимматли қоғоз билан, реал активни тўғридан-тўғри молиялаштириш, энг мақбул улуш асосида молиялаштириш бўлган турли ҳамкорлик шакллари билан алмаштирилади.
Фоизлар тақиқланишидан ташқари, молиявий операцияларга таъсир этиши мумкин бўлган яна бир нечта муҳим қоидалар бор. Улар қаторига «гарар» (ахборот носимметрияси ёки ноаниқлиги), «майсир» (қимор ўйинлари, чайқов), дунёпарастлик, шунингдек тақиқланган товарлар (масалан, чучқа гўшти ва спиртли ичимликлар) билан савдо қилиш тақиқланиши киради.
Исломий молия воситалари
Асосий воситалар қуйидагиларни ўз ичига олади:
- харажатларни молиялаштириш,
- фойдани тақсимлаш,
- лизинг,
- ҳамкорлик,
- форвард сотуви.
Муробаҳа – бу маржа билан савдо. Активни сотиб олиш фойда олиш учун молиялаштирилади, бунда актив мижоз номидан сотиб олинади ва олдиндан белгиланган нархда сотилади. Тўлов бир марталик ёки бўлиб-бўлиб тўланиши мумкин ва тўлиқ тўлов амалга оширилгунга қадар банкка эгалик ҳуқуқи сақланиб қолади.
Ижара – бунда банк активни мижознинг номидан харид қилади ва ундан қатъий белгиланган ижара тўлови учун фойдаланишга имкон беради. Активга эгалик ҳуқуқи молиячида қолаверади, лекин у якуний ҳисобда эгасига айланадиган мижозга аста-секинлик билан ўтиши мумкин.
Мудораба – ишонч асосида молиялаштириш шартномаси. Томонлардан бири капитал киритади, иккинчиси эса ҳаракатлари ёки тажрибасини. Фойда олдиндан келишиб олинган нисбатда тақсимланади.
Мушорака – улуш асосида иштирок этиш шартномаси. Турли томонлар капитал киритади, фойда эса олдиндан белгиланган нисбатда тақсимланади.
Суқуқ – мулкка эгалик ҳуқуқи ҳақида гувоҳнома. Суқуқ бу – моддий активлар ёки хизматларга эгаликда бўлинмайдиган улушларни ифодалайдиган тенг қийматли сертификатлар. Сертификатлар даромадлилиги тўғридан-тўғри базавий активлар даромадлилиги билан боғлиқ.
Абу Муслим таржимаси