Тахминан 50-100 миллион киши ёки дунё аҳолисининг 2,7-5,3 фоизи вафот этган ва бу бизга ушбу эпидемияни инсоният тарихидаги энг катта офатлардан бири деб ҳисоблашимизга имкон беради. Шундай қилиб, касалликни юқтирганлар орасида ўлим даражаси 10–20% ни ташкил этган. Эпидемия Биринчи Жаҳон Урушининг сўнгги ойларида бошланган ва қурбон бўлганларнинг кўлами бўйича ўша пайтда энг катта қуролли тўқнашувдан ҳам ошиб кетган. Пандемиянинг авж олишига урушнинг машаққатлари - антисанитария шароитлари ва ёмон овқатланиш, ҳарбий лагерлар ва қочқинлар лагерларининг ғуж жойлашуви ёрдам берган деб ҳисобланади.
Касаллик сурати, «испанка» номи
1918 йил май ойида Испанияда 8 миллион киши ёки унинг 39 фоиз аҳолиси касалланган (қирол Алфонсо XIII ҳам "испанка" билан касалланган). Гриппдан жабрланганларнинг аксарияти 20-40 ёшдаги ёш ва соғлом одамлар эди (одатда болалар, қариялар, ҳомиладор аёллар ва айрим касалликларга чалинган одамлар юқори хавфга эга саналади).
Касаллик белгилари: юзнинг кўк ранга бўлиши - цианоз, пневмония, қон аралаш йўтал. Касалликнинг кейинги босқичларида вирус ўпка ичида қонашни келтириб чиқаради, натижада бемор нафас йўлига ўз қони тикилиб ўларди. Аммо асосан касаллик ҳеч қандай аломатларсиз ўтиб кетарди. Баъзилар касалликни юқтири олган куннинг эртасига вафот этарди.
Юқори даражада ўлимнинг асосий сабаби гиперцитокинемияни келтириб чиқарадиган вируснинг ушбу штамми ўзига хос хусусияти бўлган, бу яллиғланган ўпка тўқималарининг тезда йўқ қилинишига ва суюқлик билан тўлдирилишига олиб келади, бу кучли ва ривожланган иммунитетга эга бўлган ёш беморларда яшин тезлигидаги касалликнинг ва ўлим даражаси ўта юқори эканлигини тушунтиради.
Испания биринчи бўлиб бу касалликнинг кучли тарқалишини бошидан кечирганлиги сабабли грипп шу номни олди. Бошқа манбаларга кўра, унинг пайдо бўлишининг аниқ жойини аниқлаш ҳали ҳам мумкин эмас, аммо, эҳтимол, Испания эпидемиянинг бирламчи маркази бўлмаган. Тахминлардан бирига кўра, «испанка»нинг биринчи ҳолати 1918 йилда АҚШда қайд этилган. "Испанка" номи тасодифан пайдо бўлди. Биринчи жаҳон уруши пайтида урушаётган томонларнинг ҳарбий цензураси армияда ва аҳоли ўртасида эпидемия ҳақида хабар беришга имкон бермаганлиги сабабли, бу ҳақда биринчи хабар 1918 йил май - июн ойларида бетараф Испанияда пайдо бўлган.
Тарқалиши, ўлим ҳолатлари кўлами
Автотранспорт воситаларининг (поездлар, дирижабллар, тезюрар кемалар) технологик ривожланиши туфайли касаллик бутун сайёрада тез тарқалди. Баъзи мамлакатларда жамоат жойлари, судлар, мактаблар, черковлар, театрлар ва кинолар йил давомида ёпилди. Баъзида сотувчилар харидорларга дўконларга киришни тақиқлашди. Буюртмалар кўчада ижро этиларди. Баъзи мамлакатларда ҳарбий режим жорий этилди. АҚШ шаҳарларининг бирида қўл сиқиб кўришиш тақиқланган. Пандемия юқмаган ягона яшаш жойи Бразилиядаги Амазонка қуйилиш жойидаги Маражо ороли эди. Кейптаунда поезд ҳайдовчиси атиги 5 км масофада 6 йўловчининг ҳалок бўлганини эълон қилди. Барселонада ҳар куни 1200 киши ҳаётдан кўз юмади. Австралияда шифокор бир соат давомида кўчада 26 дафн маросимини санаб чиқди. Аляскадан Жанубий Африкагача бўлган бутун бошли қишлоқлар йўқ бўлиб кетди. Бирорта ҳам соғлом шифокор қолмаган шаҳарлар мавжуд эди. Ўликларни дафн қилиш учун ҳатто гўрковлар ҳам қолмади. Буғ экскаватори ёрдамида омавий қабрлар қазиларди. Ўнлаб одамлар тобутсиз ва дуо ўқимасдан дафн қилинди. Дастлабки 25 ҳафта ичида грипп 25 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлди. Биринчи жаҳон урушида қатнашган мамлакатларнинг қўшинларининг оммавий равишда кўчирилиши грипп тарқалишининг тезлашишига олиб келди.
Вируснинг замонавий тадқиқотлари
1997 йилда АҚШ Армия Молекуляр Патология Институти (AFIP) 80 йил олдин абадий музликда кўмилган Аляскалик аёлнинг жасадидан 1918 йилги H1N1 вируси намунасини олди. Ушбу намуна 2002 йил октябр ойида олимларга 1918 йилги вируснинг ген тузилишини қайта тиклашга имкон берди.
1957 йилги эпидемия тўлқини табиатда қатъий моноэтиологик характерга эга эди ва касалликларнинг 90% дан ортиғи H2N2 грипп вируси билан боғлиқ эди. Гонконг гриппи пандемияси учта тўлқинда (1968, 1969 ва 1970) ривожланган ва H3N2 серотип вируси туфайли келиб чиққан.
Абу Муслим таржимаси