loader
Foto

Ўзбекистондаги замонавий нақшбандийа тариқати ҳақида

Улардан энг кўзга кўрингани Накшбандийа-Мужаддидийа-Ҳусайнийа тариқати раҳбари бўлган Иброҳим эшон ҳисобланади. Иброҳим Маматқулов, 1937 йили Фарғона вилоятининг Бувайда тумани Оққўрғон қишлоғида таваллуд топган. Мир-Араб мадрасасига ўқишга кирган, лекин тугата олмаган. 1950-70 йилларда Жанубий Қозоғистоннинг Туркистон туманида яшаган шайх халифа Абдулвоҳид Сайрамийда таҳсил олган. 1967 йили халифа Абдулвоҳид 86 ёшда вафот этгач, тариқатга бошчилик қилиш ҳуқуқи Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ даҳаси яқинида истиқомат қилган Абдуллоҳ қорига ўтган. Иброҳим Эшон 1976 йилга қадар мазкур шайхга муридлик қилган. Унинг вафотидан сўнг раҳбарлик Иброҳим Эшонга ўтди. У 1984 йилга қадар Абдулло қорининг манзилида яшаб, тариқатчиларга раҳнамолик қилди. У 1985 йилда она қишлоғи Оққўрғонга кўчиб ўтди ва 2009 йили вафот этди.

Иброҳим эшон тарафдорлари вилоятнинг Бувайда, Ёзёвон, Марғилон, Олтиариқ туманларида кўпчиликни ташкил этади. Иброҳим эшон ўз тариқати шажарасида 32-пир ҳисобланган.

Иброҳим эшон ҳудудда бошқа тариқатчиларга нисбатан тарафдорларининг кўплиги, муридларини бир жойга тўплай олиши, таъсир доирасининг катталиги билан фарқланади. Ўзининг берган маълумотига кўра, унинг тарафдорлари сони 20 мингдан ортиқ.

Иброҳим эшон Маматқулов издошларининг мунтазам кўпайиб бориши сабабларидан яна бири шуки, унинг муридлари одатда тарафдорлар йиғиш жараёнида ўз етакчиларини (Иброҳим эшонни) идеал шахс сифатида кўрсатишга эришишмокда. Шунингдек, зикр қилишни ўргатадиган қўлланмаларни ҳали намоз ўқиш қоидаларини мукаммал эгалламаган аҳоли орасида тарқатишмокда. Ушбу қўлланмага доимий амал қилинса, жаннатга тушиши аниқлиги уқтирилади.

Иброҳим эшоннинг ўз ҳисобидан зиёратгоҳларни таъмирлашда, маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари қурилишида ҳамда шу каби ободонлаштириш ишларида иштирок этиши ҳам мусулмон аҳоли орасида унинг обрўси ошишига ва тарафдорлари кўпайишига олиб келмоқда.

Иброҳим эшоннинг уйи унинг тарафдорлари учун асосий марказ ҳисобланади. Эшоннинг хизматида доимий тарзда 20-30 нафар  мурид туради. Турли вилоятларда Иброҳим Эшоннинг ўринбосарлари бор, улар ўз ҳудудларида тариқатчиларга раҳбарлик қиладилар, янги аъзоларни қабул қиладилар.

Ҳафтанинг жума кунидан ташқари қолган 6 кун мобайнида беш маҳал намоз олдидан муридларга дастурхон ёзилади. Ҳар куни соат кундузги 12:30 да 250-300 кишига мўлжаллаб И.Маматқулов хонадонида ош тортилади ва пешин намозидан кейин 15-20 га яқин киши унга байъат қилади. Сўнг алоҳида уйда аёллар байъати қабул қилинади.

Энди Иброҳим эшон раҳнамолик қилаётган Нақшбандиййа-Ҳусайниййа тариқатида қўлланилаётган расм-русумларнинг имкон қадар тўлиқроқ баёнини келтирамиз. Янги байъат қилганларга қуйида илова қўлланмада белгиланган вазифаларни буюради.

Шукри вузуъ - 2 ракаат (таҳорат шукронаси учун ҳар бир олинган     таҳоратдан сўнг ўқиладиган намоз).

Туҳфаи Расулуллоҳ - 2 ракаат (Шом намозидан сўнг ўқилади).   

Таҳажжуд - 2 ракаатдан икки марта, жами 4 ракаат (Бамдод намозининг вақти кирмасдан илгари ўқилади).

Ишроқ - 2 ракаат (Қуёш чиққандан сўнг ўқилади).

Юқоридагилардан ташқари доимий таҳоратда, махси-калишда, чопон ва салла ўраб юриш тавсия этилади.

Иброҳим Маматқулов тариқат раҳбарлигини қўлига олгач, муридлари учун қатор янгиликлар жорий қилди. Айни пайтда, у раҳнамолик қилаётган оқим илк тасаввуф асосчилари таълимотидан анча йироқлашган. Уларнинг ҳатти-ҳаракатларида юртимизда қарийб ўн тўрт асрдан буён амал қилиб келаётган ҳанафий мазҳаби аҳкомлари ва аҳли сунна эътиқодига зид ғояларни тарғиб қилиш холатлари кузатилмокда. Айни пайтда расмий имомлар Иброҳим эшон фаолиятидаги шариатнинг бузилишига боғлиқ айрим жиҳатларга эътироз билдирмоқдалар. Мисол тариқасида қуйидаги масалаларни келтириш мумкин:

-    кечаси таҳажжуд намозини ўқиш фарз (ёки вожиб);

-    шукри вузуъ намозини қайси вақтда бўлса ҳам ўқиб олиш зарур.

-    пирга қўл берганнинг олдинги гуноҳлари кечирилади, қазо бўлган (қолдирилган) намозни ўқимаса ҳам бўлаверади;

-    муридидан бошқа кишининг тўй-маракаларига бормаслик;

-    расмий имомларнинг амру маъруфларини менсимаслик.

Бундан ташқари айрим муридлар томонидан ҳам мутаассибона ҳатти-ҳаракатлар намоён бўлаётгани маълум. Жумладан:

-    Иброҳим эшоннинг таҳоратидан қолган сувни табаррук деб  истеъмол қилиш;

-    пирнинг уйи томонига оёқ узатиш қиблага оёқ узатишдек гуноҳ бўлади

-    доимий катта салла, узун оқ кўйлак ва махси-ковушда гуруҳ-гуруҳ бўлиб юриш.

Қуйида тариқатчилар билан муаммоларга сабаб бўлаётган масалалар ва уларнинг шаръий далилларини келтириб, таҳлил этамиз:



1. Таҳажжуд намозининг фарз даражасига кўтарилиши. Бу масалада тариқатчилар бир неча далил келтирадилар. Аввало, мурид пирнинг олдига келиб, унга қўл берар экан, буюрган барча вазифаларни сўзсиз бажаришга ваъда беради.

Албатта, яхши (солиҳ киши)лар (жаннатда) кофур (ўсимлигидек хушбўй) аралаштирилган қадаҳдан (май) ичурлар. Аллоҳнинг бандалари (жаннатда) ичадиган (бу) чашмани (ўзлари хоҳлаган жойдан) чиқариб (оқизиб) олурлар. Улар (ҳозирда ўз зиммаларига олган) назрларини адо қилурлар ва ёмонлиги (даҳшатлари) кенг ёйилувчи кундан қўрқурлар (Инсон,5-7)

Ёки бошқа жойда:

Эй, имон келтирганлар! Битимлар (аҳдлар)га вафо қилингиз! (Моида, 1).

Демак, тариқат вакилларининг фикрига эътибор қилсак, киши пирнинг олдида таҳажжуд намозларини қолдирмасликка ваъда берар экан, келтирилган оятларга мувофиқ ўз ваъдасига вафо қилиш унга вожиб бўлади. Бу эса, ўз навбатида, унга таҳажжуд намози вожиб ёки фарз бўлишини англатади.

Муносабат. Муфассирлар мазкур оятдаги “аҳд” ёки “битим” сўзидан Аллоҳ таоло билан бандалар ўртасида Алмисоқда тузилган битим назарда тутилади, дейдилар. Баъзилар Аллоҳ билан бандалар ўртасида аҳкомларга риоя қилиш, Қуръонда бандалар тилидан айтилган “эшитдик ва итоат қилдик” калимасига вафо қилиш деб тафсир қиладилар.

Амр ибн Ҳазм ўз отасидан: “Бу оятни Расулуллоҳ (с.а.в.) бизларни Яманга юбараётганларида мактуб қилиб ёзиб берганлар ва бизлар билан шу оятга асосан аҳднома туздилар”, – деб ривоят қилади.

Ибн Аббос ва Мужоҳидларнинг фикрича оятдаги “уқуд” сўзидан мурод “уҳуд” яъни аҳдлашувдир.

Али ибн Абу Талҳа Ибн Аббосдан қилган ривоятларида ҳам, оятдаги “уқуд” сўзидан мурод “уҳуд” яъни аҳдлашув бўлиб, Қуръони каримдаги Аллоҳ таолонинг бандалар билан ҳалол-ҳаром, фарзу-вожиб, ҳад-ҳудудлар масаласидаги аҳдномасидир деганлар.  

Даҳҳок (р.а.): “Авфуу бил уқууд” оятидан мурод, ҳар бир китоб ва суннатни ҳамда ижмони тан олган кишидан Аллоҳ таоло шариатида кўрсатган буйруқ ва қайтариқларига ҳамда алмисоқда олган ишончномасига амал қилиш ҳақидаги аҳдномасидир”, – дейди.

Зайд ибн Аслам дедилар бу оятдан уламолар 6 та аҳдга амал қилишни тушунишган:  

1-    Аллоҳ Таолога берган аҳди

2-    Аллоҳ номи билан ичган қасамлар аҳди                

3-    Шерикчилик аҳди                                                     

4-    Байъ(олди-сотди) аҳди                                             

5-    Никоҳ аҳди                                                                 

6-    Қасам, қасамёд аҳди    

Келишилган шарт бўйича ақд ва аҳдларга амал қилинади. Агар шартлар шариатга мувофиқ келмаса, амал қилинмайди. Масалан, жоҳилият давридаги ботил қасамлар каби.

Яна баъзи тариқатчилар: “Одам назрига вафо қилиши лозим бўлгани каби мурид пирнинг ҳузурида “мен доим таҳажжуд намозини ўқийман” деб берган ваъдасига вафо қилиши лозим бўлади. Агар таҳажжуд намозини ўқий олмаса унинг қазосини келтиради”, – дейдилар ва қуйидаги оятни далил қилиб келтирадилар:

"Сўнгра (ҳожилар) кирларини кетказсинлар (яъни, эҳромдан чиқиб, соч олдириб, тоза либосларини кийсинлар), назрларини (ҳаж мажбуриятларини) адо қилсинлар"  (Ҳаж, 29).

Муносабат. Дарҳақиқат мазкур оятда, инсон қилган назрига вафо қилиши лозимлиги буюрилади. Назр шариатда мажбурий бўлмаган, банда томонидан ихтиёрий тарзда бирор ишга боғлаб қилинган ваъдадир. Масалан, “ўғлим сафардан эсон омон келса, бир қўчқорни сўйиб хомлигича фақирларга тарқатаман”, “кемам эсон-омон қирғоққа етиб борса ундаги барча молни садақа қиламан” каби мол билан ёки “тузалиб қолсам ўн кун рўза тутаман” дегани каби ибодат билан бўлиши мумкин.

Уламолар назрга нисбатан бир неча қарашларни билдирганлар. Жумладан:

1.    Мубоҳ. Яъни назр қилиш учун на савоб ва на гуноҳ ёзилмайди. Бироқ  Аллоҳ таоло  وَلْيُوفُوا نُذُورَهُمْ деб унга вафо қилишга буюрган.

2.    Мандуб (мустаҳаб). Чунки Аллоҳ таоло    يُوفُونَ بِالنَّذْرِ وَيَخَافُونَ يَوْماً كَانَ شَرُّهُ مُسْتَطِيراً  деб назрга вафо қилувчиларни мақтаган. Бундан келиб чиқадики назрга вафо қилувчиларга вожибни бажарувчиларнинг савоби берилади.

3.    Макруҳ. Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад (с.а.в) назр қилишдан қайтарганлар ва: “У (назр) ҳеч бир яхшиликка олиб бормайди, аксинча бахиллардан чиқади”, – деганлар.

4.    Ҳаром. Баъзи уламолар ҳадисда очиқ-ойдин назрдан қайтарилгани  сабабли уни ҳаром дейдилар.

Назр билан боғлиқ шаръий ҳукмлар унга вафо қилиш ёки қасам учун қилинадиган каффорат билан ундан воз кечишдан иборатдир.

Маълумки, шариат аҳкомларини жорий қилиш Аллоҳ ёки У изн берган пайғамбарларга хос нарса. Бошқа ҳеч ким, бирон-бир сабабга кўра бу ишни амалга ошириши, бандалар устига шаръий амрни жорий қилиши мумкин эмас. Ҳаттоки Муҳаммад (с.а.в) умматларига доим енгиллик, осонлик, ихчамликни истаб келганлар. Бир ҳадисда айтадиларки: “Агар умматларимга қийин бўлиб қолишидан қўрқмаганимда эди, уларга ҳар намоздан аввал мисвок қилишни буюрар эдим”. Мисвок бутасимон дарахтнинг новдасидан қирқиб, пўстлоғини шилиб ташлаб у билан тиш тозалайдиган, ўзидан тиш учун фойдали моддалар ва хушбўйлик чиқарадиган нарсадир. Кўплаб мусулмон ўлкаларида ҳозирда ҳам мисвок истеъмолда. Одамлар махсус ғилофларда чўнтакларида олиб юрадилар ва овқатдан аввал ва кейин, намоздан аввал уни олиб оғзиларида бир неча бор уёқ-буёққа айлантирадилар ва тишларини тозалайдилар. Одатда бу ишни қилиш одамга қийинчилик туғдирмайди ва атиги бир неча сония ёки бир-икки минут кифоя қилади. Модомики, Расулуллоҳ (с.а.в.) шу арзимаган иш мусулмон умматига машаққат бўлишидан қўрқиб буюрмаган бўлсалар, кечаси, туннинг ярмида, уйқунинг энг ширин пайти келганда туриб ибодат қилишни бошқаларга фарз ёки вожиб қилишга кимнинг ҳадди сиғади?

Иккинчидан, агар банданинг хоҳиши ва бошқа ҳолатларига қараб шаръий ҳукмлар ўзгартирилаверса шариатнинг улуғлиги қаерда қолади?!

Келтирилган далиллардан келиб чиқадики, аввало тариқат йўлига кирган киши қўлидан келмайдиган ишни бўйнига олмаслиги керак. Чунки назр қилингандан сўнг ўқилмай қолдирилган таҳажжуд намозини қазосини ўқиш билан адо этиб бўлмайди, балки қасамнинг каффоратидек каффорат қилиш лозим бўлади.

Иккинчидан, Расулуллоҳ с.а.в. қайтарган ва уламолар макруҳ ва ҳатто ҳаром деб ҳукм чиқарган амалда қандай тақво, қандай савоб бўлиши мумкин?! Шундай экан Аллоҳ ва унинг Расули осон қилиб берган динимизни қийинлаштириш ва бу орқали савоб қиламан деб, маъсиятга ботишда ҳеч қандай манфаат кўринмайди.

Ёки яна бошқа жойда:

"Тунда (Ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжуд нафл намозини ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса" (Исро, 79).

Бу оятни тушунишда ҳам муайян келишмовчиликлар мавжуд. Тариқат вакиллари: “Оятда Муҳаммад а.с.га таҳажжуд намозини ўқиш буйруқ шаклида келтирилган, Қуръонда келган амр, у ким орқали баён этилган бўлишига қарамай, барчага тенг фарз бўлади”, –  дейдилар.

Ваҳоланки, муфассирлар мазкур оятда таҳажжуд намози зиёда амаллардан эканини айтиб ўтганлар. Имом Табарий ўз тафсирида: “Муҳаммад алайҳиссаломга (бир марталик) фарз қилингани, умматларига эса нафл”, – деб таъкидлайди. Ибн Касир эса: “Таҳажжуд Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзларига хос фарз амал умматларига фарз эмас”,  – дейди.

Бундан ташқари оятнинг ўзида “нафл”, “ўзингиз учун” деган калималар борки, улар бу амр Пайғамбар а.с.га эканлигидан далолат қилади. Оятнинг охирида “Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса”, – дейилади. Шафоатчилик мақоми Одам а.с.дан бошлаб келган 124 минг пайғамбардан фақатгина Муҳаммад а.с.га берилиши муқаддас манбалардан барчага маълумдир. Модомики, таҳажжуд намозини ўқишлик шафоатчилик мақоми билан боғланаётган экан, бу шубҳасиз Муҳаммад а.с.га хос бўлади.

2.    Тариқатга кирган кишидан ўқимай қолдирилган намозлар ва тута олмаган рўзалар соқит бўлади. Бунга улар Қуръони каримнинг 70-оятини далил қилиб олиб: “Тариқатга кирган киши пирнинг қўлини тутиб тавба қилади ва мазкур оят ҳукми билан унинг аввалги қилган барча гуноҳлари кечирилади”, – дейдилар. Далиллари қуйидагилар:

"Илло, кимки (шу дунёда) тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўяр. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир"  (Фурқон,70).

Яна:

"Кимки тавба қилиб эзгу ишларни қилса, бас, албатта, у Аллоҳ (ризоси ва мағфирати)га қайтган бўлур" (Фурқон, 71).

Ҳадисдан: Абу Убайда р.а. Абдуллоҳ р.а.дан ривоят қилиб айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тавба қилувчи киши гўёки гуноҳ қилмаган кишидекдир”, – дедилар”.

Киши пир ҳузурига келиб, аввалги гуноҳлари учун чин дилдан тавба қиладиган бўлса, унинг аввалги гуноҳларининг барчасини Аллоҳ кечиради. Шу жумладан ўқимай қолдирган рўза ва намозларининг ўрнини ҳам савоб (ўқилган намознинг савоби) билан тўлдиради. Бундан кейин унга рўза ёки намознинг қазосини адо этиш лозим бўлмайди.

Муносабат. Фиқҳий китобларнинг деярли барчасида “Қазо намозларни ўқиш фасли” деб номланувчи бўлим бор. Уламолар қолдирилган намозларни ўқиш тартиби, қолдириш сабаблари, ҳукми бўйича бир неча жилдлаб китоблар битганлар. Рўзанинг қазоси хусусида ҳам шундай фикрларни айтиш мумкин.

Расулулоҳ (с.а.в.)га одамлар намоз вақтида ухлаб қолишларини зикр қилдилар. Шунда у зот: “Ухлаб қолиш камчилик эмас. Камчилик уйғоқликда бўлади. Вақтики, бирортангиз намоздан ухлаб ёки ғофил қолса, бас, уни эслаганда ўқиб олсин,” – дедилар  (Имом Насоий ва Имом Термизий ривояти).

Банда ўз зиммасидаги амални адо ёки қазо қилмагунча мазкур амал унинг зиммасидан тушмайди. Қарз бўлиб туради. Ибн Аббос р.а. ривоят қилган ҳадисда ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳузурларига келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Онам вафот этди. Унинг зиммасида бир ойнинг рўзаси бор. Уни қазо қилайми?” – деди.

У киши: “Ҳа! Аллоҳнинг қарзини қазо қилмоқ ҳақлидир”, – дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Нақшбандия тариқатининг назариётчиларидан бири, айни пайтда юртимизда фаолият олиб бораётган деярли барча тариқатларнинг силсиласида номи зикр қилинган, XVI асрнинг иккинчи ярми XVII асрнинг бошларида Ҳинд диёрининг Сирҳинд шаҳрида яшаб ўтган Аҳмад Сирҳиндий ал-Форуқий ар-Раббоний (1564–1624)нинг “Мактубот” номли китобининг 29-мактуби айнан шу масалага бағишланади. Бу мактуб Шайх Низомиддин ат-Таҳонисрийга йўлланган бўлиб, “Фарзларни адо этиш, суннат ва одобга риоя қилиш, фарзлар турганда нафл амалларга ортиқча эътибор бермаслик, хуфтон намозини туннинг охирида ўқишдан қайтариш, таҳорат учун ишлатилган сувни ичишдан қайтариш ва муридларнинг ўз пирлари ёки бошқага сажда қилишларидан қайтариш” , – деб номланган. Кўриниб турибдики, Имом Раббоний ўзининг издошларидан чиқиши мумкин бўлган масалаларни аввалдан билганидек уларнинг ҳаммасини бирма-бир санаб ўтадики, бугунги кунда бизларнинг диёримизда мавжуд бўлган тариқатчиларда айнан шу камчиликлар учрайди.

Мазкур мактубда Имом Раббоний: “Нафл амалларга фарз амалларнинг олдида ҳеч қандай қиймат йўқдир ва фарзлардан бирортасини ўз вақтида бажариш минг йил нафл амал билан машғул бўлишдан яхшидир”, – деб, ушбуни далил келтиради: “Ҳазрати Умар бир киши бомдод намозига чиқмай қолганида: “Фалончи қани?” – деб сўрадилар. Саҳобалар: “У кечаси  ухламай намоз ўқиб чиққан, шунга бомдодга ухлаб қолган бўлса керак”, – деб жавоб беришди. Шунда Умар р.а.: “Бутун тунни ухлаб, бомдод намозини жамоат билан ўқигани яхши эди,” – дедилар”.

Мактуботда яна: “Қиёмиллайл яъни кечани бедор ўтказиш учун хуфтон намозини кечиктириш барча уламолар наздида макруҳдир. Витр намозини бироз кечиктирса ҳам қиёмиллайлнинг савобини топади. Қолдирилган намозларни эса қазосини ўқиш лозим бўлади. Имом Аъзам Абу Ҳанифа ал-Куфий р.а. таҳоратнинг одобларидан бирини тарк қилгани учун қирқ йиллик намозини қайта ўқиган”, – дейилади.

3. Эътирозга сабаб бўлаётган масалаларнинг яна бири тариқатга кирган кишига илмнинг шарт эмаслиги ва ҳатто илмни тарк қилиш афзаллиги. Тариқатчилар бунга ушбуларни далил қилиб келтирадилар. Аввало илмнинг моҳияти ибодатга восита бўлишдир. У орқали инсон Роббини танийди ва унга бандалик қилишга ҳаракат қилади. Модомики инсон Аллоҳга ибодат қилиш йўлига ўтган экан, унга илмнинг кераги йўқ.

Иккинчидан, Аллоҳнинг даргоҳидан  қувилган Азозил, яъни Шайтон ҳам бир пайтлар жуда илмли бўлган ва ҳатто фаришталарга дарс берган. Бироқ Аллоҳ таоло Одам а.с.ни яратиб, барча мавжудотни унга сажда қилишга буюрганида Шайтон бош тортди ва “Мени оловдан яратдинг, уни эса ботқоқдан,” – деб эътироз билдирди. Бу манманлиги туфайли Аллоҳнинг даргоҳидан қувилди,” – деб далил келтиришади.

Муносабат. Аслида тасаввуф намояндалари ҳеч қачон илмга қарши бўлмаганлар, балки илмсизлик билан тариқат уйғун бўла олмаслигини уқтириб келганлар. Шу ўринда биз тариқат мезонларини теранроқ англаш, асл моҳиятни тушуниш мақсадида яна тарихга мурожаат қиламиз: XVIII  асрда Марказий Осиёда Нақшбандиййа-Мужаддидиййа тариқатининг ривожланишига улкан ҳисса қўшган аллома Мусохон Даҳбидийнинг шогирдларидан бири Халифа Сиддиқнинг бу борадаги қарашлари ва амалга оширган ислоҳотларини мисол қилиб келтирамиз. У сулукка раҳбарлик қила бошлагач, Нақшбандиййа-Мужаддидиййа сулуки Ўрта Осиё, Шарқий Туркистон ва Дашти Қипчоқни ўз ичига олган кенг ҳудудга ёйилди. Бу ҳақда XVIII аср да Марказий Осиёда кечган ижтимоий-сиёсий ва маданий-диний вазиятни қоғозга туширган тарихчилардан бири Жумақули Хумулий (туғ.й.1776/77)нинг “Тарихи Хумулий” асаридан батафсил маълумот олиш мумкин .

Халифа Сиддиқнинг сулукни бошқаришдаги ўзига хос жиҳатларидан бири шу эдики, муридларни зикр ўрнига кўпроқ Қуръон ўқишга чақирарди, турли диний билимларни, шариат аҳкомларини ўрганишга буюрарди. Ҳалқаларда кўпинча Атоуллохўжа Бухорий, Фарғона шайхул исломи Эшон Зокирхўжа Марғиноний, шайхул ислом Мир Абдулҳайхўжа Самарқандий каби ўша замоннинг фозил, олим кишилари ташриф буюриб, соликларга тафсир, ҳадис, фиқҳ каби фанлардан  дарслар ўтишарди. Ҳар куни зикр ҳалқасидан ва ишроқ намозининг ўртасида “Тафсир ал-Байдовий”, “Мишкоти шариф” ва бошқа саҳиҳ китобларни илм толиблари мазкур уламолардан ўрганар эдилар. Фарз намозларидан сўнг хуш овоз қориларга Қуръон ўқишни, чиройли таъбирли шоирларни маснавий ўқишга буюрар эдилар .

Нақшбандиййа тариқатига оид маҳаллий сулуклар вакиллари (Ҳиндистон, Қашқар минтақаларидан тортиб то Болқон ва шимолий Африкагача) ўзларининг мамлакатларида сиёсий ва иқтисодий барқарорлик ва осойишталик ўрнатиш, қабилалар ўртасида эса тинчлик ва тотувликка фақат шариат аҳкомларининг мустаҳкамлиги орқали эришиш мумкин, бунинг учун эса мукаммал илм керак, деган хулосага келдилар.

5.    Айрим мутаассиб муридлар томонидан пирнинг таҳоратидан қолган сувни истеъмол қилиниши ҳолатлари учрайди.

Муносабат. Ҳозирда ўзларини тариқатчимиз деб даъво қилаётганлар аввало анъанавий тариқат асосларини қўпол тарзда бузаётганлари, қолаверса шариат кўрсатмаларига ҳам амал қилмаётганлари намоён бўлмоқда. Жумладан, пирнинг таҳоратидан қолган сувни табаррук қилиб ичиш масаласида улар қўпол хатога йўл қўймоқдалар. Биринчидан, бизлар XXI асрда яшамоқдамиз ва “тоза сув”, “ифлосланган сув”, “микроб”, “юқумли касаллик” деган тушунчалар барчага маълум. Одам ювинганда ёки таҳорат қилганда сувга унинг юз-қўлидан турли зарали микроблар тушиши мумкин ва уни ичишнинг оқибати оғир касаллик билан тугаши мумкин. Иккинчидан, юқорида зикр қилинган “Мактубот” асарида Имом Раббоний: “Таҳоратни ният қилиб ишлатилган сувни ичиш мумкин эмас. Имом Аъзам наздида бу сув нажосат билан аралашган бўлади. Фақиҳлар уни ичишни ман этганлар”, – дейди.

Кўриниб турибдики, айрим тариқатчиларнинг қилаётган амаллари шариат асосларига ҳам, тариқат анъаналарига ҳам тўғри келмайди. Бундан ташқари, оддийгина инсоний мантиқ мезонига ҳам мос эмас.

Биз юқоридаги масалалар бўйича мисоллар келтиришда атайин Аҳмад Сирҳиндий ва Муҳаммад Сиддиқ каби тариқат пешволари фаолиятидан намуналарга тўхталдик. Бинобарин, Нақшбандиййа-Ҳусайниййа тариқатининг айни кундаги пешвоси ҳисобланган Иброҳим эшон Маматқулов келтираётган тариқат силсиласида Аҳмад Сирҳиндий (Имом Раббоний) 23-ўринда, Муҳаммад Сиддиқ эса 28-ўринда қайд этилган. Бундан кўриш мумкинки, замонавий тариқатчилар ўзларининг яқин ўтмишдаги устозларининг кўрсатмалари ва тутган йўлларидан узоқлашиб кетганлар ёҳуд тариқат тарихидан етарлича хабардор эмаслар.

6. Шукри вузуъ намозини қайси вақтда бўлса ҳам таҳорат олгандан сўнг дарров ўқиб олиш зарур.

Муносабат. Бу масалада ҳам айрим нотўғри талқинлар мавжуд. Баъзи мутаассиб ва шариат илмидан бехабар тариқатчилар шукри вузуъ ўқишим керак деб,  ўқилиши мумкин бўлмаган вақтларда ҳам  намоз ўқишга ўтирадилар. Ваҳоланки, Муҳаммад а.с.дан ворид бўлган саҳиҳ ҳадисларда кун чиқаётган пайт, Қуёш тиккага келганидан оғишига қадар, Қуёш ботаётган пайтда намоз ўқилиши мумкин эмаслиги очиқ-ойдин баён этилган. Бу масала фиқҳ китобларида намоз ўқилиши макруҳ бўлган ва жоиз бўлмаган вақтлар деб санаб ўтилган. Жумладан:

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллалоҳу алайҳи васаллам бизларни уч вақтда: Қуёш чиқаётганидан токи кўтарилиб бўлгунча, қиём(Қуёш тиккага келган пайт)даги иссиқ вақтда ва Қуёш ботишга йўлланиб токи ботиб бўлгунига қадар намоз ўқишдан ва ўлганларимизни қабрга қўйишдан қайтарар эдилар”.

Унга байъат қилмоқчи бўлганлар ёши, жинси, диний билим савияси, ақлий қобилиятидан қатъи назар, муридликка қабул қилинади. Шунингдек, муридлари орасида балоғатга етмаган ёшлар бор ва улар талайгина...

Ҳайдархон Йўлдошхўжаевг

"ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ЗАМОНАВИЙ КЎРИНИШЛАРИ" китобидан