loader
Foto

Қуёш шарқдан бўй кўрсатди

Аслида шундай бўлганмиди? Тарихга холис назар, тоза виждон билан ёндошадиган ҳар бир инсофли киши бу даъволарда ҳақиқат йўқлигини осонгина тушуниб олади. Сабаби Ислом — илм дини, Пайғамбар алайҳиссаломга нозил қилинган илк ваҳий Аллоҳнинг «Ўқи!» деган фармони илоҳиййаси билан бошланган. «Илм» сўзи Қуръони каримнинг 811 жойида турли маънолар билан келган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бешикдан қабргача илм излашни, Чин каби олис ўлкада бўлса ҳам, бориб илм ўрганишни муслим ва муслимага шарт қилиб қўйдилар. Ўрта асрлар эса исломий илм-фан, техника энг гуллаб-яшнаган, ўзига хос Уйғониш даври бўлган. Бунга холис тарих шоҳидлик бериб турибди.

Биргина XVI—XVII асрларда Ислом оламида илмнинг турли соҳаларида 86000 уламо фаолият кўрсатган. Мусулмон дунёсида матбаачилик айрим иқтисодий сабабларга кўра, Ғарбдан юз йил ортда қолганига қарамай, Ислом ўлкаларидаги кутубхоналарда юз минглаб жилд гўзал ва нодир китоблар бўлган. Ваҳоланки, ўша пайтда Европа қироллик кутубхонасида 100 жилд китоб бор эди, холос.

Ҳаттоки, жуда кўп Ғарб тарихчиларининг ўзлари ҳам Европа илм-фанни, адабиётни асосан Ислом ҳазорасидан ўрганганини тан олиб ёзишади ва ўша пайтнинг даҳо уламоларига миннатдорчилик изҳор этишади. Ислом олимларининг Аллоҳ берган иқтидори, илм-фан соҳасидаги кашфиётлари ҳақиқатан ҳам дунё ҳавас қилгулик, ҳайратда қолгулик даражада эди.

Мовароуннаҳр диёридан чиққан Мусо Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби олимларнинг номлари Ислом ҳазорасидан ташқарига чиқиб, Европа илм-фанида ҳам ўчмас из қолдирди. Масалан, Ал-Хоразмий алгебра фанига асос солди, «алгебра» истилоҳи унинг «Ал-китоб ал-мухтасар фи ҳисоб АЛ-ЖАБР ал-муқобала» рисоласидан олинган. Олимнинг номи эса «алгоритм» шаклида фанда абадий ўрнашиб қолди. Унинг «Зиж»и Европада ҳам, Шарқда ҳам фалакшунослик (астрономия) ривожланишига катта туртки бўлди. Алломанинг арифметикага оид рисоласи XII асрдаёқ Испанияда севилиялик Иоанн томонидан қайта ишланиб, шу асосда дарслик ёзилган. Алгебрага доир яна бир рисоласи ҳам 1145 йили Севилияда Роберт Честер томонидан лотинчага таржима қилинган. Ғарб олими Ж. Сартон ўзбек олимини «ўз даврининг энг буюк математиги ва агар барча шарт-шароитлар назарга олинса, даврларнинг ҳам энг буюкларидан бири», деб атаган.

Аҳмад ал-Фарғонийнинг асосий фалакшунослик асари «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби» XII асрда бошқа Европа тилларига таржима қилиниб, «Алфраганус» деган лотинча ном билан Ғарб университетларида бир неча аср мобайнида астрономиядан асосий дарслик сифатида ўқитилган. Яна бир олим Абу Наср Форобий Ғарбда «Шарқ Арастуси» номи билан машҳур бўлган ва уни Арасту (Аристотел)дан кейинги «Иккинчи муаллим» деб аташган.

Ўрта аср Ислом ҳазорасининг улуғ намоёндаси, машҳур ўзбек қомусий олими Абу Райҳон Берунийнинг илм-фан соҳасидаги хизматларини санаб тугатиш қийин. Бежизга ўзбек шоири «Колумбда бор аламим маним» деб ёзмаган, Беруний Христофор Колумбдан анча аввал уммон ортида номаълум қитъа борлигини айтган. Аллома Галилейдан 600 йил аввал Ернинг айланишини исботлаб ва изоҳлаб берган, биринчи глобусни ясаган, Ер билан Ой орасидаги масофани ўлчаган. Косинуслар теоремасини ҳам француз алломаси Вентдан беш юз йил аввал у кашф этган. Унинг «Геодезия», «Ҳиндистон» «Маъданшунослик», «Сайдона» асарлари ўша вақтлардаёқ Шарқу Ғарбда машҳур бўлган. Академик В. Розен: «Шарқ ва Ғарбнинг қадимги ва ўрта асрдаги бутун илмий адабиёти орасида «Ҳиндистон»га тенг келадиган асар йўқ», деб ёзган бўлса, ўша аср олимларидан Ўқутнинг қайд этишича, «Берунийнинг «Маъсуд қонуни» асари математика ва фалакшунослик бўйича унгача ёзилган ҳамма китоблар изини ўчириб юборган». Дарвоқе, Беруний санскрит, форс, араб, иврит, юнон каби тилларни мукаммал билган.

Мусулмон оламининг буюк алломаларидан Абу Юсуф Ўқуб ибн Исҳоҳ ал-Киндий (801-873)нинг номи тарихнинг энг ёрқин саҳифаларидан ўрин олган. У Эйнштейндан бир неча аср илгари борлиқ ва ундаги физик ҳодисаларнинг нисбийлиги ғоясини илгари сурган. У оптика соҳасида биринчилардан бўлиб асар ёзган ва унинг лотинча таржимаси «La Aspectus» номи билан Ғарбда бу соҳанинг ривожига улкан ҳисса қўшган. Унинг сонлар назариясига доир саккизта, пропорсия ва вақт ўлчовига доир учта, жами ўн битта асари замонавий арифметикага асос бўлган, у геометриянинг асосчиси сифатида еттита асар ёзган. Ал-Киндий психо-физиологиянинг асосчиси ҳамдир, Ғарбда шу соҳанинг илк олимлари, деб, эътироф этилган Вебер ва Фехнердан бир неча аср олдин ана шу фаннинг илмий асосларини ишлаб чиққан. Унинг маъданшунослик ва геологияга доир асарлари ҳам бор. Ал-Киндийнинг хушбўй дорилар ва косметикага оид бир асарини Карл Гарберс немисчага таржима қилиб чоп эттирган. Алломанинг илмнинг турли соҳаларини қамраган жами 270 асари маълум. Ғарб олимларидан Жерар де Кремано, Рожер Бэкон, Вителдо ва яҳудий Исҳоқал-Исроилий уни устозлари деб билишган.

Дастлабки фалакшунос ва математиклардан Абул Вафо номи билан машҳур Муҳаммад ибн Яҳё ал-Бўзжонийнинг (940-998) хизматлари ҳам таҳсинга лойиқ. У тригонометрия фанига тангенс, котангенс, секанс, косеканс истилоҳларини олиб кирган, таъриф, теорема, формула каби тушунчаларни қўллаган. Унинг кашфиётларини Европа юз йиллар кутишга мажбур бўлди. У Европада Батламиуснинг Ой назарияси устида биринчи марта тадқиқот олиб борган Тужҳо Брахадан (1546-1601) нақд 600 йил олдин Батламиус назариясини танқидий ўрганиб чиқиб, унинг нуқсонларини баён қилиб берганди.

960-1039 йилларда яшаб ўтган яна бир мусулмон олими Қутбиддин Ибнул Ҳайсам физика соҳасидаги улкан кашфиётлари билан дунёга танилган. Унинг оптика ҳақидаги бир қанча илмий асарларини жамлаган «Китобул-манозир» (Тасвирлар китоби) китоби 1270 йилдаёқ лотинчага ўгирилган, кейинчалик Германия, Португалия, Францияда чоп этилди ҳамда Коперник ва Ньютоннинг оптикага оид асарларига манба бўлди. Олимнинг лотинча номи «Albazen» физикадаги илмий истилоҳга айланган. Ибнул Ҳайсам алоҳида олинган ёруғлик, чекланган тезликка эга эканлиги ҳақида фикр билдирган биринчи олимдир. Ламберт трапетциясини, ундан анча олдин Ибнул Ҳайсам топган. Замонавий кўзойнакларнинг илк кашфиётчиси ҳам ана шу Ислом олими бўлган. Аллома физика, математика, тиббиёт, фалакшунослик, фалсафага оид 200 дан ортиқ асар ёзиб қолдирган. Олимнинг юксак иқтидори, илм-фан соҳасидаги кашфиётларининг аҳамияти ҳақида Ғарб олимларининг ўзлари ҳам тан олиб ёзишган. Профессор Хиттининг таъкидлашича, «У оптик мутахассисларнинг энг биринчиси, илк мусулмон оптик докторидир». Ж.Т. де Бауэр эса, уни «Ўрта асрдаги энг қимматли, энг обрўли математик ва физик», дейди. Дарҳақиқат, у Рожер Бэкондан тортиб, Леонардо да Винчи ва Кеплерга қадар, бир қанча Ғарб ва Шарқ олимларига фойдали бўлди. Ғарбликларнинг ўзлари унинг сояси остида телескоп, микроскопларни кашф қилганларини таъкидлайдилар.

Бундай мисолларни яна жуда кўп келтириш мумкин. Ўқувчини зериктирмаслик учун қолган олимларнинг илм-фан йўлидаги хизматларига қисқача тўхталиб ўтишга тўғри келади.

Ибн Фирнос (вафоти 808 йил) ака-ука Райтлардан 1023 йил олдин учоқ ясаб, парвозни амалга оширган.

Жобир ибн Ҳаййон Жон Далтон, Отто Ханн, Эндрю Ферми, Алберт Эйнштейндан 1000 йил олдин атом устида тадқиқот ўтказган, илк марта «термоядровий куч» фикрини айтган, атом парчаланиши ва бомба шиддатини тасвирлаган.

Собит ибн Қурра (835-902) биринчи марта анестезинни топган, Али ибн Исо (XI аср) эса уни илк бор кўз жарроҳлигида қўллаб, бу ҳақда мустақил асар ёзган. Бироқ бу кашфиёт 1850 йилда Жанкайга тегишли бўлиб кетди. «Дифференциал ҳисоб»ни ҳам Ньютондан анча олдин, тўққизинчи асрда Собит ибн Қурра кашф қилган.

Само жисмларининг эллипс орбита бўйлаб ҳаракат қилиши ҳақидаги фикрни Кеплер Берунийдан ўзлаштириб олган бўлса, Коперник Қуёш назариясини Ибн Шотирдан (1304-1376) айнан кўчириб олган.

Палеонтология ва седиментология соҳасида илк тажрибалар ўтказиб, китоб ёзган олим Абу Али ибн Сино бўлса-да, бу борадаги хизматлари учун Албертга «Буюк Алберт» унвони берилган. Дарвоқе, Ибн Сино (Европада Авиценна) фаннинг турли соҳаларига оид 450 дан ортиқ китоб ёзган, биргина «Китоб уш-шифо» асари 22 жилддан иборат бўлган, «Тиб қонунлари» китоби эса 800 йил мобайнида тиббиётдаги асосий қўлланма бўлиб келди. «Медицина» истилоҳи ҳам олимнинг лотинча номидан олинган.

Улуғ шоир Умар Хайём «Арифметиканинг мушкул масалалари» асарида Ньютондан беш юз йил олдин ўн сонли рақамли масалаларини каср воситасида ҳал этиш назариясини тавсия қилди.

Физика ва фалакшуносликда жуда муҳим бўлган маятникни Ньютондан етти юз йил аввал Ибн Юнус кашф этган.

Verem микробини топганлиги учун Р. Коч Нобел мукофотини олган, ваҳоланки, уни 150 йил олдин Камбур Восим (вафоти 1761 йил) топганди.

Автоматик цилиндр, автоматик жўмрак ва графинни илк бор Жазарий (1136-1206) ясаган. У Чарльз Бабакдан илгари компьютер мантиғига оид назарий фикрлар билдириб, кибернетикага асос солган. Шунингдек, у вулқоншунослик, геотермал майдонлар соҳасидаги билимларнинг ҳам асосчисидир.

Илк расадхона ва астрономик марказ Хожа Носириддин Тусий (1201-1274) томонидан қурилган.

Абу Маъшар (785-886) илк бор сувнинг кўтарилиш ва пасайишини кузатиб, асар ёзган.

Баттоний (858-929) бир йилни 365 кун 5 соат 46 дақиқа 22 сония ўлароқ ҳисоблаб чиққан.

Алоуддин Али Қушчи Ойнинг илк харитасини чизган, ҳозир бу харита АқШдаги Ой тадқиқоти институтида чиқарилган хариталарнинг энг тепасига қўйилган.

Биринчи компасни ўн учинчи асрда Кабажакий ясаган, биринчи қоғоз фабрикасини Аббосий вазирлардан Ибн Фозил (739-805) қурдирган.

Зилзилага оид биринчи асар Дамашқийнинг (вафоти 1176 йил) «Китаб уз-залзала» асаридир. Кейинчалик XV асрда ёзилган Жалолиддин Суютийнинг «Зилзиланома» номи билан машҳур бўлган «Кашф уз залзал ан васфил-залзала» китобидан бошқа сейсмологияга оид асар бўлмаган.

Али ибн Аббос (вафоти 994 йил) капиляр қон томирларини кашф қилиб, минг йил олдин саратон (рак) амалиётини қилган бўлса, Аммор ибн Али XI асрда кўз пардаси жарроҳлигини амалга оширган. Абул Қосим аз-Захравий Ғарбда замонавий жарроҳликнинг отаси, деб тан олинган. У жарроҳликда 200 дан ортиқ асбоб ишлатган. У туғишда қўллаган усулдан Европада 500 йил фойдаланилган.

Мохов хасталигининг сабабларини ва даволаш усулларини 900 йил олдин Ибн Жассор баён қилиб берган.

Оқшамсиддин (1389-1459) Пастордан 400 йил олдин микробни кашф қилган.

Адабиёт соҳасида ҳам шарқликлар ҳар жиҳатдан устун бўлишган. Бу ҳақда улуғ немис шоири Гётенинг мана бу фикри билан сўзни мухтасар қиламиз: «Шарқда еттита буюк шоир бор. Уларнинг энг кучсизи ҳам мендан устун туради».

Қуръони каримнинг таблиғи билан бошланган Ислом дунёсидаги илмий изланишлар исломий ҳазора тарихида ўчмас из қолдирди ва у келажакдаги ҳазоралар учун мустаҳкам пойдевор, туганмас манба бўлиб хизмат қилди ва қилмоқда.

Ислом олами билан Европа орасида илм борасидаги фарқни тушуниб етиш учун ғарблик олимлардан бирининг эътирофини келтириш кифоя. У мусулмон оламида илм-фан гуллаб-яшнаган пайтда Европанинг ҳолини қуйидагича тасвирлайди: «Тўққизинчи, ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи асрларда Ғарбнинг 95 фоиз аҳолиси ўқиш-ёзишни мутлақо билмас эди. Европанинг подшоҳлари, амирлари ўқиш-ёзишни бироз ўргангани ҳаммага маълум. Монастрлардаги роҳиблар ва диний ходимлар қўлларига қалам тутишни ҳам билмасдилар».

Мубашшир Аҳмад