loader
Foto

Сиёсий ширк, ёки мушрикликнинг қайтиши

Атрофимиздаги дунёда ширкни йўқ қилиб бўлмайди. Бу менинг ҳукмим эмас. Бу бирон-бир кишининг ҳукми эмас. Бу илмий далил, Аллоҳ таолонинг амри ва жамиятимизга асосий таҳдидлардан биридир. Келинг, ҳаммаси ҳақида бир четдан бошлаймиз.

Ширк ҳақида бирламчи манбалар

Ширк ва куфрнинг йўқ қилиб бўлмаслиги бутпараст динларнинг доимий равишда қайта тикланишини мусулмонлар имонига синов қилиб қўйган Аллоҳ таолонинг буйруғи эканлиги Қуръонда ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Суннатларида ҳам айтилган.

Мисол учун, ҳадислардан бирида Саубан (розиаллоҳу анҳу) ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, мен ўз умматимга залолатга кетказувчи имомлардан хавфсирайман. Қачон умматим устига қилич солинса, у ундан то қиёмат кунигача кўтарилмас. Токи менинг умматимдан баъзи қабилалар мушрикларга қўшилмагунича ва токи менинг умматимдан баъзи қабилалар бутларга ибодат қилмагунича қиёмат қоим бўлмас...” (Абу Довуд, Термизий).

Қуръони каримда айтиладики: «У деди: «Сенинг иззатинг ила қасамки, мен уларнинг барчасини йўлдан оздиражакман. Улардан танланган бандаларинггина мустасно» (Сод сураси, 82-83). Шу ваъдасидан келиб чиқиб, Иблис (Аллоҳ унинг ёвузликларидан асрасин) Одам (алайхиссалом) авлодларини тўғри йўлдан адаштириш, уларни куфр ва ширкка гирифтор қилиш ҳаракатларини қўймайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Токи Давс аёлларининг думбалари Зул Хасла атрофида ликкилламагунча қиёмат қоим бўлмас. Ул Табаладаги Давсликлар ибодат қиладиган санам эди». (Бухорий, Муслим)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу башоратлари рўй берди.

Бундан бир неча аср муқаддам айрим мусулмонларнинг жоҳиллиги шу даражага етдики, худди исломгача бўлган даврларда мушриклар каби, бутларга сажда қила бошладилар. Тавҳидни тушунишдан узоқ бўлган одамлар ҳақида нима дейиш мумкин. Ҳаттоки мусулмонлар ҳам тўғри йўлдан адашишга шунчалар мойил бўлса, уларнинг қанчалик осонлик билан ширк йўлига ўтишини тасаввур қилаверинг.

Икки карра марҳамат

Айтишларича, иккинчи солиҳ халифа Умар ибн ал-Хаттоб (розиаллоҳу анху) жоҳилиятни, яъни исломдан олдинги мушриклик даври жоҳилликларини кўрмасдан вояга етадиган мусулмонлар авлоди учун хавотирда эканлигини айтган. Яъни, улар ширк ва куфрнинг ҳақиқий башарасини кўрмасдан вояга етадилар ва Аллоҳ уларни мусулмон қилиб яратиб, қандай даҳшатли балодан халос этганлигини охиригача тушунмайдилар.

Аминманки, баъзиларимизга икки карра раҳмат кўрсатгани учун Аллоҳга ҳамд айтишдан чарчамаслигимиз лозим. У бизни исломга қалбимизни очиб ҳақ йўлга ҳидоят қилибгина қолмай, бизга нисбатан Унинг марҳамати бўлмаганида, қаерда бўлишимиз мумкинлигини ҳам кўрсатди. У авлодимиз мусулмонларига мусулмон бўлмаган Шарқ ва Ғарбни, мусулмон бўлмаган ўтмишни ва бу дунёнинг замонавийлигини кўрсатди.

У бизларга Парвардигор буюрган йўлдан юз ўгирган одам нимага айланишини кўрсатди. Биз Аллоҳ томонидан ширкнинг даҳшатли тиш қайрашини кўришга рухсат берилган мусулмонлар авлодиданмиз, деб айта оламиз.

Ақл бовар қилмайдиган ранг-баранглик

Бундан икки ҳафтача олдин Ҳиндистондан – ҳар қандай совет кишиси ва Болливуд мелодрамалари мухлисининг орзуси бўлган мамлакатдан қайтиб келдим. Ҳиндистон мавзуси бугун трендда. У ҳақида исталган сайёҳлик буклети ёки сайтларда ўқишингиз мумкин: дизайнерлар яратган ёрқин, ҳашаматли «сари»лар Париж ва Милан мода намойишларида қарсаклар уммонига ғарқ бўлмоқда, ҳинд фильмлари фестивалларда совринлар олмоқда, Гоа оқшомлари бутун дунёдан энг нозиктаъб ва кўпни кўрган мураккаб аудитория тўпламоқда…

Кўплаб оддий одамлар онгида Ҳиндистон ҳақида "юксак маънавиятли", диний бағрикенглик ва тинчликпарварлик мустаҳкам илдиз отган мамлакат сифатида тасаввур шаклланган. Ҳиндистон билан телевизорда ёки туристик брошюралар орқали танишсангиз, айнан шу ҳолат. Сиз дунёга кашмири (юнг газлама) ва шахматни совға қилган, муҳаббатга ва даволанишга ўргатган Ҳиндистонни кўрасиз.

Ҳа, Ҳиндистон улкан, ранг-баранг ва хилма-хилдир. Биринчи марта у ерга борган одам маданий «шок» билан солиштириш мумкин бўлган бир нарсани бошидан кечиради. Дунёнинг қадимий обидалари, ажойиб урф-одатлари, ажойиботлар ҳар қадамда. Бу мамлакатни бир мақолада тасвирлаб бўлмайди. Бунга ҳеч қандай эҳтиёж ҳам йўқ – буни фақат бориб кўришингиз керак.

Ҳиндистоннинг икки қиёфаси

Бу мамлакатдан қайтгач, Британиянинг BBC компанияси томонидан суратга олинган олти қисмли "Ҳиндистон тарихи" филимни атайлаб томоша қилдим. Ҳатто бу фильм ҳам ҳинд маданияти ҳақида у ёки бу даражада юзаки тасаввур ҳосил қилиш учун етарли эмас экан. Бироқ, қисқача айтганда, ўқувчи томонидан тушуниш қулайлиги учун камида иккита Ҳиндистон бор, деб айтишим мумкин.

Болливуд гўзаллари, рақслар, Тожмаҳал, сеҳргарлар ва ёрқин сарилар – бу кўргазмали Ҳиндистон. Қашшоқлик, эпидемия, ахлоқсизлик ва даҳшатли, ақл бовар қилмайдиган ширк – бу Ҳиндистоннинг тескари томонидир. Ўқувчининг кайфиятини ёки иштаҳасини бузишни истамайман. Лекин ҳар ким интернет қидирув тизимида "Ҳиндистон қашшоқлиги" ёки "ҳиндуизм амалиёти" иборасини ёзиб, қидирувга буйруқ берсангиз, шундай даҳшатли суратларни кўришингиз мумкинки, бир ой тинч ухлай олмайсиз ёки овқатга жирканмасдан қаролмайсиз.

Ҳайвонлар билан никоҳ, беваларнинг тириклайин ёқиб юборилиши, энг йирик сув йўллари инсон жасадларига тўлиб ётиши, туғма майибликлар кўплиги, тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада қашшоқлик ва муносиб одам қиёфаси ҳақида бизнинг одатий тасаввурларимиз тўлиқ вайрон қилиниши – бу саёҳат агентликларининг ёрқин пардалари ортида яширинган бутун Ҳиндистон ҳисобланади.

Православие етакчилари ширк ҳақида

Мени ҳам бошқа фаол мусулмонлар билан бирга исломий экстремистлар қаторига қўшиб қўймасликлари учун рус патриархи Кириллнинг бутпарастлик табиати ҳақидаги сўзларини келтираман. Бу эса баъзи бир иродаси суст одамларга фақат ислом ва мусулмонларгина бутпарастлик ва тегишли урф-одатларни қораламаётганини тушунишга ёрдам беради. Шундай қилиб, рус православлари бошлиғининг айтишича: "Иблис халқларга турли йўллар билан - масалан, бутпараст худолар орқали намоён бўлган".

Шундан кейин у бутпарастликни одамлар онгсиз ва асоссиз равишда ёвуз кучларга сиғинадиган гумроҳлик деб атади. Умуман олганда, бутпарастлик билан боғлиқ бу ҳолат монотеистик динларнинг барча вакиллари ёки аҳлу л-китоб (китоб аҳли) учун умумий ҳисобланади. Шунинг учун, у рус православ раҳбарлари томонидан ифодаланиши ажабланарли эмас.

Кириллдан олдинги патриарх Алексий II ўз вақтида янги бутпарстлик (Neopaganism) тарқалишини XXI асрнинг асосий таҳдидларидан бири деб атаб, уни терроризм ва «замонамизнинг бошқа бузғунчи ҳодисалари» билан бир қаторга қўйган. Бу таҳдид нимадан иборат ва янги бутпарстлик (Neopaganism) ўзи нима?

Эски ва янги бутпарстлик

Тан олиш керак, ҳинд бутпарастлиги бу – эски, минг йиллик маданият тарихига эга бутпарастлик. Аммо шу билан бирга, кўз олдимизга Ғарб дунёсида ўрмон ёнғини тезлиги билан бутпарастликнинг янги шакллари, жумладан, сиёсий бутпарастлик тарқалмоқда. Бу Neopaganism – янги ёки реконструкция қилинган қадимий бутпарастликдир.

Замонавий дунёда бутпарастликнинг жонланиш сабаблари ҳақида доғистонлик шайх Аҳмад-Қози Ахтаев  ўзининг «Ислом ва замонавий бутпарастлик ниқоблари» асарида шундай ёзган эди: «коҳинлар ... шошилинч ибодат учун янги бутларни яратмоқда. Чунки сажда қилмасдан иложи йўқ! Саждасиз қўрқинчли экан!... Йўл-йўлакай янги афсоналар, янги ривоятлар яратилади.... Янги бутпараст ибодат, янги бутпарастлик ... янги боши берк кўчалар, улардан жамият бутпарастлик мифологияси доирасида ҳеч қачон чиқиб кетолмайди».

Сир эмаски, сўнгги йилларда дунёда жуда кўплаб янги динлар пайдо бўлди. Улар орасида Аум Синрикё, Оқ қардошлар, Янги диний ҳаракат, Бутунжаҳон оқ қардошлари, Жаннат эшиклари, Коинот одамлари, Худонинг ўн амрини тиклаш учун ҳаракат, Ивановчилар, Космик коммунистлар, Халқ ибодатхонаси, Янгича фикрлаш, Худонинг элчихонаси, Охирги аҳд черкови, New Age, Сайентология, Боконизм - ёзувчи Курт Воннегут томонидан ихтиро дин ва бошқаларни атиб ўтиш мумкин.

Ширк параллеллари

Инсон қайта ва қайта, авлоддан-авлодга, энг даҳшатли бидъат - ширкга киради. Бу ҳақида Қуръон ва Суннат бизни огоҳлантиради. Ахир Тавҳид таянчи - Арабистон ярим ороли бутпарастликнинг қайта тикланишидан тўлиқ ҳимояланмаган бўлса, унда Европа ва Ғарб дунёсининг қолган қисми ҳақида нима дейишимиз мумкин. Араб олимлари араб мусулмонлари орасида бутпарастликнинг қайта тикланишига йўл қўймаслик учун бир неча бор янги бутларни йўқ қилишга мажбур бўлишди.

Бироқ, бугунги кунгача сақланиб қолган ҳинд культлари унинг намунаси саналган қадимги бутпарастлик ва Ғарб дунёсининг замонавий янги бутпаратлик культлари кўп жиҳатдан ўхшашликларга эга. Яланғоч танага сиғиниш ва тартибсиз жинсий алоқалар, гомосексуал бузуқликларнинг тарқалиши, яланғоч худолар ёки гипертрофияланган жинсий хусусиятларга эга поп-бутлар...

Бутпарастлик урф-одатларни қонунийлаштириш

Бу культларнинг барчаси алоҳида одамлар томонидан қайта тикланиб, қўлланганида ҳам майли эди. Аммо энг ёмони, бу бузғунчиликлар миллий ёки сиёсий мафкура даражасига кўтарилиб, расмий оммавий ахборот воситаларида тарғиб қилинмоқда, мактаб ўқув дастурларига киритилмоқда ва болаларга сингдирилмоқда.

Сўзларимни тасдиқлаш учун дўстим Максим Шевченконинг айтганларини келтириб ўтаман. У Германия Бундестаги «Яшиллар»" фракциясининг леcби эканлигини очиқ ва ғурур билан эълон қилган вакилидан иқтибос келтиради. У таъкидлади: «Биз немис мактабларида гомосексуализмни тарғиб қиламиз, чунки бу таълим ўғил болаларда тестостерон даражасини пасайтиради ва шу тариқа зўравонлик даражасини пасайтиради ҳамда нацизмнинг тикланишидан, нео-нацизмдан энг яхши ҳимоя усули ҳисобланади».

«Биз тарихни қайтадан ёзамиз, инсоният маданиятини ўзгартирамиз, ундан... жинсий кўринишларга нисбатан муросасизлик деб ҳисобланадиган нарсаларни чиқариб ташлаймиз». Максим унинг сўзларига қўшимча изоҳ берар экан, бузуқликлар, яъни асрлар давомида меъёрдан четга чиқиш деб ҳисобланган нарсалар тўғри деб эълон қилиниши, меъёр деб эълон қилиниши, деярли эркинлик белгиси ва ўзини ифода этишнинг асосий усули сифатида эълон қилинишини айтади. Бунга жуда катта тарғибот йўналтирилмоқда.

Бунга бизнинг нима алоқамиз бор?

Ушбу бутпарастлик урф-одатлари Ҳиндистонда шу кунгача сақланиб қолгани, Европа ва Америкада фаол равишда жонланаётгани бизни нимага безовта қилиши керак? Бу Россия мусулмонларининг ҳаёти билан бевосита боғлиқ. Кавказда ҳам, татар-бошқирдлар ҳудудида ҳам исломгача бўлган бутпарастликни расман қайта тиклашга ва унинг баъзи элементларини миллий республикаларнинг сиёсий мафкураси ва амалиётига киритишга уринишмоқда.

Доғистон, Кабардино-Балкария, Адигея, Шимолий Осетияда бутпарастликни қайта тиклашга фаол уринишлар бўлмоқда. Менинг қабиладошларим - лезгинлар орасида аллақачон эсдан чиқариб юборилган, лекин сунъий равишда қайта тикланаётган, бутпараст худолар галаси қуршовидаги исломгача бўлган "Шарвили" достони культи фаол равишда тарғиб қилинмоқда.

Черкес муҳитида бутпараст худоларни оламлар Парвардигорига фаол қарши қўйиш кузатилмоқда. Осетия маданияти христианликни ҳам, исломни ҳам бутпарастлик қозонида бутунлай эритиб юборишни таклиф қилади. Бундан ташқари, барча уринишлар аллақачон миллий элита орасида сахий ҳомийлар ва юқори мансабдаги ҳимоячилар топмоқда. Осетия Ички ишлар вазири Артур Ахметхановнинг битта иборасига эътибор беринг: «Бизнинг асосий вазифамиз учта осетин пирогининг муқаддаслигини сақлашдир». (Зардушийлик, тангризмни тиклаш ҳақидаги чақириқлар ҳам жуда хафлидир - таржимон)

Биродарларга насиҳатлар

Шуни унутмаслигимиз керакки, ширк Аллоҳнинг иродаси билан одамларга охиратгача ҳамроҳ бўлади. Қиёмат куни яқинлашаётганининг аломатларидан бири ҳам шундаки, қисқа вақт ичида Ерда ширк ва куфрнинг кўплаб кўринишлари пайдо бўлади. Гувоҳи бўляпмизки, бизнинг кўзимиз олдида бу дунё ва халқларимиз шиддат билан оғир гуноҳларга ва имонсизликка ботиб бормоқда.

Шу билан бирга, бизга, мусулмон маърифатпарварлари сифатида, замонавий ҳаётнинг кўп қирраларини танқид қилишга рухсат берилишини тушунишимиз керак. Аммо биз бугунги ширк ва халқларимизнинг эски бутпарастлик культларини қайта тиклаш уринишларини танқид қила бошлаганимизда, улар бизни зўравонлик, тарафкашлик ва экстремизмда айблай бошлашади.

Нима учун? Чунки илгари тавҳидга эргашган халқлар орасида ширкни қайта тиклаш ва мустаҳкамлаш устуворлиги иблиснинг энг муҳим қуролидир. Ширкнинг миллий ёки сиёсий мафкура даражасига кўтарилиши кўп йиллар ва ҳатто асрлар давомида одамларнинг онги ва урф-одатларида ширкнинг илдиз отишини кафолатлайди. Бизни ўраб турган жамиятда ширкнинг доимий айланиши ва доимий тикланиши, шунингдек, бир қанча чекка мазҳаблардан бутун бошли давлатлар ва цивилизациялар байроғига айланиши айнан мана шу билан боғлиқдир.

Аммо, замонавий иблис малайлари бизга қарши қанчалик отланмасин, Аллоҳнинг Каломи бу дунёнинг охиригача ҳақиқатнинг бузилмас далили бўлиб қолаверади: «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани Ўзи хоҳлаган кишидан кечирадир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, улкан гуноҳни тўқибдир». (Нисо сураси, 48)

Ортга йўл йўқ! Ширк бостириб келяпти

Қуръони каримда: «У деди: «Сенинг иззатинг ила қасамки, мен уларнинг барчасини йўлдан оздиражакман. Улардан танланган бандаларинггина мустасно» (Сод сураси, 82-83). Шу ваъдасидан келиб чиқиб, Иблис (Аллоҳ унинг ёвузликларидан асрасин) Одам (алайхиссалом) авлодларини тўғри йўлдан адаштириш, уларни куфр ва ширкка гирифтор қилиш ҳаракатларини қўймайди.

Иблис ва унинг қўшинлари даъватидан асосий мақсад ширкдир! Бу қўшин таркибида иблис уларни Тавҳиднинг тўғри йўлидан адаштириб, абадий жаҳаннамга етаклаган жуда кўп адашган одамлар ва халқлар бор.

Кавказ ҳам бу вайронакор таъсирдан четда қолмади. Атеистик нодонликдан зўрға уйғонган жуда кўп жоҳил одамлар яна имонсизлик қучоғига тушишди. Иблиснинг малайлари танлаган энг самарали усул - бу кўпинча унутилган бутпарастликка қайтишга бориб тақаладиган “миллий ўзлик”ни англашнинг “қайта тикланиши” ғоясини тарқатишдир.

Шимолий Кавказнинг деярли барча республикаларида бу жирканч ҳодисанинг одамлар орасида кучайиши ва тарқалишини кузатиш мумкин.

Бутпарастликнинг замонавий қинғирликлари

Ҳар қандай диннинг асосий таркибий қисмлари маросим ва мистикага асосланган томонларидир.

Ўқувчиларга “қадимги Юнонистоннинг афсона ва ривоятлари” шаклида чиройли тарзда тақдим этилган қадимги Юнонистоннинг бутпарастлиги билан мактаб партасидан яхши танишмиз. Ушбу афсоналарни ўрганиш орқали шайтон одамларни илоҳийлик инсон табиатига ўхшашлигини; у ерда, “худолар” орасида ҳам худди ўша жанжал, бузғунчилик, фитна ва ҳокимият учун доимий кураш бўлганлигини уқтирди. Худолар инсон фаолиятининг турли соҳалари бўйича бўлинган, деб ўйлаш мумкин.

Муаммоларни ҳал қилиш учун ибодатхона аталмиш қабулхонасида тегишли профили “тоғут”га мурожаат қилиш керак бўлган замонавий ҳукумат билан ўхшашликларни кўриш мумкин. Бир сўз билан айтганда, ҳамма нарса “одамлардаги каби”. Ҳатто олий Худо ҳам маҳаллий ландшафтга мос келадиган баланд тоғда яшайди.

Биз шунга ўхшаш тасаввурларни олий худоси оролда яшайдиган скандинавларнинг насронийликдан олдинги даврдаги ҳам эътиқодларида кузатишимиз мумкин.

Замонавий Кавказ руҳонийлари ва уларнинг дини олдинги бутпарастлардан қандай фарқ қилади?! Бу муқаддас таркибий қисмлар ва унинг моҳияти ҳақидаги маълумотнинг деярли йўқлигидир. Замонавий Кавказ бутпарастлигида ҳамма нарса бизга кўплаб воситачилар орқали етиб келган тушунарсиз ва узуқ-юлуқ маълумотларнинг ўзбошимча талқинини ифодалайдиган маросимга оид таркибий қисмига тўғри келади.

Бу мафкурани тарғиб қилишда муҳим “кўзир” - бу янги бутпарастларнинг доимий равишда тақводор мусулмонларни миллий илдизларидан четлашишда айблаган ҳолда уларни кўпинча шариатга зид қўядиган халқларнинг этник кодаксларига мурожаат қилишидир. Мисол тариқасида, мусулмонларнинг кийинишда миллий урф-одатларга амал қилишни истамасликлари доимо танқид қилинади, лекин шу билан бирга ўзларини одобсиз Европа маданиятига аралаштирадиган минглаб “яланғочланган” тоғ аёллари ўжарлик билан эътиборга олинмайди.

Сабаблар

Бундай даҳшатли қинғирликлар пайдо бўлишининг сабаби нимада? Шайх Аҳмад-Қози Ахтаев ўзининг «Ислом ва замонавий бутпарастлик ниқоблари» асарида бу саволга қисман жавоб беради: «Бутун дунёда коммунистик бутпарастликнинг бунчалик қулаб тушишини яқин вақтгача ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган. Бу дин коҳинлари ва улар томонидан алданган халқлар зудлик билан сажда қилиш учун янги бутларни яратадилар. Чунки сажда қилмасдан иложи йўқ! Саждасиз қўрқинчли экан! Ҳамманинг эътибори миллий бутларга, қабила маъбудларига қаратилади. Зиёлилар «миллий илдизлар», «миллий маданият», «тил ва тарих» ҳақида гапира бошлади. Йўл-йўлакай янги афсоналар, янги ривоятлар яратилади. Ҳар бир халқ, ҳар бир миллат аждодлари фақат зодагонлар ва аслзода шоҳлардан иборат бўлиб, ушбу халқ тили «бобо тил» бўлган силсила афсоналарини яратади. Бундан камига ҳеч ким рози эмас: миллатлараро ихтилофлар учун замин ҳозирлайдиган янги бутпараст ибодат, янги бутпарастлик, улардан жамият бутпарастлик мифологияси доирасида ҳеч қачон чиқиб кетолмайдиган янги боши берк кўчалар».

Шайх совет атеизмини йўқ қилиш пайтида юз берган вазиятни, янги тенденцияни сезган шайтон ўз қўшини орасидан одамлар ва жинларни янги фронтга жўнатган пайтда тасвирлайди. Илгари партия ходимлари ва атеистик зиёлилар, коммунистик бутпарастлик коҳинлари бўлган. Энди миллий устунлик коҳинлари янги миллий дин яратишга киришдилар. Бироқ, совет мафкурасидан сабоқ олиб, улар, аввалгидек, ўжарлик билан ғайритабиий таркибий қисмларни эътиборсиз қолдирадилар ва кўпинча ҳатто Худога ишонмайдилар ҳам.

Кавказда Исломнинг тарқалиши секин ва қийин бўлиб, тоғларнинг шимолий ёнбағирларида айниқса қийин бўлган. Аммо Тавҳид йўлига киришганимиздан сўнг энди ортга йўл йўқ. Бир неча бор ўз динини ошкора ўзгартирган иблис малайлари энди бизни алдай олмайди.

«Улар Аллоҳни ва иймон келтирганларни алдамоқчи бўларлар. Ҳолбуки, сезмаган ҳолларида фақат ўзларини алдарлар. Қалбларида касал бор. Аллоҳ касалларини зиёда қилди. Ва ёлғон гапирганлари учун уларга аламли азоб бор» (Бақара сураси, 9-10).

Бутпарастлик ва мустабид қарамлик

Монотеистик анъанада бутпарастлик ва санампарастлик ҳамиша энг оғир гуноҳ ҳисобланган. Бу муносабат инжиқликдан эмас, балки бутпараст ҳақиқий нарсани хаёлий, субъектив тасаввур таъсирида яратилган нарса билан алмаштириши туфайли пайдо бўлди. Шунинг учун исломдаги ягона ҳақиқий Худо ҳар қандай тасвир, ўхшашлик ва ўхшатишдан ташқарида.

Бироқ, бу ақидалардан узоқлашиб, бошқа бутга сиғинишга чуқурроқ кириб борар экан, мушрик у сажда қиладиган бутнинг афсонавий архетипи билан бу содир бўлганда унинг ҳақиқий тимсоли ўртасидаги фарқни ҳам кўришдан тўхтайди. Чунки у фақат образни илоҳийлаштиради ва айнан унинг олдида сажда қилади. Шунинг учун Сталинни тиклаш учун бугунги фаол равишда талаб қилинадиган сўров - афсонавий тасвир, ҳақиқатдан ажралган афсонани қайта тиклаш учун эҳтиросли истакдир.

Мифология, одатда, ҳақиқий тарихий прототипни, бошланғич материални мутлақ идеаллаштириш даражасигача муболаға қилиб юборади. Кейин бу идеаллаштиришга алданган ҳар бир одам, худди шу идеаллаштиришга мутлақ алоқадорлк билан алданади. Шунинг учун, унга мос келмайдиган ҳамма нарса шунчаки эътиборга олинмайди ёки текисланади. Натижада, кутилмаган тарзда афсонавий архетип акс эттирилганда, кўпчилик учун бундай тимсол ҳақиқий жаҳаннамга айланиши мумкин; ҳар ҳолда, кўпчилик учун фарқ жуда зўр бўлиб чиқади, агар дарҳол бўлмаса, жуда тез орада. Ва, албатта, архетипнинг идеализмига содиқлиги қанчалик кучли бўлса, бу номувофиқлик шунчалик сезиларли, эҳтимол бутунлай қарама-қарши бўлади.

Сталин ҳам ҳақиқий ва афсонавийга бўлинади. Табиийки, сталиномания бузуқлик даражасида содда тасаввурда ўзининг қаттиқ қўли билан барча издошларига, индивидуал тасаввурлардан келиб чиқиб, бир хил бахт ва буюкликни берадиган афсонавий Сталинни тирилтириш истаги билан асосланади. Бошқача қилиб айтганда, афсонага мутлақо зид бўлган мавжуд ҳақиқат амалдаги ҳукумат тимсолида таъминланмаган, аммо яқин вақтгача уларнинг кўплари худди шундай фидойилик қилган. Айнан мана шу мутлақо қарама-қарши воқелик билвосита, ўз иштирокини эълон қилмаган ҳолда, омма орасида севимли афсонага бўлган талабни қўзғатади, уларни ҳар томонлама курашга ундайди.

Сталинга сиғинувчилар ўз бутларини, уларнинг фикрига кўра, улар бутнинг исми ёдга олинишидан ҳам қўрқишадиган мавжуд ҳукуматнинг сўзсиз ва мутлақ антиподи деб ҳисоблайдилар. Улар учун Россия, бутун воқеликлари билан бирга, олдинги СССРга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ҳолда, ойдан тушгандай туюлди. Аммо кимгадир ёқадими ёки йўқми, Россия Федерацияси нафақат материалистик фикрлаш ва идрок этилиши мумкин бўлган ҳамма нарсанинг тегишли идроки тасдиқланган, балки шакллантирилган (айнан Сталин даврида), унинг энг чаққон вакиллари табиий равишда тепага чиқиб оладиган қамоқ-лагер менталитети ҳам уйғунликда унга қўшилган атеистик СССРнинг қонуний вориси ҳисобланади.

Яққол кўриниб турадиган бундай қонуниятлар ва сабаб-оқибат муносабатларига кўр-кўрона эътибор бермаслик уларга жараёнлар ва ҳодисаларни муносиб баҳолаш имконини бермайди. Шунинг учун, улар нафратланадиган мавжуд тузум афсонавий советизмга асосланган золимга бўлган талабни рағбатлантириш учун қилаётган улкан, қасддан қилинган ҳаракатларни сезиш қийин.

Масалан, бугунги кунда режимга мутлақ қарам бўлган телеэфирда намойиш этилаётган Россия киномаҳсулотларининг 95%и камситилган ва таҳқирланган россияликларнинг оммавий онгида романтик муҳитни тиклаш учун ишлайди ва бунинг учун доимий ностальгияни таъминлайдиган совет мавзусига бағишланган. Бу мавзулар орасида асосий ўринни ҳамон романтизмга интилиб, масхарабозликкача етиб борган Улуғ ватан уруши даври эгаллайди. Аммо оддий россиялик узоқ вақтдан бери эсидан ҳам чиқариб қўйган сифат бу ҳолатда муҳим эмас. Юборилган оқимларнинг зичлиги муҳим аҳамиятга эга.

Бу осойишта фон бўлиб, лекин марказий культни ифодалаш имкониятининг зарурий шарти сифатида хизмат қилади, бу мантиқий асосланмаган кўринади, чунки православ черковидаги мозаикадаги Сталин тасвири ҳеч қандай асосга эга бўлмайди. (Асосий сюжет православ черковига қанчалик мос келишини муҳокама қилишни православларга қолдирамиз.)

Шу билан бирга сталинчилардан бошқа ҳеч ким Сталиннинг асл нусхасини барибир қайта яратиши мумкин бўлмаслиги ҳаммага аён. Сталин образи фақат энг яқин ва энг тушунарли афсона бўлиб, у орқали моҳиятга бўлган талаб киритилади. Амалда эса бошқача қиёфа пайдо бўлади. Бироқ бутпарастлар учун қолган муқаррар номувофиқлик фонида улар яхши кўрадиган образнинг ташқи фарқи каби кичик детал муқаррар умумий умидсизлик унчалик сезилмайдиган, лекин жуда муҳим рол ўйнаши мумкин.

Бироқ олинган натижа у илоҳийлаштирган афсонанинг аниқ акси эканлигини ҳафсаласи пир бўлган бутпарастга тушунтиришнинг, табиийки, имкони бўлмайди. Бутпарастликнинг иккинчи даражали натижаси бўлиб, у ғайришуурий мустабид қарамликнинг оқибати эканини изоҳлаш имкони йўқлиги каби. Бутпараст яна ўзини алданган деб билади ва барча мумкин бўлган нажот йўлларини эҳтирос билан истай бошлайди. Лекин ҳис-туйғуларини бундай ўзгариш (у муқаррардир) кечиккан бўлиб, махфий қамоқхоналарда қийноқлар ёки лагерлар бош бошқармаси, номсиз қабр ёки янги золимнинг шахсий жамғармаси фойдасига экспроприация шаклида афсонанинг бошқа томонига айланади. Эҳтимол, бу тизим ўз мухлисларини бутпарастликнинг аянчли доирасига қайтариб, улар учун шакллантиради. Мана шунда Библияда келтирилган мақолдаги ҳолат яна юзага келади: “Ит ўз қусуғига қайтар, Ювилган чўчқа эса балчиққа”.

Руслан Курахвий

" Смысл" журналининг сиёсат бўлими мудири, сиёсий фанлар намзоди

Абу Муслим таржимаси