loader
Foto

Ҳақиқатдан ҳам Қуёш қора балчиқ булоққа ботадими?

Насронийлардан фарқли ўлароқ, мусулмонлар ҳеч қачон Ерни текис деб айтмаган. Қуръони Каримда осмондаги жисмлар ўз орбиталарида ҳаракат қилиши аниқ айтилган:  “У сизга доимий ҳаракатдаги қуёш ва ойни ҳам, шунингдек, кеча ила кундузни ҳам хизматчи қилиб қўйди” (Иброҳим сураси, 33); “У кечаю кундузни, қуёшу ойни яратган Зотдир. Ҳаммаси фалакда сузмоқдалар (Анбиё сураси, 33); “На қуёшнинг ойга етиб олмоғи дуруст бўлар ва на кеча кундуздан ўзиб кетар. Ҳар бири фалакда сузиб юрар” (Ясин сураси, 40).

Бироқ шуларга қарамай, Ислом душманлари мусулмонларнинг Қуръони Каримидаги билимларни замонавий илмий ҳақиқатлардан йироқ, деб айблашмоқчи бўлишади. Хусусан, улар Зулқарнайн тарихи зикр қилинган: “То қуёш ботиш жойига етганида, унинг қора балчиқ булоққа ботаётганини кўрди ва унинг олдида бир қавмни кўрди. Биз: «Эй Зулқарнайн, ё уларни азоблайсан, ёки гўзаллик-ла тутарсан», дедик.” (Қаҳф сураси, 86), оят маъноларини келтиришади.

Бироқ муфассирларнинг асарларини ўрганиб чиқар экансиз, бундай айбловлар асоссиз эканига амин бўласиз. Гапимизни асослаш учун мазкур оятга ёзилган баъзи обрўли муфассирларнинг тафсирларини келтириб ўтамиз.

Имоми Қуртубий (671 ҳижрийда вафот қилган) ёзади: “Бу дегани, унинг Шарқ ва Ғарбда Қуёшнинг ўзига етиб борди, дегани эмас. Қуёш осмон билан ер атрофида айланади, ерга тегмайди. Унинг ҳажми жуда катта бўлиб, у ердаги бир булоққа жойлаша олмайди. Бундан ташқари, у Ернинг ўзидан кўп марта каттадир. Бу сўзларнинг маъноси у Ғарб ва Шарқда одамлар яшайдиган энг сўнгги ерларгача етди, дегани бўлади. Унга Қуёш қора балчиқ булоққа ботаётган бўлиб кўринди. Худди шу каби, биз ҳам текислик Қуёш ботишини кузатсак, у ер қаърига кириб кетаётган бўлиб кўринади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: “То қуёш чиқиш жойига етганида, уни бир қавм устидан чиқаётганини кўрди. Уларга у(қуёш)дан тўсиқ бўладиган нарса қилмаган эдик”, деб айтган (Қаҳф сураси, 90). Бу дегани чиқаётган Қуёш ўша қавмга тегиб чиқади, дегани эмас” (Ал-Жомиъ ли Аҳком Ал-Қуръон, 11-жилд, 49-50 бет)

Байдавий (685 ҳижрийда вафот қилган) ёзади: “У Уммон қирғоғигача етиб боргани муълум ва унинг кўз олдида шу нарсалар кўринган. У сувдан бошқа ҳеч нарсани кўрмади ва шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳақиқатдан ҳам Қуёш қора балчиқ булоққа ботди демасдан: “...ботаётганини кўрди...”, деб айтган. (“Анвар ат-Танзил ва Асрор ат-Таъвил”, 3-жилд, 520 бет).

Бағавий (516 ҳижрий йилда вафот қилган) Қуртубийнинг сўзларини келтиради: “Қора балчиқ булоққа” деган сўзни “қора балчиқ ёнида”, деб ёки унинг кўз ўнгида Қуёш ҳудди унга ботгандек бўлиб кўринди” , деб тушунсак ҳам бўлади. (Маъалим ат-Танзил, 3-жилд, 179 бет).

Ибн Жавзий (597 ҳижрий йилда вафот қилган) ёзади: Баъзилар Қуёш ўзининг катта ҳажми билан  балчиқ булоққа ботади, деб хато ўйлаши мумкин, бироқ асли ундай эмас. Қуёш ердан бир неча маротаба каттадир. Шундай экан, у қандай қилиб бир булоққа ботиши мумкин? Зулқарнайнга худди денгизчиларга кўрингани каби денгиздан бошқа ҳеч нарса кўринмайдиган бир ҳолат кўринган. Уларга Қуёш сувга ботаётгандек бўлиб туюлган. Бу Зулқарнайн қуруқлик чеккасига борганини ва унинг кўз олдида қора сувдан бошқа ҳеч нарса кўринмаганини билдиради. (“Зада л-Масир”, 5-жилд, 186 бет).

Ибн Касир (774 ҳижрий йил вафот қилган) ёзади: “У узоқ юрди ва Ғарбда Ернинг энг чеккасига етди. Бу ерда Қуёшнинг осмонда ботадиган қисми ҳақида гап бораётгани йўқ, чунки у бундай жойга бориши мумкин эмасди. Қуёш ботадиган жойга борибди, деган ривоятлар ҳеч қандай асосга эга эмас. Буларнинг кўпчилиги аҳли китобларнинг ривоятлари ҳамда ёлғончи кофирларнинг фикрларидан таъсирланган. (Тафсирул Қуръонил Аъзим, 3-жилд, 137 бет).

Бироқ  Ислом душманлари тўхтайдиганга ўхшамайди. Уларнинг айтишича, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Қуёш ҳақиқатдан ҳам балчиққа ботганига ишонган экан. Улар ўз сўзларига далил сифатида Абу Довуднинг Абу Заррдан ривоят қилган бир ҳадисини келтирадилар.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан бир уловда мингашиб кетаётганимда, қуёш уфққа яқинлашиб борар эди. У зот мендан «Унинг қаерга ботишини биласанми?» деб сўрадилар. Мен «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим. У зот: «У қайноқ булоққа ботади», дедилар. Имом Аҳмаднинг ривоятида «лойқа булоққа» дейилган.

 Ровийлар ишончли. Абу Зарр розиаллоҳу анҳунинг ривоятини Иброҳим Таймининг учта шогирди ҳам ривоят қилган, бироқ фақат Ҳакам ибн Утайбадангина бу тарзда келган. Қолган иккита ровий – Сулаймон Аъмаш ва Абу Умайд бу ҳадисни бошқача, яъни  Қуёшни қора (ёки қайноқ) булоққа ботганини зикр қилмай ривоят қилган.

Хусусан, имоми Бухорий ва имоми Аҳмад қилган ривоятда: «Мен масжидга кирсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ўтирган эканлар. Қачонки қуёш ботганида: «Эй Абу Зарр! Бу (қуёш) қаерга кетишини биласанми?» деган эдилар, мен: «Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Албатта бу қуёш кетади-да, бориб сажда қилишга изн сўрайди. Изн берилиб, унга қаердан келган бўлсанг, ўша ерга қайт, дейилгандек бўлади. Бас, у мағриб томондан чиқади», дедилар ва «Ва залика мустақоррун лаҳа», деб Абдуллоҳнинг қироатидек қилиб ўқидилар».

Шундай қилиб, Ҳакам ибн Утайбанинг ривояти бошқа ишончли ривоятларга зиддир. Бунинг Саҳиҳи Бухорий ва Саҳиҳи Муслим ривоятларига зид эканини эслаш кифоя. Сулаймон Аъмашдан бу ҳадисни тўртта олим, Абу Убайдидан эса иккита олим ривоят қилган. Буларнинг ҳаммаси Ҳакамнинг ривоятини бошқа саҳиҳ ривоятларга зид бўлгани (шозз)  учун заиф дейишга асос бўлади.

Бироқ агар у заиф бўлмаган тақдирда ҳам, барибир, Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини зоҳиран тушуниш керак, дегани эмас, чунки у Зот  асҳобларига Қуръони карим оятларини доим эслатиб турганлари маълум. Эҳтимол, Қуёшнинг ботишини Қуръони Каримда зикр қилганидек зикр қилган бўлиши ҳам мумкин. Тўғрисини Аллоҳ таоло билади...

Элмир Кулиев

Абу Муслим таржимаси