Бу Канаданинг тиббий муассасаларини ҳайрон қолдирган сирнинг фақат бир неча сюжетли кўринишлари бўлиб, бутун дунё бўйлаб етакчи неврологларнинг эътиборини тортди ва Канаданинг Атлантика соҳилида жойлашган, аҳолиси 770 минг кишидан иборат бўлган чиройли манзарали Нью-Брансуик аҳолисини даҳшатга солди. Ўтган олти йил мобайнида ўнлаб одамлар бу касалликка чалинган ва олти киши ўлган.
Нью-Брунсвик шимолий-шарқий томонидаги Акадия ярим оролидаги Бертран шаҳри мэри Ивон Годеннинг айтишича, «одамлар ҳавотирда». «Улар савол беришяпти: бу экологиями? Ирсият билан боғлиқмасми? Бу балиқми ёки буғу гўштими? Яна бошқа нарса эмасми? Ҳамма жавоб истайди».
Коронавирус сўнгги 15 ой давомида мамлакат бўйлаб шиддатли ҳаракатланар экан, тиббий жумбоқ аввалига мамлакат ҳукуматининг эътиборини сустроқ жалб қилди. Пандемия жавоб бериш зарурати билан чалғиган Канада соғлиқни сақлаш органлари март ойида Нью-Брансуик бош шифокорининг бу ҳақида бир қайди матбуотга чиқиб кетганидан сўнг жамоатчиликка маълум бўлгач, бор кучи билан муаммонинг жиддийлигини аниқлаш учун ҳаракат қилди.
Тиббиёт соҳаси мутахассисларининг фикрига кўра, замонавий тиббиётнинг ютуқларига қарамай, бу касаллик ҳаттоки тиббиёт соҳасининг энг ёрқин намоёндаларини ҳам боши берк кўчага киритиб қўймоқда.
Канада синдромининг энг ёш қурбонлари орасида – 20 яшар Габриэль Кормье, бир пайтлар аълочи бўлган, фигурали учиш бўйича мусобақаларда иштирок этган ва патологоанатом бўлишга интилган.
Бироқ икки йил олдин университетга ўқишга киргач, Кормье хоним тўсатдан ва тушунарсиз равишда тез толиқадиган бўлиб қолгани, турли нарсаларга қоқилиб кетаётгани ва кўзига даҳшатли нарсалар кўринаётганидан шикоят қила бошлади. У энди нормал ўқий олмасди ва синфга боролмади, шунинг учун ўқишни ташлашга мажбур бўлди.
Нима бўлганини тушунмаслик касалликнинг даҳшатини оширди. Қизга мононуклеоз нотўғри ташхиси қўйилганидан сўнг, Кормье хоним шошилинч тез ёрдам шифокорлари унда ҳаммаси яхши эканини айтганлигини маълум қилди. Бир қатор тестлар ташхис бера олмади. Унинг саломатлиги ёмонлашгани сабабли уни охир-оқибат неврологга жўнатишди - унда мушакларнинг беихтиёр титраши, хотирада бўшлиқлар ва галлюцинациялар бошланди. У номаълум синдромга чалинган одамлар кластерига киритилган биринчи бири бемор эди.
Ҳозирда у Нью-Брансуик шимолидаги қишлоқ жой - Далхаузи Джанкшендаги уйида яшаяпти ва ҳассаса таяниб юрибди.
«Мен ҳаётимда энг яхши бўлиши керак бўлган нарсани энди бошлагандим, бирдан у йўқолди. Ўлиб кетаманми ёки умримнинг қолган қисмини шу аломатлар билан яшаб ўтказаманми, билмайман», – дейди Кормье хоним.
Ванкувердаги Британия университетидан невролог, доктор Нил Кэшманнинг айтишича, ушбу ҳақиқий тиббий детектив тадқиқот юз йилда бир-икки марта учраши мумкин.
«Детектив ҳикоянинг бошида, одатда, қотиллик каби даҳшатли нарса содир бўлади, бизнинг ҳолатда эса бош мия ва орқа мия томонидан бошқариладиган ҳамма нарса дарҳол йўқолганда тезда ривожланувчи ақли заифлик ва психиатрик кўринишларга эгамиз. Бу даҳшатли», - дейди шифокор.
Ғалати касаллик биринчи бор 2015 йилда, Нью-Брансуиклик невролог, доктор Альер Марреро хавотир, депрессия, тез ривожланувчи деменция, мушак оғриғи ва кўриш қобилиятининг қўрқинчли равишда бузилиши каби аломатларнинг ғалати тарзда уйғунлашувини кўрганида аниқланди. Уч йилдан сўнг саккизта ҳолат қайд этилди. Келаси йил 20 та. Ундан кейин 38 та. Кейин 48 та. Беморлар ёши 18 дан 84 гача, улар асосан Нью-Брансуикнинг икки туманида: Монктон ва Акадский яриморолида яшайди.
Кузатган нарсаларидан хайратда қолган доктор Марреро, Монктондаги доктор Жоржа-Л.-Дюмон университет госпиталь маркази шифокори, қон таҳлили, орқа мия пункцияси, M.R.I. сканер ва электроэнцефалограммага буюртма берди. Доктор Марреронинг айтишича, текширувлар бош мия атрофияси ва неврологик дисфункция каби аномалияларни аниқлади, лекин натижаларнинг биронтаси аниқ ташхис қўйиш учун ҳамма нарсани бирлаштиришга имкон бермади.
Дастлаб у прионлар, мияга шикаст етказувчи янги инфекцияли агентлар туфайли юзга келадиган ривожланувчи нейродегенератив касаллик - Крейтцфельдт-Якоб касаллигини гумон килди. Бироқ беморлар C.J.D. маълум формаларига салбий натижа берди.
Шунда доктор Марреро тиббий матнларда бундай патология ҳақида маълумотлар излай бошлади, бутун дунё бўйлаб ҳамкасблари билан маслаҳатлаша бошлади. Охир-окибат у ягона тўғри хулосага келди: «Биз бунақа касални илгари кўрмаганмиз».
Ташхисга эга бўлмаган ҳолда, ушбу ҳалокатли касалликка у оддий ишчи ном берди: Нью-Брансуик номаълум этиологияли неврологик синдром (New Brunswick neurological syndrome of unknown cause, NBNSUC) номини берди. У, шунингдек, ҳамкасбларини, федерал ва маҳаллий соғлиқни сақлаш органларини хабардор қилди.
Апрел ойида, биринчи ҳолатлар пайдо бўлганидан олти йил сўнг, Нью-Брансуик ва Оттава соғлиқни сақлаш органлари текширув ўтказиш учун неврологлар, эпидемиологлар, экологлар ва ветеринарлар жамоасини тўплади. Олти қурбоннинг миясини очиб кўриш Оттава федерал лабораториясида таҳлил қилинмоқда, бутун Канададан келган невролог ва патологоанатомлар гуруҳи далилларни ўрганмоқда
Текширувларга бошчилик қилган невролог, доктор Майкл Култхартнинг сўзларига кўра, айни пайтда ўтказилган учта очиб кўришнинг барчаси маълум бўлган прион касаллиги шаклларига салбий жавб қайтарди. Тиббиёт соҳаси мутахассисларининг маълум қилишича, потенциал касалланиш сабаблари тўрт ёки бештагача қисқартирилган
Британ Колумбияси университети неврологи, доктор Кэшманнинг айтишича, касаллик яшил-кўк сув ўталри томонидан ишлаб чиқиладиган ҳамда Паркинсон касалллиги ва Альцгейиер касаллиги каби касалликлар билан боғлиқ бўлган бета-метиламино-L-аланин, ёки BMAA номи остида маълум бўлган токсин билан изоҳланиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, яна бир потенциал айбдор Нью-Брансуик соҳиларида моллюскларда аниқланган нейротоксин, «зомби кислотаси»нинг сурункали таъсири ҳисобланади. Бироқ, докторнинг айтишича, унинг жамоаси бу бактерия, вирус ёки замбуруғлар каби инфекцион агент билан изоҳланадиган синром ёки янги прион касаллик бўлиши эҳтимолини истисно қилмайди.