Интернет гиганти Google СИ ишлаб чиқиш билан фаол шуғулланмоқда. 2014 йил ушбу компания 400 млн долларга Deep Mind Technologies стартап-компаниясини сотиб олди. Шуниси қизиқки, айнан Deep Mind Technologies нейрон тармоқ хусусиятлари ва компьютернинг ҳисоблаш имкониятларини ўзида бирлаштирган қурилма ишлаб чиққан. Олимлар ушбу лойиҳа инсониятни тўлақонли сунъий интеллект ишлаб чиқаришини яқинлаштиради, деб ишончи комил.
Deep Mind Technologies қурилмаси инсон мияси, аниқроғи, унинг қисқа муддатли хотираси ахборотни сақлаш ва бошқариш усулини такрорлай оладиган компьютердир. Қурилманинг асоси – ўзига хос нейрон тармоғи бўлиб, унинг структураси у ҳам ўзаро боғлиқ нейронлардан иборат бўлган инсон мияси структурасига ўхшаб кетади. СИ ўзига хослиги шундаки, бир қатор оддий вазифаларни бажаргач, компьютер сақлаб қўйилган маълумотлардан мураккаброқ вазифаларни бажариш учун фойдаланиши мумкин. Шундай қилиб, СИ мустақил ўрганиш ва эволюцияга интилиш хусусиятига эга, бу эса пировардида, СИ ва инсон ўртасида қарама-қаршиликка олиб келиши мумкин.
Дунёга машҳур физик Стивен Хокинг фикрига кўра, сунъий интеллект инсоният учун таҳдид саналади. Бу ҳақида у ВВС нашрига берган интервьюсида айтган: «Бугунги кунда мавжуд бўлган сунъий ақлнинг ибтидоий шакллари уларнинг фойдалилигини исботлади. Бироқ, менимча, тўлиқ сунъий ақлнинг ривожланиши инсон зотига чек қўйиши мумкин. Эртами-кечми, инсон назоратдан чиқиб, ўз яратувчисидан ўзиб кетадиган машина яратади. Бундай ақл соҳиби ташаббусни ўз қўлига олади ва тобора ортиб борадиган суръатларда ўзини такомиллаштиради. Одамларнинг имкониятлари эволюциянинг жуда секин эканлиги билан чекланган, биз машиналарнинг тезлиги билан рақобатлаша олмаймиз ва ютқазамиз».
Бошқа олимлар ва мутахассислар, масалан, америкалик машҳур IT-тадбиркор, Tesla ва Space X компаниялари асосчиси Элон Маск ҳам Хоакинг фикрига қўшилади. Маскнинг таъкидлашича, СИ атом қуролидан ҳам хавфли бўлиши мумкин ва инсоният мавжудлигига жиддий таҳдид солади.
Google компанияси ўз олдига 2030 йилга бориб супер-ақл ишлаб чиқиш вазифасини қўйган. Бу супер-ақл компьютер тизимига, хусусан, интернет тармоғига киритилади. Фойдаланувчи ахборот излашга киришганда суперинтеллект ушбу одамнинг психо-турини таҳлил қилади ва унга ўзи тўғри келадиган деб ҳисоблайдиган ахборотни чиқариб беради. Бу ҳақида Google компанияси директорлар кенгаши раиси Эрик Шмидт ўз китобида ёзган. Тизимга уланмаган одамларни эса у давлат учун потенциал хавфли бўлган субъектлар сифатида кўриб чиқишни таклиф қилади. Бу тизимни амалга ошириш учун давлат даражасидаги қонунчилик базаси тайёрланади, деб тахмин қилинмоқда.
Шундай қилиб, ишлаб чиқилаётган суперинтеллект инсониятни назорат қилишнинг глобал воситасига айланади. Суперинтеллект пайдо бўлиши билан, одамлар илм-фан билан шуғулланишни тўхтатади, бу билан унинг салоҳияти барча жиҳатлари инсон миясидан кўп марта устун бўлган суперинтеллект шуғулланади.
Маълумот учун:
Супер-ақл – деярли барча соҳаларда, жумладан, турли илмий тадқиқотлар, ижтимоий кўникмалар ва бошқа соҳаларда инсониятнинг «ақл машъаллари»дан жиддий устун бўлган ҳар қандай ақлдир.
Супер-ақл ишлаб чиқиш натижасида инсоният тури Коинотнинг бизга маълум бўлган қисмида энг ақлли ҳаёт шакли бўлишдан тўхтайди. Айрим тадқиқотчиларнинг фикрича, супер-ақл яратиш – инсоният эволюциясида сўнгги босқич, шунингдек, у қилиши лозим бўлган сўнгги ихтиродир. Чунки супер-ақл соҳиблари кейинги фан-техника тараққиёти ҳақида одамлардан кўра анча самаралироқ ғамхўрлик қила олади.
Мулоҳаза учун маълумот:
2007 йилдан бери Буюк Британия меҳмонхоналаридан бирида ҳар йили «Google даври руҳи» конференцияси бўлиб ўтади. Қизиғи, ушбу тадбирда нафақат юқори технологиялар бўйича мутахассислар, балки трансмиллий компаниялар ва халқаро банклар вакиллари ҳам иштирок этади. Трансмиллий компаниялар ва халқаро банклар раҳбарлари супер-ақл яратишдан манфаатдор, балки ушбу лойиҳани молиялаштирмоқда ҳам, деган хулосага келиш мумкин.