Фильм 1981 йил суратга олинган бўлиб, Америка-Ливия қўшма лойиҳаси ҳисобланади. Унинг режиссери Мустафа Аккад, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида энг машҳур фильм – «Рисола» фильмини ҳам суратга олган. Фильмда бош ролни Энтони Куинн ижро этган.
Аммо бутун фильм давомида гап инсон ҳуқуқлари, эркинлик ва тинчлик ҳақида тинмай чиқишлар қилаётган гуруҳларнинг манфаатлари ҳақида кетганда уларнинг қандай ўринсиз усуллардан фойдаланиш мумкинлигини кўрамиз. Умар Мухтор бошчилигидаги Ливия халқини синдира олмаган италиялик истилочилар аҳолини тиканли сим билан ўралган лагерларга ҳайдаб кириб, исёнчиларни ҳар қандай ёрдамдан маҳрум қилишга уринади. Аммо бундай шароитда ўз яқинларини йўқотадиган халқ фақат битта истак билан бирлашади: таслим бўлмаслик ва охирги томчи қон қолгунча курашиш.
Умар Мухторга ҳатто душманлари ҳам ҳурмат билан муносабатда бўлади. Унинг учун ягона дастуриламал – Қуръон бўлиб, уни доим ёнида олиб юради. У Аллоҳ ўз ваъдасини албатта бажаришига ишонади, қалби хотиржам бўлиб, жанг қилишга жазм этади. Ваҳоланки ўша пайтда Умар Мухтор 73 ёшга тўлган эди.
Йигирма йил давомида кураш олиб борган Умар Мухтор охир-оқибат қўлга олинди. Суд қилиниб, ўлим жазосига ҳукм қилинди. Ҳатто ўлимга қараб кетаётганида ҳам, қаҳрамон хотиржам эди, чунки унинг учун ўлим италияликларнинг ғалабасини эмас, балки Аллоҳга қайтишни англатарди.
Йигирма йил давомида итальян фашистларини қўрқувда ушлаган, на аёлларни, на болаларни аямаган, "Саҳро арслони" лақабини олган Умар Мухтор халқнинг меҳри ва кўмагига сазовор бўлди. Шунинг учун унинг қатли омма олдида амалга оширилди.
Фильм сўнгида генерал Умар Мухторга унинг кўп йиллик курашлари беҳуда кетгани, чунки италияликлар барибир ғалаба қозонишгани ҳақида айтади. Лекин у курашнинг ўзи, душманларга қаршилик кўрсатиш мен учун етарли, деб жавоб беради. Яъни, у қўлидан келган ҳамма нарсани қилди, сўнгра Аллоҳга таваккул қилди. Шу нуқтаи назардан, бу қаҳрамон шахснинг ҳаётидан ўрганишимиз мумкин бўлган кўплаб сабоқлар мавжуд. Гарчи ўша воқеалардан 87 йил ўтган бўлса-да, улар онгимиз ва қалбимизни эгаллаб, ҳатто Голливуд ҳам ўз филмларидан бирини унга бағишлаган. Умар Мухторнинг исми ғурур ва ҳурмат билан ёдга олинади, уни қатл этиш ҳақида қарор қилганларнинг номларини эса ҳеч ким билмайди ҳам, эсламайди ҳам. Умар Мухторнинг фильм охиридаги сўзлари шу фурсатни жуда яхши кўрсатади:
«Биз ҳеч қачон таслим бўлмаймиз. Ё ғалаба қозонамиз ёки ўламиз. Бизнинг авлодларимиз ҳам жанг қилишади. Менга келадиган бўлсак, мени қатл этувчилардан ҳам кўпроқ яшайман».