loader
Foto

Тортишиш ва мужодала

Ул зот соллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Тортишишни қўйинглар. Чунки унинг ҳикмати англанмайди ва фитнасидан омонда бўлинмайди”. Ким тортишишни ҳақ бўла туриб тарк этса унга жаннатнинг энг юқорисида уй бино қилинади. Ким тортишишни ноҳақлигидан тарк қилса унга жаннат четидан уй бино қилинади”. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Раббимнинг менга қилган энг биринчи аҳди ва бутлар ибодати, хамр ичишдан кейинги биринчи қайтариғи кишилар билан низолашишдир”. Яна соллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ ҳидоят қилгандан кейин қавм фақатгина мужодала туфайли адашдилар”. Яна соллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Банда ҳақ бўлса ҳам, тортишувни тарк этмагунча, иймон ҳақиқатини мукаммал қила олмайди”. Яна соллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Олти нарса борки, ким уларда бўлса иймон ҳақиқатини етибди: Ёзда рўза тутиш. Аллоҳнинг душманларига қиличла зарба бериш. Булутли кунда намозни аввалги вақтида ўқиш. Мусибатларга сабр қилиш. Қийинчилик вақтида таҳоратни мукаммал қилиш. Ҳақ бўла туриб тортишувни тарк қилиш”.

Зубайр розияллоҳу анҳу) ўғилларига: “Қуръон ила одамлар билан тортишма, чунки уларга кучинг етмайди. Лекин ўзингга суннатни лозим тут”, дедилар. Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ) айтадилар: “Ким динини хусуматларга рўбарў этса, кўчишни кўп қилади”. Муслим ибн Ясор айтадилар: “Тортишишдан сақланинг, у олимнинг жоҳиллик соати. Бу пайтда шайтон унинг адашишини кутади”. Айтилишича: “Қавм Аллоҳ ҳидоят этгандан кейин, фақат мужодала қилгандагина адашади”. Молик ибн Анас роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бу тортишув диндан бирор нарсада эмасдир”. Яна айтадилар: “Тортишув қалбни қорайтиради, нафратни мерос қолдиради”. Луқмон ўғилларига: “Эй ўғлим, уламолар билан тортишма, сени ёмон кўриб қоладилар”, дедилар. Билол ибн Саъд айтадилар: “Агар узоқ тортишадиган, жанжаллашадиган ва фикрига маҳлиё кишини кўрсанг,  бу одамнинг зиёни мукаммал бўлибди”. Суфён Саврий: “Агар биродарим анорни ширин деганда, мен нордон деб, тескарисини айтсам, мени султонга судрайди”, дедилар. Ибн Абу Лайло айтадилар: “Мен шеригим билан тортишмайман. Чунки тортишсам ё уни ёлғонга тутаман, ё жаҳлини чиқараман.” Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сенга гуноҳ учун тортишувчи бўлишда давом этишинг етарлидир”.



Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар қандай тортишишнинг каффорати икки ракаат намоздир”, дейдилар. Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илмни уч нарса учун олинмайди ва уч нарса учун тарк қилинмайди. Уни тортишиш, фахрланиш ва риё учун ўрганилмайди. Талабидан уялиб, у тўғрида зоҳидлик учун ва жоҳилликка рози бўлиб тарк қилинмайди”. Исо алайҳиссалом айтадилар: “Кимнинг ёлғони кўпайса, чиройи кетади, ким одамлар билан тортишса, муруввати йўқолади, кимнинг ғами кўпайса, жисми хасталанади ва кимнинг хулқи ёмон бўлса, ўзини азоблайди”.

Маймун ибн Меҳронга: “Нима учун сиз биродарингизни ёмон кўрганликдан тарк этмайсиз, дейилганда: “Чунки мен у билан уришмайман ва тортишмайман”, деб жавоб қилдилар.

Тортишиш ва мужодала мазамматида ворид бўлган нарсалар саноқсиздир.

Тортишишнинг чегараси – бировнинг гапига нисбатан ундаги хатони кўрсатиб қилинган ҳар қандай эътироздир. Бу хато ё лафзда ёки маънода ёхуд сўзлагувчининг қасдида бўлади. (Яъни хатоинг сўзинг ёки сўзингнинг маъносида эмас, балки сенинг мақсадинг тўғримас, дейиш билан бўлади). Тортишишни тарк этиш инкор ва эътирозни тарк қилиш билан бўлади. Эшитган қайси бир гапинг ҳақ бўлса уни тасдиқла. Агар дин ишларига тааллуқли бўлмаган ботил ёки ёлғон бўлса, сукут қил.

Бировга эътироз қилиш баъзан унинг лафзи тўғрисида ҳам бўлади. Наҳв жиҳатидан, луғат жиҳатидан, сўзни ўрнида ишлата билмасликдан тартиб ва назмдаги хатони кўрсатишлар бунга мисол. Айрим ҳолларда бу маърифат камлигидан ёки қаламнинг туғёнидан бўлади. Нима бўлганда ҳам унинг хатосини топишга сабаб йўқдир.

Аммо маънога келсак, сен айтгандек эмас, мана бундай, мана шундай сабаблар тўғрисидан хато қилдинг, демоқдир.

Мақсад тўғрисида эса, бу гап тўғри, лекин сенинг мақсадинг ҳақиқат эмас, балки бунда ғараз эгасисан, демоқ ва шунга ўхшаш гапларни айтмоқдир. Бу одатда илмий масалаларда бўлади. Ва жадал исми билан хосланган бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳам мазмумдир. Балки сукут вожиб. Тан олмаслик ёки инкор юзасидан эмас, балки истифода кўринишида савол ёки текшириш кўринишида эмас, балки таниш маъносида мулойимлик лозим.

Аммо мужодалага келсак, у бировни ўчириш, ожиз қолдириш, гапидан камчилик топиш ва уни қусур ва жаҳлга нисбат беришдан иборатдир. Бунинг далили – унинг ҳаққа танбиҳи бошқа жиҳатдан мужодалачи ҳузурида кариҳ кўринишидир. Бу билан у ўзининг фазлини ва соҳибининг нуқсонини  кўрсатиш учун унинг хатосини изҳор қилмоқчи бўлади. Бундан фақат сукут гуноҳ бўлмаган ишларнинг ҳаммасида сукут қилиш билан нажот топилади. Бунга боис бўладиган нарса, илм ва фазлни кўрсатиб кеккайиш ва нуқсини изҳор қилиб бировга ҳужум қилишдир. Бу иккови нафсда яширин бўлиб, уни кучайтирадиган шаҳватлардандир. Фазлни изҳор қилиш нафсни оқлаш қабилидандир. У бандадаги олийлик ва кибриё чақириғидан иборат туғён тақозоси бўлиб, иккови рубубийят сифатларидандир. Бошқани нуқсли қилиш эса, ҳайвоний табиат тақозоси бўлиб, бошқани янчиш, синдириш, тўқнашиб озор беришни мақсад қилади.

Бу икки сифат мазмум ва ҳалокатлидир. Уларни тортишиш ва мужодала қувватлантиради. Доимий тортишиш ва мужодалада бўлган инсон бу ҳалокатли сифатларни кучайтиради. Улар кишини макруҳлик чегарасидан ўтказади, балки бировга озор бериш ҳосил бўлса у гуноҳ, маъсиятдир. Тортишув озор беришдан, ғазабни қўзғашдан ва унга эътироз қилганни қайтишга, ҳамда ҳақиқат ёки ботил бўлсин, гапини қувватлаб, унга ёрдам беришга мажбурлашдан ҳечам холи бўлмайди. Уни айтганга тасаввур қилинадиган ҳамма ҳунук сўзларни дейилади. Шундан икки ит бир бирига ҳургандек, тортишувчилар ўртасида жанжал қўзғолади. Уларнинг ҳар бири соҳибини ўзи биладиган таҳқирлаш, ўчириш ва мот қилишнинг энг кучли йўллари билан тишлашни мақсад қилади.

Бунинг муолажасига келсак, у ўзининг фазлини изҳор қилишга боис бўлган кибрини, бошқанинг нуқсини кўрсатишга сабаб бўладиган ҳайвонийлигини синдириш билан бўлади. Шунингдек булар “Кибр ва ужбнинг мазаммати китоби”да ва “Ғазаб мазаммати китоби”да келади. Чунки ҳар иллатнинг муолажаси унинг сабабини йўқ қилиш билан бўлади. Тортишув ва мужодаланинг сабаби биз зикр қилган сабаблардир. Сўнг унда доимий бўлиш уни одат ва табиатга айлантиради, токи у нафсга ўрнашади ва унга сабр қилиш қийин бўлади.

Ривоят этилишича, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ Довуд Тоийга: “Нима ёлғизликни маъқул кўряпсиз?”, дедилар. “Нафсим билан мужодала қилиш учун”, деганларида: имом Абу Ҳанифа: “Унда мажлисларда ҳозир бўлиб айтилганларни эшитиб ўтиринг, ўзингиз гапирманг”, дедилар. Шунда: “Шундай ҳам қилиб кўрдим, ўзимга бундан ҳам кўра машаққатли ишни кўрмадим”, деб жавоб қилдилар. Айтганларидек, бошқадан хатони эшитганда, унинг кашфига қодир бўла туриб, сукутла сабр қилиш жуда қийин бўлади. Шунинг учун Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳақ бўла туриб тортишишни тарк қилса, Аллоҳ унга жаннатнинг олий мақомида бир уй бино қилади.”, деганлар. Чунки бу нафсга жуда оғир келади. Мазҳаб ва ақида масалаларида бунинг ғолиб келиши кўп бўлади.

 Тортишув табиатдир. Агар уни савоб деб ўйласа унга ҳирси кучаяди ва табиат, ҳам шариат унга кўмаклашади. Бу айни хатодир. Балки, инсонга аҳли қибла тўғрисида тилни тиймоқ лозим бўлади. Агар бидъатчини кўрса унга мужодала йўли билан эмас, насиҳатла лутф этмоқ керак. Чунки уни мужодала чалкашликдан қутилиш ва ўзига ўхшаган аҳли мазҳабидан бўлган мужодалачилар хоҳласа қўлидан келадиган санъат деган ҳаёлга олиб келади. Ва мужодала сабаб қалбида бидъат давом этади ва кучаяди. Агар насиҳат фойда бермаслигини билиб қолса ўзи билан машғул бўлади ва уни тарк этади. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аҳли қибладан тилини тийганга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, илло қўлидан келганича яхшилик айтса бўлади”. Ҳишом ибн Урва: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларини етти марта қайтарган эдилар, дейдилар.

Мужодалага бир муддат одатланиб қолган, уни одамлар мақтаган ва шу сабабдан ўзида ифтихор ва мамнуният туйган кишида бу ҳалокатли хусусият кучаяди. Бунинг устига унда ғазаб, кибр, риё, обрўпарастлик ва манманлик ҳукмронлиги жамланса, ундан қутулишга кучи етмайди. Бу сифатларнинг биттаси билан курашиш машаққатлику, улар бирлашиб қолса нима бўлади?

Абу Ҳомид Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ

«Тил офатлари» китобидан