loader
Foto

Аҳли суннат ақидасининг қанча йўналиши бор?

Асосан, жаҳмийя ва мўътазила тоифаси ўша даврларда авж олди. Жаҳмийялар Аллоҳнинг исм ва сифатларини мутлақ инкор этган, бу борада келган оят-ҳадисларни фақат мажоздан иборат дейишган, шунингдек саҳиҳ далиллар билан собит бўлган нарсаларни(сирот кўприги, тарози, Аллоҳни қиёматда кўриш, қабр азоби каби) инкор этишган, Аллоҳ таолони Ўз Зоти билан бандалари орасидадир, деган ботил эътиқодларни олдинга суришган.

Мўътазилалар бўлса, Аллоҳ таолонинг улуғ сифатларини инкор этдилар, шунингдек, Аллоҳнинг бандалари устидаги тасарруфини ўзлари тузган "адолат тарозиси" деган асос билан ўлчаб, бу ўлчовни "ақл ва ҳикмат ўлчови" деб атадилар ва бунга тушмаган, ўз ақлларига муносиб кўринмаган барча нарсани инкор этдилар. Шу ўлчовдан келиб чиқиб, "Банданинг феълини Аллоҳ яратмайди" деган хулосага келдилар. Гуноҳи кабира қилган мусулмонни хаворижлардек диндан чиқармаган бўлишса-да, янги бир гап чиқариб, "улар икки манзилат ўртасида бўлади, яъни уларни кофир ҳам, мусулмон ҳам демаймиз" дедилар. Бундан ташқари, яна бир нечта муҳим нуқталарда аҳли суннатдан узоққа кетдилар.



Бунга қарши курашда аҳли суннат ичида уч йўналиш юзага келди:

1) Муҳаддислар ва уларга эргашганлар оқими. Бу йўлни тутганлар дастлаб имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг яқин издошлари бўлгани учун бу оқимни баъзи уламолар ҳанбалийлар оқими, деб ҳам атайдилар. Бу йўл асосан Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадисларда келган барча васфлар ҳеч қандай таъвилсиз қабул қилинишини, бу борада тушунишда ихтилоф юзага келган, Аллоҳнинг сифатими ёки сифати эмаслигида турли қарашлар бўлган нусуслар (оят-ҳадислар)ни ҳам шундайича, келганича қабул қилиш, бунга бирор таъвил ишлатмаслик тарафдори бўлиб чиқдилар. Бунга салафлар: тобеин ва табаа тобеинлардан қўллаб-қувватловчи кўплаб воқеаларни келтирдилар.

2) Ашъарийлар оқими. Бу оқим асосчиси имом Абул Ҳасан Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи деб ҳисоблангани учун шу ном билан аталди.

3) Мотуридийлар оқими. Бу оқим асосчиси имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи бўлгани учун шу ном билан аталган.

Бу икки оқим орасида фарқ жуда оз. Улар, асосан, Аллоҳ таолонинг ихтиёрий сифатларида, Аллоҳнинг калом васфини баён этишда, айрим қадар масалаларида юқоридаги муҳаддислар оқимига қарши бўлиб, ихтилофга бордилар. Булар шу масалаларда келган оят-ҳадисларда таъвил қилиш тўғрилигини, ташбеҳдан (Аллоҳ таолони бандаларига ўхшатиб қўйишдан) узоқ бўлиш учун шу нарса зарурлигини, бу нарса сифатларни инкор қилишга кирмаслигини айтган бўлсалар, юқоридагилар оқими бунда ҳам таъвил дуруст эмаслигини, бу далиллар зоҳирини олиш ташбеҳга кирмаслигини, аксинча, буларни таъвил қилиш таътил (Аллоҳнинг сифатини ўз маъносидан холи қилиб қўйиш)га кириб қолишини таъкидладилар.

Бу дастлабки пайтда юз берган ихтилофлар эди. Кейинчалик эса, бу ихтилоф доираси кенгайиб, орага ашъарий ва мотуридий уламолар томонидан ақлий, фалсафий назариялар, мунозаралар кириб, ихтилофлашилган масалалар кўпайиб кетди.

Хулоса, бу уч оқим аҳли суннат ичидаги оқимлар ҳисобланади. Буларга мансуб бўлган аҳли суннат уламоларининг сон-саноғи йўқ. Буларнинг бирини аҳли суннатдан эмас, деб инкор қилиш бу оқимларга мансуб бўлган уламоларни ҳам инкор қилиш ҳисобланади. Ҳолбуки, барчамиз бу уламоларнинг барчасининг илмидан, китобларидан фойдаланиб келмоқдамиз.

Қайси биримиз имом Бухорий, имом Таҳовий, Дориқутний, Доримий, Заҳабий ва бошқа минглаб муҳаддис ва фуқаҳоларга эргашдим деб, бошқа оқимга мансуб бўлган имом Марғилоний, Косоний, Нававий, Ибн Ҳажар ва бошқа минглаб уламоларни ва уларнинг китобларини инкор этишга журъат қила оламиз?!. Ва аксинча, қайси биримиз имом Марғилоний, Косоний, Нававий, Ибн Ҳажар ва бошқа минглаб уламоларга эргашдим деб, имом Бухорий, имом Таҳовий, Дориқутний, Доримий, Заҳабий ва бошқа минглаб муҳаддис ва фуқаҳоларни ва уларнинг китобларини инкор этишга журъат қила оламиз?! Ҳеч биримизнинг бундай қилишга асло ҳақимиз йўқ.

Ислом душманлари қаршисида мусулмонларни бирлаштирувчи йўл эса – барча ўтган аҳли суннат уламолари ҳақига Аллоҳдан мағфират ва раҳмат сўраб, улар қолдириб кетган илмдан фойдаланиш, улар иттифоқ қилган нарсаларни маҳкам ушлаб, эътиқод қилиб, ихтилоф қилган нарсаларда эса ҳар ким ўзи ҳақ деб билган тарафдаги олимга эргашиши ва муқобилида турган мухолифига яхши гумон ва дуои хайрда бўлишидир.

Аллоҳ таоло барчамизни соғлом эътиқодда, эзгу амалларда жамлаб, қиёматда бир-бирини Жаннатда зиёрат этувчи биродарлардан қилсин. Омин.

Сайфуллоҳ НОСИР