loader
Foto

Масхара, истеҳзо ва маддоҳлик

Аллоҳ таоло Анбиё сурасида марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, сендан олдин ҳам расуллар масхара қилинган. Бас, уларни масхара қилганларга ўзлари масхара этиб юрган нарса тушди» (41-оят).

Бошқа бир ояти каримада бундай зикр этилади:

“Эй иймон келтирганлар, бир қавм бошқа бир қавмни масхара қилиб кулмасин, эҳтимол (масхара қилинган қавм) улардан яхшироқдир... Бир-бирларингизни мазах қилманглар, бир-бирларингизга лақаб қўйиб олманглар” (Ҳужурот сураси, 11-оят).

Албатта, ўзгаларни масхара қилиш, одамларга истеҳзо билан сўзлаб, уларга озор бериш ёмон одат бўлиб, жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг бузилишига сабаб бўлади.

МАДДОҲЛИК

Ортиқча ва ноўрин мақтов маддоҳликдир. Мақтовчи (маддоҳ) бирор мансаб ёки манфаат илинжида одамларни юзига мақтовчи, асли йўқ, ҳақиқатга зид ва ботил нарсаларни тарғиб қилувчидир. Ҳадисда келишича, бир киши Усмонни (розияллоҳу анҳу) мақтаганида саҳоба Миқдод ибн Асвад (розийаллоҳу анҳу) унинг юзига тупроқ сочиб юборган. Усмон: "Бу нима қилганингиз?" деб сўраганида, Миқдод бундай деган: "Расули акрам: "Агар маддоҳларни (мақтовчиларни) кўрсангиз, юзига тупроқ сочинглар", деганларини эшитганман" (Имом Муслим ривоят қилган. Бу иш мақталган кишининг ўзидан кетишига ва ҳовлиқиб кетиб, ахлоқан бузилишига олиб боради. Шу тариқа у одам ҳалокатга учрайди ва одамгарчиликдан чиқади. Шунинг учун маддоҳликдан тийилиш керак.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг бошқа бировни мақтаб маддоҳлик қилаётганини эшитиб қолдилар ва: «Ўша одамни ҳалок қилдиларингиз ёки белини синдирдиларингиз», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.

Кишини юзига мақташнинг фойдаси ҳам, хатари ҳам бор: агар мақталаётган киши комил имонли, ишончли, риёзатли, маърифатли бўлса ва мақтовдан фитналанмаса ёки ғурурга кетмаса, мақтов ҳаром ҳам, макруҳ ҳам бўлмайди. Аксинча бўлса, кишини юзига мақташ қаттиқ макруҳ бўлади. Суннатга кўра, агар бир кишини мақташга тўғри келиб қолса, "у шундай фазилатларга эга бўлса керак, деб ўйлайман, агар у шу сифатларга эга бўлса, "унинг кифоячиси Аллоҳдир, Аллоҳ олдида бирор киши айбсиз эмас" дейиш керак.

Одамлар даражаларига қараб мақтовни турлича қабул қилишади. Авом кишилар мақтовдан яйраб, хурсанд бўлишади, маддоҳ айтаётган фазилатлар ўзларида мавжудлигидан фахрланиб, кибрланишади, мақтовчини ўзларига дўст тутишади. Обидлар мақтовни эшитиб, ундан иложи борича қочишади, у эгаллаб қолмаслиги учун қалбларини иҳоталаб олишади. Орифлар эса бундай ҳолларда "агар Аллоҳ айбларимни беркитмаганида одамлар фақат фазилатларимни кўриб, мени мақташмасди, демак, бу мақтовлар Аллоҳга тегишлидир" деб фикрлайди ва барча мақтовларни Парвардигорига ҳавола этади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Мусулмон шахс маддоҳлик қилмайди