Яъни бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки бўйинлари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин. Токи, уларнинг жамоли, зийнатлари бегона ғараз- гўй назарларга мўлжал бўлмасин, турли фитналар келтириб чиқармасин. Аллоҳ таолонинг ушбу амр-фармонларини ҳақиқий мўмина аёллар сўзсиз итоат билан кутиб олишган. Чунки уларнинг қалблари илоҳий нур билан тўла эди. Уларнинг нафслари зийнатларини кўз-кўз қилишни истаб турса ҳам, ўзлари Аллоҳнинг фармонига сўзсиз бўйсунишган. Жоҳилият даврида аёллар иффат ва шарм-ҳаё билан кийинишни билишмас эди. Чиройларини кўз-кўз қилишда бир-бирлари билан мусобақалашишар эди. Соч ўримларини, бўйинларини, томоқларини, қулоқларидаги тақинчоқларини, ҳатто кўксиларини очиб юрар эдилар. Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин мўмина аёллар тамоман бошқа ҳолатга кирдилар. Буни Оиша розияллоҳу анҳо шундай баён қиладилар: «Биринчи муҳожир аёлларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, Аллоҳ «Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар» оятини нозил қилиши билан дарҳол жилбоб-тўнларини йиртиб, рўмол қилиб ўрадилар» (Бухорий ривояти).
Шу тариқа Исломда аёлларнинг чиройи ва зеб-зийнатлари бегона эркакларнинг ҳирсларини кўзғаш учун эмас, балки ўзларининг жуфти ҳалолларига ҳалол завқ беришга хизмат қиладиган бўлди. Айни пайтда аёлларга шаҳват билан қарамайдиган эркаклардан беркиниш шарт эмаслиги ҳам айтиб қўйилди. Шуни таъкидлаш лозимки, мўмина аёлларнинг қасддан ёки бепарволик билан зийнатларини бошқаларга кўрсатиб юришлари мутлақо мумкин эмас.
Тафсири Ирфон, 3-жилд, 605 бет
Муфтий Усмонхон Алимов