loader
Foto

Сиффийн

 Шундан сўнг у киши Муовия розияллоҳу анҳунинг бу қилмишини мусулмонлар жамоасига қарши чиқиш, деб баҳоладилар ва ўттиз олтинчи сананинг ражаб ойидан ўн икки кун қолганида лашкар билан Шомга қараб юрдилар. У киши ан-Нухайла номли жойга келиб, аскаргоҳ қурдилар. Басрадан у ернинг волийси Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўз одамлари билан етиб келиб, қўшилдилар.

Бу хабар Муовия розияллоҳу анҳуга етганда у киши ҳам Шомдан аскар тортиб чиқди. Икки томон Фурот дарёси бўйидаги Сиффийн пасттекислигида учрашди.

Шомликлар дарёга олиб борадиган ягона йўлни эгаллаб олган эдилар. Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг одамларига сув ташвиши тушди. Сувчилар сув олиш учун боришган эди, шомликлар томонидан қўйилган ўн минг кишилик қўриқчилар йўлни тўсдилар. Кейин уларга ҳеч бўлмаса урушда номардлик қилиш яхши эмаслиги эслатилди. Аммо улар ўз ишларидан қолмадилар. Куфаликлар оғир аҳволда қолдилар. Улардан баъзи заиф кишилар чанқоқликдан йиқила бошладилар. Тонг чоғида Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Ашъас ибн Қайс розияллоҳу анҳу бошлиқ гуруҳни юбордилар ва улар бир зумда сув йўлини тўсиб турганларни қувиб, сувга олиб борадиган йўлни эгалладилар. Энди ҳолат тамоман тескари бўлиб қолди.

Шомликлар сувсиз қолдилар. Улар: «Энди у томон ҳам бизга ўхшаб, сувнинг йўлини тўссалар, ишимиз чатоқ», деб ўйлашди. Аммо ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу номардлик билмайдиган, мардликни оддий инсоний бурч, деб тушунадиган содда бир одам эдилар. Зотан, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг буюкликлари худди шу соддаликларида эди. Қўл остидаги одамлари сувнинг йўлини эгаллаб олишгач, у кишининг биринчи берган фармонлари «Сувдан ҳеч ким тўсилмасин!» деган фармон бўлди.

Ҳар ким ўз лашкарларини жойлаштириб, аскаргоҳ қуриб бўлгандан кейин, бир-бирига элчи юборишни бошлайди. Икки томон ҳам уруш бўлишини истамас эди. Ҳар қалай, икки томон ҳам биринчи бўлиб уруш бошлашни хоҳламас эди.

Урушни хоҳламайдиган асосий шахс албатта, ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу эдилар. Юқорида зикр қилиб ўтилган ишларнинг бўлишига қарамай, бу зот яна урушнинг олдини олиш, ишни тинч йўл билан ҳал қилиш пайидан бўлдилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важ¬ҳаҳу ўз одамларидан тўрт кишини элчи қилиб нариги томонга юбордилар. Улар бориб, Муовияга:

«Албатта, бизнинг соҳибимиз унинг фазлини ўзинг ҳам, мусулмонлар ҳам яхши билган одамдир. Бу сенга махфий бўлмаса керак, деб ўйлаймиз.

Албатта, дин ва фазл эгалари Алига ҳеч кимни тенг кўрмаслар. Улар сен билан унинг ўртасидаги фазлни солиштириб ўтирмайдилар. Эй Муовия, Аллоҳдан қўрқ! Алига хилоф қилма! Аллоҳга қасамки, биз унга ўхшаш тақвога кўп амал қиладиган, дунёда зоҳидлик қиладиган ва барча яхши хислатларни ўзида жамлаган одамни кўрмаганмиз», дедилар.

Элчиларнинг бу гапларига қуйидаги жавоб берилди:

«Албатта, соҳибингиз халифамизни қатл этди. Жамоатимизни тафриқага солди. Тўполончи ва қотилларга ўз ҳузуридан жой берди.

Соҳибингиз уни ўлдирмаганлигини даъво қилмоқда. Биз унга рад қилмаймиз. У бизга Усмоннинг қотилларини берсин. Биз уларни қатл қилайлик. Кейин сизларга итоат ва жамоат ҳақида ижобат қиламиз».

Элчилар Муовиянинг бу гапларини ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга етказдилар. У киши буни эшитиб, ҳафсалалари пир бўлди ва:

«Албатта, сен ўликларга эшиттира олмассан, ортга қараб қочаётган карларга ҳам чақириқни эшиттира олмассан.

Сен кўрларни залолатдан ҳидоятга солгувчи эмассан. Сен фақат мусулмон бўлган ҳолларида оятларимизга иймон келтирадиганларгагина эшиттира олурсан» оятларини тиловат қилдилар.

Ана шу тарзда Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу доимо ўз элчилари орқали Муовия розияллоҳу анҳу ва унинг одамларини ўзларига байъат қилишга чақирар ҳамда уларни, албатта Усмоннинг қасосини олишга ишонтирар эдилар.

Муовия розияллоҳу анҳу эса: «Аввал Усмоннинг қасосини олиш зарур. Бошқа иш кейин бўлаверади. Мен Усмоннинг амакиваччасиман, бу ишни қилишга жавобгарман», деб туриб олган эди. Натижада калаванинг учини топиб бўлмайдиган сеҳрли ҳалқа вужудга келган эди. Ушбу ҳолат икки ойдан кўпроқ вақт давом этди.

Ниҳоят, ўттиз еттинчи сананинг муҳаррам ойи ҳам кирди. Икки бошлиқ бир ойга сулҳ туздилар. Икки томон ҳам, шояд умумий сулҳ тузилиб қолса, деган умидда эдилар. Аммо бир ой ўтса ҳам, сулҳдан дарак бўлмади. Шунда ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу жарчи юбориб, қуйи¬даги жарни чақиртирдилар:

«Эй Шом аҳли! Амирул мўминийн сизларга айтади: Мен сизларни ҳақни англашингиз ва унга қайтишингиз учун қўйиб бердим. Лекин сиз туғ¬ёнингизни битирмадингиз ва ҳаққа ижобат қилмадингиз! Мен сизларни адолатга чақирдим. Албатта, Аллоҳ хоинларни хуш кўрмас!»

Муовия ва унинг энг яқин ёрдамчисига айланиб қолган Амр ибн Осс ўз одамларини жангга ҳозирладилар.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ҳам ўз одамларини урушга тайёр қилдилар. У киши ўз одамларига Шом аҳли бошламагунича, уларнинг бирортасига ҳам қарши қўл кўтармаслик, мабодо уруш бўлиб қолса, ярадорга тегмаслик, қочганни қувмаслик ва аёлнинг сатрини очмаслик ва хорламасликни қаттиқ тайинладилар.

Биринчи куни қаттиқ ва шиддатли жанг бўлди.

Жангда ўлаётганларни кўриб, ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу чидаб тура олмадилар. У киши мусулмонларнинг қони тўкилишини тўхтатиш ва ишни тезда бир ёқлик қилиш мақсадида отлари билан жанг қилаётган сафларни ёриб ўтиб, Муовияни яккама-якка олишувга чақирдилар. У чиқмади.

Ўша куни кечқурун ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Муовияга мактуб юбордилар. Унда:

«Эй Муовия! Нима учун мен билан сенинг орамизда одамлар ўлиши керак!? Мен билан яккама-якка олишувга чиқ! Ким қарши томонни ўлдирса, ўша ишга эга бўлади», деб ёзилган эди.

Муовия ўзининг энг яқин маслаҳатчиси Амр ибн Оссга гап очди. У аввал: «Инсоф қилибди, яккама-якка олишувга чиқ», деди. Аммо бу маслаҳатдан Муовиянинг қаттиқ аччиғи чиққанини кўргандан кейин: «Унга қарши ўзим чиқаман», деди.

Эртасига икки тараф яна жангга тайёрлана бошлади. Ҳамма ўз жойини эгаллаган пайтда Амр ибн Осс чиқиб, ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни яккама-якка олишувга чақирди. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу чиқдилар ва икковлари яккама-якка олишувни бошладилар. Ҳазрати Алининг биринчи ҳамласидаёқ Амр от устидан ўзини ерга отиб, енгилганлигининг ишорасини қилиб, узун бўлиб ётиб олди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу унга бир қараб қўйдилар-да, ҳеч нарса қилмасдан, қайтиб кетдилар.

Иккинчи куни ҳам жангнинг шиддати пасаймади. Шу алфозда етти кун жанг бўлди.

Шу ерда бир керакли маълумотни ҳам айтиб ўтмоғимиз лозим. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу билан бирга улуғ саҳобий Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳу ҳам жанг қилар эдилар. У киши беш юз кишилик гуруҳга бош эдилар. Жанг давомида у киши сув сўрадилар. Бир ғулом Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳуга бир идишда сут олиб келиб берди. У киши буни кўриб, «Аллоҳу акбар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга «Дунёдан охирги зодинг сут бўлади», деган эдилар», дедилар ва жангга кириб кетиб, шаҳид бўлдилар.

У кишининг ўлимлари кўп нарсани аён қилди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига бир неча марта: «Эй Аммор, сени исёнчи тоифа ўлдиради», деган эдилар. Ана шу лаҳзадан бошлаб, ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг одамлари «Биз ҳақда эканмиз», деган фикрни ўзларида яна ҳам мустаҳкамладилар.

Ана шундан кейин Муовиянинг томони енгилиб, ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу¬нинг одамлари ғолиб кела бошладилар.

Ишлари чатоқлигига кўзи етган Муовия ва Амр ибн Осс ўзаро маслаҳат қилдилар. Амр ибн Осс: «Қарши томонни Аллоҳнинг Китобини орада ҳакам қилишга чақириш керак», деди. Муовия ўз одамларига найзалар учига Қуръонларни боғлаб кўтаришга амр қилди. Унинг одамлари найзаларнинг учига Қуръонларни боғлаб кўтардилар.

Бу ҳолни кўрган ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг одамлари ихтилофга тушдилар. Бирлари: «Аллоҳнинг Китобини ҳакам қилишга бўлган чақириққа жавоб бермасак бўлмайди», дедилар. Бошқалари: «Бу ҳийла бўлса керак, жангни давом эттирмоқ керак», дедилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ҳам шу фикрда эдилар. Аммо Аллоҳнинг Китобини ҳакам қилишга рози бўлганлар кўпчилик эди. Шундоқ бўлса ҳам, ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу уларни бу ҳийла эканлигига ишонтиришга уриниб кўрдилар.

«Аллоҳнинг Китобига ижобат қилишга энг ҳақли одам менман! Аммо мен уни сиздан кўра яхши биламан. Бу иш ҳақ калимаси ила ботилни ирода қилиш бўлмоқда. Мен уларга қарши фақат Қуръоннинг ҳукмига бўйсунишлари учунгина жанг қилдим. Бугун қандоқ қилиб, унинг ҳукмидан бош тортишим мумкин!?

Анави қавм Қуръоннинг ҳукмини ирода қилганлари учун мусҳафларни кўтараётганлари йўқ. Бу алдамчилик, ожизлик ва ҳийладан бошқа нарса эмас!

Менга билакларингизни бир соатга қарзга бериб туринглар! Ҳақ кесиладиган жойига етиб қолди ўзи!» дедилар.

Аммо Ашъас ибн Қайс бошлиқ тараф Қуръоннинг ҳукмига чақириқни қайтариб бўлмайди», деб туриб олдилар ва олдинга кетган лашкарларни чақиришни талаб қилдилар. Шу ерда ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг яна мусулмонлар қонини тўкмаслик ҳақидаги истаклари устун келди ва ҳалигиларнинг талабига биноан, лашкарларни қайтаришга амр бердилар. Ҳолбуки, шомликларнинг аскаргоҳига киришларига бир қадам қолган эди. Лашкарнинг бошлиғи хабарчига: «Қайтиб бориб, уларга айт! Бир неча лаҳза қолди, холос. Ахир қандоқ қилиб ортга қайтаман!?» деди.

Мухолифлар эса, агар улар қайтишмаса, силоҳларини ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши кўтаришларини айтдилар.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Ашъас ибн Қайс розияллоҳу анҳуни «Нима демоқчисан?» деган савол билан Муовиянинг олдига юбордилар. У эса: «Биз ҳам, сиз ҳам Аллоҳнинг Китобига қайтайлик. Биз ўзимиз рози бўлган бир одамни ихтиёр қилайлик. Сизлар ҳам ўзи¬нгиз рози бўлган бир одамни ихтиёр қилинглар. Ҳаммамиз ўша икки кишидан Аллоҳнинг Китоби амр қилган ҳукмни чиқариш аҳдини олайлик. Иккови нимага қарор қилсалар, ҳаммамиз ўшанга эргашамиз», деди. Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бу таклифга рози бўлдилар.

Шомликлар ўзларидан Амр ибн Оссни ҳакам қилдилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг одамлари Ашъас ибн Қайснинг ўз таклифида қайсарлик билан қаттиқ туриб олгани учун Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуни ҳакам қилдилар. Икки томон шартнома ёзди. Унга биноан, ҳакамлар Рамазон ойида Давматул Жандал номли жойда учрашиб, масалани узил-кесил ҳал қиладиган бўлдилар.

Ашъас ибн Қайс ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг одамлари орасида айланиб юриб, ҳакамлик ҳақидаги васиқани ўқиб эшиттира бошлади. Шунда баъзи гуруҳлар «Ҳакамликни қабул қилиб, хато қилибмиз! Энди хатони тузатишимиз керак! Аллоҳнинг ҳукмидан бошқа ҳукм йўқ!» деб бақира бошладилар. Буни эшитиб, Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу:

«Аҳду паймонни бериб бўлганимиздан кейинми!?» дедилар.

Худди мана шу бақироқларнинг кўпчилиги сал олдин ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни ҳакамликни қабул қилишга, у киши: «Биздан Абдуллоҳ ибн Аббос ҳакам бўлсин», десалар, Абу Мусо ал-Ашъарийни ҳакам қилишга мажбур қилган эдилар.

Шу билан одамлар тарқалдилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

"Ҳадис ва ҳаёт" китобидан