loader
Foto

Сиз уни лозим тутишингиз керак бўлган жамоат нима?

“Жамоат ва кўпчилик аҳли ҳақдир. Гарчи ер юзида улардан бир киши қолса ҳам, улар жамоат ва кўпчиликдир. (Дастлаб) Абу Бакр ва Хадийжа розияллоҳу анҳумогина мусулмон бўлишди. У икковлари жамоат эди. Ер юзидагиларнинг қолганлар - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва-саллам ва икковларидан ташқари - камчилик ва бўлинганлар эди. Биз айтган бу (фикр) борасида уламолар ўртасида ихтилоф йўқ”.

Абу Шома роҳимаҳуллоҳ “Ал-ҳаводис вал-бидаъ” китобида айтган ушбу сўзлар қандай ҳам гўзал: “Жамоатни лозим тутишга буйруқ келган. Ундан мурод ҳақ ва унга эргашганларни лозим тутишдир. Гарчи у (ҳақ)ни маҳкам тутганлар кам ва унга қаршилар кўп бўлса ҳам. Чунки ҳақ Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари давридан бошлаб аввалги жамоат унга бўлган нарсадир. Бидъат аҳли кўплигининг эътибори йўқ.

Амр ибн Маймун Авдий айтади: “Яманда Муоз розияллоҳу анҳу билан бирга бўлдим. Уни Шомда тупроққа қўйгунимга қадар ундан ажрамадим. Ундан кейин одамларнинг энг фақиҳи Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу билан бирга бўлдим. Унинг шундай деяётганини эшитдим: “Сизлар жамоатни лозим тутинглар. Чунки Аллоҳнинг қўли жамоат устидадир”. Сўнг бир куни унинг: “Сизларнинг устингизга намозни ўз вақтидан кечиктирадиган бошлиқлар келади. Бас, намозни ўз вақтида ўқинглар. У фарздир. Улар (бошлиқлар) билан бирга намоз ўқинглар. Албатта, у сизлар учун нафлдир”, деяётганини эшитдим.

Мен: “Эй Муҳаммад асҳоблари, бизга айтаётганингизни англамаяпман”, дедим. “Нимага?” деб сўради. Айтдим: “Сиз мени жамоатга буюриб, унга қизиқтирмоқдасиз. Сўнг: “Намозни ёлғиз ўқи, у фарз. Жамоат билан намоз ўқи, у нафл”, дедингиз.

У айтди: “Эй Амр ибн Маймун. Мен сени ушбу қишлоқ аҳлининг энг фақиҳи деб ўйлар эдим.

Жамоат нималигини биласанми?” “Йўқ”, дедим. У: “Жамоат ҳаққа мувофиқ бўлгани, гарчи бир ўзинг бўлсанг ҳам”, деди.

Бошқа лафзда шундай дейилган: “Шунда сонимга уриб: “Ҳолингга вой бўлсин! Албатта, одамларнинг кўпчилиги жамоатдан ажраганлар. Албатта, жамоат Аллоҳ азза ва жалла тоатига мувофиқ бўлган нарсадир”, деди”.

Нуайм ибн Ҳаммод айтади: “Агар жамоат бузилса, ўзинг бузилиб кетмасидан олдин сен жамоат унда бўлган нарсани ўзингга лозим тут. Гарчи бир ўзинг бўлсанг ҳам. Ўшанда ўзинг жамоатдирсан. Буни Имом Байҳақий ва бошқалар ривоят қилганлар”.

Хатиб Бағдодий “Ал-фақиҳ вал-мутафаққиҳ” китобида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзларини ривоят қилган: “Жамоат - Китоб ва Суннат, гарчи ёлғиз ўзинг бўлсанг ҳам”. Бир ривоятда “Жамоат аҳли ҳақдир, гарчи ўзинг бўлсанг ҳам” дейилган. Иброҳим Нахаий: “Жамоат ҳақдир, гарчи бир ўзинг бўлсанг ҳам”, деган.

Баъзи инсонлар суннатни бидъат ва маъруфни мункар қилишган. Сабаби, унинг аҳли камлиги, замон ва маконларда уларнинг ёлғизланиб қолганидир. Улар: “Ким якка бўлса, дўзахда якка ўзи бўлади”, дедилар. Лекин улар камчилик ҳаққа хилоф қилганлар эканини билмадилар. Агар барча одамлар биргина одамдан ташқари ҳаққа хилоф қилсалар, улар камчилик ва ўша якка одам жамоатдир.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал замонида (ҳақ устида бўлган) одамлар жуда камчилик бўлган ва ўша камчилик жамоат бўлган. Қози, муфтийлар, халифа ва унга эргашганлар камчилик, Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўзи жамоат бўлган. Бу инсонлар ақллари буни кўтармагач, халифага: “Эй мўминлар амири, сиз, қозиларингиз, волийларингиз, фақиҳлар ва муфтийларнинг барчаси ботил узра, Аҳмаднинг ўзи ҳақда бўладими?” дейишган. Халифанинг илми бунга етмайди. Шунда Аҳмад ибн Ҳанбални узоқ ҳибсдан кейин дарра уриб, жазога тутган. Сўнг ҳақ ва унинг аҳли ғолиб бўлиб, улар даъво қилаётган нарса ботил бўлган.

"Рисолатул мустаршидийн" китобидан

Абдулфаттоҳ Абу Ғудда шарҳи