Натижа ажойиб бўлди: 535 киши ёқлаб овоз берди, 66 киши қарши ва 52 киши бетараф қолди. 19 сентябр куни Европа Иттифоқи расмий равишда коммунизм ва нацизмни тенглаштирди ва "ҳар иккала режим қирғинларни, геноцидни ва одамларни депортация қилишни амалга оширди, шунингдек, инсоният тарихига номаълум бўлган миқёсда ҳаёт ва озодликни йўқотди" деб қораланган резолюциясини қабул қилди.
Бундан ташқари, Европа парламенти аъзолари барча аъзо давлатлардан "тоталитар коммунистик режимлар ва фашистлар режими томонидан содир этилган жиноятлар ва тажовузкор ҳаракатларга аниқ ва принципиал баҳо бериш"ни сўрашди. Ушбу қарорнинг қабул қилиниши ўзининг тарихий аҳамиятига қарамай, аксарият оммавий ахборот воситаларида эътиборга олинмади. СССР парчаланганидан кейин 30 йил ўтгач, бу таққослаш вақти-вақти билан дунёнинг энг таниқли тарихчилари орасида тортишувларни келтириб чиқарганлигини ҳисобга олсак, ғалати кўринади.
Масалан, 1995 йилда "Империум" китобида поляк журналисти Рышард Капущинкий шундай хулосага келди: "Агар параллел ўтказадиган бўлсак, Сталиннинг вайронкор кучи бундан ҳам каттароқ бўлган. Гитлер томонидан амалга оширилган вайронагарчилик олти йилдан кўпроқ давом этди, ХХ асрнинг 20-йилларида Сталин томонидан бошланган террор 1953 йилгача давом этди. У ҳокимиятни ўттиз йил ушлаб турди ва террор қуроли узоқ умр кўрди. Бу Гитлер яхшироқ бўлган дегани эмас, лекин у бунчалик кўп вақтга эга бўлмаган». Шуни унутмаслик керакки, 1917 йилда ҳокимият тепасига келган вақтдан ва 1924 йилда вафотига қадар фуқаролик уруши қурбонларини ҳисобга олмаган ҳолда вафот этган уч миллион учун Ленин аллақачон жавобгар эди.
«Коммунизм қора китоби»
Бу мунозаралар 1997 йилда, октябр инқилобининг саксон йиллиги нишонланишидан кўп ўтмай, "Коммунизмнинг қора китоби" нашр этилганидан сўнг авжига чиқди. Бу китоб француз тадқиқотчиси Стефан Куртуа бошчилигидаги бир гуруҳ тарихчилар томонидан ёзилган бўлиб, улар коммунизм қурбонларининг ҳақиқий сонини аниқ ва ҳужжатлаштирилган таҳлил қилишни исташган. У Москва архивларининг яширин маълумотларидан фойдаланган ва қурбон бўлганларнинг якуний сонини узил-кесил белгилаган - юз миллион киши ҳалок бўлган ва, китоб муаллифларининг таъкидлашича, бу Гитлернинг национал-социализмидан азият чекканлардан тўрт баравар кўп.
Ҳамма нарсага қарамай, бу натижа ҳайратда қолдирадиган кашфиёт эмас эди. Олдинги йилларда кўплаб тарихчилар аллақачон Гулаг, Сталин режими томонидан Украинада ташкил қилинган очарчилик ва Совет диссидентларининг оммавий равишда депортация қилинишига қизиқиш билдиришган. 1989 йилда "Катта муваффақиятсизлик: ХХ асрда коммунизмнинг туғилиши ва ўлими" асарида сиёсатшунос Збигнев Бжезинский Совет тузуми қурбонлари сони 50 миллионга етганини аниқлади. Совет Иттифоқида ишлаш туфайли бу соҳада нуфузли фикр эгсига айланган Роберт Конквестнинг сўзларига кўра, 40 миллион киши ҳалок бўлган Иккинчи Жаҳон уруши қурбонлари бундан мустасно. 1987 йилда Гавайи Университетининг тарих ўқитувчиси Рудолф Руммел 1917-1987 йиллар орасида 61 миллион 900 минг киши Совет тузуми қурбонига айланганлигини айтди. Аммо тарихчи ва адабиёт соҳасидаги Нобел мукофоти совриндори Александр Солженицин 1973 йилда ёзилган «Гулаг архипелаги. 2-жилд»да қатағон қурбонларининг умумий сони 88 миллион кишини ташкил этган деб баҳолаган.
Бу икки тузумни таққослаш мумкин деган фикрни коммунистлар ҳар доим ғазаб билан рад этишган. Аслида, ҳатто ИСРПни ўз ичига олган Европа социалистларининг фракцияси коммунизм ва унга алоқадор жиноятлар қораланишини ифода этмайдиган якуний резолюцияга яна бир таклиф билан чиқди. Эҳтимол, бундай оммавий баёнот нацистларнинг худди шундай ғазабига сабаб бўлар эди, аммо унутмангки, 20-асрнинг биринчи ярмида Джордж Оруэлл, Симона Вайл, Марсел Мосс, Бернард Шоу каби обрўли ва бир-биридан мустақил бўлган муаллифлар, адабиёт соҳасида Нобел мукофоти совриндори Андре Гиде, шунингдек Виктор Серж каби россиялик социалистлар уларни таққослашган. Кўпгина тарихчилар ҳатто аввалроқ пайдо бўлган коммунизмсиз нацизм ҳодисасини тушунтиришнинг иложи йўқлигини таъкидлайдилар.
Ирқий ёки сиёсий қирғин
Уларнинг орасидаги энг муҳим фарқлардан бири шундаки, ГУЛАГ совет сиёсий диссидентларини жазолаш ва йўқ қилиш, ижтимоий-иқтисодий тузилмаларни тезроқ ўзгартириш ва мамлакатда коллективизация ва индустрлаштиришни ривожлантириш учун яратилган. Ўз навбатида, фашистлар концлагерлардан асосан яҳудийлар наслини йўқ қилиш учун фойдаланганлар.
Шу муносабат билан, икки йил олдин Вашингтон шаҳридаги Холокост мемориал музейининг "Лагерлар ва Геттоларнинг энциклопедиялари" лойиҳаси доирасида қурбонлар сонининг энг оғриқли ҳисоботи нашр этилди. Тадқиқот натижасида харитада 42,500 концлагерлар, геттолар ва мажбурий меҳнат фабрикалари аниқланган, уларда 15 дан 20 миллионгача одамлар ўлдирилган ёки ҳибсга олинган. Улар асосан яҳудийлар, шунингдек, нацистлар томонидан қувғин қилинган бошқа гуруҳлар, масалан, лўлилар ёки гомосексуаллар эди. "Бу рақам биз кутганимиздан ҳам каттароқ", деди Вашингтондаги Германия тарихи институти раҳбари Хартмут Бергофф (Hartmut Berghoff).
Бироқ, 1945 йилдан бери ўтказилган кўплаб тадқиқотларга кўра, қурбонлар сони олти миллион эди. Ўша йили Нью-Йоркдаги яҳудийлар ишлари Институти қурбонлар сонини 5,659,600 дан 5,673,100 гача деб аниқлади. Ушбу маълумотлар SS аъзоси Вилгелм Хеттл (Wilhelm Höttl) томонидан ошкор қилинган маълумотларга мос келади ва у 1944 йилда бу рақамлар яҳудийларнинг саволига якуний ечим ғояси муаллифларидан бири Адолф Эйхманн (Adolf Eichmann) томонидан келтирилганлигини айтди.
Ушбу маълумотларни ҳисобга олган ҳолда, Стефан Куртуа яна бир муҳим фарқни аниқлади, аммо бу резолюцияда акс этмайди. "Бу масалани шуни ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқиш зарурки, 1945 йилдан бери битта режим бир асрда энг жиноий деб ҳисобланган, иккинчиси, яъни коммунистик режим 1991 йилгача халқаро қонунийликка эга бўлган, унинг вакиллари баъзи мамлакатларда ҳанузгача ҳокимият тепсида ва издошлари бутун дунёда мавжуд".