Шарҳ: Исломдан олдинги жоҳилиятда ҳам жоҳилликнинг турли-туман кўринишлари мавжуд эди. Жумладан, тибга оид масалаларда ҳам. Ушбу фаслда келадиган ҳадиси шарифлар ана ўша нарсаларни муолажа қилади. Уларни Ислом дини қандоқ қилиб тўғри йўлга солганини тушунтиради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қи¬линган бу ҳадиси шарифда жоҳилиятнинг тўртта жоҳиллиги инкор қилинмоқда.
1. «Касаллик юқиши йўқ»
Жоҳилият аҳлида, хасталикларда ўзига яраша қувват бор, улар бир кишидан иккинчисига ўша қувват ила ўтади, деган эътиқод бор эди.
Ҳозирги жоҳилиятда ҳам худди шу эътиқод бор. «Ундоқ бўлса хасталик юқиши йўқми?» деган савол берилиши турган гап. Бунга жавоб шуки, хасталик Аллоҳ ирода қилсагина юқади. Худди шу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифда ва бунга ўхшаш бошқа ҳадиси шарифлардаги «касаллик юқиши йўқ» деган гапларида мужассам бўлган.
Дунёдаги ҳар бир нарса фақатгина Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Жумладан, хасталик юқиши ҳам. Одамлардан жоҳилият эътиқодларини кетказиш учун шунга ўхшаш ҳассос нарсаларга алоҳида эътибор берилган.
2. «Бойқуш йўқ»
Жоҳилият даврида турли нарсалардан шумланиш мавжуд эди. Бу нарса уларнинг эътиқодига айланиб қолган эди. Жумладан, қаерга бойқуш қўнса ўша ерда ёмонлик, харобчилик бўлади, деган эътиқод бор эди.
Ислом бу нарсани ҳам инкор этди. Бировга кўнгилсизлик ёки ёмонлик етадиган бўлса бой¬қуш ёки бошқа қуш қўнгани сабабли эмас, Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади. Аллоҳ ирода қилса, ҳар қандай ҳолатда ҳам бандага хасталик ориз қилганидек, бойқуш қўнса ҳам, қўнмаса ҳам ёмонлик ва харобачиликни воқеъ қилиши мумкин.
3. «Навъу йўқ»
«Навъу» — жоҳилият аҳли ёмғир ёғдиради деб эътиқод қиладиган юлдуз. Улар ўзларича ёмғирни ўша юлдуз ёғдиради, деб айтишар эди. Албатта, бу ҳам нотўғри. Ёмғирни фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи ёғдиради.
4. «Сафар йўқ»
Жоҳилият аҳлининг сафар ойи тўғрисида ҳам бидъат-хурофотдан иборат ақийдалари бор эди. У ойда сафар қилиб бўлмайди, у бўлмайди, бу бўлмайди, дейишар эди.
Ислом бундоқ бўлмағур эътиқодларни ҳам рад этди. Ойларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг ойлари, кунларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг кунлари эканини эълон этди.
Кўриниб турибдики, бу ҳадиси шариф асосан, эътиқодга оид масалаларни муолажа қилмоқда. Жумладан, тибга оид эътиқод масаласини муолажа қилмоқда.
Бизлар, касаллик ўзи юқмайди, Аллоҳ таоло ирода қилсагина юқади, деган эътиқодни маҳкам тутишимиз керак экан. Бу масала кейин келадиган ҳадиси шарифларни ўрганишимиз жараёнида яна ҳам ойдинлашиб боради.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Касаллик юқиши йўқ, ғул йўқ ва сафар йўқ», дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда аввалги баёни келган нарсаларга «ғул» ҳам йўқлиги қўшилмоқда.
«Ғул» жоҳилият аҳли тасаввуридаги бир жин, улар уни турли шаклларга кира олади, одамларни адаштириб турли балоларга учратади, деган эътиқодни қилишар эди.
Ислом бу нотўғри эътиқодни ҳам рад этди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Касаллик юқиши йўқ, сафар йўқ ва бой¬қуш йўқ», дедилар». Шунда бир Аъробий:
«Эй Аллоҳнинг Расули, унда туяларга нима бўлган? Қумда худди оҳудек юришади. Битта қўтир туя қўшилиб қолса, ҳаммасини қўтир қилворади?» деди.
«Биринчига ким юқтирган?» дедилар у зот».
Шарҳ: Гап шу жойда. Агар хасталикни юқишлик тарқатадиган бўлса, унинг биринчи пайдо бўлиши ҳақида нима дейилади. Ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади, деган эътиқодга келинмагунича бу савол занжири узайиб бораверади. Аллоҳ таолога ва Унинг чексиз қудратига, ҳамма нарса Унинг иродаси ила бўлишига иймон келтирган кишиларгина хасталикнинг биринчи пайдо бўлиши ҳам, унинг юқиши ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади, дедилар.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Хастани соғнинг олдига келтирманглар», дедилар».
Иккисини учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф туялар ҳақида айтилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хаста туяни олиб келиб соғ туяни суғораётган жойда аралаштириб суғормасликка амр қилмоқдалар. Чунки, соғ туя ҳам хаста бўлиб қолса, эгаси хасталик юқди, деб афсусланиб юради.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Касаллик юқиши йўқ, қуш-ла фол очиш йўқ, бойқуш йўқ ва сафар йўқ. Ва моховдан, худди арслондан қочганингдек қочгин», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги биз «қуш-ла фол очиш йўқ» шаклида таржима қилган ибора арабчада «тияра» дейилади. Бу ибора «тоир» — «қуш» сўзидан олинган. Қушни фол очишга нима дахли бор ёки ҳозирдаги баъзи фолчиларга ўхшаб қушга хатни торттириб фол очиш авваллари ҳам бўлганми, деган савол пайдо бўлиши мумкин.
Қуш билан фол очиш жоҳилият даврида бошқача бўлган. Жоҳилият аҳлидан бирортаси бир ишни қилиш-қилмасликда иккиланиб қолса, қушни қўлда тутиб туриб учирган. Агар қуш ўнг томонга учса, ўша ишни қилган. Агар қуш чап томонга учса, у ишни қилмаган. Агар қуш тўғрига учса, яна бошқа қуш учирган. Улар бу ишни кўп қилганидан умуман фол очишга ҳам «тияра» ибораси ишлатиладиган бўлиб кетган. Ислом дини буни ҳам рад этди.
Бу фаслнинг ушбу ҳадиси шарифгача бўлган ривоятларининг баъзисида касаллик юқиши йўқлиги, баъзисида касаллик юқишидан эҳтиёт бўлиш кераклиги айтилган бўлса, бу ҳадиси шарифда мазкур икки масала ҳам зикр қилинмоқда. Бу билан касаллик ўзича юқмаслиги эътиқод масаласи эканлиги, касаллик юқишидан эҳтиёт бўлиш эса динимиз амал қилишни биздан талаб қилган нарса эканлиги таъкидланмоқда.
Мохов хасталиги ҳам юқумли экани ҳозирда ҳаммага равшан ҳақиқатдир, Исломда эса бу хасталикка учраган одамдан арслондан қочгандек қочиш кераклиги ўн беш аср илгари таъкидланган.
Ўрни келганда касалнинг юқишини илмий равишда биринчи бор исбот қилганлар ҳам мусулмон табиблар эканини айтиб ўтмоқ бурчимиздир. Бу ҳақиқатни биз эмас, ғарбликлар эътироф қилганларини таъкидлаш эса вазифамиздир.
Олмониялик машҳур олима Зигрид Хунке хоним «Аллоҳнинг қуёши Оврупани ёритур» номли китобида қуйидагиларни ёзади:
«1348 йилда андалуслик давлат одами ва табиб, Ғарнота султонининг вазири Ибн ал-Хатиб хаста киши орқали касалликнинг юқиши ва тарқалиши ҳақида илмий мантиқий рисола ёзди».
«Касаллик юқишини ва унинг хатарларини ҳамда унинг одамлар бошига келтирадиган ҳалокатлардан сақлаш йўлларини кашф этиш мусулмонларнинг яратувчилик фикри томонидан юзага чиқарилган энг буюк кашфиётлардан иккитасидир. Шу билан мусулмонлар томонидан инсоният учун бебаҳо хизмат қилингандир» (275—276-саҳифалар).
Бошқа бир мусулмон табиб, Ғарнота (Гренада) қасрида яшаган Ибн ал-Хотийма қуйидагиларни ёзган:
«Менинг олиб борган узоқ муддатли тажрибаларим шуни кўрсатадики, ким юқумли хасталикка чалинган шахсга аралашса ёки унинг кийимини кийса, ўша хасталикка дарҳол чалинади. Аввалги беморда қандай аломатлар бўлса бунда ҳам ўша аломатлар пайдо бўлади. Биринчи бемор қон туфурса, иккинчиси ҳам қон туфуради. Биринчисига яра чиққан бўлса, иккинчисига ҳам яра чиқади».
Бундан саксон йил ўтгандан сўнг Оврупа бирдан касаллик юқишини тушуниб қолди. Одамлар беморларни ушлашдан ёки уларга яқинлашишдан қочадиган бўлишди. Ўзларича тумор тақишни бошлашди. Улар ўзларича тумор касаллик юқишидан сақлайди, деб эътиқод қилишар эди. Улар худди шу эътиқод ила хушбўй нарсаларни тутатишга ўтдилар».
Сақийфнинг ҳайъати одамлари орасида бир махов киши ҳам бор эди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга, батаҳқиқ, биз сенинг байъатингни қабул қилдик, деб одам юбордилар».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Сақийф қабиласи номидан у зотни эътироф қилиб, байъат қилгани келган расмий ҳайъатнинг барча аъзолари билан кўришиб, қўл ушлашиб байъат қабул қилдилар. Аммо эҳтиёт чораси учун мазкур хаста кишини ичкарига киритмадилар ва қўл бериб сўрашмадилар. Фақат одам юбориб хабарни етказиб қўйдилар, холос.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳмаҳуллоҳ